Ўзбекистон республикаси президенти
XIII аср II-ярми ва XIV аср I-ярмидаги маданий ҳаёт
Download 5.26 Mb.
|
O\'zbekiston tarixi Darslik DAVLAT VA JAMIYaT QURILIShI KADYEMIYaSI Toshkent 2009
XIII аср II-ярми ва XIV аср I-ярмидаги маданий ҳаёт
XIII аср II-ярмида XIV аср I-ярмида хўжалик, иқтисодий ҳаётдаги силжишлар, савдо-сотиқнинг ривожланиши, қолаверса Чиғатой мўғулларининг тобора ўтроқ ҳаётга мослаша бориши, босқинчилик вақтида таназзулга юз тутган маданий ҳаётнинг нисбатан жонланишига олиб келди. Аввало, шаҳарсозлик билан боғлиқ бинокорлик ва меъморчилик йўлга қўйила бошланди. Маҳаллий диний уламолар ва дунёвий зодагонлар, гоҳида мўғул зодагонларининг баъзилари қурилиш ишларига ҳомийлик қила бошлашди. Меъморчиликда алоҳида ўрин тутган ганчкорлик, ғишт ўймакорлиги, кошинпазлик, меъморий хаттотлик қайта тикланди. Мовароуннаҳр, Хоразмда маҳаллий бинокорлар иштирокида хонақо, мақбара, масжид, мадраса, сарой, миноралар қад кўтара бошлади. Шу даврларда барпо этилган кўпгина меъморий обидалар у ёки бу кўринишда ҳозирги кунларгача етиб келган. Жумладан, Бухородаги Сайфиддин Боҳарзий мақбарасини биринчилардан барпо этилган меъморий бино сифатида кўриш мумкин. Таниқли бухоролик шайх Сайфиддин Боҳарзий нуфузли диний уламолардан бири бўлиб, у 1258 йили оламдан ўтган эди. Унинг қабри устида тез орада катта мақбара ва ҳонақо барпо этилди. 1333 йили Бухорода бўлган араб сайёҳи ибн Баттута ушбу мақбарага юқори баҳо берган эди. Шунингдек, мана шу даврларда барпо этилган Бухородаги Қусам ибн Аббос мақбараси зиёратхонаси, Хўжа Аҳмад мақбараси, Қўҳна Урганчдаги Нажмиддин Қубро ва Тўрабекхоним мақбараси, масжид ва 2 та баланд миноралар (миноранинг ҳозиргача сақланган қисми 62 метрни ташкил этади, минораларнинг биттаси XX аср бошларида қулаб тушган), Хўжанддаги Дувахон мақбараси (кейинчалик вайрон бўлган) ва бошқаларни тилга олиб ўтиш мумкин. Қаршидаги бузилиб кетган сарой, Маъсудбек ҳукмронлиги даврида (1238-1289) Бухорода барпо этилиб, 1000 тача талабага мўлжалланган “Маъсудия”, “Хония” мадрасалари ва бошқалар тўғрисида манбаларда маълумот бериб ўтилади. Шубҳасиз, Чингиз Ўрдаларининг босқини Мовароуннаҳр ва Хуросон илм фан, адабиёт ўчоқларига ҳам катта зарба бўлиб тушади. XIII аср-XIV аср охирларига қадар мўғуллар қадами етмаган ёхуд уларнинг таъсири кам бўлган Деҳли султонлиги, жанубий Эрон, Кичик Осиё, қисман Сурия ва Мисрда илм-фан, маърифат, адабиёт тараққий эта бошлаган эди. Фақатгина XIV аср охири- XV аср бошларига келибгина маърифат, маданият ўчоқлари яна Мовароуннаҳр ва Хуросонга кўчади. XIII аср-XIV асрнинг 2-ярмида форс-тожик адабиётида айниқса Жалолиддин Румий (1207-1272), Муслиҳиддин Саъдий Шерозий (1219-1293), Амир Хусрав Деҳлавийларнинг (1253-1325) ўрни ва мавқеи кўтарилиб, улар жаҳон адабиёти оламига таниладилар. Асли Балх шаҳридан бўлган Румий 14 ёшлигида ўз оиласи билан мўғул босқинидан қочиб Кичик Осиёнинг Кўния султонлигига бориб қолади. Кўния, Ҳалаб, Дамашқда таҳсил олиб, буюк тасаввуф илми шоири ва файласуфи бўлиб танилади. У шеъриятда сўфий-фалсафий жанрни ривожлантириб, ўзининг 36 минг байтдан иборат “Маснавийи-маънавий” деган достонини яратади. Саъдий эса ислом оламида ўзининг “Гулистон” ва “Бўстон” асарлари, ғазаллари, аҳлоқий фикрлари билан кенг шуҳрат қозонади. Унинг асарларида Она-Ватанга муҳаббат, инсонпарварлик, меҳр-муҳаббат ғоялари ҳамиша барқ уриб туради. У ўз асарларида кишиларни ўзаро ҳамжиҳатлик ва тотувликка, ҳукмдорларни адолат ва инсофга чақириб, салбий хусусиятларни қоралаб чиқади. Саъдий она шаҳри Шерозда яшаган. Хусрав Деҳлавий Ҳиндистон шимолига мўғул босқинидан қочиб борган асли Кеш (Шаҳрисабзда дунёга келади. У Деҳлида султон саройида яшаб, ўзининг ажойиб “Хамса” достонини, Ҳиндистонда ҳозиргача машҳур “Хизрхон ва Дувалра”ни, “Мифтаҳ ал-футуҳ” (Ғолиблик калити) “Нуҳ сипеҳр” (Фалакнинг тўққиз гумбази) каби асарларни ёзади. XIII асрнинг 2-ярмидан бошлаб тарихнавислик ҳам ривож топа бошлайди. Бу даврда асли Ғур вилоятидан бўлган Абу Умар Минҳожиддин Жузжонийнинг 1260 йил ёзилган “Табақоти Носирий” (Носирга аталган табақалар), Оловиддин Ота Малик Жувайнийнинг “Тарихи жаҳонгўшаий” (Жаҳон фотиҳи тарихи), Файзуллоҳ Рашидиддин Ҳамадонийнинг “Жомеъ ат-таворих” (Тарихларнинг жамланиши) Шаҳобиддин ан-Насавийнинг “Сийрат ас-султон Жалолиддин Манкбурни” (султон Жалолиддин Манкбурнинг сийрати) каби нодир тарихий асарлари ҳам жаҳон юзини кўрди. Бу асарлар ўз вақтида мўғуллар истилоси ва ундан кейинги даврни ўрганиш бобида биринчи даражали манбалар ҳисобланади. Бу пайтда шунингдек, ислом аҳлоқ-одоб ва тақводорлиги асосида туркий тилдаги адабиёт ҳам ривож топа бошлади. Хоразмдаги бу адабиётнинг бир вакили машҳур файласуф шоир ва мутафаккир Паҳлавон Маҳмуд (1247-1326) ҳисобланади. У нафақат шоир, мутафаккир бўлибгина қолмай, Ҳиндистон, Шероз, Румда ҳам бели ерга тегмаган курашчи полвон ҳам эди. Худди шу маънода “Паҳлавон” тахаллуси унга ҳақли равишда берилган. Халқ ичида эса уни яна беҳад саховатли, бағрикенг, адолатли инсон сифатида ҳурмати катта эди. У ғолибликдан тушган мукофотларни етим-есир, ногиронларга ҳадя этар, пўстиндўзлик ҳунаридан келган даромадини атрофидаги камбағаллар билан баҳам кўрар эди. Ўз ёнидан ҳатто Хива яқинида мақбара ҳам барпо этади. Унинг мардлиги, тантилиги, ҳақпарварлиги тўғрисида бизнинг кунларимизга қадар турли ҳикоят, ривоятлар ҳам етиб келгандир. Унинг инсонга хос бўлган ажойиб фазилатларни улуғловчи рубоийлари халқ орасида кенг тарқалган бўлган. У инсон ақл-заковати, аҳлоқий камолати ва аҳлоқий поклигини қадрлайди. Туркий тилда ижод қилган яна бир шахс, бу номи бизга ҳали яхши таниш бўлмаган Носириддин Бурҳонуддин Рабғузийдир. У XIII аср охири- XIV аср бошларида яшаб, ижод қилган. Бизгача унинг биргина “Қисаси Рабғузий” (Қисасул анбиё) асари етиб келган. Бу асарда муаллиф ўзини “Работ ўғузининг қозиси Бурҳон ўғли Носириддин” деб таништиради. Ушбу асар ислом динини қабул қилган мўғул бекларидан бири бўлмиш Носириддин Тўқбуғанинг илтимосига кўра ҳижрий 709 (милодий 1309-1310) йилда ёзилган. Ушбу асар 72 қисмдан иборат бўлиб, пайғамбарлар (Довуд, Сулаймон, Муҳаммад) ҳақидаги қиссалар, диний ривоят ва ҳикоятлар, халқ оғзаки ижоди, тарихий асарлар, диний китоблар асосида баён этилган диний-фалсафий, тарихий, аҳлоқий асардир. Ушбу асар халқ орасида, бахши ва оқинлар орасида ҳамиша машҳур бўлиб келган. Асарда баён этилган аҳлоқий фазилатлар, таълим-тарбия, маърифат хусусида фикрлар ҳозирги кунга қадар ўзининг долзарб аҳамиятини йўқотмаган. Бу пайтга келиб туркий адабиёт ривожи билан бир қаторда, тасаввуф, дин илмларининг ҳам ривожланиши кўзга ташланади. Тасаввуф илмининг машҳур намоёндаси, нақшбандийлик тариқатининг асосчиси Баҳовуддин Нақшбанд (Саид Муҳаммад ибн Жалолиддин) (1318-1389)-аввало ўз меҳнати билан ҳалол кун кўриш ғоясини ёқлайди. Унинг “дил ба ёру, даст ба кор” (яъни дилинг худода бўлсину, қўлинг меҳнатда бўлсин) деган шиори кейинчалик жуда машҳур бўлиб кетди. Унинг номи халқ орасида маълум ва машҳур бўлиб кетиб, Бухоро яқинидаги қабри мусулмонлар зиёратгоҳларидан бирига айланиб қолган эди. Мустақиллик инояти билан бу аждодимизнинг номлари қайта тикланиб, унинг қабри жойлашган ер обод ва кўркам зиёратгоҳ тусини олди. Download 5.26 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling