Ўзбекистон республикаси президенти


Мустақиллик йилларида фан ва маданиятнинг ривожланиши


Download 5.26 Mb.
bet71/87
Sana17.06.2023
Hajmi5.26 Mb.
#1544154
1   ...   67   68   69   70   71   72   73   74   ...   87
Bog'liq
O\'zbekiston tarixi Darslik DAVLAT VA JAMIYaT QURILIShI KADYEMIYaSI Toshkent 2009

Мустақиллик йилларида фан ва маданиятнинг ривожланиши
Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудудида қадимдан бошлаб, астрономия, математика, тиббиёт, кимё, меъморчилик, маъданшунослик, фалсафа, мусиқа, тилшунослик, адабиётшунослик каби фан соҳалари ривожланган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон олимлари ота-боболаримиз яратган илмий меросни чуқур ўрганиб, янада бойитмоқдалар. Улар ўз миллий асарлари, кашфиётлари билан жаҳон илм-фани ва маданиятига муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Республикамизда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Давлат ва жамият қурилиши академияси, Банк-молия академияси, Нукус ва Самарқандда Ўзбекистон Республикаси ФАнинг бўлимлари очилган. Илмий тадқиқот ишлари халқ хўжалигининг турли тармоқларида фаолият кўрсатувчи илмий тадқиқот институтлари, илмий ишлаб чиқариш бирлашмалари, илмий марказлар, шунингдек, университет ва бошқа олий ўқув юртларида ҳам олиб борилади. Илмий кадрлар Фанлар академияси тизимида ҳам, олий ўқув юртлари, халқ таълим тизимида ҳам тайёрланади. Фақат Олий ва ўрта махсус таълим тизимидаги ўқув юртларида 600 дан ортиқ фан докторлари ва деярли 6 мингга яқин фан номзодлари ўқитувчилик ва илмий фаолият билан шуғулланадилар.
Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг мамлакатда илм-фанга алоҳида эътибор берилди. Халқ хўжалиги ва маданий ҳаётнинг тобора ортиб бораётган талабларидан орқада қолаётган илмий тадқиқот институтлари тугатилиб. Янги институтлар очилди. Республика Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 3 апрелидаги Қарори билан Ўзбекистон Республикаси ФАнинг янги Низоми тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 8 апрелидаги Фармони ҳамда уни амалга ошириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фанлар ривожланишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тадбирлари ва инновация фаолияти ҳақида”ги Қарори мамлакатимизда илм-фанни ривожлантиришда катта аҳамиятга эга бўлди. Республика олимларини хорижий мамлакатларга малака оширишга юборишга ҳам алоҳида эътибор берилди. Илмий ечимларни ички ва ташқи бозорда тарғиб этиш ва тарқатиш мақсадида Республика илмий ишланмалари инновация тижорат маркази ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига биноан Республика Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Олий Аттестация комиссияси ташкил этилиши муносабати билан ФАнинг мавқеи ортди. Ўзбек олимларининг фан-техника соҳасидаги ютуқлари нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон ҳамжамиятида ҳам тан олина бошлади ва кўпчилик олимларимиз давлатимиз мукофотларига сазовор бўлдилар, хорижий давлатлар академияларига ҳақиқий ҳам фахрий аъзоликка сайландилар. Ўзбекистон Республикасининг Фанлар академияси ал-Хоразмий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги олтин медалларни таъсис этди. 1993 йилда Ўзбекистон Республикаси ФАнинг академиги Ҳ.Ф. Фозилов табиий ва техникавий соҳада катта ютуқларга эришгани учун ал-Хоразмий номидаги “Олтин медал”нинг биринчи соҳиби бўлди.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги “Олтин медал” биринчи бўлиб шу йили ижтимоий ва гуманитар фанлар соҳасида катта ютуқларга эришгани учун филология фанлари доктори, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг аъзоси У.И. Каримовга топширилди.
1992 йил октябрь ойида эса геология-минерология фанлари доктори, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги И.Ҳ. Ҳамробоев геология ва геофизика соҳасида эришган муваффақиятлари учун Ҳабиб Абдуллаев номидаги “Олтин медал”нинг биринчи соҳиби бўлди. У АҚШ да чиқадиган “Глобал тектоника ва металлогения” халқаро илмий журнали таҳририятига аъзо этиб сайланди.
“Фан ва техникада ким ҳақиқатан ким?” деб номланган жаҳон фан ва техникасининг ривожланишига муносиб ҳисса қўшган энг буюк олимларнинг ҳаёти ва илмий фаолияти тўғрисидаги асосий маълумотларни ўз ичига олган Қомусга Ўзбекистон Республикаси ФАнинг академиги П.Қ. Ҳабибуллаев киритилган. Ўзбек олими бу шарафга ўзининг қаттиқ ва юмшоқ жисмлар иссиқлик физикасининг катта муаммоларини ҳамда энергетиканинг физикавий-техникавий муаммоларини ишлаб чиққанлиги учун муяссар бўлган.
Мустақиллик йилларида (1996) ФАнинг 40га яқин илмий маркази ва тадқиқот лабораторияларида йирик олимлар фаол меҳнат қилмоқдалар. Ўзбекистон Республикаси ФА институтлари олимлари хорижий давлатлар олимлари билан ҳамкорликда илмий алоқаларни кенгайтириб бормоқдалар. Натижада, 1992 йил декабрь ойида техника фанлари доктори Ғ.Ғ. Умаров К.Э. Циолковский номидаги Космонавтика Халқаро академиясининг аъзоси бўлди. У мазкур Халқаро Академиянинг аъзоси бўлган биринчи ўзбек олимидир. Шунингдек, ўзбекистонлик М.С. Булатов, С.М. Сутягин, И.И. Ноткинлар 1993 йилда Иордания Ислом Фанлар академияси аъзолигига, М.С. Салоҳиддинов, ЮНЕСКО Информация Халқаро академиясининг ҳақиқий аъзолигига, 1994 йил октябрь ойида Худоёр Оллоёров, 1995 йил феврал ойида Азамат Шамсиев Нью-Йорк ФАнинг фахрий аъзолигига, экология ва ҳаёт фаолияти хавфсизлиги халқаро академиясининг ҳақиқий аъзолигига З.С.Салимов, А.А. Аъзамхўжаев, 1997 йил октябрида У. Тожихонов ва З.Зариповлар табиат ва жамият фанлари Халқаро академиясининг аъзолигига, академик Э.Юсупов эса Туркия Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига сайландилар. Америка Биография институти жаҳон фани ва маданияти тараққиётига қўшган ҳиссаси учун Ўзбекистоннинг етакчи олимларидан бири бўлган Омонулла Файзуллаевга унинг “2001 йил инсони” унвонини берди ҳамда мазкур институтнинг маслаҳатчилар Кенгаши аъзолигига сайланди. Булар Ўзбекистон фанининг халқаро миқёсда тан олинишининг яққол мисолидир. Юртбошимиз айтганларидек, XXI асрда қуроли, қўшини бўлган давлат эмас, балки турли соҳалар бўйича кучли мутахассислари бўлган давлатгина қудратли давлат ҳисобланади. Зероки, ҳар бир халқ фан соҳасида катта ютуқларни қўлга киритган машҳур фарзандлари билан буюкдир.
Мустақиллик йилларида ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий қайта қуришлар қаторида маданият соҳасида ҳам туб ўзгаришлар рўй берди. Бу, аввало, театр санъати, миллий мусиқа, меъморчилик, адабиёт соҳаларида яққол кўзга ташланади. Маданият мутахассисларининг ижодий фаолияти, уларнинг моддий ва техникавий ускуналари, замонавий бинолар билан таъминланиши давлат раҳбари Ислом Каримовнинг бевосита ғамхўрлиги остида бўлди. 2001 йилнинг давлат бюджетидан маданият ва санъат муассасаларини ривожлантириш учун 12 миллиард 703 миллион сўм (бу кўрсаткич 2000 йили 9 млрд. 463 млн. сўмни ташкил қилган эди) ажратилиши фикримиз далилидир. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Республикада янги театр жамоалари ташкил этилди. 1991-1994 йилларда бир қатор вилоят марказларида янги театрлар ишга туширилди. 1993 йил август ойида Тошкент шаҳрида иш бошлаган “Туркистон” саройи нафақат меъморчиликнинг ёрқин намунаси, балки саҳна гуруҳлари ва атоқли артистларнинг чиқишлари бўладиган даргоҳга айланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов “Туркистон” саройи очилиши маросимида нутқ сўзлаб: “Ушбу саройда халқимизнинг, шунингдек, жаҳон халқларининг, Марказий Осиё халқларининг анъанавий анжуманларини, санъат байрамларини ўтказишни ният қилганмиз. Бу кошона, иншооло, миллатлар, эл-элатларнинг дўстлик, бирдамлик қалъасига айланади”, - деган эди.
1998 йил 26 мартда Президент И.Каримовнинг “Ўзбекистон театр санъатини ривожлантириш тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Бу Фармонга мувофиқ Ўзбекистон томоша санъатининг кўп асрлик анъаналарини ўрганиш, бойитиш ва тарғиб қилиш, театр санъатини ҳар томонлама ривожлантириш, унинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, мамлакатимизда маънавий-маърифий ислоҳотларни амалга оширишда театр арбобларининг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида “Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси ташкил этилди. Театрларнинг 90-йилларнинг иккинчи ярмидаги репертуарларида тарихий пьесалар кенг ўрин олди. 1996 йили Амир Темурнинг 660 йиллик юбилейи муносабати билан 10 та янги спектакл саҳналаштирилди. “Наврўз-97” театр фестевали муносабати билан Соҳибқирон образини ифодаловчи 14 та спектакль намойиш этилди. 1998 йили Аҳмад Фарғоний, Бухорийлар юбилейига бағишланган пьессалар яратилди. Мамлакатимизнинг бой тарихини намойиш этувчи спектакллар Тошкентнинг етакчи театрларидагина эмас, барча вилоятларнинг театр саҳналарида қўйилди. 1995-1997 йиллари Республика театрлари томонидан 313 та янги спектакл қўйилди.
Ўзбекистонда мусиқа ва рақс санъатини ривожлантириш мақсадида “Ўзбекнаво” гастроль-концерт бирлашмаси ташкил этилди. Унда мусиқа-рақс санъатини ривожлантиришни давлат йўли билан қўллаб-қувватлаш масалалари кўзда тутилди. Санъатни барча соҳалари, маданий-маърифий муассасалари учун малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш Республика Президентининг доимо эътибор марказида бўлиб келди. Советлар давридаги маданият ўқув ишлари қайта тузилиб, кўплаб янги ўқув масканлари ташкил этилди. 90-йиллар охирида мамлакатимизда 27 та махсус ўқув юрти фаолият кўрсатди. Шундан биттаси олий ўқув юртлар, 20 та ўрта махсус билим юрти, 2 та мактаб-интернат.
Мустақиллик йилларида ўзбек адабиёти, адабиётшунослик фани тараққиётида ҳам янги саҳифалар очилди. Асарлари зарарли, ўзлари миллатчи деб ноҳақ айбланган Чўлпон, Отажон Ҳошим, Вадуд Маҳмуд, Мунаввар қори сингари миллатпарвар ёзувчи, маърифатпарварлар ижоди холисона ўрганилиб, асарлари чоп этилиб, театр саҳналарида ўз ўрнини эгалладилар.
Маърифатпарварлар фаолиятининг асл моҳияти, адабий, маданий, сиёсий ҳаётдаги ўрни рўйи-рост кўрсатиб берилди. Ўтмишда диний ва сарой адабиёти вакили деб тамға босилган буюк шоир ҳамда мутафаккирлар ҳаёти ва ижоди ўрганилиб, асарлари халққа қайтарилди.
Мустақиллик шарофати боис мўътабар Қуръони Карим ва ҳадислар чоп этилди. Бундай асарларнинг халқимиз қўлига етиб бориши бутунлай янги, соғлом, соф миллий ғояларимиз, мақсад ва интилишларимизнинг сифат даражасини белгилайди. Адабиёт соҳасидаги ва кўплаб нашр этилган бошқа асарлар миллий истиқлол ғояси ва мафкурасининг буюк ҳаётбахш кучини кўрсатади.
Мустақиллик даври адабиётининг байроқдорлари бўлган “Ўзбекистон Қаҳрамонлари” Саид Аҳмад, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ўзекистон халқ шоирлари Муҳаммад Юсуф, Ҳабиб Саъдуллаевлар ижодий фаолияти билан бутун халқимиз фахрланади.
Миллий истиқлол давридаги ўзбек адабиётшунослиги олдида турган муҳим вазифаларни ҳал этишда Озод Шарофиддинов, Бегали Қосимов, Наим Каримов, Эркин Каримов, Аҳмад Алиев, Нажмиддин Комиловларнинг асарлари алоҳида ўрин эгаллайди. Т.Маликнинг романлари, О.Матжон, О.Ҳожиева, Х.Султонов, А.Суюн, Й.Эшбек, Ҳ.Дўстмуҳаммад, Ш.Салимова сингари шоир ва адибларнинг бадиий баркамол, ғоявий етук асарлари ўзбек миллий истиқлол адабиётига катта ҳисса бўлиб қўшилди.
Мустақиллик йилларида маданий-маърифий муассасалар фаолиятида ҳам кескин ўзгаришлар юз берди. Бу муассасаларнинг сони 1997 йили 9442 та бўлса, булардан 60 таси музей, 2657 таси клуб, 6725 таси кутубхоналардир. Мустақиллик йиллари бу муассасалар аҳоли ўртасида маданий-маърифий тарбиянинг ўчоғига айланди.
Аҳоли ўртасида маданий-маърифий ишларни ташкил қилувчи муассасалардан бири кутубхоналар бўлиб, уларнинг сони 1996 йили 6723 та эди. Кутубхоналарда жами китобхонлар 6 млн. 211 кишини ташкил қилса, шундан 4 млн. 425 минги қишлоқ жойларида эди. Кутубхона ходимларидан 65 фоизи олий ва ўрта маълумотли мутахассислардир.
Миллатимизнинг ўзлигини англашида миллий, тарихий қадриятлармиз тикланишида музейлар алоҳида ўрин тутади. Шу жиҳатдан Президент И.А.Каримовнинг 1998 йил 12 январдаги “Музейлар фаолиятини тубдан яхшилаш ва такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони музейлар ишларини ривожлантиришда дастур ролини бажармоқда.
Мустақиллик йиллари республикамизда музейларга бўлган эътибор ошиб бормоқда “Темурийлар тарихи давлат музейи”ни очилиши, ”Ўзбекистон халқлари тарихи музейи”, “Халқ амалий санъати музейи” нинг қайта жиҳозланиши бунинг далолатидир. Ҳозирги кунда давлат қарамоғидаги музейлар сони 81 тани ташкил қилиб, булар: 15 та тарих музейлари, 23 та ўлкашунослик, 10 та бадиий санъат кошонаси, 20 та мемориал муассаса, 8 та адабиёт, 4 та тиббиёт музейидир. Шунингдек, мамлакатнинг шаҳарлари ва туманларидаги мавжуд 510 та музей халқимизнинг бой тарихий-маданий хазиналарини намойиш этмоқда ва кишиларимиз, ёш авлодни маънавий-маърифий тарбиялашда ўз ҳиссаларини қўшмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги тасарруфидаги жами музейларда 2000 йил бошлари маълумотларига кўра 1.350 минг экспонант сақланмоқда ва уларни ўтган вақт давомида 1.655.400 киши томоша қилган.
Шарқ ва Ғарб меъморчилиги уйғунлашган бинолар юртимиз пойтахти ва вилоят марказларида қад кўтариб шаҳарларимиз ҳуснига ҳусн қўшмоқда. Миллий банк, меҳмонхона бинолари ҳамда маданият ва истироҳат боғларининг бунёд этилиши бунинг ёрқин мисолидир. Ҳайкалтарошлик, амалий безак санъати, тасвирий санъат, рақс, кино санъатларида ҳам анъанавий ва замонавий усуллар уйғунлашиб, етук асарлар яратилди ва яратилмоқда.
1998 йили 10 ноябрда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш тўғрисида Президент Фармони эълон қилинди. Давлат соғлиқни сақлаш муассасалари билан бир қаторда, нодавлат, шахсий тиббий муассасалар ривожланмоқда. 1991-2001 йилларда 19,5 минг ўринли шифохоналар ишга туширилиб, 2001 йили уларнинг сони 1500 га етди. Бундан ташқари, жами 5700 нодавлат шахсий тиббий муассасалар фаолият юритмоқда. 2001 йил март ойидан 1-Республика клиник шифохонаси Республика тез тиббий ёрдам илмий марказига айлантирилди. Кардиология, хирургия, офтальмология, онкология республика марказлари ташкил этилди.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон мустақиллик йиллари давомида иқтисодий-ижтимоий соҳадаги ютуқлари билан бир қаторда, мафкуравий-маънавий, маданий соҳаларга ҳам эътиборни кучайтириб, жаҳоннинг ривожланган давлатлари орасидаги нуфузи ва обрўси ошириб бормоқда.



Download 5.26 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   67   68   69   70   71   72   73   74   ...   87




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling