Ўзбекистон республикаси президенти


Ўзбекистоннинг МДҲдаги ўрни ва мавқеининг ошиб бориши


Download 5.26 Mb.
bet74/87
Sana17.06.2023
Hajmi5.26 Mb.
#1544154
1   ...   70   71   72   73   74   75   76   77   ...   87
Bog'liq
O\'zbekiston tarixi Darslik DAVLAT VA JAMIYaT QURILIShI KADYEMIYaSI Toshkent 2009

Ўзбекистоннинг МДҲдаги ўрни ва мавқеининг ошиб бориши
1991 йил 8 декабрда Минск шаҳри яқинида собиқ Иттифоқнинг барҳам топиши муносабати билан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига асос солинди. МДҲнинг вужудга келиши ҳақидаги ҳужжатга дастлаб Россия Федерацияси, Украина ва Белорусия давлатлари имзо чекдилар. 13 декабрда Ашхободда ўтган Ўрта Осиё ва Қозоғистон Республика раҳбарларининг Кенгаши ҳамдўстликни кенгайтириш зарур деб топди. Натижада, шу йили 21 декабрда Алматида ўтган учрашувда МДҲ битимини жами 11 давлат имзолади. Улар бу битимда давлатларнинг ҳудудий бутунлигини тан олиш, амалдаги чегаралар, уларнинг очиқлиги, фуқароларнинг ҳаракати эркинлиги, халқаро тинчлик ва ҳавфсизликни таъминлаш, ҳарбий ҳаракат ва қурол-яроғ тарқатишни олдини олишда биргаликда ҳаракат қилишга келишиб олдилар.
МДҲ аъзоларининг биргаликдаги ҳаракатларига қуйидаги вазифалар киритилди:
-ташқи сиёсий фаолиятларини мувофиқлаштириш, мудофаа сиёсати ва ташқи чегарани муҳофаза қилиш;
-умумий иқтисодий муҳитни ривожлантириш ва Умумевропа, Евроосиё бозорини шакллантириш;
-иқтисодий ислоҳот ўтказиш;
-божхона сиёсатини бирга олиб бориш;
-транспорт, алоқа, энергетика тизимларини ривожлантириш;
-экологик, атроф-муҳит хавфсизлигини таъминлаш;
-уюшган жиноятчиликка қарши курашиш.
Ўзбекистон Республикаси ўз ташқи сиёсатида Ҳамдўстлик мамлакатлари билан икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришга алоҳида аҳамият берди. Ўзбекистон ҳам давлатлараро банк ва бошқа ҳамдўстлик иқтисодий тузилмаларининг шаклланишида фаол иштирок этди. “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигини ташкил қилувчи мамлакатлар билан бевосита ва кўп томонлама муносабатларни ривожлантириш, - деган эди И.А.Каримов, - ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан биридир”.
Ўзбекистон Президенти И.А.Каримов ўз асарларида МДҲ доирасидаги ҳамкорликка катта эътибор бериб, Ўзбекистоннинг МДҲ доирасидаги иштирокини қуйидаги ҳолатларини белгилаб берган эди;
-янги мустақил давлатларнинг кўп йиллар мобайнида таркиб топган муносабатлари чуқурлашиши халқаро майдонда вазиятни чигаллаштиришга олиб келиши мумкинлиги;
-республика иқтисодиёти ягона транспорт ва энергетика тизимига эга бўлган собиқ умумиттифоқ иқтисодий макони доирасида шаклланганлиги, мустақиллик йилларида бўлса, МДҲ доирасидаги давлатларнинг ўзаро алоқаларини узиб қўйиши ишлаб чиқариш ҳажмларининг пасайиб кетишига олиб келиши мумкинлиги;
-МДҲ доирасидаги давлатларда чегараларнинг очиқлигини сақлаб қолиш республикада ижтимоий-иқтисодий барқарорлик ва миллатлараро муносабатларда тотувликни таъминлашда муҳим роль ўйнаши;
-ёш мустақил давлатларнинг ўзаро ҳамкорлиги халқаро мақомда ўз мавқеини сақлаб қолиши учун муҳим омил бўлиб ҳисобланиши.
1991-2000 йилларда МДҲ давлатлари бошлиқларининг 30 га яқин кенгашлари бўлиб ўтди ва муҳим ҳужжатлар имзоланди. Улар орасида хавфсизлик масалалари, тинчликни сақлаш, иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиб олиш учун давлатлаларо иқтисодий қўмита тузиш, иқтисодий интеграцияни тўлақонли амалга ошириш, божхона ва иттифоқ тўлови масалаларини изга солиб олиш кабилар муҳим ўрин эгаллади. Ўзбекистон МДҲ доирасида сиёсий, иқтисодий, маданий соҳалар бўйича шартнома ҳамда келишувларни Россия, Украина, Белоруссия, Молдавия ва бошқа мамлакатлар билан имзолаб, ўзаро манфаатли ҳамдўстлик алоқалари учун мустаҳкам асос яратди.
Ўзбекистон МДҲ давлатлари билан ҳамкорликда иқтисодий минтақалараро муносабатларни мустаҳкамлашга киришар экан, уларнинг сиёсий мустақиллигига даҳл қилмаслик нуқтаи назаридан ёндашди. 1992 йил май ойида МДҲ давлат раҳбарларининг Тошкент учрашувида Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов ташаббуси билан бошланган коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши, МДҲ доирасидаги давлатлар ўртасидаги алоқаларнинг янги босқичга кўтарилишига сабаб бўлди. 1993 йил МДҲ давлатлари билан имзоланган “Иқтисодий иттифоқ” ҳақидаги шартнома ҳам бу давлатларнинг иқтисодий тараққиёти ва ўзаро ҳамкорликларининг янада мустаҳкамланишига катта таъсир кўрсатди.
Айни вақтда, Ўзбекистон 1996 йил Венада собиқ иттифоқдош давлатлар Грузия, Украина, Озарбайжон, Молдова давлатлари асос солган ўзига хос тузилмага ҳам 1999 йил апрель ойида аъзо бўлди. Натижада, бу тузилма унга уюшган давлатларнинг номидан олинган бош ҳарфлар асосида ГУУАМ деб юритила бошланди. Мазкур тузилма минтақавий ҳамкорлик доирасидаги Осиё-Кавказ-Европа транспорт йўлагини ривожлантириш, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришни ўз олдига мақсад қилиб олди. 2001 йил июн ойида ана шу ташкилотга аъзо давлатларнинг учрашуви бўлиб, унда Ўзбекистон ҳам иштирок этди. Ялтада бўлиб ўтган Саммитда ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир айрим масалалар кўриб чиқилди.
Сўнгги йилларда ГУУАМ давлатлари кўпчилигининг ички ва ташқи сиёсатида кескин ўзгаришлар юз бериши оқибатида Ўзбекистон бу ташкилотга аъзолигини бекор қилди.
Мустақиллик йилларида Россия Федерацияси билан Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ва тенг ҳуқуқли ҳамкорлик яхши самара бераётганини таъкидлаб ўтмоқ жоиздир. Бу икки мамлакат ўртасидаги 1992 йил ўрнатилган дипломатик алоқалардан сўнг сиёсий, иқтисодий соҳаларда 150 дан ортиқ шартномалар имзоланди. Россия Федерацияси бош вазири В.Черномирдин, кейинроқ Е.Примаков, 1998 йил Россия Федерацияси президенти Б.Ельцин, 1999 йил декабрь ва 2000 йил май ойларида президент В.В.Путиннинг Ўзбекистонга қилган ташрифлари Россия ва Ўзбекистоннинг ўзаро иқтисодий ҳамкорликларини йўлга қўйиш, диний экстремизм ва халқаро терроризмга қарши биргаликда курашида алоҳида ўрин тутди.
2003 йилнинг августида икки мамлакат Президентларининг навбатдаги учрашуви Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди. Учрашувда Россиянинг «Газпром» ва «Лукойл» компанияларининг Ўзбекистонда нефть ва газ манбаларида қидирув ишлари олиб бораётган корхоналарни техника жиҳатидан қайта қуриш масалалари муҳокама қилинди. Икки давлат ўртасидаги товар алмашуви 2002 йили бир миллиард АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2003 йили бу кўрсаткич 25 фоизга ошди.
2004 йили Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар яна ҳам мустаҳкамланди. Шу йили икки давлат Президентлари жами етти марта учрашди. Ўзбекистонга 32 маротаба Россия ҳукумати делегациялари ташриф буюрди, шу жумладан, Россия давлати Хавфсизлик Кенгашининг раиси, Мудофаа, Ташқи ишлар, Транспорт вазирлари Ўзбекистонлик давлат раҳбарлари билан муҳим масалалар бўйича битимлар тузди. 16 июнь куни И.Каримов ва В.Путин учрашуви натижасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида Битим тузилди. Бунда сиёсий, ҳарбий, ҳарбий-техника, иқтисодий-ижтимоий ва бошқа масалалар бўйича алоҳида битимлар имзоланди. Ёқилғи-энергетика соҳасида нефть ва газ қидирув ишларини бир миллиард доллар, «Газпром» ва “Узнефтьгаз” бирлашмаси ўртасида мавжуд ёқилғи корхоналарини техник жиҳатдан қайта қуриш учун 1 миллиард 200 миллион доллар ҳажмда иш бажаришга келишилди. 2005 йил октябрда Москвада Ўзбекистон Президенти И.Каримов ва Россия Федерацияси Президенти В.Путин ўртасидаги учрашув икки томонлама алоқаларни юқори поғонага кўтарди.
Бундай учрашувлар Украина билан ҳам кенг йўлга қўйилди. 1994 Украина президенти Леонид Кучма давлат ташрифи билан Тошкентга келди. Ўзбекистон ва Украина давлат раҳбарлари ўртасидаги ўзаро мулоқотда иқтисодий ҳамкорлик, транспорт, саноат, қишлоқ хўжалиги, минерал хом ашё қазиб олиш, фан-техника тараққиётидаги ютуқларда ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш бўйича тузилган битимларни амалга ошириш билан алоқадор бўлган масалалар асосий ўрин эгаллади. Нафақат иқтисодий, балки маданий алоқалар ҳам йўлга қўйилди. Леонид Кучма ўзининг Ўзбекистонга ташрифи давомида Ўзбекистон байналмилал маданий марказида ҳам бўлди. Ўз навбатида, Ўзбекистон Президенти ҳам Украинага сафарлар уюштирди. Бу икки давлат ўртасидаги алоқалар ҳозирги кунга қадар давом этиб, товар айирбошлаш ҳажми 300 миллион АҚШ долларидан ошди. Ўзбекистон Украинага рангли металл, газлама ва бошқа турдаги маҳсулотларни етказиб берган бўлса, Украинадан Ўзбекистонга техника асбоб-ускуналари келтирилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда 20 дан ортиқ ўзбек-украина қўшма корхоналари ишлаб турибди.
2001 йил МДҲ ташкил топганлигининг 10 йиллиги муносабати билан Россия давлати пойтахтида МДҲ давлатлари раҳбарлари иштирокида Саммит ўз ишини бошлади. Саммитда ўтган вақт мобайнида қилинган ишлар сарҳисоб қилинди ва ўзаро савдодаги чеклашларни бартараф этиш, товарлар ва хизматлар оқимини кўпайтириш учун ахборот-маркетинг марказларини тузиш, таълим, маданият, солиқ, божхона соҳаларида фаолият кўрсатувчи муассасалар, хўжалик судлари ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари муҳокама этилди. Саммит иштирокчилари МДҲ тузилганлигининг ўн йиллиги муносабати билан ҳамда Афғонистондаги вазиятга доир Баёнотга имзо чекдилар. Ўзаро ҳамкорлик доирасидаги бундай учрашувлар, ўз навбатида, ҳамкорлик, давлат чегарасини ҳимоя қилиш, МДҲ доирасидаги давлатларнинг фан-техника тараққиётидаги ютуқларидан ўзаро кенг фойдаланиш, иқтисодий алоқаларни кенг қамровли олиб бориш, экологик муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Download 5.26 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   70   71   72   73   74   75   76   77   ...   87




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling