Збекистон Республикаси


Download 1.14 Mb.
bet209/215
Sana10.04.2023
Hajmi1.14 Mb.
#1348243
1   ...   205   206   207   208   209   210   211   212   ...   215
Bog'liq
Жами Пленум қарорлари 25.12.2022 йил2 дил

(Олий суд Пленумининг 2020 йил 19 декабрдаги 37-сонли қарори таҳририда.)
29. ИПК 160-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар жавобгар дастлабки даъво билан бирга кўриб чиқиш учун қарши даъво тақдим этишга ҳақли.
Бунда назарда тутиш керакки, ИПК 160-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган шартлардан ҳеч бўлмаганда биттаси мавжуд бўлса, қарши даъво иш юритишга қабул қилиниши мумкин. Агар қарши даъво процессуал қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилинган ҳолда тақдим этилган бўлиб, аммо юқорида кўрсатилган моддадаги шартлар мавжуд бўлмаса, қарши даъвони иш юритишга қабул қилиш рад этилиши лозим. Қарши даъвони ИПКнинг 160-моддасида назарда тутилган шартлар мавжуд эмаслиги асосида қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим шикоят қилинмайди, чунки ушбу ҳолат судга мустақил даъво тақдим этишга тўсқинлик қилмайди. Агар қарши даъвони иш юритишга қабул қилиш ИПКнинг 154-моддасида кўрсатилган асослар бўйича рад этилган бўлса, бундай ажрим устидан шикоят қилиниши мумкин.
Қарши даъво даъво аризасини тақдим этишнинг умумий қоидаларига риоя этган ҳолда тақдим этилган бўлса, суд томонидан иш юритишга қабул қилиниши мумкин, судловга тегишлилик тўғрисидаги қоидалар бундан мустасно.
Прокурор, шунингдек қонунларда назарда тутилган ҳолларда юридик шахслар, фуқаролар, давлат ва жамиятнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органлари ва бошқа органлар ҳам ИПКда белгиланган тартибда судга жавобгарнинг манфаатида қарши даъво бериши мумкин.
30. ИПКнинг 163-моддасига мувофиқ судья ишни суд муҳокамасига тегишли тартибда тайёрлаши зарур, чунки бу низони тўғри ва ўз вақтида ҳал қилишнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади.
Ишни кўришга тайёрлаш вазифалари: низоли ҳуқуқий муносабатнинг характери ва қўлланиши лозим бўлган қонун ҳужжатларини, ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни аниқлаш; ишда иштирок этувчи шахслар таркиби ва иқтисодий процесснинг бошқа иштирокчиларини аниқлаш масаласини ҳал этиш; ишда иштирок этувчи шахсларга зарур бўлган далилларни тақдим этишда кўмаклашиш; тарафларни муросага келтириш ҳисобланади.
Ишни суд муҳокамасига тайёрлашда судья томонидан бажариладиган ҳаракатлар суд муҳокамасини мукаммал ва тез ўтказиш учун шароитларни яратишга қаратилган. ИПК 163-моддасининг биринчи қисмида қайд этилган ҳаракатларнинг барчасини бажариш талаб этилмайди. У ёки бу ҳаракатлар бажарилишининг зарурияти ҳар бир ҳолатда судьянинг ихтиёрида бўлиб, низонинг ҳолатларига кўра аниқланади.
ИПК 163-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ ишни судда кўришга тайёрлаш бўйича ҳаракатларнинг рўйхати тугал ҳисобланмайди ҳамда судья низони тўғри ва ўз вақтида ҳал этишга қаратилган бошқа ҳаракатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
Ишни судда кўришга тайёрлашда, агар суд низони мавжуд далиллар асосида кўришнинг имконияти йўқ деб ҳисобласа (ИПК 163-моддаси биринчи қисмининг 4-банди), ишда иштирок этувчи шахсларга қўшимча ҳужжатлар ва маълумотлар тақдим қилишни таклиф этишга ҳақли.
31. Ишни суд муҳокамасига тайёрлашда суд манфаатдор шахсларни иш бўйича иш юритиш ҳақида ИПК 127-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилади.
Суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинган жавобгар судга келмаган ҳолда, агар суд башарти унинг иштирокисиз ишни кўриш мумкин эмас деб ҳисобламаса, иш унинг иштирокисиз қўриб чиқилиши мумкин.
Агар даъвогар биринчи суд мажлисига келмаган ва ишни ўзининг иштирокисиз кўрилиши тўғрисида арз қилмаган бўлса, у ҳолда
ИПК 107-моддасининг 6-бандига мувофиқ даъво кўрмасдан қолдирилади. Прокурор, давлат органлари ва бошқа шахслар юридик шахслар
ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида киритган аризалари асосида қўзғатилган иш бўйича ушбу шахсларнинг келмаганлиги
ИПК 107-моддасининг 6-бандига мувофиқ даъвони кўрмасдан қолдиришга асос бўлмайди, агар суд мажлисида иштирок этаётган манфаати кўзланган шахс даъвони қўллаб-қувватлаётган бўлса. Бундай ишлар бўйича даъво аризаси билан мурожаат қилган шахслар ва манфаати кўзланган шахс суд мажлисига келмаган ва ишни ўзининг иштирокисиз кўрилиши тўғрисида арз қилмаган бўлса, бу ҳолда ИПК 107-моддасининг 6-бандига мувофиқ даъво аризаси кўрмасдан қолдирилади. Бунда шуни инобатга олиш лозимки, тегишли тартибда суд муҳокамасининг вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинмаган шахснинг иштирокисиз ишнинг кўрилишига йўл қўйилмайди ва бу ҳар қандай ҳолда суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асос бўлади (ИПКнинг 279 ва 302-моддалари).
32. ИПК 163-моддаси биринчи қисмининг 8-бандига мувофиқ судья тарафларни келиштириш чораларини кўради. Судлар низонинг характеридан келиб чиққан ҳолда ишни келишув битими ёки медиатив келишув тузиш йўли билан тамомлашга кўмаклашишлари лозим. Низони келишув битими ёки медиатив келишув тузиш билан ҳал этиш имконияти ишни суд муҳокамасига тайёрлаш пайтида ҳам (ИПК 163-моддаси биринчи қисмининг 8-банди, 1631-моддаси биринчи қисмининг 3-банди), суд муҳокамаси жараёнида ҳам (ИПКнинг 16-боби) аниқланиши лозим. Тарафлар томонидан тузилган келишув битимининг шартлари ижро қилинаётганда унинг мазмуни бўйича ноаниқликлар ва низолар бўлмаслиги учун ажримнинг хулоса қисмида аниқ ва равшан ифодаланган бўлиши лозим. Келишув битимини тасдиқлаш ҳақида ажрим чиқарилади (ИПКнинг 133-моддаси). Келишув битими, агар унинг шартлари қонун ҳужжатларига зид бўлмаса, учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлмаса ва шартли асосда тузилмаган бўлса, суд томонидан тасдиқланади.
33. Судларнинг эътибори фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича, бундан соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриладиган ишлар мустасно, ишни суд муҳокамасига тайёрлаш масаласи, судгача ўтказиладиган мажлис орқали ёки уни ўтказмасдан ҳал этилиши мумкинлигига қаратилсин.
33.1. Агар фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича ишни суд муҳокамасига тайёрлаш масаласи судгача мажлис ўтказилмасдан ҳал этилган бўлса, судья мазкур қарорнинг
30 – 32-бандларида берилган тушунтиришларни инобатга олиб, ишни суд муҳокамасига тайёрлаши керак.
33.2. Агар суд фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича ишни суд муҳокамасига тайёрлаш масаласи судгача мажлис ўтказиш йўли билан ҳал этилиши лозимлиги ҳақида хулосага келган бўлса, шуни инобатга олиши лозимки, айнан қайси иш бўйича судгача мажлис ўтказиш масаласини судья ишнинг ҳолати, айниқса унинг мураккаблигидан келиб чиқиб, ўзи ҳал этади.
Хусусан, даъво аризасида бир нечта талаблар бирлаштирилган бўлса, шартномаларни ўзгартириш ва бекор қилиш, битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишлар, қурилиш пудрати, лизинг, суғурта шартномалари, интеллектуал мулк билан боғлиқ, шунингдек корпоратив низоларни мураккаб тоифадаги ишлар жумласига киритиш мумкин.
Шу билан бирга инобатга олиш лозимки, ҳар қандай фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича судгача мажлис ўтказилиши мумкин, бундан соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриладиган ишлар мустасно.
Судгача мажлиснинг вақти ва жойи тўғрисидаги маълумотлар даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисидаги ажримда кўрсатилади.
Судгача мажлис видеоконференцалоқа режимида ҳам ўтказилиши мумкин. Агар судгача мажлис видеоконференцалоқа режимида ўтказиш белгиланса, судья ИПК 166-моддасининг иккинчи қисмида, видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган суд эса ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган ҳаракатларни амалга ошириши лозим.
Судлар инобатга олишлари лозимки, судгача мажлиснинг вақти
ва жойи тўғрисида белгиланган тартибда хабардор қилинган ишда иштирок этувчи шахсларнинг келмаганлиги, мажлисга келган бошқа шахслар билан судгача мажлис ўтказишга тўсқинлик қилмайди. Бундай ҳолатда судгача мажлисда иштирок этмаган шахснинг ушбу мажлис ҳақида қандай алоқа воситаси орқали хабардор қилинганлиги судгача мажлис ўтказилганлиги тўғрисидаги баённомада кўрсатилади.
Судларга тушунтирилсинки, судгача мажлис ўтказиш пайтида
ИПК 101, 103, 107 ва 110-моддаларида назарда тутилган асослар мавжудлиги аниқланса, судья ишни суд муҳокамасига тайинламасдан, судгача мажлис ўтказилган кунда ИПК 1631-моддасининг бешинчи қисмига мувофиқ иш юритишни тўхтатиб туриши ёки иш юритишни тугатиши ёхуд даъво аризасини кўрмасдан қолдириши мумкин.
34. ИПК 164-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган суд муҳокамасининг муддатини узайтириш масаласи суд раиси томонидан ишни кўраётган судьянинг билдиргиси асосида ҳал этилади. Судьянинг билдиргисида ишни бир ойлик муддатда кўриш имкони бўлмаганлиги сабаблари кўрсатилиб, ишни кўриш муддатини узайтириш сўралади. Суд раиси томонидан ушбу билдиргига ишни кўриш муддатини узайтириш
ёки уни рад қилиш ҳақида резолюция қўйилади.
ИПК 164-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ишни кўриб чиқиш муддатини узайтириш ҳақидаги қоида ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўрилиши лозим бўлган ишларга ҳам татбиқ этилади.
Иш суд раисининг иш юритувида бўлганда суд муҳокамасининг муддатини узайтириш зарурати туғилганда ишга уни ИПКда белгиланган муддатда кўриш имкони бўлмаганлиги сабаблари кўрсатилиб, ишни кўриш муддати узайтирилганлиги ҳақида суд раиси томонидан имзоланган маълумотнома қўшиб қўйилади.
35. ИПК 168-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ суд муҳокамаси давомида суд иш бўйича далилларни текширади: ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларини, гувоҳларнинг кўрсатувларини, экспертларнинг хулосаларини, мутахассисларнинг маслаҳатларини (тушунтиришларини) эшитади, ёзма далиллар билан танишади, ашёвий далилларни кўздан кечиради, шунингдек ёзма шаклда тақдим этилган тушунтиришлар, кўрсатувлар ва хулосаларни ўқиб эшиттиради.
Бунда судья суд мажлисида далилларни уларнинг ишончлилиги, дахлдорлиги ва уларга йўл қўйилиши мумкинлиги нуқтаи назаридан баҳо бериш мақсадида шахсан ўзи текшириши лозимлиги инобатга олиниши керак. Суд томонидан бевосита текширилмаган далиллар (масалан, тарафлардан бирининг вакили томонидан унга оғзаки етказилган ҳужжатнинг мазмуни) суд ҳужжатининг қабул қилинишига асос қилиб олиниши мумкин эмас.
36. Судлар ИПК 169-моддасининг биринчи қисмида белгиланган, тарафларнинг аризалари ва илтимосномалари суд томонидан ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг фикрлари эшитиб бўлингач, ҳал қилиниши тўғрисидаги қоидага риоя этишлари лозим.
ИПК 169-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ аризалар
ва илтимосномаларни кўриш натижалари бўйича суд ажрим чиқаради. Ажримнинг шакли илтимосноманинг мазмуни ва уни кўриб чиқиш натижаларига боғлиқ. Масалан, агар илтимоснома суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисида берилган бўлса, у қаноатлантирилганда алоҳида ҳужжат тариқасида ажрим чиқарилади, қаноатлантириш рад этилганда бу ҳақда ҳал қилув қарорида ёки суд мажлиси баённомасида кўрсатилади. Агар тараф иш ҳужжатларига қўшимча далилларни қўшиш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилса, у қаноатлантирилганда
ёки қаноатлантириш рад этилганда ажрим чиқарилади ва суд мажлиси баённомасида кўрсатилади.
Аризалар ва илтимосномаларни қаноатлантириш
ёки қаноатлантиришни рад қилиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят (протест) қилинмайди.
Судларга тушунтирилсинки, ишда иштирок этувчи шахсларнинг даъво аризаси юзасидан ёзма фикрида унинг низо бўйича ариза
ва (ёки) илтимосномалари назарда тутилган бўлса, ушбу ариза
ва илтимосномалар ИПКнинг 169-моддасида белгиланган тартибда ҳал этилади.
37. Судларнинг эътибори суд муҳокамаси ИПК 171-моддасининг биринчи қисмида санаб ўтилган кутилмаган ва фавқулодда ҳолатларда кейинга қолдирилиши мумкинлигига қаратилсин.
Кўрсатиб ўтилган ҳолатлар мавжуд бўлганда, суд муҳокамаси суднинг ташаббуси билан ҳам, ишда иштирок этувчи шахснинг илтимосномасига кўра ҳам кейинга қолдирилиши мумкин.
Бунда суд муҳокамаси ИПКнинг 164-моддасида назарда тутилган иш кўришнинг муддати доирасида қолдирилиши мумкин.
Судлар инобатга олишлари лозимки, суд муҳокамаси уни кейинга қолдиришга асос бўлиб хизмат қилган ҳолатларни бартараф этиш учун зарур бўлган муддатга, бироқ кўпи билан ўн кунга қолдирилиши мумкин, суд муҳокамасини кейинга қолдиришлар сони эса уч мартадан ошмаслиги керак.
Суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисида суд ажрим чиқаради. Ажримда янги суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисидаги маълумотлардан ташқари, суд муҳокамасини қолдириш учун асос бўлган сабаблар, ишда иштирок этувчи шахсларнинг кейинги суд мажлисигача бажариши лозим бўлган процессуал ҳаракатлар кўрсатилиши керак.
Суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисидаги ажрим ишда иштирок этувчи шахсларга ИПКнинг 127-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади. Шу билан бирга суд мажлисида иштирок этаётган шахслар янги суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида бевосита суд мажлисида хабардор қилиниши мумкин, бундай ҳолда хабардор қилинганлик факти иш ҳужжатларига қўшиб қўйиладиган тегишли тилхат билан тасдиқланади.
Суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят (протест) қилинмайди.
38. Суд мажлисида, шунингдек суд мажлиси залидан ташқарида айрим процессуал ҳаракатлар бажарилганда ИПКнинг 201-моддаси талабларига риоя этган ҳолда баённома юритилади.
Суд мажлиси баённомасидаги ёзувлар суд мажлиси бошланган вақтдан бошлаб ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар процессуал ҳаракатлар қандай кетма-кетликда амалга оширилган бўлса, шу йўсинда баён қилиниши лозим. ИПКнинг 201-моддасига мувофиқ суд мажлиси баённомасида кўрсатилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхати тугал ҳисобланмайди ва баённомага суд иш учун муҳим деб ҳисоблаган бошқа маълумотлар ҳам киритилиши мумкин. Хусусан, унда гувоҳнинг била туриб ёлғон кўрсатувлар берганлик учун жиноий жавобгарлиги ҳақида тилхат орқали огоҳлантирилганлиги кўрсатилади.
Баённома ҳал қилув қарори (ажрим) тузилган ва суд мажлиси олиб борилган тилда тузилиши керак.
39. ИПКнинг 176-моддасига мувофиқ суд ишни мазмунан кўриб чиқиб, ИПКнинг 179-моддасида кўрсатилган талабларга риоя этган ҳолда ҳал қилув қарори қабул қилади.
Суд муҳокамаси тугалланган суд мажлисида қабул қилинган ҳал қилув қарорининг фақат хулоса қисми эълон қилинади ҳамда у судья томонидан имзоланиши ва ишга қўшиб қўйилиши керак.
Судларга тушунтирилсинки, суд мажлисида эълон қилинган ҳал қилув қарори хулоса қисмининг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилмайди.
Асослантирилган ҳал қилув қарорининг хулоса қисми суд муҳокамаси тугалланган кунда эълон қилинган ҳал қилув қарорининг хулоса қисмига мувофиқ бўлиши лозим.
Суднинг ҳал қилув қарори эълон қилинганидан сўнг раислик қилувчи унинг мазмунини (қайси асосларга кўра суд бундай тўхтамга келганлигини) тушунтириши, шикоят бериш (протест келтириш) тартиби ва муддатини, шунингдек ишда иштирок этувчи шахсларнинг ва вакилларнинг суд мажлиси баённомаси билан танишиш ҳамда баённомага ёзма фикрлар билдириш ҳуқуқини тушунтириши лозим.
40. Суд томонидан қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилиш мумкин бўлган асосларнинг рўйхати тугал ҳисобланади ва кенгайтирилган тарзда талқин қилинишига йўл қўйилмайди (ИПКнинг 189-моддаси).
Қўшимча ҳал қилув қарори фақат ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунга қадар қабул қилиниши мумкин.
Қўшимча ҳал қилув қарори суднинг ташаббуси билан ҳам, ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномаси билан ҳам қабул қилиниши мумкин.
Қўшимча ҳал қилув қарори устидан асосий ҳал қилув қарори билан бирга шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
ИПК қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилишни рад этиш ҳақидаги суд ажрими устидан шикоят қилинишини (протест келтирилишини) назарда тутмайди. Бироқ, бундай ажримга нисбатан норозилик билдирилган важлар ҳал қилув қарори устидан шикоятда (протестда) баён қилиниши мумкин.
Судлар инобатга олишлари лозимки, иш даъвони кўрмасдан қолдириш ёки иш юритишни тугатиш билан якунланганда ҳам ИПКнинг 189-моддасида назарда тутилган тартибда қўшимча ажрим чиқарилиши мумкин.
41. ИПК 190-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ судга ҳал қилув қарорини тушунтириб бериш тўғрисидаги ариза билан ишда иштирок этувчи шахслар, давлат ижрочиси, зиммасига суднинг ҳал қилув қарорини ижро этиш юклатилган бошқа органлар мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Ҳал қилув қарорини тушунтиришда унинг мазмуни тўлдирилиши, аниқланган фактик ҳолатларининг баён этилиши, далилларнинг баҳоланиши, ҳал қилув қарорининг қабул қилиниши асослари
ва хулосалари, шу жумладан, ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳал этилган илтимосномалари ва аризаларининг натижаларига ўзгартиришлар киритилиши мумкин эмас.
Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд йўл қўйилган хатоларни, ҳарфий хатоларни ва ҳисоб-китобдаги янглишишларни ишда иштирок этувчи шахснинг, давлат ижрочисининг, суднинг ҳал қилув қарорининг ижроси зиммасига юклатилган бошқа органларнинг аризасига кўра ёки ўз ташаббуси бўйича тузатишга ҳақлидир.
Бунда судлар назарда тутишлари керакки, ҳал қилув қарорининг мазмунини ҳамда далилларни текшириш, ҳолатларни аниқлаш ва қонунни қўллаш бўйича қилинган хулосаларни ўзгартиришга йўл қўйилмайди.
Ҳал қилув қарори устидан апелляция ёки кассация шикояти (протести) келиб тушганидан кейин йўл қўйилган ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар ва ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатишга йўл қўйилмайди.
Ҳал қилув қарорини тушунтириш, йўл қўйилган ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар ва ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш масаласи суд томонидан ИПК 190-моддасининг иккинчи қисми ва 191-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган тартибда ҳал этилади. Шуни инобатга олиш лозимки, ИПК 191-моддасининг иккинчи қисми йўл қўйилган ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар ёки ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш ҳақидаги аризани суд мажлисида кўрилишини назарда тутилганлиги сабабли, йўл қўйилган ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар
ва ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш суднинг ташаббуси билан амалга оширилганда суд мажлисини ўтказиш талаб этилмайди.
Ҳал қилув қарорини тушунтириш ёки тушунтиришни рад қилиш, ёзувдаги хатоларни, ҳарфий хатоларни, ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш тўғрисида ёки тузатишни рад этиш ҳақида ажрим чиқарилади
ва унинг устидан шикоят (протест) қилиниши мумкин.
42. ИПК 32-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси Олий судининг алоҳида ҳолатларни эътиборга олган ҳолда ҳар қандай ишни исталган суддан олиб қўйиш ва уни биринчи инстанция бўйича ўзининг иш юритувига қабул қилиш, ишни бир суддан бошқасига ўтказиш ҳуқуқи “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 26-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси томонидан амалга оширилади.
Судларнинг эътибори иш бир иқтисодий суддан бошқа иқтисодий судга ИПК 39-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган асослар билан ҳам ўтказилиши мумкинлигига қаратилсин. Бундай ҳолларда ишни кўраётган суд томонидан ишни бошқа судда кўришга ўтказиш тўғрисида ажрим чиқарилади.
43. ИПК 2031-моддасининг мазмунига кўра, соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги иш ушбу Кодексда назарда тутилган даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича, ИПКнинг 231-бобида белгиланган хусусиятлар инобатга олинган ҳолда суд томонидан кўриб чиқилади.
ИПК 2033-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган иш бўйича даъво аризасига унинг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгарга топширилганлиги ҳақидаги далиллар илова қилинади.
Судлар инобатга олишлари лозимки, даъвогарнинг бундай даъво аризаси жавобгарга (унинг вакилига) топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилиши ёки тилхат олиб топширилиши мумкин. Агар даъво аризаси жавобгарга топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилган бўлса, даъво аризасига жавобгар уни қабул қилиб олганлигини тасдиқловчи почта хабарномаси илова қилиниши шарт.
Судлар шуни инобатга олиши лозимки, бундай даъво аризасининг нусхаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар даъвогар томонидан ўзига маълум бўлган жавобгарнинг охирги манзилига буюртма хат билан юборилган, бироқ жавобгар буюртма хатни олишни рад этган ва мазкур рад этиш қайд этилган бўлса ёки жавобгарнинг кўрсатилган манзилда йўқлиги сабабли буюртма хат қайтарилган ва унда алоқа хизматининг тегишли қайди (ёзуви) бўлса, ушбу буюртма хат етказиб берилган ҳисобланади. Бунда даъво аризасига ушбу қайтарилган буюртма хат (конверт) илова қилинган бўлиши лозим.

Download 1.14 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   205   206   207   208   209   210   211   212   ...   215




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling