193-модда. Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жазо бериш тўғрисидаги қарорни ижрога қаратиш
Жазо бериш тўғрисидаги қарор барча юридик ва жисмоний шахслар томонидан ижро этилиши мажбурийдир ҳамда агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, у чиқарилган пайтдан эътиборан ижро этилиши лозим.
Жазо бериш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилинган ёки протест келтирилган тақдирда, қарор, шикоят ёки протест қаноатлантирмай қолдирилганидан кейин ижро этилиши лозим.
Жазо бериш тўғрисидаги қарор уни ихтиёрий равишда ижро этиш учун ушбу Кодексда белгиланган муддат ўтганидан кейин мажбурий ижро эттирилиши лозим.
Жазо бериш тўғрисида қарор чиқарган божхона органи уни мустақил равишда ёхуд молия органи, банклар ёки бошқа кредит муассасаларига қарорни ижрога қаратиш тўғрисида хабарнома юбориш орқали ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мажбурий тарзда ижрога қаратади. Жазо бериш тўғрисидаги қарор бўйича ундириш тўлиқ амалга оширилгач, у ижро этилгани ҳақида белги қўйилиб, божхона органига қайтарилади.
Агар юридик шахсларга ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган шахсларга жазо бериш тўғрисидаги қарор чиқарилган кунидан эътиборан бир йил ичида ижрога қаратилмаган бўлса, у ижро этилмайди.
Шикоят берилиши ёки протест келтирилиши муносабати билан қарорнинг ижроси тўхтатиб турилган тақдирда, муддатнинг ўтиши улар кўриб чиқилгунига қадар тўхтатиб турилади.
194-модда. Жарима солиш тўғрисидаги қарорни ижро этиш
Жарима божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузган шахс томонидан унга қарор топширилган кундан эътиборан кўпи билан ўн беш кун ичида, қарор устидан шикоят берилган ёки протест келтирилган тақдирда эса — шикоят ёки протест қаноатлантирмай қолдирилганлиги тўғрисида хабар қилинган кундан эътиборан кўпи билан ўн беш кун ичида тўланиши лозим.
Агар жарима Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахс ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудида филиали ёки ваколатхонаси бўлмаган юридик шахс томонидан белгиланган муддатларда тўланмаса, у ушбу Кодекс 178-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ ана шу жазони таъминлаш учун олиб қўйилган товарлар, транспорт воситалари ва бошқа буюмларни сотишдан олинган суммалардан ундирилади.
Шахснинг жарима тўлаш учун етарли пул маблағлари бўлмаса, бу суммани ундириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда суд қарорига асосан амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |