Агар Аллоҳ умрингизга барака берса, кимлардир йиллар давомида қила олмайдиган ишни бир
неча ойда битирасиз.
ТУҒИЛИШ ВА ЎЛИМ
Чақалоқ туғилганида бир парча матога ўралади. Вақти-соати етиб, инсон дунёдан кўз юмганида
ҳам оқ мато билан кафанланади. Туғилиш ва ўлим орасида жуда қисқа муддат бор. Унда ҳар ким
истаганини қилади. Амалига қараб оқибати яхши ёки ёмон бўлади.
АЙРИЛИҚ АЛАМИ
Дунёни фоний деб билганлар учун айрилиқ алами енгилроқ ўтади.
ОЛДИНГДАН ОҚҚАН СУВНИНГ ҚАДРИ ЙЎҚ
Киши яқинининг юксак поғонадалигини у ўтганидан кейин билади. Олдингдан оққан сувнинг
қадри йўқ, дейдилар. Дарахт қанча баланд бўлмасин, унинг бўй-басти узоқдан қараганда билинади.
Яқиндаги одамга сезилмайди. Қачон ерга қуласа, ўшанда нақадар баҳайбатлиги кўринади.
ДУНЁ ЧАРХПАЛАГИ
Тасаввур қилинг: бундан юз йил олдин ер юзида кимлар яшаган, кимлар ҳукмронлик қилган?
Дунёга устун бўлишни даъво қилганлар қанча эди? Улар ҳозир қани? Беш юз-минг йил олдин кимлар
бор эди бу дунёда? Улардан биронтаси ҳозир тирикми? Яна йигирма-ўттиз, қирқ-эллик, тўқсон-юз
йилдан
кейин кимлар яшайди, кимлар ҳукмронлик қилади?..
Одамлар келиб-кетаверади,
авлодлар
алмашаверади. Дунё мана шу тартибда ўтади.
Лекин унинг якуни бор, охиратда ҳисоб-китоб бор.
МУҲИМ ИШЛАРГА ЭЪТИБОРСИЗЛИК
Арзимас нарсаларни ўзига олиб, салга диққати ошаверадиган одам муҳим ишларга бепарво бўлиб
қолиши мумкин.
ҲАММАНИНГ ЎЗ ЮМУШИ БОР
Гарданингиздаги вазифаларни (жумладан,
тоат-ибодат, ота-онага хизмат қилиш,
етимларга
ғамхўрлик, силаи раҳм кабиларни) бажара олмаганингиз учун “Иш кўп. Вақт кам”, деб баҳона
қидирманг. Чунки ишнинг охири йўқ. Ишингиз қачон тугайди, биласизми? Юрагингиз уришдан
тўхтаганида!