1. «Сиёсий тизим» тушунчаси ва унинг талқинлари


Download 66.92 Kb.
bet1/9
Sana02.11.2023
Hajmi66.92 Kb.
#1741104
  1   2   3   4   5   6   7   8   9
Bog'liq
мавзу. Сиёсий тизим


мавзу. Сиёсий тизим
1. «Сиёсий тизим» тушунчаси ва унинг талқинлари.
2. Сиёсий тизим назариялари ва уларнинг ривожланиши.
3. Жамият сиёсий тизимининг тузилмаси ва функциялари.
4. Сиёсий тизимларни таснифлаштириш.
5. Сиёсий режим.
6. Сиёсий режимларни таснифлаш.
1. «Сиёсий тизим» тушунчаси ва унинг
талқинлари

Сиёсатшунослик фанида жамият сиёсий тизимининг пайдо бўлиш, ривожланиш ва амал қилиш масалаларини ўрганиш муҳим амалий аҳамият касб этади. Айниқса, ҳозирги фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат қуриш ислоҳотларини чуқурлаштириш даврида жамият сиёсий тизимини демократик принциплар асосида модернизациялаш жараёнини ўрганиш, ёшларда шахс, жамият институтлари ва давлат органлари ўзаро муносабатларини замонавий назария ва амалиёт асосида кечиши тасаввурларини шакллантириш ҳозирги даврнинг долзарб вазифаларидан биридир.
«Сиёсий тизим» тушунчасига илк бор ўз аҳамиятини қаратган мутафаккирлардан бири – бу француз олими Кондильякдир. У 1749 йилда «Тизимлар ҳақида трактат» асарини ёзади. Унда Кондильяк «тизим» тушунчасига аниқлик киритар экан, қуйидаги таърифни илгари суради: «Ҳар қандай тизим қандайдир амалий фаолият ёки фаннинг барчаси бир-бирларини ўзаро қўллаб-қувватлайдиган, охиргиси биринчисини далиллайдиган турли қисмларининг маълум бир тартибда жойлашувидан бошқа нарса эмас. Унинг бошқа қисмларини далиллайдиган қисмлари эса принциплар деб аталади»86 .
Кондильяк ўз давридаги сиёсий тизимнинг идеал намунасини қуйидагича таърифлайди: «Дворянлар, магистратура аъзолари, руҳонийлар, савдогарлар, молиячилар, ёзувчилар ва турли хил ҳунармандлар – улар фуқароларнинг турли қатламларидир. Уларни ким бошқараётган бўлса, унинг тизимига мувофиқ равишда ҳамма иложи борича шунчалик бахт-саодатли бўлсинки, ундан барчанинг умумий фаровонлигига зарар етмасин. Бундай ҳолатда давлат тузуми янада мустаҳкамланади. Бундан иккита нарса кўзланади: бошқарувчиларнинг халққа ва шунингдек, қўшни давлатларга нисбатан муносиб хулқ-атвори шаклланади. Халқни бошқариш учун барча қатламларнинг ўзаро мукаммал мувозанатини қўллаб-қувватлайдиган ва ҳар бир фуқаро манфаатини жамият манфаатларидан топишга мажбур қиладиган интизомни ўрнатиш лозим. Шундай қилиш керакки, фуқаролар турли ниятлар билан хатти-ҳаракат қилган ҳолда, уларнинг ҳар бири ўзининг алоҳида тизимини ташкил этсин ва уни умумий тизим мақсадлари билан мувофиқлаштиришни зарурият деб билсин»87 .
Кўриниб турибдики, сиёсат янги даврнинг биринчи ярмида фақат давлат тузилмалари фаолиятига хос деб саналарди, ҳокимият муносабатларида бош субъект сифатида намоён бўлиши кузатилар эди. Маълум бир даврга қадар бу каби талқинлар сиёсий ҳаётга мувофиқ ҳолда яшаб келди. Лекин фуқаролик жамиятининг шаклланиши, ўз ҳуқуқ ва эркинликларига эга бўлган шахсларнинг пайдо бўлиши фуқароларни нафақат бўйсунувчи объект, балки сиёсий ташкилотлар воситасида давлат фаолиятига таъсир қила оладиган кишиларга айлантирди. Ҳокимият давлат монополияси сифатидаги даврини тугатди, ҳокимиятга доир муносабатлар мураккаб тус ола бошлади, унда энди фаол фуқаролар, ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат ташкилотлар ҳам иштирок эта бошлади. Институтционал ва бихевиориал ёндашувлар пайдо бўлган даврга келиб ҳокимият муносабатларининг тобора мураккаблашиб боришига боғлиқ равишда сиёсатни талқин этишни қайтадан кўриб чиқишга зарурият туғилди. Энди сиёсат мураккаб масалаларни ечиши лозим эди: нобоп таш­қи муҳит шароитларида жамият барқарорлиги ва яшовчанлигини таъминлашга қодир бўлган универсал қонуниятлар ва механизмларни излаб топишга эҳтиёжлар пайдо бўлди.
ХХ асрнинг 20-йилларида бу соҳа ривожланишига туртки бўладиган ҳодиса юз берди: биология фани соҳасида тизимлар назарияси яратилди. “Тизим” тушунчасини илмий муомалага биринчи бўлиб немис биолог олими Л. Фон Берталанфи (1901–1972 йй.) киритди. У ташқи муҳитга боғланган тизимни кашф этиш мақсадида ҳужайрани “ўзаро бир-бирларига боғлиқ бўлган йиғинди” сифатида тадқиқ этди. Ундаги унсурлар бир-бирлари билан шундай тарзда ўзаро боғланган эдики, ҳаттоки тизимнинг битта унсури ўзгариши натижасида барча унсурлар, бутун бир йиғинди ўзгариб кетар эди. Тизим ташқаридан бўлган сигналларни ҳам, ўз ички унсурлари талабларини ҳам ҳис қилар, уларга акс-садо берар эди88 .
Бу ҳолатдан руҳланган сиёсий фанлар соҳасидаги олимлар ҳам янги кашфиётлар сари юзлана бошлади. Л.Фон Берталанфи ишлаб чиққан тизимларнинг умумий назариясига таянган ҳолда АҚШ олими Т.Парсонс жамиятда ниҳоятда мураккаб бошқарувдан иборат нисбатан автоном (иқтисодий, сиёсий ва маънавий) тизимлар мавжуд эканлигига эътибор қаратди. Бу тизимларнинг ҳар бири ўзининг алоҳида функциясига эга бўлиб, улардан бири – сиёсий тизим Т.Парсонснинг фикрича, умумий мақсадларни ишлаб чиқиш, интеграциялаш ва амалга оширишни таъминлаб беради. Т.Парсонснинг сиёсий тизимга доир ғояларини яна бир АҚШ сиёсатшуноси Д.Истон ҳар томонлама чуқурлаштирди ва ривожлантирди. Шунинг учун ҳам у тарихда сиёсий тизим назарияси асосчиси, деган номга эга бўлди. Д.Истон ўзининг «Сиёсий тизим» (1953 й.) ва «Сиёсий таҳлил меъёри» (1965 й.) асарларида сиёсий тизимни «ташқаридан келадиган импульсларга – буйруқларга фаол акс-садо берадиган, ривожланувчан ва ўзини ўзи мувофиқлаштирувчи организм» сифатида таърифлади.
Сиёсий тизимни бихевиорал ёндашув асосида тизимли ва тизимли-мақсадли таҳлил этиш усулларининг ривожланиши натижасида Т.Парсонс тизимли таҳлилнинг биологик назариясига асосланган ҳолда ижтимоий тизимлар назариясини ривожлантириши туфайли сиёсатшунослик фанида сиёсий тизимлар назариясини ўрганиш одатга кирди. Т.Парсонснинг тизимли тадқиқ этиш усулининг пойдевори – бу ҳар қандай тизимнинг яшаши ва сақланишини таъминловчи тўртта асосий қоидасининг мавжудлигидир: 1) адаптация, 2) мақсадга эришиш, 3) интеграция,
4) моделни қўллаб-қувватлаш.
Ижтимоий тизим даражасидаги жараёнда адаптация функция­сини иқтисодий остки тизим, мақсадга эришиш функциясини – сиёсий, интеграция функциясини ҳуқуқий институтлар ва урф-одатлар, моделни қўллаб-қувватлаш функциясини – эътиқодлар тизими, ахлоқ ва ижтимоийлаштириш органлари (оила, таълим институтлари ва бошқалар) таъминлайди. Шу тарзда, сиёсат ва жамиятнинг бошқа остки тизимларини ана шу асосий функциялар билан уйғунликда тасаввур қилинади. Шунингдек, бихевиорал ёндашувга биноан, сиёсат – бу фуқаролар ҳаракатини таъминлаб турувчи асосий омиллар - турли хил институтлар ва тузилмалар эмас, балки кишиларнинг сиёсий ҳаётдаги хатти-ҳаракатларидир. Сиёсий тизимни тадқиқ этишда бихевиорал усулнинг ютуқлари асосан қуйидагилардан иборат бўлди:
1) “сиёсий хулқ”га тадқиқотнинг асосий объекти сифатида қараш;
2) статистик ва сонларга доир формулалардан максимал равишда фойдаланиш;
3) сиёсий ҳодисаларни янада чуқурроқ билиш қобилиятига эга назариялар ишлаб чиқиш.
Сиёсий тизимни ўрганишнинг тизимли таҳлили усулига биноан, ҳар қандай тизим, жумладан, сиёсий тизим ҳам қуйидаги таснифларга эгадир: 1) тизим кўп қисмлардан иборат; 2) барча қисм­лар бир бутунни ташкил этади; 3) тизим ўз хатти-ҳаракатини маълум чегаралар доирасида амалга оширади.
Шунингдек, сиёсий ҳаётда фаолият кўрсатувчи ҳаракатдаги тизим, яъни сиёсатнинг турли хил жиҳатлари ва сиёсий воқеликлар ўртасида нисбатан барқарор бўлган ўзаро алоқадорликлар ҳам мавжуддир. Тизимли тадқиқ этиш усули назариясига биноан, ўзаро ҳаракатлар жараёнлари уч циклга бўлинади: кириш (input), конверсия – ўзгариш, айланиш (conversion), қайта ўзгартириш ва чиқиш (output). Сиёсий тизимнинг чегараси торайиб ёки кенгайиб туриши мумкин. Индивидуумлар жамиятда қатор тизимлар ва кичик тизимлар субъектлари сифатида иштирок этишлари, уларнинг амалда сиёсий, иқтисодий, диний ва бошқа ўзаро муносабатлар ва боғлиқларга эга бўлганлиги туфайли кўп шакл­ли тизимлар турли-туман ролларни ижро этади.
Индивидуумлар сиёсий тизимда дастлаб фуқаро-сайловчи ролини бажаради. Сайлов кампанияси даврида сиёсий тизим чегаралари кенгаяди, яъни фуқаролар ўзларининг бевосита ишларини камайтириш эвазига сиёсий тизим чегараси чизиғини “босиб ўтадилар”. Шунингдек, уруш пайтларида ҳам сиёсий тизим чегаралари сезиларли даражада силжийди: кишиларнинг кўпчилиги ҳарбий хизматга жалб этилади, турли хил ташкилотлар, корхоналар фаолияти мувофиқлаштирилади, ички хавфсизликни сақлашнинг янгидан-янги тадбирларини амалга оширишга зарурият туғилади.
Ҳозирги даврга қадар сиёсий фанларда сиёсий тизимнинг умумлашган универсал таърифи яратилмаган бўлса ҳам “сиёсий тизим” тушунчаси билан бевосита боғланган ҳокимият ва сиёсатни аниқлашга доир турли хил ёндашувлар шаклланди. Шу билан бирга, сиёсий тизимнинг барча талқинлари учун умумий бўлган тавсифи шаклланди: сиёсий тизим жамиятда қонунлаштирилган жисмоний итоат эттиришни қўллаш билан боғлиқ ҳолда талқин этилади. Ҳар бир талқинда сиёсий тизимнинг қонуний ҳуқуқи жазолаш, мажбурлаш ва бўйсундиришдир, деб қайд этилади. Лекин масалага чуқурроқ кириб борилса, сиёсий тизимнинг куч ва мажбурлаш билан боғланмаган хатти-ҳаракатлари ҳам кўзга ташланади. Унинг бу каби хусусиятлари фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат қуриш жараёнларига монанд ҳолда янада кўпайиб бормоқда89 .
Сиёсий тизим жамият ҳаётининг институтционал-ҳокимият асоси, уни уюштирувчи ва йўналтирувчи омили сифатида намоён бўлади. Сиёсий тизим сиёсий ҳаётни характерловчи асосий тушунчаларни бир бутун ҳолда тасаввур этиш имкониятини яратади. Сиёсий тизим сиёсат субъектларининг аниқ тарихий шаклларини ўзида ифодалаб, уларнинг ўзаро сиёсий муносабатларини маълум даражада жамлаб, қатъий равишда тартибга солади, расмийлаштиради ва сиёсий фаолиятнинг маълум чегараларини белгилаб беради. Сиёсий тизим мураккаб тузилмадан иборат бўлиб, у жамиятни ягона организм сифатида яшашини таъминлаш ва сиёсий ҳокимиятни марказлашган тарзда бошқариш, шунингдек ҳокимиятни амалга ошириш ёки уни эгаллаш ва ундан фойдаланиш воситасида сиёсат субъектларининг умумий ва гуруҳий манфаатларни амалга оширишини таъминлайди90 .
Жамиятнинг сиёсий тизими – бу аниқ олинган жамият сиёсий режими кўрсатмаларига, тарихий анъаналарига, сиёсий, ижтимоий, ҳуқуқий, мафкуравий, маданий меъёрлар кодексларига бўйсунган жамият сиёсий ташкилотлари принциплари, сиёсий институтлар, сиёсий роллар, муносабатлар, жараёнларнинг яхлит ва жамулжам ҳолдаги йиғиндисидир.
Сиёсий тизим сиёсий ҳокимиятни, давлат ва жамият ўртасидаги ўзаро муносабатларни ташкил этишни ўз ичига олиб, шу билан бир вақтда, у институтлаштириш, сиёсий фаолият ҳолати, сиёсий ижодкорлик даражаси, сиёсатда иштирок этиш характери, ноинституционал сиёсий муносабатларни ўз ичига олган сиёсий жараёнлар оқимини характерлайди. Сиёсий тизим жамиятнинг барча унсурларини интеграциялашувини, шунингдек, жамиятни сиёсий ҳокимият томонидан марказлашган ҳолда бошқариладиган яхлит организм сифатида яшашини таъминлайди. У сиёсий институтларни (давлат, сиёсий партиялар, ташкилотлар ва ҳаракатлар) қонунлар тизими, анъаналар ва сиёсий коммуникациялар воситасида ижтимоий қатламлар ва гуруҳлар, миллий-этник ва бошқа инсоний бирликлар билан ўзаро алоқадорлигини таъминлайди, кишилар сиёсий фаолияти асосий йўналишлари ва сиёсий жараёнларни назорат қилади.
Баъзи адабиётларда “жамиятнинг сиёсий тизими” ва “жамиятнинг сиёсий ташкилоти” бир хил маъноларни англатади, деб ёзилган. Лекин уларнинг ўртасида катта фарқланишлар мавжуд. “Жамиятнинг сиёсий ташкилоти” – бу сиёсий институтлар ва сиёсий-ҳуқуқий меъёрлар жамланмасидир. “Сиёсий тизим” тушунчаси эса унга нисбатан кенг маънога эга бўлган тушунча бўлиб, сиёсий жараёнлар ва муносабатларда у ҳокимият ташкил этувчи етакчи омил сифатида намоён бўлади, шунингдек, жамият сиёсий тизими доирасидаги тузилмалардан ташқари, у ўз ичига сиёсий онг, сиёсий маданият, сиёсий коммуникация, сиёсатда иштирок этиш кабиларни ҳам олади.
Жамиятнинг сиёсий тизими – бу унинг алоҳида қиёфага эга бўлган сиёсий яшаш фаолиятидир. У ўзида сиёсий фаолиятни амалга оширадиган муайян тарихий шаклни акс эттиради91 . Сиёсий фаолиятнинг мазмуни фақат давлатнинг ҳокимиятга доир фаолияти билан чекланмайди. Унинг доирасида мақсадлари бир-биридан фарқ қиладиган ва бир-бирига қарама-қарши бўлган субъектларнинг турли-туман сиёсий иштироклари шакллари намоён бўлади; сиёсий фаолият жамиятда ҳокимиятни амалга ошириш тизимини ҳимоя қилиш ёки унга қарши чиқишни таъминлаш ва ўзгартиришларни амалга оширишга қаратилган мақсадларга мувофиқлаштириш билан боғлиқ сиёсий ҳокимиятни амалга ошириш жараёнларини ташкил этади.

Download 66.92 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2   3   4   5   6   7   8   9




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling