Т ф. н., доцент Талапов Бахриддин Алижанович, магистр Маҳсуджонов Отабек Зокиржон ўғли


Download 49.8 Kb.
bet1/2
Sana23.04.2023
Hajmi49.8 Kb.
#1386279
  1   2
Bog'liq
ШАХС ИЖТИМОИЙ ҚАРАШЛАРИНИНГ ШАКЛЛАНИШИ ЖАРАЁНИДА ИЖТИМОИЙ МЕНТАЛИТЕТ


ШАХС ИЖТИМОИЙ ҚАРАШЛАРИНИНГ ШАКЛЛАНИШИ ЖАРАЁНИДА ИЖТИМОИЙ МЕНТАЛИТЕТ ВА ТАРБИЯ МУТАНОСИБЛИГИ
т.ф.н., доцент Талапов Бахриддин Алижанович,
магистр Маҳсуджонов Отабек Зокиржон ўғли
Аннотация. Мақолада ижтимоий онгнинг мураккаб элементларини ўрганиш ва улар шахсий ва гуруҳий даражаларда қайси қонуниятларга мувофиқ амал қилиши ҳақида тасаввур ҳосил қилиш учун уларнинг тузилишини кўриб чиқилган. Фалсафа фанида бўлганидек, сиёсат фалсафасида ҳам онгни таҳлил қилишда элементларнинг икки гуруҳини – мотивация ва билиш билан боғлиқ элементларни фарқлаш одат тусини олган.
Калит сўзлар: шахс, менталитет, ижтимоий фаолият, хулқ-атвор, ижтимоий онг.
Ижтимоий онгнинг мотивация билан боғлиқ элементларини уларнинг бири – мўлжал мисолида кўриб чиқамиз. Мўлжал субъектнинг ўзига хос ҳолати бўлиб, у субъектнинг муайян вазиятдаги муайян эҳтиёжни қондиришга қаратилган ҳаракатни бажаришга тайёрлигини тавсифлайди. Мўлжал ҳаракатдан олдин келади ва унинг дастлабки босқичи, ҳаракатга туртки берувчи омил ҳисобланади. Мўлжал Д.Н.Узнадзе фикрича, бир томондан, вазият билан, бошқа томондан эса – эҳтиёж билан узвий боғлиқ[1]1. Бу қоида мўлжални вазият билан боғлиқ бўлган ташқи омилларни ва шахс эқтиёжлари билан белгиланадиган ички омилларни белгиловчи оралиқ ўзгарувчи сифатида тушунишга асосланади. Мўлжал инсон хулқ-атвори ва онгининг мотивацион механизмларидан ўрин олганининг сабаби шу билан белгиланадики, биринчидан, у фаолиятни муайян объектга йўналтириш учун хизмат қилади, иккинчидан, эҳтиёжлар ва мотивларнинг нисбатан барқарор шаклини таъминлайди. Г.Г.Дилигенский фикрига кўра, мўлжаллар туфайли субъект эҳтиёжлари ва уларни қондириш усуллари нимадан иборат эканлигини мунтазам равишда аниқлашига ҳожат қолмайди: улар мўлжалларда қайд этилган бўлади[2]2.
Ижтимоий фаолиятда мўлжал инсон ёки гуруҳ хулқ-атворини тартибга солувчи омил ҳисобланади. У ҳокимиятга, давлатга нисбатан шахснинг ижобий ёки салбий муносабатини шакллантиради. Одатда тадқиқотчиларни ва уларнинг буюртмачиларини аниқ мўлжаллар, чунончи: сиёсий тизимга, умуман тузумга, муайян сиёсий институтларга, сиёсий лидерларга ва ҳатто у ёки бу сиёсий қарорлар ёки ижтимоий воқеаларга мўлжаллар қизиқтиради.
Агар сиёсатшунос аҳоли у ёки бу гуруҳининг, айтайлик, сайловдаги эҳтимол тутилган ҳаракатларини тасаввур қилиши лозим бўлса, у мазкур сайлов арафасида тегишли ижтимоий мўлжалларни ўрганади. Бундай таомил замирида ҳар қандай сиёсий ҳаракат инсонда унга нисбатан муайян (ижобий ёки салбий) мўлжал вужудга келган тақдирдагина юз бериши мумкин, деган фараз ётади.
Фалсафий тадқиқотларда мўлжал тузилишида уч элемент: когнитив, эмоционал ва хулқ-атворга оид элементларни фарқлаш одат тусини олган. Бу элементларнинг ҳар бири “субъект фаоллигини тартибга солувчи нисбатан мустақил кичик тизимларни” ташкил этади.
Мўлжалнинг когнитив элементи шахсда дастлабки билимлар, ижтимоий ҳаётга, сиёсатга қизиқиш мавжудлигини назарда тутади. Мазкур элементнинг мавжудлиги шахс ўзи биладиган унинг эътибори қаратилган партиялар, сиёсатчилар ва жараёнлар ҳақидаги ахборотнинг сараланишини тушунтиради. Ижтимоий объектга эмоционал муносабат (ёқади – ёқмайди, ёқимли – ёқимсиз, ишонади – ишонмайди), одатда, у ҳақидаги ахборотни танқидий идрок этишдан олдин вужудга келади. Мазкур элементсиз ирқий андозалар, диний ва миллий сабр- тоқатсизлик ҳоллари бу даражада улкан аҳамият касб этмаган бўлар эди. Ниҳоят, мўлжалнинг хулқ-атворга оид элементи ҳаракатга, чунончи: овоз беришда қатнашиш, намойиш ёки митингда иштирок этиш, партияга аъзо бўлиш ёки террорчилик ҳаракатида иштирок этишга тайёрликни англатади.
Фуқароларнинг ижтимоий онги анча зиддиятли хусусият касб этади. Биринчидан, уларнинг тасаввурлари баъзан ўзаро мувофиқ келмайди. Бу феномен баъзан барқарор жамиятларда ҳам кузатилади. Аммо кенг кўламли сиёсий инқироз шароитида шахс даражасида ижтимоий онгнинг зиддиятлилиги айниқса юксак даражага кўтарилади ва шахснинг иккиланишига яқинлашади. Ўз тадқиқотимиз доирасида биз эски авторитар ва янгича демократик қарашларнинг ёнма-ён мавжудлигигагина эмас, балки айрим мўлжаллар ёки лидерларни оқилона маъқуллаш билан қарама-қарши мўлжаллар ёки лидерларга эмоционал симпатия ўртасидаги зиддиятга ҳам дуч келдик.
Ижтимоий мўлжаллар тадқиқотчилар ва амалиётчиларда қизиқиш уйғотаётгани шу билан белгиланадики, уларни қарорлар қабул қилувчилар ва қарорларни бажарувчилар ўртасида икки томонлама алоқа воситаси сифатида ҳисобга олиш зарурияти пайдо бўлди. Мўлжаллар бир-биридан, энг аввало, улар шахсда қай даражада ривожлангани билан фарқ қилади.
Фикр тарзидаги ижтимоий мўлжалларга бағишланган тадқиқотлар айниқса кенг тарқалган. Фикрлар ижтимоий мўлжалнинг беқарорлик билан ажралиб турадиган турларидан биридир. Фикрлар, аввало, онгнинг юзаки, вербал қатламини акс эттиради ва теранроқ шахсий тузилмаларга доим ҳам мувофиқ келавермайди.
Мўлжалнинг бошқа бир тури – умумий муносабат шаклига эга бўлиб у барқарор тизимларда амал қилади. Мўлжалнинг учинчи тури – эътиқодлар сифатида шахснинг ижтимоий руҳий ҳолатини акс эттиради. Лидерларни ўрганувчи сиёсатчилар уларнинг кўп сонли эътиқодлари орасида одамлар ва институтларга ишончсизликнинг мавжудлигига алоҳида эътиборни қаратадилар. Эътиқодларнинг бу икки тури авторитаризмнинг назарий асосини ташкил этади. Яна бир муҳим эътиқод сиёсатчининг воқеалар ўз назорати остида эканлигига бўлган ишончидир. Ж.Роттер тести ёрдамида индивиднинг субъектив назорати даражаси аниқланади. Бу тест инсон ўз ютуқлари ва муваффақиятсизликларида ўз-ўзини ёки тақдирни, вазият тақозосини ва ҳоказоларни айблашини аниқлаш имкониятини беради. Бизнинг маълумотларимизга кўра сиёсатчилар бошқа фуқаролардан субъектив назорат даражаси уларда ўртача фуқароникидан юқори эканлиги билан фарқ қилади. Сиёсатчида демократик мўлжаллар мазкур кўрсаткичнинг юксак даражаси билан боғланишини тасдиқловчи далиллар ҳам мавжуд.
Ижтимоий онгнинг мотивацион элементлари тўғрисида сўз юритганда, яна шуни ҳам қайд этиб ўтишни истар эдикки, мўлжаллар сиёсий муҳитнинг ташқи омилларини белгиловчи шахс ички механизмларининг ҳаракатини ўз ичига олади. Ижтимоий онгнинг мазкур тузилмалари шу билан тавсифланадики, улар сиёсий жараёнлар ва ҳодисаларни идрок этиш динамикасини белгилайдиган эмоциялардан иборатдир.
Ижтимоий фалсафа онгнинг бошқа бир томони – билишни ҳам фарқлайди. Эмпирик тадқиқотларда унинг кўрсаткичлари сифатида шахснинг сиёсатга бўлган қизиқиши, унинг хабардорлик даражаси, сиёсий воқеалар ва лидерлар ҳақидаги билимлари ва ниҳоят, унинг тасаввурлари муайян мафкуравий схемага солинганлиги амал қилади.
Ҳозирги ижтимоий фалсафада одатдаги сиёсий тизимлар билан таққослаганда фуқаронинг сиёсатга бўлган қизиқиши анча кучайгани кузатилади. Буни сўнгги ўн йилликларда турли мамлакатларда олинган маълумотлар ҳам тасдиқлайди. Чунончи, ГФРда 80-90-йиллар мобайнида сиёсат билан қизиқувчи шахслар улуши 22 фоиздан 49 фоизгача ўсган, сиёсатга умуман қизиқмайдиганлар улуши эса 39 фоиздан 9 фоизгача камайган. Францияда 1999-2019 йилларда сиёсат билан қизиқувчилар улуши уч баравар ўсган. Италияда сиёсий воқеаларни фаол кузатиб борадиган шахслар сони 1988-2018 йилларда 24 фоиздан 48 фоизгача ўсган. Ғарбий Европада 1991 йилда сўровдан ўтказилганларнинг тахминан 40% сиёсатга қизиқишини билдирган. Яна бир карра таъкидлаймиз: бу ерда гап демократия анъаналари ривожланган барқарор сиёсий тизимларга хос бўлган тенденция ҳақида бормоқда.
Собиқ Иттифоқ ҳудудидаги сиёсий жараён узоқ муддатли контекстда авторитар сиёсий маданият унсурлари мавжуд бўлган мамлакатларга хос тарзда намоён бўлади. Шўро даврида аҳолининг сиёсатда иштирок этиш даражаси юқори (бошма-бош овоз бериш) бўлса-да, сиёсатга қизиқиш унча кучли бўлмаган. Қайта қуришнинг дастлабки йилларида 1991 йилга қадар оммавий сиёсатга қизиқиш беҳад кучайган ва шу билан бир вақтда сиёсий ҳаракатларнинг одатдаги шаклларида иштирок этувчилар сони камайган, унинг ноанъанавий шакллари эса кўпайган.
Ўзбекистон республикасида 2009 ва 2019 йиллардаги тадқиқотларда қайд этилган сиёсий қизиқиш динамикасига биноан, сиёсатга жуда қизиқувчилар сони кейинги йиллар ичида кўпайган.
Хабардорлик ва сиёсатга қизиқишдан ташқари, ижтимоий онгнинг билишга доир жиҳатида яна икки муҳим элементни қайд этиш лозим. Бу ерда гап когнитив услуб ва операционал код ҳақида бормоқда. Когнитив услуб – фикрлаш услубини тавсифловчи атама. Когнитив услуб тавсифлари орасида файласуфлар мазмун жиҳатидан мураккаблик ёки соддаликни, шерикка ишонч ёки ишончсизликни, инструментал акцент («иш»га қараб мўлжал олиш)ни фарқлайдилар. Айрим кишиларга сиёсатни оқ-қора тусда идрок этиш хос бўлса, айримларга уни теран идрок этиш, сиёсий нуқтаи назарлар тусларининг ранг-баранглиги хосдир. Когнитив услубнинг биринчи типи – интегратив мураккаблик даражаси паст бўлган тафаккур услуби одатда мослашувчан бўлмаган, ақидапараст, янгиликни идрок этмайдиган кишиларга хосдир. Айрим тадқиқотчилар мазкур когнитив услубнинг муайян сиёсий мўлжаллар билан алоқасини аниқлаганлар. Чунончи, интегратив мураккаблик даражаси паст бўлган тафаккур услуби консерватив сиёсатчилар ва уларнинг тарафдорларида либерал сиёсатчилар ва уларнинг тарафдорларига қараганда кўпроқ учраши исботланган. Ҳокимият образларига бағишланган тадқиқотда сўров иштирокчиларининг ҳокимият хусусидаги тасаввурлари респондентларнинг ярмидан кўпроғида аввалги босқичларда ҳам, ҳозир ҳам когнитив жиҳатдан мураккаб эканлиги аниқланган.
Хуллас, сиёсий онг тузилиши ҳақида баён этилган фикр-мулоҳазаларга хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, у ўз таркибига кўра мутаносиб эмас. Унда айрим элементлар етук ва расо, айримлари эса етилиш босқичида бўлиши мумкин.
Ижтимоий онгнинг камол топиш жараёни ўз йўлида субъектив ва объектив тўсиқларга дуч келади. Яқин ўтмишда сиёсат фуқаролар онгида аниқ акс этишига энг аввало мафкуравий қолиплар тўсқинлик қилган. Ҳозир эса, аксинча, аксарият олимлар жамиятда муайян инсонга дунёнинг ўз сиёсий манзарасини миллий манзара билан “таққослаш”га ёрдам берадиган барқарор мафкуравий схемаларнинг борлигида деб биладилар. Уларнинг фикрича, мазкур схемалар инсон дунёда мўлжал олишини енгиллаштиради.
Юқорида биз шахс ижтимоий онги тўғрисида сўз юритдик ва у қандай шаклланишини асосан четлаб ўтдик. Ҳолбуки, ижтимоий-сиёсий фикрлаш услубларидаги, ижтимоий-сиёсий тизимни акс эттириш типларидаги фарқлар сиёсий ижтимоийлашув хусусиятида ўз илдизларига эга. Вазифаси тарбия билан шуғулланишдан иборат бўлган барча институтлар, одатда, ўз куч-ғайратини тизимнинг шахсга таъсирини такомиллаштиришга қаратадилар. Зеро А.Маманов таъкидлаганидек “Инсоннинг бахтлилигининг энг муҳим шарти нафақат уни моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондирилган ҳолати, балки унда қўрқувсиз эркин яшаш ҳиссининг мавжудлигидир”[1]3. Аммо, ўз ички қонунлари, ёш ва бошқа хусусиятларига эга бўлган шахс бу таъсирларни доим ҳам ўз-ўзидан қабул қилавермаслигини кўрмаслик ҳам мумкин эмас. Шахс камол топишининг турли босқичларида унинг жамият ҳаётини, сиёсий-ижтимоий ахборотни таҳлил қилиш имкониятларини ҳисобга олиш жуда муҳимдир.
Фалсафа фанининг инсон тафаккури генезиси ҳақидаги маълумотлари ижтимоий-сиёсий тафаккур ва онг етилиши таҳлилининг назарий пойдевори бўлиб хизмат қилади. Сиёсат фалсафаси ва ижтимоий ҳаёт соҳасидаги тадқиқотлар мазкур йўналишининг асосларидан бири бола тафаккури етилишининг ва у катталар тафаккуридан бутунлай фарқ қилишининг ўз схемасини таклиф қилган швейцариялик атоқли психолог Жан Пиаже асарларидир.
Ж. Пиаже фикрига кўра, нутқий тафаккурнинг шаклланиши бола ҳаётининг иккинчи йилида бошланади. Бу ёшда боланинг ҳаракатлари илк бор фикр тарзида акс эттирилади. Шу ёшдан бошлаб тахминан етти ёшгача бола фикрлашнинг илк операционал босқичидан ўтади. Уни Пиаже “эгоцентризм” босқичи сифатида тавсифлайди (кейинчалик олим уни “центризм” босқичи деб номлаган). Ушбу босқичга “мен” нуқтаи назаридан фикрлаш, тушунчалардан эмас, балки образлардан фойдаланиш, асосий эътиборни ҳозирги даврга қаратиш хос.
7 ёшда конкрет операциялар босқичига ўтиш юз беради. Бола тафаккурида “децентризм” жараёнлари юз беради, у бевосита идрок этишлар ва янглиш тасаввурлардан холи бўла бошлайди. Бола турли хил нуқтаи назарлар мавжудлигини тушуна бошлайди, эгоцентризм ўрнини социоцентризм эгаллайди. 11 ёшдан кейин бола тафаккури янги босқичга – формал операциялар босқичига ўтади. Бу босқич 15 ёшга бориб асосан тугайди ва дедуктив мушоҳада юритиш, гипотезалар тузишга қодир бўлган “расо ақл”ни тавсифлайди[1]4.
Ж.Пиаженинг бола тафаккури етилишининг босқичлари ҳақидаги тасаввурларини ўз сиёсий сюжетларига, яъни болалар ва ўсмирларнинг қонунлар, фуқароларнинг индивидуал ҳуқуқлари ва шу кабилар ҳақидаги тасаввурларига татбиқан ривожлантирди. Бу ишни биринчилардан бўлиб америкалик Ж.Адельсон бошлади. Унинг тадқиқот гуруҳи ГФР, Англия ва АҚШда 11 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларнинг ижтимоий-сиёсий тафаккуридаги ўзгаришларни ўрганди.
Шарқда шахс тарбияси масалалари билан шуғулланган мутафаккирлар: Абу Наср Форобий «Бахт-саодатга эришув ҳақида рисола », «Фазилатли хулклар», «Фозил одамлар шаҳри», Абу Али Ибн Сино «Ахлоқ ҳақида рисола», «Бурч ҳакида рисола», «Нафсни покиза тутиш», «Баданни бошкариш», «Адолат ҳакида китоб», Имом Ғаззолий «Диний илмларнинг тирилтирилиши», Юсуф Хос Хожиб «Қутадғу билиг», Абдулла Авлоний «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ» асарларида шахс ижтимоий онгининг шаклланиш масаласини атрофлича ёритиб берганлар. Шахс ижтимоий онгининг шаклланиш жараёни узоқ давом этадиган мураккаб жараён бўлиб, бир қанча омиллар: ижтимоий муҳит, оила тарбияси, боланинг психологик хусусиятлари билан белгиланади. Шахснинг ижтимоийлашуви унинг жамият томонидан тан олинган хулқ-атвор меъёрлари, билим ва қадриятлар тизимини самарали ўзлаштириши асосида, ижтимоий ҳаётга мослашиши, кўникиши жараёнидир.
Мана шундай бир вақтда биз келажагимиз пойдевори ҳисобланган ёшларимизни турли хилдаги салбий иллатлардан асрашимиз, уларда ватанпарварлик, меҳр-оқибат, сахийлик, самимийлик, камтаринлик каби хислатларнинг мустаҳкам тарзда шаклланиб боришига эришишимиз лозим.
Бизнинг фикримизча, сиёсий тизим яратиши лозим бўлган устувор мафкура тизими вазифасини бажаришга мактаб ўқитувчисининг қурби етмайди. У тайёр мафкурадан фойдаланишга одатланган. Аммо ўз ўқувчилари билан юзма-юз қолганда, ўқитувчи уларнинг саволларидан ҳеч қаёққа қочиб қутулолмайди ва уларнинг кўз ўнгида обрўли шахс бўлиб қолишни истаса, оғир сиёсий саволларнинг барчасига жавобни мустақил излашга мажбур бўлади.



Download 49.8 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling