Фалсафанинг асосий вазифалари. Фалсафа у ёки бу муаммоларни ҳал қилар, қонунлар, муайян тамойилларни таърифлар ёки гипотезалар, ғоялар ва назарияларни илгари сурар экан, айни вақтда (баъзан, шу тариқа), ҳар хил функсияларни бажаради. Фалсафанинг муҳим функсияларидан дунёқарашни шакллантириш, билиш, методологик, интегратив, маданий, аксиологик, ахлоқий ва тарбиявий функсияларни қайд этиш мумкин. Уларнинг барчаси бир-бири билан узвий боғлиқдир. Бу функсияларнинг роли ва аҳамияти фалсафанинг амал қилиш соҳаси, у ҳал қилаётган вазифалар даражаси ва хусусияти билан белгиланади.
Дунёқарашни шакллантириш вазифаси - инсоннинг ўз-ўзини ва ўзини қуршаган борлиқни тушуниши, шунингдек, турли воқеалар, ҳодисаларни ва ўз бурчини қандай талқин қилишида намоён бўлади. Юқорида кўрсатиб ўтилганидек, инсон дунёқарашида эътиқодлар ва билимлар, туйғулар ва эмотсиялар, оқилоналик ва ирратсионаллик, тажриба, интуитсия ва ҳоказолар чамбарчас боғланади.
Фалсафанинг гносеологик вазифаси - тажрибада синаш, тавсифлаш ёки шак-шубҳасиз инкор этиш мумкин бўлмаган, яъни фан очиб бериш, тадқиқ этиш ва таҳлил қилишга қодир бўлмаган нарсалар ва ҳодисаларни оқилона йўл билан тушунтиришга ҳаракат қилишдир. Фалсафа у ёки бу моҳияти аниқланмаган ёки кам ўрганилган ҳодисаларни тушунтиришга нисбатан ўз ёндашувлари, назариялари ва гипотезаларини таклиф қилар экан, уларни билишга бўлган қондирилмаган қизиқиш ўрнини муайян даражада тўлдиради, шу тариқа мифологик ва диний фантазияларга камроқ ўрин қолдиради. Фалсафа гносеологияда ҳал қиладиган бошқа бир муҳим вазифа «Ҳақиқат нима?» «Унинг мезонлари қандай?» деган масалалар билан боғлиқ, зеро ҳар қандай билиш жараёни охир-оқибатда, у ёки бу тарзда ҳақиқатнинг тагига этишга қараб мўлжал олади, бу эса энг муҳим масаладир.
Методологик вазифаси - у ёки бу мақсадга эришишнинг муайян усулини, шунингдек, борлиқни назарий ва амалий ўзлаштиришга қаратилган усуллар ёки амаллар мажмуини англатади (бу тушунча юнонча «методос» – «йўл»,«тадқиқот», сўзидан келиб чиққан). Бошқача қилиб айтганда, бу файласуф ёки олим ўзи ўрганаётган предметнинг тадқиқот йўлидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |