1-мавзу: “Ходимлар меҳнатини ташкил этиш” фанининг предмети ва вазифалари
Меҳнат интизомини бузиш турлари ва сабаблари ҳамда интизомни мустаҳкамлаш тадбирлари
Download 4.29 Mb.
|
Xodimlar mehnatini tashkil qilish
8.2. Меҳнат интизомини бузиш турлари ва сабаблари ҳамда интизомни мустаҳкамлаш тадбирлари
Меҳнат интизомини бузишнинг асосий турлари: ишга кечикиб келиш ва ишдан барвақт кетиб қолиш, иш вақтида шахсий иш билан машғул бўлиш ёки ишлаб чиқариш(хизмат кўрсатиш) топшириғи билан боғлиқ бўлмаган ишни қилиш, куни билан узрсиз ишга чиқмаслик, меҳнатни муҳофаза қилиш ва технология талабларига риоя қилмаслик, бир корхонадан иккинчисига асоссиз ўтиш кабилардан иборат. Меҳнат интизоми бузилишининг ҳамма турларини уч гуруҳга бўлиш мумкин: 1)меҳнатни қўпол равишда бузиш – ишга кечикиб келиш, ишга чиқмаслик, ичкиликбозлик, ишдан бўйин товлаш – меҳнатга интизомсизлиги муносабатининг умумий кўламида бундай салбий ҳодисалар кўп ўрин олмайди; 2) мураккаб бузилишлар – бор кучни бериб ишламаслик, бир корхонадан бошқасига ўтиш, маъсулиятсизлик, тарқоқлик – интизомсизликнинг бу хиллари кўпроқ учрайди; 3) хизматдан фойдаланиб, меҳнат интизомини бузиш, яъни иш вақтида шахсий иш билан машғул бўлиш – интизомсизликнинг бу тури ҳам кўп учрайди. Меҳнат интизомининг бузилишига олиб келадиган асосий сабаблар: ичкиликбозлик, масъулиятсизлик, уйдаги ноқулай шароит ва вазиятлар, ҳуқуқ-тартиботини бузиш туфайли қамоққа тушиш ва ҳоказолардир. Хўжалик, касаба уюшмаси ва бошқа жамоат ташкилотлари корхона ходимларига онгли интизом руҳини синдириш бўйича тарбиявий ишларни бўшаштириб юборганлиги ҳам меҳнат интизомининг бузилиш сабабларидан биридир. Меҳнат интизомининг бузилишига олиб келадиган сабаблар қаторида меҳнатни ташкил этиш ва нормалаш даражасининг пастлиги, маиший ноқулайликлар, транспорт воситалари, тижорат корхоналари ва болалар муассасалари қониқарсиз ишлашини ҳам кўрсатиш мумкин. Бундан ташқари шахсий уюшқоқлик, юриш-туришига ва қиладиган ишига жавобгарлик ҳиссини сездирмаган, тарбия кўрмаган ходимлар ҳам учрайди. Меҳнат интизоми бузилиши сабабларининг таҳлили бу интизомни мустаҳкамлаш юзасидан олиб бориладиган ишнинг асосий йўналишларини белгилашга имкон беради. Бозор иқтисодиёти шароитида меҳнат интизомини сақлаш ва мустаҳкамлашда, одатда, учта асосий услуб қўлланилади. Бу услублар тарбиялаш ва ишонтириш, ҳалол ва покиза меҳнат учун рағбатлантириш, меҳнатни онгли равишда бузганлик учун жазо чораларидир. Демак, корхоналарда онгли интизомни тарбиялаш юзасидан олиб бориладиган ишнинг шакл ва услублари хилма-хил бўлиши ва уларнинг ҳаммасидан тўла фойдаланиш лозим. Бунда фақат жазо чораларига таяниб иш кўришга ҳам, интизомбузарларга нисбатан тамомила либераллик кўрсатишга ҳам йўл қўйиш ярамайди. Жазо тарафдорлари интизомбузарларга қарши раҳмсиз ва муросасиз кураш олиб боришни, улар ўзларини оқлаш учун кўрсатган важларга эътибор бермаслик ва уларга шафқат қилмасликни, сўз билан эмас, қаттиқ чоралар орқали тарбия беришни таклиф қиладилар. Жазо тарофдорлари катта-кичик ҳамма масъулиятлар интизом масаласида талабчанлик ва муросасизликни муттасил ошириб бориши керак, деб ҳисоблайдилар. Уларнинг фикрича, бу тадбирларнинг таъсири ва натижадорлигини кучайтириш учун меҳнат тўғрисидаги қонунларга меҳнат интизомини бузувчиларни қаттиқ жазолашни, ишга келмаган ёки ишга маст бўлиб келган ходимни, сўзсиз, ишдан ҳайдашни кўзда тутадиган баъзи ўзгаришлар киритиш лозим. Улар интизомбузарларни (айниқса, сурункасига) мукофотлардан маҳрум қилиш, таътилни фақат қишда бериш, ишга чиқмаганлиги натижасида юзага келган зарарларни тўлатиш ва ҳоказо тадбирлар кўриш керак, деб ҳисоблайдилар. Табиийки, интизомни бузган ҳар бир шахс ўз қилмиши учун маълум маъмурий ёки ижтимоий жазога тортилиши лозим ва юқорида кўрсатилган жазо чораларидан баъзиларини уларга нисбатан татбиқ этиш ҳам мумкин. Аммо талабчанлик ўрнига раҳмсизлик ишлатилмаслиги керак. Эҳтиётсизлик билан қўлланилган қаттиқ жазо чоралари интзомни мустаҳкамлаш ишига зарар келтириши ҳам мумкин, жазо чоралари билангина иш кўрадиган жамоаларда интизом пасайиб кетиши ҳам мумкин, бу ҳолат амалиётда учраб туради. Ундан ташқари, кузатишлар шуни исботлайдики, рағбатлантиришлар натижасида меҳнат интизоми жамоа чоралари қўллангандагина нисбатан анча яхшиланган. Интизомни мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлар орасида ҳалол меҳнат учун рағбатлантириш, ходимлар манфаатдорлигини оширадиган тадбирлар муҳим ўрин тутади. Ташкилий омиллар меҳнат интизомини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Ташкилий омилларнинг энг муҳими, меҳнатни ташкил этишни биз юқорида кўриб ўтган асосий йўналишларини амалга оширишдир. Шубҳа йўқки, ишлаб чиқаришда меҳнат тақсимоти ва меҳнат кооперацияси тўғри уюштирилган, участкалар, бўлимлар ва ходимлар ўртасида ўзаро алоқа яхши йўлга қўйилган тақдирда, бу вазият ҳар бир кишининг ўзи хизмат кўрсатаётган учаскасидаги жавобгарлигини оширади, жамоа меҳнатининг тартиблигини вужудга келтиради. Маъмурий омиллар ҳам меҳнат интизомини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Меҳнат интизомини мустаҳкамлашнинг маъмурий тадбирлари даставвал юридик актларни ўз ичига олади. 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган ва 1996 йилнинг 1 апрелидан юридик кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг янги “Меҳнат Кодекси” асослари ходим ва хизматчиларнинг меҳнатини тартибга солувчи асосий нормаларни белгилаб беради. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, «Меҳнат Кодекси»да XI боб «Меҳнат интизоми»деб аталади. Шу кодекснинг 174-моддасида «Корхона меҳнат тартиби иш берувчи касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб тасдиқлайдиган ички меҳнат тартиби қоидалари билан белгиланади» дейилади. 175 - «Интизом тўғрисида устав ва низомлар» моддасида эса «Халқ хўжалигининг баъзи тармоқларида ходимларнинг айрим тоифалари учун интизом тўғрисида устав ва низомлар амал қилади», деб ёзилган. Кодекснинг «Ходимларнинг бурчлари» моддасида, «Ходим ўз меҳнат вазифаларини ҳалол, виждонан бажариши, меҳнат интизомига риоя қилиши, иш берувчининг қонуний фармойишларини ўз вақтида ва аниқ бажариши, технология интизомига, меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги ва ишлаб чиқариш санитарияси талабларига риоя қилиши, иш берувчининг мол-мулкини авайлаб-асраши шарт. Ходимнинг меҳнат вазифалари ички тартиб қоидаларида интизом тўғрисидаги устав ва низомларда, корхона қабул қиладиган, локал ҳужжатларда (жамоа шартномаларида, йўриқномалар ва ҳоказолар), меҳнат шартномасида аниқ белгилаб қўйилади», деб қайд этилган. Download 4.29 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling