1-мавзу: “Ходимлар меҳнатини ташкил этиш” фанининг предмети ва вазифалари
Меҳнатни нормалашнинг аналитик-ҳисоблаш услуби
Download 4.29 Mb.
|
Xodimlar mehnatini tashkil qilish
16.2. Меҳнатни нормалашнинг аналитик-ҳисоблаш услуби
Меҳнатни нормалашда, ҳар бир конкрет меҳнат турига норма белгилашда аналитик-ҳисоблаш усулибининг моҳияти нормалаштириладиган операцияни ёки хизмат турини дастлабки таркибий элементларга бўлишдан, операциянинг мақсадга мувофиқ таркибини аниқлашдан ҳамда олдиндан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган меҳнат нормативларидан фойдаланиш натижасида вақт ва маҳсулот ишлаб чиқариш нормасини (вўработка) ҳисоблаб чиқишдан иборат. Бу услуб машина ёки аппаратура ишларини нормалашда жиҳозларнинг мақсадга мувофиқ иш тартиби билан таъминланишини, математика формулаларидан кенг фойдаланишни тақазо қилади. Аналитик - ҳисоблаш услуби билан асосланган норма белгилаш, одатда, қуйидаги тартибда амалга оширилади: вақт нормаси таркибий қисмлари (элементлари)дан ҳар бирининг давом этишига таъсир килувчи омилларни аниқлаш мақсадида нормалаштириладиган операцияни бажаришнинг ташкилий - техникавий шароитлари ўрганилади, ҳар томонлама ва батафсил таҳлил қилинади; нормалаштириладиган операциялар таркибий элементларга ажратилади, уларнинг мақсадга мувофиқлиги, операция элементларини бажаришдаги изчиллиги, кетма-кетлиги таҳлил қилинади; операцияни элементларга ажратиш даражаси фойдаланиладиган меҳнат нормативларининг мураккаблигига ва таркибига боғлиқ бўлади; меҳнат нормаси вақт нормативларининг асосий элементларини жамлаш йўли билан аниқланади; меҳнат нормативлари орқали аниқланадиган меҳнат нормасини бажариш учун тегишли шароитлар яратиладиган ташкилий -техникавий тадбирлар ишлаб чиқилади ва жорий қилинади. Меҳнатни нормалашда аналитик-ҳисоблаш услубининг яхши томони шундаки, нормативлар ва ишлаб чиқилган техникавий жараён мавжуд бўлган шароитда у олдиндан асосланган меҳнат нормаларини ҳисоблаб чиқиш имконини беради. Бундан ташқари аналитик ҳисоблаш услубининг афзаллиги яна шундаки, у меҳнатга белгиланадиган нормаларининг бир хилда тиғиз бўлишини, операцияни элементларга бўлишда бир хил ёндашишни таъминлайди. Бу услуб ишлаб чиқаришни, хизматлар кўрсатишни, меҳнатни ташкил қилишнинг, ишлаб чиқариш технологиясининг ва иш жойини техника билан қуроллаштиришнинг прогессив даражада бўлишини талаб қилади. У меҳнатни нормалашнинг ягона методикасини қўлланишга катта имкон беради, норма белгилаш учун эса иш жойида меҳнатни нормалаш билан шуғулланувчи махсус мутахассис ходимнинг бевосита ҳозир бўлишини талаб қилмайди. Бундан ташқари аналитик-ҳисоблаш услубининг қўлланиши натижасида меҳнатни нормалаштиришда қилинадиган сермеҳнат ишлар анча қисқаради, чунки бунда бевосита кузатиш йўли билан иш вақти сарфини ўрганиб чиқишга ҳожат қолмайди. Меҳнатни нормалашнинг бу усулбида камчиликлар ҳам бор. Чунончи, нормалаштириладиган операцияларнинг ҳамма элементлари учун меҳнат нормативлари йўқ бўлиши мумкин. Меҳнат нормативларида кўзда тутилган ташкилий-техникавий шароитлар амалдаги ташкилий-техникавий шароитлардан принципал равишда фарқ қилиши мумкин. Бундай ҳолларда ҳар хил тузатиш коэффициентларини қўлланишга, меҳнат нормативларини тегишли ҳисоб-китоблар билан тўлдиришга тўғри келади. Бу эса, ўз навбатида, ҳисобланган меҳнат нормаларининг асосланган ва прогрессив бўлишига халақит беради. Булардан ташқари, мана шу услуб асосида меҳнат нормасини белгилашда буюмнинг ёки хизмат турининг конкрет тури учун меҳнат нормаси аниқ бўлишини анча кийинлаштиради, чунки меҳнат нормативлари бир хил типдаги ташкилий-техникавий шароитлардан келиб чиққан ҳолда тузилган бўлади. Шунинг учун кўплаб маҳсулот ишлаб чиқаришда, хизмат кўрсатишда, қўл билан бажариладиган ишларга норма белгилашда (бу ерда норма аниқ тузилган бўлиши талаб қилинганлиги сабабли) аналитик-ҳисоблаш услуби билан бир қаторда меҳнатни нормалшнинг аналитик-тадқиқот услуби ҳам кенг қўлланилади. Меҳнатни нормалашнинг аналитик-тадқиқот (экспрементал) услуби қўлланилганда нормалаштириладиган операциянинг ҳар бир элементига ва бутун бир опрециянинг ҳамма элементларига кетадиган вақт сарфларининг миқдори иш жойида ўтказиладиган тадқиқот (экспрементал) натижасида олинган маълумотлар асосида аниқланади. Бу услуб ёрдамида олиб бориладиган аналитик-тадқиқотларнинг (экспрементлар) асосий боскичлари қуйидагилардан иборат: 1. Иш жойининг ишлаб чиқариш (хизматлар кўрсатиш) имкониятларини аниқлаш мақсадида нормалаштириладиган операцияни бажариш учун амалда мавжуд бўлган ташкилий-техникавий шароитларни таҳлил қилишни ташкил этиш. Нормалаштириладиган операцияни бажаришнинг ташкилий-техникавий шароитлари кўп жиҳатдан нормалаштириладиган операцияга қилинадиган меҳнат сарфини белгилаб берувчи асосий омиллардан бири бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун ҳам иш жойининг режалаштирилиши билан бир қаторда унинг қуролланганлигини, унга хизмат кўрсатилишини, иш жойидаги меҳнат шароитларини, шунингдек, иш жойининг ташкил қилиниши, фан-техника ютуқлари нуқтаи назаридан ҳозирги талаблар ва нормаларга қанчалик жавоб беришини ёки мувофиқлигини ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш жуда муҳимдир. Жиҳозларнинг ишлаб чиқариш имкониятларини аниқлаш учун улардан фойдаланиш (уларнинг ишлаб чиқариш қуввати ва хизмат қилиш вақти) даражаси ўрганилади. Бунинг учун иш вақти сарфлари фотография орқали кузатилади, тегишли жиҳозларга, аппаратларга берилган техникавий ҳужжатдан–паспортдан, шунингдек, технологик карталардан фойдаланилади. 2. Операциянинг меҳнат мазмунини ва ижрочининг иш вақти сарфини кузатиш, ўрганиш ва таҳлил қилиш. Бунда ўрганиладиган ҳар бир операция усуллари (ҳаракатларга, қимирлашларга), мажмуавий (коплекс) усулларга булинади. Танланган иш ёки хизмат турининг элементларга бўлиниш даражаси ишлаб чиқариш турларига (типларига) боғлиқлигини эътибордан четга қолдирмаслик лозим. Сабаби, оммавий, серияли, айниқса, йирик серияли ишлаб чиқаришда танланган операция, хизмат тури якка ёки серияли ишлаб чиқариш турларига (типларига) нисбатан кўпроқ элементларга бўлинишни тақозо этади. Бўлинган (аниқланган) элементларнинг қайси бири ортиқчалиги ёки кераксизлиги аниқланади, улар нормалаштириладиган операция ёки хизмат кўрсатиш турларининг таркибидан олиб ташланади. Зарур деб маъқулланган ва қолдирилган операция элементларининг (усул, ҳаракат, қимирлаш)ҳар бири илғор ва етарли иш тажрибасига эга бўлган ходимлар орқали махсус танланган иш жойида ёки лаборатория шароитида бажарилиши ташкил этилади. Натижада танланган операциянинг бажарилиши учун зарур бўлган элемент (усул, ҳаракат, қимирлаш)ларнинг бирин-кетин мантиқий мақсадга мувофиқ равишда бажарилиш йўлларини топиш билан бир қаторда, операция учун сарфланадиган вақтни камайтириш мақсадида юқорида кўрсатилганидек, ташкилий ва техникавий тадбирлар ишлаб чиқилади. 3. Иш жойининг оқилона ташкил қилиниши, операциянинг технологик ва меҳнат мазмунини, уни бажаришдаги изчилликни лойиҳалаштириш ҳамда шу асосда вақт нормасини унинг таркибий қисмлари бўйича ва бутун операция бўйича аниқлаш. 4. Лойиҳалаштирилган операция вақт сарфи элементларининг таркиб ва структурасини текшириб чиқиш. Бунинг учун танланган операция ёки хизматлар тури (улар бўйича ҳисоблаб чиқилган вақт нормасининг тўғрилигини текшириш мақсадида) бошқа турдош иш жойларида ва ниҳоят, шу соҳада ишлаётган бошқа ходимлар орқали бажарилиши ташкил этилади. Натижада ҳисоблаб чиқилган – нормалаштирилган иш вақти сарфига ўзгартириш киритилади. Бу ўзгартириш натижасида ҳисоблаб чиқилган вақт нормасининг миқдори камайиши, кўпайиши ёки дастлабки вақт сарфи миқдори – нормасининг ўзи ҳам ўзгармасдан қолиши мумкин. 5. Лойиҳалаштирилган меҳнат нормасининг бажарилишини таъминловчи ташкилий-техникавий тадбирларни ўз ичига олган режаларни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш. Меҳнатни нормалашнинг аналитик-тадқиқот услуби асосланган меҳнат нормаларини белгилаш учун кенг ва аниқ маълумот олиш имконини беради. Меҳнатнинг илғор усул ва услубларини аниқлаш, ўрганиш ва умумлаштиришда, шунингдек, амалий вақт нормативларини ишлаб чиқиш ҳамда уйғунлаштиришда бу услубдан амалиётда кенг фойдаланилади. Аналитик-тадқиқот услуби асосланган меҳнат нормаларини белгилаш, мазкур корхонада меҳнат қандай ташкил қилинганлигини, техникавий ва технолгик ҳолатини максимал даражада ҳисобга олиш, ютуқлардан фойдаланиш ва ишлаб чиқаришни, хизматлар кўрсатишни тўғри ташкил қилиш имконини беради. Меҳнатни нормалашнинг бу услуби аналитик-ҳисоблаш услубига қараганда анча сермеҳнат бўлиб, уни амалга ошириш учун имкон туғдирувчи шароитлар бўлишини талаб қилади. Шу муносабат билан аналитик-тадқиқот услуби, қоида бўйича, кўплаб (оммавий) ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш шароитларидагина қўлланилади; сериялаб ишлаб чиқаришда (хизмат кўрсатишда) эса бу услубдан тез-тез такрорланиб турадиган ва типовой операцияларни бажаришда, майда (кичик) серияли ва якка чиқаришда - фақат энг кўп такрорланадиган операцияларни бажаришда фойдаланилади. Турли давлат ва нодавлат корхоналарда ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш шароитлари турлича. Шу сабабли асосланган меҳнат нормаларини белгилаш учун аналитик услубнинг ҳар икки туридан фойдаланиш керак. Шундагина улар бир-бирини тўлдиради. Бундан ташқари амалиётда ҳар хил аралаш вариантлардан ҳам фойдаланиш мумкин. Масалан, агар операциянинг баъзи элементлари бўйича зарур меҳнат нормативлари мавжуд бўлмаса, мана шу элементларга вақт сарфи (ёки технологик режимлар) аналитик-тадқиқот услуби билан, бошқалари аналитик-ҳисоблаш услуби билан белгиланади. Чунончи, кўплаб (оммавий) ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш шароитида аналитик-ҳисоблаш услуби кўпинча аналитик-тадқиқот услуби билан тўлдирилади ёки бўлмаса оператив вақт миқдори аналитик-тадқиқот услуби билан, вақт нормасининг таркибидаги колган вақт сарфлари турлари (элементлари) эса аналитик-ҳисоблаш, яъни мавжуд вақт нормативлари бўйича ҳисоблаш услуби билан белгиланади. Меҳнат нормасининг сифатли бўлишига қўйиладиган талаблар ҳамда нормалаш юзасидан олиб бориладиган ишларнинг мураккаблиги, сермеҳнатлиги нуқтаи назаридан юқорида кўриб ўтилган асосли норма белгилаш услубларини солиштирганимизда, корхоналар учун энг самарали ва реал амалга ошириб бўладигани аналитик-ҳисоблаш услубидир. Бундай ҳолда меҳнат нормасининг сифати меҳнат нормативларининг сифати билан белгиланади. Шу муносабат билан меҳнат нормаларининг оптимал (энг қулай, замон талабига мувофиқ) ва бир хил даражада тиғиз бўлишини таъминлаш учун керакли шарт-шароит яратиш масаласи аслида меҳнат нормативларини ишлаб чиқиш методикасига ҳамда конкрет операцияга норма белгилашда уни қўлланиш тўғрисидаги масалага келиб тақалади. Download 4.29 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling