1. «Сиёсий тизим» тушунчаси ва унинг талқинлари
Download 66.92 Kb.
|
мавзу. Сиёсий тизим
5. Сиёсий режим
Сиёсий режим – бу жамиятда сиёсий ҳокимиятни амалга ошириш усуллари, шакллари, йўллари тизимидир. У давлат шакли ва унга хос бўлган бошқарув шакли билан аинқланади. «Сиёсий режим» тушунчаси ХХ асрнинг иккинчи ярмига келиб пайдо бўлди. Бу сиёсий ҳаёт ва бутун бир жамият сиёсий тизими ҳодисасидир. Бу тушунча ўзаро бир-бирига боғлиқликларни ифодалайди. Сиёсий режимнинг таснифи инсонни ҳокимият тузилмалари билан ўзаро муносабатларидаги ҳақиқий имкониятларини тўлиқ кўрсатиб беради. Поляк олими Е. Вятр сиёсий режимни тартиботнинг конституциявий (қонуний) тизими ва бу тизимни амалиётда аниқ мужассамлашуви, деб талқин этади. Илмий адабиётларда сиёсий режимни талқин этишнинг иккита анъанавий йўли пайдо бўлди: биринчиси, сиёсий-институционал ёндашув бўлса, иккинчиси социологик нуқтаи назар билан талқин этиш. Биринчи ҳолатда ҳокимиятни расмий-ҳуқуқий, қонунчиликка доир таснифлари асосида амалга оширилишига муҳим аҳамият берилса, иккинчи ҳолатда унинг ижтимоий асослаш ва келиб чиқишига асосий эътибори берилади. Сиёсий-институционал ёндашув асосида сиёсий режимни тадқиқ этган олимлар “режим” тушунчасини “бошқариш шакли” ёки “давлат” тузуми тушунчалари билан айнанлаштиришга ҳаракат қилдилар. Жумладан, АҚШ олими К.Бекстер “сиёсий режим тизим ёки бошқариш шакли деганидир»119 , деб ёзган эди. Шу тариқа, сиёсий режим тушунчаси авваламбор, давлат ҳокимиятини бўлиниш хусусиятлари ва бу тармоқлар ўзаро нисбатига боғлиқ ҳолда талқин этилади. Бошқа ёндашувларда эса (Ф.Ригге, Б.Бейкер, Г. Лассуэлл) сиёсий режимни сиёсий тизимни ташкил қилиш ва тартибга солиш, легитимлаш сифатида талқин этилади. Яна бир гуруҳ олимлар эса (Р. Гестил, Г. Алмонд, Г. Поуэлл ва бошқ.) сиёсий режимни сиёсий тизим билан айнан бир нарсадир, деб ёзади120 . Ҳозирги даврга келиб сиёсий режимни «сиёсий ҳамжамиятни муттасил янгилаш, ривожлантириш ва амал қилиши усулларини ўрнатадиган ёки уни сезиларли даражада назорат қиладиган ҳокимият тузилмаларидир», деган талқин кенг тарқалди121 . Шунингдек, «режим» тушунчасини «ҳокимият» тушунчаси билан ўзаро нисбатини аниқлаш ҳам сиёсий режимнинг маъносини англашга ёрдам беради. Режим ҳокимият эмас, балки у ҳокимиятни инсоний ҳамжамият миқёсида ташкил этиш, маълум бир мақсадлар ва ўзига хос усуллардан фойдаланган ҳолдаги тузилмавийлаштиришдир. Агар «сиёсий режим» билан «сиёсий тизим»ни ўзаро қиёслайдиган бўлсак, у ҳолда Р.Макридис фикрича, сиёсий режим «функцияларни қандай тарзда институтларга ва тартиботларга, шунингдек, бу жараёнда пайдо бўладиган ўзаро муносабатларни тузилмавийлаштиришга айлантиришнинг ўзига хос йўли ва воситасидир”122 . Албатта, сиёсий тизим ва сиёсий режимни турлича талқин этишга доир ёндашувларнинг кўплигига қарамасдан, уларнинг ўртасида мустаҳкам алоқадорликлар мавжуд эканлигини эътироф этиш лозим. Сиёсий режим жамият сиёсий институтини самарали амал қилишини таъминлаш тартиботи сифатида намоён бўлади; у ўзида ижтимоий-сиёсий институтларнинг натижали фаолият юритишлари учун ҳуқуқий ва ҳуқуқий бўлмаган чора-тадбирлар тизимини ифода этади; ҳаракатдаги жамият сиёсий тизими унсурлари ва унинг турли-туман тарзда намоён бўлишини характерлайди. Албатта, маълум бир сиёсий тизим тарихий вазиятларда бир неча ва турлича режимларда яшаши мумкин. Агар «тизим» концептуал моҳият – мағизнинг сиёсий воқеликларни англаб етиши учун муҳим рол ўйновчи, умумлаштирувчи таҳлилий тушунча бўлса, «режим» – бу воқеликларни амалий фаолият учун тавсифлашга имкониятлар яратувчи тушунчадир. Режимни бу каби тушуниш уни «сиёсий жараён» тушунчасига жуда ҳам яқин эканлигини исботлайди. Сиёсий жараён фаолият юритиш аввали сифатида намоён бўлиб, шу билан бир вақтда, у сиёсий тизим, унинг институтлари барқарорлиги учун шароитлар яратади, ундаги алоқалар ва муносабатларни тартибга солади. Шу жиҳатдан олганда, режим ва жараён тушунчалари сиёсий ҳаётни бир маромда ўсишига таъсир этиши, шунингдек бу тушунчалар ёрдамида аниқланган ҳодисалар сиёсатга барқарорлаштирувчи таъсир қилиши оқибатида режим ва жараён тушунчалари бир-бири билан бирлашиб кетади. Шу билан бир вақтда, режим – жараён таснифларидан фақат биттаси, уни кўриб чиқиши мумкин бўлган турли усулларидан биттасидир. АҚШ олими Г. Лассуэл фикрича, «режим («бошқариш шакли», «сиёсий тартибот») ўзида сиёсий шакллар намунасини ифодалайди... Режимга сиёсий жараёнда мажбурлаш унсурларини озайтириш функцияларини бажариш юкланган». Сиёсий режим ҳокимият қандай амалга оширилмоқда, сиёсий институтлар ва сиёсий муносабатлар қандай амал қилмоқда, сиёсий тизим хатти-ҳаракати қандай, жамият билан давлат ўртасидаги нисбатлар қандай, ким кимни назорат қилмоқда, кимлар сиёсат мақсадларига эришишни таъминламоқда, ҳокимият юритаётган элитанинг манфаатларини ким амалга оширмоқда, деган саволларга жавобларни ўзида ифода этади. Сиёсий режимнинг турлари ижтимоий-сиёсий анъаналарнинг ривожланганлиги, жамиятда устунлик қилаётган сиёсий онг ва хулқ, жамиятда ҳукмронлик қилаётган легитимлик, мансабдорлар аппарати билан муносабатлар, жамият инсон эркинликлари ва ҳуқуқлари ҳолати, идора этувчи элита тузилмаси ва уларни шакллантириш механизмлари, ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг ривожланиш даражаси билан белгиланади. Сиёсий режимнинг асосий белгилари қуйидагилардир: -ҳокимият юритиш механизмлари, давлат органларини амал қилиш усуллари, сиёсий етакчилар ва идора этувчи гуруҳларни танлашнинг ўрнатилган ва расмийлашган тартиботлари; -турли ижтимоий кучлар ва уларнинг манфаатларини ифодаловчи сиёсий ташкилотлар ўртасида ҳокимиятни тақсимлаш тартиботи; -ҳокимиятни қонун чиқарувчи, ижроия ва суд ҳокимиятларига бўлинишини амалга ошириш; улар ўртасидаги ўзаро бир-бирларини тийиб туриш ва ўзаро мувозанат нисбати тизими; -сиёсий ҳокимиятни амалга ошириш усуллари тизими (рухсат бериш – тақиқлаш, ишонтириш – мажбурлаш, иқтисодий - ноиқтисодий) ; -аҳолининг сиёсий иштирокка нисбатан муносабатининг характери: фаол, бефарқ, пассив; бу иштирок қандай шаклда рўй бермоқда: уюшган, стихияли; -жамиятда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳолати; ҳокимиятни шахс ва фуқаронинг бегоналашмайдиган табиий ҳуқуқларини эътироф этиши ёки тан олмаслиги; улар кафолатларининг ҳақиқийлиги; -ижтимоий ва сиёсий ихтилофларни мувофиқлаштириш усуллари; -сиёсий жараён йўналиши ва ривожланишига нисбатан жамиятнинг асосий гуруҳлари сиёсий маданияти таъсирининг характери; -жамиятда сиёсий партияларнинг мавжудлиги, уларнинг ички тузилиши ва давлат билан ўзаро муносабатлари; мухолифатнинг мавжудлиги, унинг мақоми, давлат ҳокимияти билан ўзаро муносабатлари; -ОАВнинг сиёсий ва ҳуқуқий мақоми, цензуранинг мавжудлиги ёки йўқлиги, жамиятнинг ошкоралик даражаси. Download 66.92 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling