2. Геоэкологик (геотизимли) мониторинг. Ушбу мониторингнинг объекти: табиий ва антропоген геотизимлар, рекреацион ҳудудлар ва ўрмонлар, йўқолиб бораётган ўсимлик ва ҳайвон турлари. Унинг вазифаси атроф-муҳитни ўзгариши, Шунингдек табиий-техник тизимлар (агрогеотизим, урбогеотизим, индустриал районлар ва б.) нинг динамик ўзгаришини назорат ва таҳлил қилиш, баҳолаш ва прогнозлаш. Асосий кўрсаткичлар – биологик маҳсулдорлик, табиий ўз-ўзини тозалаш қобилияти, модда-энергия баланси, геотизимларнинг ифлосланиш даражаси кабилар. Геоэкологик мониторинг босқичида, асосан, табиий, табиий-антропоген геотизимлар, рекреацион ҳудудлар кузатилади ва назорат қилинади.
Мазкур босқич учун табиатни ифлослантирувчи моддаларнинг рухсат этилган миқдори ва геотизимларнинг ўз-ўзини тозалаш қобилияти ҳақидаги маълумотлар муҳим ҳисобланади.
3. Глобал (биосферали) мониторинг. Бу мониторинг қуйидагиларнинг ҳолатини глобал масштабда амалга оширишга асосланган: атмосфера ва озон қатлами, гидросфера, ўсимлик ва тупроқ қоплами, ҳайвонот олами. Кўрсаткичлари – радиацион баланс, иқлим исиши, атмосферанинг газ таркиби ва чангланганлиги, йирик дарё ва кўлларнинг ҳамда дунё океанининг ифлосланиши, шаҳар агломерацияларининг ифлосланиши, чўллашиш, тупроқлар, ўсимлик ва ҳайвонларнинг глобал ҳолати кабилардир. Глобал мониторинг биоэкологик ва геоэкологик мониторинг маълумотларидан фойдаланган ҳолда уни тўлдиради ва бутун географик қобиқ миқёсида амалга оширилади. Биосфера мониторинги босқичининг асосий вазифаси атроф-муҳитни дунё миқёсида кузатишдан иборат. Бунда атмосферанинг чангланишига, Дунё океанининг ифлосланишига ва бошқа кўрсаткичларга кўпроқ эътибор берилади. Ўзбекистонда мониторингнинг амалга оширилиши. Бугунги кунда табиий муҳитнинг экологик мониторинги бир қанча муассасалар томонидан амалга ошириб келинмоқда. Булар Гидрометеорология хизмати бошқармаси, Давлат ўрмон хўжалиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Геология давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси ва уларнинг бўлинмалари. Экологик мониторинг кузатишлари белгиланган муайян жойларда табиий муҳитнинг инсон томонидан ифлосланиши, бузилиши, эрозия, шўрланиш, дефляцияга берилиши ва бошқа жараёнлар бўйича амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |