Меъёрий тестларнинг камчилиги таълим олувчи кейинги босқичга ўтишга қай даражада тайёр эканлигини белгилаб бермаслигида кўзга ташланади. Шунингдек, меъёрий тестлар таълим олувчиларнинг ҳиссий ва психомотор ҳолатларини ўлчаш учун мос келмайди. Таълим олувчилар ўртасида мусобақага мойилликни вужудга келтириб, уларни билим олишдан кўра кўпроқ балларни тенглаштиришга интилтиради. Аммо меъёрий тестлар ўқув предмети бўйича таълим олувчиларнинг умумий қобилиятларини, катта гуруҳда қобилиятларини намоён қилиш имкониятини аниқлашда ва бўш иш ўрни учун энг мақбул номзодни танлашда самара келтиради.
Мезонларга кўра тестдан ўтказишда натижалар ўзгармас, доимий стандартлар билан солиштирилади. Масалан, ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш учун талабгорнинг билими мавжуд стандарт билан солиштирилиши керак. Уни бошқа соҳа ҳодимининг қобилиятлари билан солиштириб бўлмайди.
Мезонлар бўйича ўтказилган тестлар таълим берувчига таълим олувчилар билими ва имкониятларини аниқлашга кўмак беради. Масалан, тўрт хонали сонлар билан арифметик амалларни бажариш бўйича 20 та мисол берилган бўлса, таълим олувчи уларни ўзлаштирган, деб ҳисоблаш учун мисолларнинг энг камида 17 таси тўғри бажарилган бўлиши керак.
Айрим ҳолларда тавсия этилган тестларни 100 фоиз тўғри бажариш талаб этилади.
Янги мавзуни ўтишдан аввал таълим олувчининг шу мавзуни ўрганишга тайёрлиги ҳамда эмотсионал ва психомотор ҳолатини аниқлашда, шунингдек, уларни ўқитиш учун гуруҳлашда мезонга кўра ўтказиладиган тестлардан фойдаланиш тавсия этилади.
Стандартлаштирилган тестлар маълум стандарт талаблари қўйилган дастур асосида тузилиб, таълим олувчининг билим, кўникма ва малакасини аниқлашга мўлжалланади. Уларнинг эришилган даражани, қобилиятларни (қизиқишларни ҳам) аниқловчи ҳамда ташхисловчи турлари мавжуд.
Таълим берувчилар кўпроқ эришилган даражани ва қобилиятларни аниқловчи тестлар билан ишлайди.
Эришилган даражани аниқловчи тестлар таълим олувчи маълум соҳада ўзлаштирган билимлар миқдорини ўлчайдиган стандартлаштирилган тестлардир. Бу каби тестларни бутун гуруҳга ёки индивидуал равишда ишлатиш, натижаларни ҳисоблашда турлича балл тизими қўлланилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |