13-мавзу. Ислом дини тарихи ва фалсафаси


Калом фалсафаси. Тасаввуф ва унинг тариқатлари


Download 326.76 Kb.
Pdf ko'rish
bet12/15
Sana18.06.2023
Hajmi326.76 Kb.
#1562331
1   ...   7   8   9   10   11   12   13   14   15
Bog'liq
13-мавзу. Ислом дини тарихи ва фалсафаси.

4. Калом фалсафаси. Тасаввуф ва унинг тариқатлари. 
VIII–IX асрларга келиб Ислом дини доирасида ақидавий ихтилофлар ҳам юзага келди. 
Ислом динида Аллоҳ таоло, унинг сифатлари, инсонларнинг тақдири, қиёмат, жаннат ва дўзах, 
гуноҳ ва савоб каби мавзулар ақидавий масалалар сирасига киради. Зикр этилган унсурларни 
ўрганувчи фан калом илми деб ҳам аталади. Қуръонда ҳам ҳадисларда ҳам бу борада 
тортишиш, ўзича ҳукм чиқариш қоралангандир. Шу сабабли ҳам аввал бошида уламолар калом 
илми билан шуғулланишни қаттиқ қоралаганлар. 
“Мўътазила”, “жабарийя”, “қадарийя”, “мушаббиҳа” каби бир қатор адашган оқимлар 
юзага келгач оддий мусулмонларга соф ақидани тушунтириб бериш эҳтиёжи туғилган эди. 
Шундан сўнг калом илми билан шуғулланишга рухсат берилди. 
Илк исломда инсоннинг тақдири ва ҳатти-харакатлари Худо томонидан белгилаб қўйилган 
деган эътиқод расм бўлган эдики, Қуръонда кўрсатилган инсоннинг ўз ҳатти-ҳаракати учун 
жавобгарлиги ва гуноҳ ишлари учун Худо томонидан жазоланиши ҳақидаги ақидага қарама-
қарши эди. Илгарилари унчалик англанмаган ушбу қарама-қаршилик, илоҳиётчилар фикрини 
ва диққат-эътиборини борган сари кўпроқ жалб қила бошлади. 
Агар Худонинг ўзи томонидан тақдирда белгилаб қўйилган бўлса, инсон қандай қилиб 
ўзининг гуноҳли ҳатти-ҳаракатларига жавоб беради? Агар худо ёмонлик манбаи бўла 
олмайдиган бўлса, у қандай қилиб инсоннинг гуноҳли ишларини олдиндан белгилаб қўяди? 
Инсоннинг ўз ишлари учун жавобгарлиги, унинг ўз ҳатти-ҳаракатларида ирода эркинлигига 
эгалигини кўрсатмайдими, ва гуноҳли ишлар Худо томонидан белгилаб қўйилиши мумкин 
эмас? Бундай қарама-қаршиликларни дин ўзининг у ёки бу ақидасидан воз кечмасдан ҳал 
қилишга кучи етмайди. Бу масала бўйича баҳслар VII-IX асрлар давомида жабарийлар (арабча-
жабария –мажбур қилиш, зўрлик, жабр), яъни инсоннинг барча ҳатти-ҳаракатлари унинг 
тақдирида азалдан белгилаб қўйилган деган фикр тарафдорлари билан қадарийлар (арабча-
қадария-ҳокимият, яъни инсоннинг ўз ҳатти-ҳаракатлари устидан ҳокимияти) ўртасида олиб 
борилдики, улар фикрича, худо адолатли бўлиб, ёмонлик манбаи бўла олмаслиги туфайли
гуноҳли ҳатти-ҳаракатлар унинг томонидан олдиндан белгилаб қўйилиши мумкин эмас. Демак,
инсон ўз ҳаракатларида озод бўлиб, унинг оқибатлари учун ҳақту Аллоҳ олдида жавоб бермоғи 
лозим. 
Қадарийлар таълимотини кейинчалик ўз устозлари Ҳасан ал-Басрийни (624-728) тарк этган 
шогирдлари бўлган муътазилийлар(арабча-муътазила ажраб чиққанлар) ривожлантирдилар. 
Муътазила таълимотининг асосчиси Восил ибн Ато (699-748) эди. Бу ўз таълимотини ақлга 
таяниб баён қилувчи ва шу даврга келиб Араб халифалигига Искандария орқали кириб келган 
юнон мантиғи ва фалсафасининг тушунча ва усулларидан фойдаланган, биринчи фалсафий 
илоҳиёт мактаби эди. 
Калом борасида баҳс юритган илк оқим “мўътазила” ҳисобланади. Ушбу таълимот 
ислом тарихидаги адашган фирқалардан бўлиб, Ҳасан ал–Басрийнинг (в. 728 й.) собиқ 
шогирдлари бўлган Восил ибн Ато (в. 748 й.) ва Амр ибн Убайдга (в. 761 й.) бориб тақалади. 
Умавий ҳалифа Ҳишом ибн Абдулмалик даврида ушбу икки шогирд Ҳасан ал–Басрий 
даврасидан ўзларининг “манзила байнал манзилатайн” (аросат) мавзуидаги ақидалари билан 
ажралиб чиқади ва «мўътазила» (ажралганлар) номини олади. Мўътазилийлар аббосийлар 
ҳалифалиги даврида муҳим ўрин тутган. 
Мўътазилийлар аббосий ҳалифа Хорун ар–Рашид даврида таъқиб остига олинган бўлса, 
Маъмун, ал–Мўътасим ва ал–Восиқ даврларида (813–847) суюкли пешволарга айланади ва 
йирик давлат мансабларига ҳам сазовор бўлади. Маъмун даврида мўътазилийлар “миҳна” деган 
жамоа тузиб, ўзларининг ақидавий қарашларини маҳаллий уламоларга мажбурлаб синдиришга 
ҳаракат қилган. Мўътазилийлар таълимоти “ал–адл” (Аллоҳнинг адолати), “тавҳид” 
(Аллоҳнинг ягоналиги), “ал–ваъд вал ваъийд” (ваъда ва жазолаш), “манзила байнал 
манзилатайн” (Оралиқ ҳолатда қолиш), “ал–амр бил маъруф ван наҳий анил мункар” 
(Яхшиликка чақириш ва ёмонликдан қайтариш) деб номланувчи беш тамойилга таянади. 


154 
Ҳалифа Мутаваккил даврига келиб мўътазилийлар яна сиқувга олинди ва бора–бора бутунлай 
йўқ бўлиб кетди. Қадарийлар ирода эркинлигини мутлақлаштириб, инсон барча амалларини ўз 
ихтиёри билан қилади, аввалдан тақдир белгилаб қўйилмайди, деган ақидани илгари сурдилар. 
Мўътазилийлар мазкур фикрни қўллаб қувватлагани боис, улар ҳам тақдир масаласида 
қадарийлар дея аталди. Уларга нисбатан уламолар томонидан: «Қадарийлар ушбу умматнинг 
мажусийларидир», деган ҳадис келтирилади. Зеро, тақдирга ишониш имоннинг еттита 
шартидан бири ҳисобланади. 
Кейинроқ шаклланган жабарийлар эса инсоннинг барча қиладиган ишлари Аллоҳ 
томонидан аввалдан белгилаб қўйилади деган ақидани мутлақлаштирдилар. Бу инсониятни 
тараққиётга интилишдан тўхтатиб қўядиган ақида бўлгани сабабли уламолар бу фикрни 
қўллаб–қувватламадилар. 
Аллоҳнинг зоти ва сифатлари масаласида эса “мушаббиҳа” (ўхшатувчилар) ёхуд “аҳлу–
т–ташбиҳ” (ўхшатиш аҳли) юзага келди. Улар Аллоҳнинг Қуръони Каримда келган 
сифатларини тўғридан–тўғри ўз ақллари билан талқин қила бошладилар. «Аллоҳнинг «қўли» 
уларнинг қўллари узрадир» (Фатҳ сураси, 10), «Унинг Курсийси осмонлар ва Ерни (ҳам) ўз 
ичига сиғдира олур» (Бақра сураси, 255) каби оятлардаги «қўли», «курсийси» сўзларидан 
Аллоҳнинг ҳам инсон каби бадан ва аъзолари бор экан, у ҳам инсон каби ўтириш учун курсийга 
муҳтож экан, дея хулоса чиқардилар. 
Исмлари зикр этилган оқимларнинг ғояларига бир қатор аҳли сунна уламолари 
раддиялар берганлар. Натижада, мотуридия ва ашъария таълимотлари юзага келди. Мазкур 
икки йўналиш ҳам суннийлик доирасида тўғри ҳисобланиб, улар ўртасидаги фарқлар лафзий 
характер касб этади холос. 
Мотуридия таълимотига мовароуннаҳрлик олим Абу Мансур ал–Мотуридий асос 
солган. Аксарият манбаларда Мотуридий 870 йили Самарқанднинг “Мотурид” қишлоғида 
туғилгани ва Самарқандда 944 йили вафот этгани ҳақида маълумотлар учрайди. Баъзи 
манбаларда унинг 100 йилга яқин умр кўргани ҳақида ҳам маълумотлар бор. 
Манбаларда Имом Мотуридийнинг ўндан ортиқ асарлари бўлгани ҳақида маълумотлар 
келтирилади. “Китоб ат–тавҳид”, “Китоб ал–мақолот”, “Китоб радд авоил ал–адилла лил–
Каъбий”, “Китоб баён ваҳм ал–мўътазила”, “Китоб радд таҳзиби ал–жадал лил–Каъбий”, “Радд 
китоб ал–Каъбий фи ваийд ал–фуссоқ”, “Радд усул ал–хамса ли–Аби Умар ал–Бохилий”, “Радд 
китоб ал–имома ли баъзи ар–равофиз”, “Китоб радд ала ал–қаромита” ҳамда усул ал–фиқҳга 
оид “Маъҳаз аш–шароиъ”, “ал–Жадал” каби асарлар шулар жумласидандир. 
Мотуридийнинг ақидавий қарашлари ва калом илмидаги ўзига хос услуби XI асрга 
келиб Мовароуннаҳрда алоҳида мактаб сифатида тан олинган ва “мотуридия” деб аталган. 
Мазкур мактаб ўзининг ярим–рационалистик қарашлари билан бошқа ақидавий 
таълимотлардан ажралиб туради. Унда масалаларнинг ечимини топишда фақат Қуръон ва 
суннатга таянибгина қолмасдан, мантиқий тафаккур орқали ҳам ёндашилган. Мотуридия 
таълимотида асосан мўътазилия, шиа, хорижия, жабария, қадария каби таълимотларга 
раддиялар берилган. 
Мотуридия таълимоти XI–XII асрларда кенг миқёсда ривожланган. Ушбу даврларда 
энди таълимот нафақат Мовароуннаҳрда, балки Хуросон, Ироқ. Миср ва Шом ўлкаларига ҳам 
тарқала бошланган. Бунда мотуридия таълимоти вакилларидан Абул Муъин ан–Насафий, Абу 
Ҳафс ан–Насафий, Алоуддин ас–Самарқандий, Нуриддин ас–Собуний, Иброҳим ас–Саффор, 
Алоуддин ал–Асмандий каби мовароуннаҳрлик олимларнинг катта бўлган. 
Ашъария. Ушбу таълимотга басралик Абул Ҳасан ал–Ашъарий (873–936) асос солган. 
Ашъарий умрининг ярмини асосан мўътазилияга қарши курашишга бағишлаган бўлсада, 
дастлаб унинг ўзи мазкур таълимот вакили бўлган. Мўътазилия таълимотида Ашъарийнинг 
устози Абу Али ал–Жуббоий бўлган. Қирқ ёшида у мўътазилия таълимотидан воз кечади ва 
Бағдодга кўчиб умрининг охиригача ўша ерда яшаган. 
Ашъарий Муҳаммад ибн Жарир ат–Табарий, Иброҳим ибн Аҳмад ал–Марвазий, 
Маҳмуд ибн Довуд ал–Исбаҳоний, Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбал (в. 290/903 й.), Абу 
Мансур ал–Мотуридий каби олимлар билан бир даврда яшаган. Ашъария таълимоти ҳам аҳли 
сунна вал жамоа ақидасига мувофиқ таълимот ҳисобланган. Ушбу таълимот ҳам асосан 
мўътазилия, қадария, жабария каби таълимотларнинг ақидавий ғояларига қарши турган. 
Ашъария таълимоти асосан Ироқда, сўнгра салжуқийлар ҳукмронлиги даврида Хуросонда 
ривожланган. Ашъария таълимотига оид Абул Ҳасан ал–Ашъарийнинг “ал–Ибона ан усул ад–


155 
дияна”, “Мақолат ал–исломийин” каби асарларни мисол келтириш мумкин. Ашъария 
таълимоти мотуридия таълимоти билан бир даврда шаклланиб ривожланган. 

Download 326.76 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   7   8   9   10   11   12   13   14   15




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling