Мавзу: Чизмачиликнинг асосий мавзуларини ўргатиш методикаси.
Режа:
Тўғри бурчакли проекциялаш методини ўргатиш усуллари.
Ўқувчиларни аксонометрик проекция ва техник расм бажаришга ўргатиш методикаси.
Ўқувчиларни кесим ва қирқим бажаришга ҳамда чизмани ўқиш усулларига ўргатиш методикаси.
Тўғри бурчакли проекциялаш мавзуси ўзига хос хусусиятга эга бўлиб, ўқувчилар 8-синфгача бошқа фанларда бунга ўхшаш материаллар билан танишмаган бўладилар. Ўқитувчи олдида ўқувчиларни нотаниш бўлган билимлар саҳасига олиб кириш вазифаси туради. Бунда тасаввурдаги нурлар ёрдамида предметни бир неча текисликка ҳаёлан проекциялаш кўникмаларини эгаллаши зарур бўлади.Шу билан биргаликда ўқувчилар бирор чизмани чизиш ёки ўқиш пайтида бу жараённи реал ҳолатда ўқиш имконига эга бўлмайди. У фақат чизмачилик қоғози, чизма-топшириқ ёки оригинал (буюм-деталь)бўйича масала ечимини топиши керак. Бунга ўхшаш вазифаларни бажаришда ўқувчиларга фазовий тасаввур деган жуда зарур фойдали қобилият ёрдамлашади. Инсон фикрлашининг бу хусусиятини ривожлантириш чизмачилик курсини ўрганишнинг энг асосий вазифаси ҳисобланади.
Нарсанинг кўринишини текисликка (масалан, қоғоз ёки доскага) тушириш текисликка проекциялаш деб аталади. Текисликка проекциялашда нарсанинг проекция деб аталадиган тасвири ҳосил бўлади.
Проекция лотинча суз бўлиб “олдинга ташламоқ” маъносини билдиради. Бирор буюмни текисликка проекциялаш, уни шу текисликда тасвирламоқ деганидир. Буюмнинг проекцияси туширилган текислик проекциялар текислиги деб аталади. Агар ҳамма проекцияловчи нурлар марказ деб аталадиган битта О нуқтадан чиқса ҳосил бўлган тасвир буюмнинг марказий проекцияси деб аталади.
Агар О нуқта чексизликка узоқлаштирилса, проекцияловчи нурлар ўзаро параллел бўлиб қолади. Бундай проекциялаш параллел проекциялаш деб, ҳосил бўлган тасвир эса буюмнинг параллел проекцияси деб аталади. Параллел проекциялаш усули машинасозлик чизмаларида буюмларнинг проекцияларини ҳосил қилиш учун асос қилиб олинган.
Do'stlaringiz bilan baham: |