Қолипли ҳужжатлар – олдиндан тайёрланган босма иш қоғозларига ёзилади. Бундай ҳужжатларда икки турли ахборот акс этади. Янги ўзгармас ва ўзгарувчи ахборотлар. Шунинг учун бу турдаги ҳужжатларга нисбатан кўпинча “ёзмоқ” эмас, балки “тўлдирмоқ” сўзи ишлатилади. Ҳужжатларнинг қолипли турларини кенгайтириш иш юритишни такомиллаштиришдаги истиқболли йўлларидан биридир. Чунки бундай қилиш ҳужжат матнларини бир хилликка олиб келиш ва ҳужжат тайёрлаш учун кетадиган вақт ҳамда меҳнатни анчагина тежаш имкониятини беради.
Қолипли ҳужжатларга иш ҳақи ёки яшаш жойи ҳақидаги маълумотномалар, айрим далолатномалар, хизмат сафари гувоҳномаси ва бошқа ҳужжатларни киритиш мумкин.
Хизмат ҳужжатлари тайёрланишига кўра муассаса ёки мансабдор шахсларга тегишли бўлса, шаҳсий ҳужжатлар якка шахслар томонидан ёзилиб уларнинг хизмат фаолиятларидан ташқаридаги ёки жамоат ишларини бажариш билан боғлиқ масалаларга тегишли бўлади.
Асл нусҳа ҳар қандай ҳужжатнинг асли, биринчи аслий нусҳасидир. Асл нусҳанинг айнан қайта кўчирилган шакли нусҳа деб юритилади, одатда нусҳанинг ўнг томонидаги юқоридаги бурчагига нусҳа деган белги қўйилади.
Ҳужжатчиликда шунингдек айнан ва эркин нусҳалар ҳам фарқланади. Айнан асл нусҳанинг барча ҳусусиятларини ҳужжат зарурий қисмларининг жойлашиши мавжуд шаклий белгилар матндаги босма, ёзма ҳарф шакллари ва шу кабиларни аниқ ва тўлиқ акс эттиради. Эркин нусҳа ҳужжатдаги ахборот тўлалигича ифодалансада, бу нусҳа ташқи ҳусусиятлари жиҳатидан бевосита мувофиқ келмайди, яъни эркин нусҳада асл нусҳадаги муҳр ўрнига “муҳр” деб, имзо ўрнига “имзо” деб, герб ўрнига “герб” деб ёзиб қўйилади. Баъзан муайян ҳужжатга тўласига эмас, балки унинг бир қисмига эҳтиёж туғилади. Бундай ҳолларда ҳужжатдан нусҳа эмас, балки кўчирма олинади. Асл нусҳа йуқолган ҳолларда ҳужжатнинг иккинчи нусҳаси берилади, иккинчи нусҳа асл нусҳа билан бир хил хуқуқий кучга эгадир.
Ташкилий ҳужжатлар ташкилот, муассаса ва корхоналарнинг ҳуқуқий мақоми, таркибий тармоқлари ва ходимлари, бошқарув жараёнининг боришида жамоа иштирокининг қайд қилиниши, бошқа ташкилотлар билан алоқаларнинг ҳуқуқий томонлари каби масалаларини акс эттиради. Низомлар, йўриқномалар, мажлис баёнлари, шартномалар ана шундай ташкилий ҳужжатлар жумласига киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |