Тадқиқотнинг диссертация бажарилган олий таълим муассасасининг илмий тадқиқот ишлари режалари билан боғлиқлиги. Диссертацион тадқиқот Андижон давлат университетининг илмий-тадқиқот ишлари режасига мувофиқ ИЗ-2017-090813120 «Таълим тизимида баркамол шахс тарбияси» илмий лойиҳаси доирасида (2017-2021 йй) бажарилган.
Тадқиқотнинг мақсади ёшларни турли ахборот хуружларидан ҳимоя қилишнинг ижтимоий-психологик усулларини аниқлаш орқали психодиагностика ва психокоррекция тадбирлари самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
Тадқиқотнинг вазифалари:
глобаллашув, миллий маънавият, ёшларга қаратилган турли ахборот хуружлари ва ахборот тизимларини тадқиқ этишнинг методологик жиҳатларини аниқлаш;
ёшларни турли ахборот хуружларидан ҳимоя қилишнинг ижтимоий-психологик усулларини ўрганиш ва шакллантиришга оид диагностик методикаларни тизимлаштириш ҳамда тадқиқ этиш;
ёшларда ахборот маданияти, ахборот фаоллигининг мотивацион таркибини, шунингдек, ёшларнинг дунё ҳақидаги тасаввурлари ва дунёқарашнинг устун моделлари доирасида ахборот олишнинг индивидуал стратегиясини ўрганиш, эҳтиёжлар иерархияси ўртасидаги корреляция боғлиқлигини таҳлил қилиш;
очиқ ахборот тизими шароитида ёшларнинг психологик ўзини-ўзи ҳимоялаши, кишилик жамиятида ахборот-психологик хавфсизликни таъминлаш усулларини ўрганиш;
Ўзбекистон ёшлари онгида ахборот-психологик хавфсизликнинг шаклланганлик даражасини аниқлаш ва психокоррекцион тавсияларни ишлаб чиқиш.
Тадқиқотнинг объекти сифатида 15 ёшдан 19 ёшгача бўлган Андижон давлат университети академик лицейи ва Андижон шаҳридаги умумтаълим мактабларининг (670 нафар) ўқувчилари жалб этилди.
Тадқиқотнинг предметини ёшларни турли ахборот хуружларидан ҳимоялашнинг ижтимоий-психологик усуллари ва таълим жараёнида уларни психокоррекция қилиш имкониятлари ташкил этади.
Тадқиқотнинг усуллари. Тадқиқотда ёшларнинг ахборот истеъмол маданияти шаклланишига таъсир қилувчи омилларни ўрганиш бўйича Д.Г. Мухамедова, О.Ш. Мухторовлар томонидан ишлаб чиқилган «Ёшларни турли ахборот манбаларидан фойдаланиш ҳолати» сўровномаси; Н.И. Гендина, Г.А. Стародуба, Ю.В. Уленколарнинг «Юқори синф ўқувчиларининг ахборот маданияти асослари» тести; Ю.Н. Долгова, А.С. Копова, Г.Н. Малюченко, В.М. Смирновларнинг «Ахборот фаоллигининг мотивацион таркиби» сўровномаси; Г.Н. Малюченко, В.М. Смирновларнинг «Дунё индивидуал моделларининг ижтимоий-психологик таҳлили» тест-сўровномаси; В.Ф. Ряховскийнинг «Киришимлилик ва коммуникативлик» тести; И.А. Акиндинованинг «Эҳтиёжлар иерархияси модификацияси» математик-статистик методлари, фоизли ва факторли таҳлил; Стьюдентнинг t-мезони, К. Пирсоннинг корреляция коэффициентини ҳисоблаш усулларидан фойдаланилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |