3. Экологик ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик. Экологик жиноятлар учун жавобгарлик
Экологик ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик
Download 36.93 Kb.
|
9-мавзу маъруза матни! —
3. Экологик ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик
Екологик ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик энг кўп қўлланиладиган жавобгарлик туридир. Маъмурий жавобгарликка тортишга маъмурий ҳуқуқбузарлик асос бўлади. Қонун ҳужжатларида маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилган табиий муҳитга тажовуз қилувчи ғайри ҳуқуқий, айбли (қасддан ёки эҳтиётсизлик оқибатида) содир этилган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик маъмурий ҳуқуқбузарлик дейилади. Экологик ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида назарда тутилган. Маъмурий жавобгарлик чоралари ушбу ҳуқуқбузарлик учун жиноий жавобгарликка тортиш сабаблари бўлмаганида, қўлланилади. Экологик ҳуқуқбузарликлар учун қуйидаги маъмурий жазо чоралари қўлланилади: - жарима. Уни қўллашнинг асосий тамойиллари Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 25-моддасида белгиланган. Жаримани қўллаш оқибатида маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишда айбдор шахсдан давлат ҳисобига пул ундирилади. Экологик ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган жариманинг миқдори Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60, 65-96, 125, 139, 162, 174, 198, 212, 214-моддаларида белгиланган; - маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни мусодара қилиш жазоси туман (шахар) судининг маъмуриий ишлар бўйича судяси томонидан қўлланилади (Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 27-моддаси). Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ ов қилиш қоидалари қўпол равишда бузилган тақдирда ов қилиш қуроллари, ушбу Кодекснинг 94-моддасига мувофиқ эса ноёб ёки йўқ бўлиб кетиш хавфида турган ҳайвонларни йўқ қилиб юбориш ёхуд ушбу моддада кўзда тутилган бошқа ҳуқуқбузарликларни содир этган тақдирда шу ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроли бўлган ашёларни мусодара қилиш мумкин. Маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида табиий обектлар ўзлаштириб олинса (ер эгалланиб олинса, дарахт кесилса, ҳайвонлар ов қилиб ўлдирилса), улар давлатга қайтариб берилади ва бу мусодара ҳисобланмайди. Фақат ҳуқуқбузарнинг мулки бўлган ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ёки ашёси мусодара қилиниши мумкин; - махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексини 28 моддаси ва 90-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, ов қилиш қоидаларини қўпол равишда бузган ҳолларда ов қилиш ҳуқуқидан ўн беш кундан уч йил муддатгача маҳрум этилиши мумкин; - маъмурий қамоққа олиш уч суткадан ўн беш суткагача муддатга қўлланилади. Маъмурий қамоққа олиш чорасини хомиладор аёлларга, уч ёшгача боласи бўлган аёлларга, ўн тўрт ёшгача бўлган боласини якка ўзи тарбиялаётган шахсларга, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга, I ва II-гуруҳ ногиронларига нисбатан қўлланилиши мумкин эмас (Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 29-моддаси). Экологик ҳуқуқбузарлик учун маъмурий қамоққа олиш Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексини 60-моддасида назарда тутилган. Маъмурий жавобгарлик чораларини қўллашда орган ёки мансабдор шахс жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларни ва ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини инобатга олган ҳолда, сабабини, албатта, кўрсатиб туриб, маъмурий жавобгарликдан озод этиши (Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексини 20-моддаси) ёки мазкур кодекснинг махсус қисми моддаларининг жазо белгилаш қисмида назарда тутилган энг кам жазодан ҳам енгилроқ жазо чорасини қўллаши мумкин. Ерларнинг ҳуқуқий ҳолатини бузганлик учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексини 60, 65-69 моддаларида жавобгарлик белгиланган. Мазкур кодекс қуйидаги ҳуқуқбузарликларни назарда тутади: ердан ўзбошимчалик билан фойдаланиш; ер билан боғлиқ бўлган ғайриқонуний битимлар тузиш; ер участкасига бўлган ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш; ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш; ерлардан хўжасизларча фойдаланиш ёки уларни яроқсиз ҳолга келтириш; ерларни кимёвий ва радиоактив моддалар ҳамда оқова сувлар билан ифлослантириш; ер бериш тартибини бузиш; вақтинча эгаллаб турган ерларни ўз вақтида қайтариб бермаслик ёки уларни яроқли ҳолга келтирмаслик; ер тузиш лойиҳаларидан ўзбошимчалик билан четга чиқиш; давлат ер кадастри қоидаларини бузиш; ердан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларни бузиб кўрсатиш; ахборотларни беришдан бўйин товлаш ёки нотўғри ахборот бериш ва бошқалар. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексини 60, 70, 71-моддаларида ер ости бойликларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш талабларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Хусусан, ер ости бойликларидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш; ер ости бойликларига нисбатан мулк ҳуқуқини бузиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқини бошқа шахсларга бериш; фойдали қазилмалар жойлашган майдонларга ўзбошимчалик билан иморат қуриш; ер ости бойликларидан фойдаланиш талаб ва тартибларини бузиш; ер ости бойликларини муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этмаслик; геологик жиҳатдан ўрганиш ишларини олиб бориш қоидаларини бузиш ва бошқалар. Сувларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексини 60, 72-76-моддаларида белгиланган. Ушбу Кодекс қуйидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликларни белгилайди: сувдан ўзбошимчалик билан фойдаланиш; давлатнинг сувга бўлган мулк ҳуқуқини бузиш; сувдан фойдаланиш ҳуқуқини бошқа шахсларга бериш; сувларни ифлослантириш ва булғатиш; корхоналар ва бошқа обектларни сувларнинг ифлосланиши ва булғаниши ёки уларни зарарли таъсирини олдини олувчи иншоотлар ва қурилмаларсиз фойдаланишга топшириш; ер ости сувларидан фойдаланиш иншоотлари ва ускуналаридан фойдаланиш қоидаларини бузиш; сувдан фойдаланиш меъёрлари ва лимитларига риоя этмаслик; гидротехника ишларини ўзбошимчалик билан бошқариш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш; сувдан фойдаланишни дастлабки ҳисобини юритиш ва оқова сувларнинг сифатини аниқлаш қоидаларини, шунингдек сув кадастри юритиш тартибини бузиш ва бошқалар. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексини 60, 77-81 ва 84-моддаларда ўрмонларнинг ҳуқуқий ҳолатини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Мазкур масала бўйича Кодекс қуйидаги ҳуқуқбузарликларни назарда тутади: ўрмонлардан ўзбошимчалик билан фойдаланиш; ўрмонларга бўлган мулк ҳуқуқини бузиш; ўрмондан фойдаланиш ҳуқуқини бошқа шахсга бериш; кесиладиган ўрмон фондидан фойдаланиш тартибини бузиш; дарахтлар ва бошқа ўрмон ўсимликларини шикастлантириш ёки ёьқ қилиш; ўрмонларни тиклаш қоидаларига риоя этмаслик; қизил китобга киритилган ўсимликларни йиғиш; ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш ва бошқалар. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60, 90, 92, 93 ва 94-моддаларида ҳайвонот дунёсининг ҳуқуқий ҳолатини белгиловчи қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Мазкур Кодекс шу борада қуйидаги ҳуқуқбузарликларни назарда тутади: ов қилиш ёки балиқ тутиш қоидаларини, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш; ҳайвонлар яшайдиган муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш; Қизил китобга киритилган ҳайвонлар ва ўсимликлар турларини сақлашга зарар келтирадиган ҳайвонлар ёки ўсимликларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистонга олиб келиш ва бошқалар. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 85-88-моддаларида атмосфера ҳавосини муҳофаза этиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Булар: ифлослантирувчи моддаларни ва биологик организмларни ёьл қўйиладиган нормалардан ортиқ даражада атмосферага чиқариб ташлаш; атмосфера ҳавосига ёьл қўйиладиган нормативдан ортиқ даражада зарарли физикавий таъсир кўрсатиш; атмосферага рухсатсиз ифлослантирувчи моддалар ва биологик организмларни чиқариб ташлаш ёки рухсат талаб қилинадиган ҳолларда бундай рухсатсиз атмосфера ҳавосига зарарли физикавий таъсир кўрсатиш; зарарли моддаларни ёппасига чиқариб ташлашнинг олдини олиш чора-тадбирларини амалга оширмаслик; атмосферага чиқариладиган зарарли моддаларни тозалаш иншоотларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш, шунингдек, улардан фойдаланмаслик; чиқиндиларда ифлослантирувчи моддалар нормативдан ортиқ бўлганда транспорт ва бошқа ҳаракатланувчи воситаларни тайёрлаш, таъмирлаш ва фойдаланишга чиқариш ва бошқалар. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 82-моддасида алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ҳолатини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этмаганлик учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 89, 891, 91, 95, 96-моддаларида жавобгарлик кўзда тутилган. Буларга: ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ва бошқа дориларни ташиш, сақлаш ҳамда қўллаш қоидаларига риоя қилмаслик, ишлатиш тақиқланган ва ишга яроқсиз бўлиб қолган кимёвий моддаларни зарарсизлантириш бўйича қоидаларини бузиш, саноат ва ўзга чиқиндиларни ташиш, жойлаштириш, утиллаштириш, кўмиб ташлаш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузиш, табиий муҳитни тиклаш, табиий захираларни қайта ҳосил қилиш ва табиий муҳитга зарарли таъсир кўрсатиш оқибатларини бартараф этиш чораларини кўрмаслик ҳамда лойиҳаларни давлат экологик (санитария-екологик) экспертизасининг ижобий хулосасисиз рўёбга чиқариш каби ҳуқуқбузарликлар киради. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда атроф табиий муҳитни муофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган бошқа ҳуқуқбузарликлар учун ҳам жавобгарлик белгиланган. Буларга қуйидагилар киради: 174-моддада солиқ олинадиган фойдани (даромадни) ёки бошқа обектларни қасддан яшириш (камайтириб кўрсатиш) ёхуд солиқлар, йиғимлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлашдан бўйин товлаш учун жавобгарлик белгиланган. Агар шахс ер солиғини тўлашдан қасддан бўйин товласа ёхуд фойдаланаётган ер участкаси миқдорининг солиқ органларига нотўғри кўрсатса ёки атроф табиий муҳитга чиқариб ташланган чиқиндилар миқдорини камайтириб кўрсатса, мазкур модда билан жавобгарликка тортилиши. Ушбу Кодекснинг 198-моддасида ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаганлик ёки хизмат вазифасини бажаришига тўсқинлик қилиш учун жавобгарлик белгиланган. Атроф табиий муҳитни муҳофаза этиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш устидан давлат назорати ва бошқа ваколатли давлат органларининг қонуний талабларини, шу жумладан ҳуқуқбузарлик оқибатларини бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларини бажармаслик ёки уларни текширишга тўсқинлик қилиш мазкур ҳуқуқбузарликларнинг турини ташкил қилади. Экологик стандартларни ёки экологик сертификатлаштириш қоидаларини бузганлик учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 212, 214-моддаларида жавобгарлик белгиланган. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг учинчи бўлимида маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган органлар (мансабдор шахслар) кўрсатилган. Туман (шаҳар) судининг маъмурий ишлар бўйича судяси ушбу Кодекснинг 245-моддасига мувофиқ 60, 66, 67, 90-модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни, ҳамда ҳуқуқбузарлик фактини инкор этса, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги барча ишларни, яъни кўриб чиқиш бошқа органлар ваколатига кирадиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади. Экологик ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маъмурий ишларни махсус ваколатга эга бўлган органларнинг мансабдор шахслари - инспекторлари кўриб чиқишга ҳақлидирлар. Уларнинг ушбу иш бўйича ваколатлари Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 257-моддасида (давлат санитария органлари), 260-моддасида (Саноатда, кончиликда ва коммунал секторда ишларининг бехатар олиб борилишини назорат қилиш инспексия органлари), 261-моддасида (Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органлари), 2661-моддасида (Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси органлари), 2662-моддасида (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг “Ўзсувназорат” республика сув инспексия органлари) белгиланган. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тўртинчи ва бешинчи бўлимларида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазо тайинлаш тўғрисидаги қарорларни ижро этиш тартиби белгиланган. Download 36.93 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling