3-МАВЗУ. ТАШҚИ САВДОНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ТАРТИБГА СОЛИШ ВА
БОШҚАРИШ ЙЎЛЛАРИ
3.1. Халқаро савдода давлатнинг роли
3.2. Ташқи савдони давлат томонидан тартибга солишнинг тарифли усуллари
3.3. Тариф сиёсатининг асосий кўринишлари
3.4. Тарифли бошқарувнинг афзаллик ва камчиликлари
3.5. Ташқи савдони тартибга солишнинг нотариф усуллари
3.1. Халқаро савдода давлатнинг роли
Ҳар қандай давлатнинг ташқи савдо сиёсати ҳукуматнинг умумиқтисодий
йўналишининг муҳим таркибий қисми саналади, янада торроқ маънода эса экспорт-импорт
товар оқимлари ҳажми, товар таркиби ва жуғрофий йўналишини
тартибга солиш билан
боғлиқ бюджет-солиқ фаолияти соҳаларидан биридир.
Ташқи савдо сиёсати хўжалик ривожланишининг ички жиҳатлари билан узвий боғлиқ
бўлганлиги учун унинг бош вазифаси мамлакат ичкарисида кенгайтирилган такрор ишлаб
чиқариш ва миллий бойликни кўпайтириш учун зарур бўлган қулай ташқи иқтисодий шарт-
шароитларни шакллантириш ҳисобланади.
Эркин савдо сиёсати (ёки фритредлик — инглизча free trade) иқтисодий ҳаётнинг бир
ҳодисаси сифатида XVIII асрнинг иккинчи ярмида пайдо бўлди. Унинг назарий жиҳатдан
асосланишида А. Смитнинг машҳур асари - «Халқлар бойлиги табиати ва сабаблари» ҳал
қилувчи аҳамият касб этди.
Фритредлик назарияси бошқа бир инглиз иқтисодчиси Д. Рикардо асарларида
ривожлантирилди ва деярли ниҳоясига етказилди. Д. Рикардо Адам Смитнинг рақобат
шароитида эркин тадбиркорлик аҳамияти ва мамлакат иқтисодиётини «кўринмас қўл»
ҳукмронлигига, яъни бозорнинг ўз-ўзини бошқариш қонунлари ихтиёрига топширувчи
жамиятнинг «тунги қоровули» сифатидаги давлат роли ҳақидаги ғояларини
ривожлантирди.
Эркин савдо сиёсатининг классик намуналарини XIX
асрнинг иккинчи ярмидаги
инглиз-саксон мамлакатлари, айниқса, Буюк Британия ва унинг доминионлари (1947
йилгача Британия таркибига кирган, расмий жиҳатдан мустақил бўлган давлатлар)
иқтисодиётида кузатиш мумкин. Ҳозирги пайтга келиб фритредлик
тизимининг классик
кўриниши давлат ихтиёрида бўлган бирор-бир мамлакат қолмади. Давлатнинг нуфузли
ташкилотларини тартибга солиш борасида ролини сезиларли ошганлигини ҳисобга олсак,
бу ўз-ўзидан тушунарли, албатта. Бироқ эркин савдо сиёсатининг унсурлари кўплаб
мамлакатларнинг иқтисодий курсида ҳозир ҳам сезиларли, айниқса, ривожланган ва ҳудуди
ҳамда ресурслари жиҳатидан кичик бўлган
мамлакатларда, масалан, Сингапурда.
Иқтисодий назарияда одатда эркин савдо протекционизм сиёсатига (ингл. protection
— ҳимоя, ҳомийлик), яъни миллий иқтисодиётни ички ва ташқи бозор тамойилларининг
салбий таъсирларидан ҳимоялаш мақсадида давлат томонидан жорий этиладиган
иқтисодий ва маъмурий чора-тадбирлар тизими қарама-қарши қўйилади.
Протекционизм ўз моҳиятига кўра, илк давлатлар шаклланган пайтдан буён мавжуд.
Бу сиёсатнинг принциплари назарий жиҳатдан америкалик давлат арбоби А. Гамильтон
(XVIII асрнинг охири) ва таниқли немис иқтисодчиси Ф. Лист (XIX асрнинг ўрталари)
асарларида ишлаб чиқилган. Бироқ протекционизм амалий
чора-тадбирлар серияси
сифатида сайёрамизда сўл (СССР) ва ўнг («Учинчи рейх» - фашистлар Германияси) сиёсий
оқимларнинг тоталитар режими даврида ўз кульминациясига етган. Бу мамлакатларда
савдо соҳасига давлат монополияси хос эди.
Юқорида қайд этиб ўтилгандек, халқаро иқтисодий муносабатларнинг асосий
тамойили сифатида янада кўп сонли мамлакатларни аҳоли
турмуш фаровонлигини