Ахрарова азизахон нигмановна ўзбекистонда хотин-қизларнинг қатағон қилиниши


Тадқиқот натижаларини апробацияси


Download 127.24 Kb.
bet7/18
Sana17.06.2023
Hajmi127.24 Kb.
#1543231
TuriДиссертация
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   ...   18
Bog'liq
крилча автореферат.

Тадқиқот натижаларини апробацияси. Тадқиқот натижалари 3 та халқаро конференция, 2 та хорижий, 5 та республика илмий конференцияларида: апробациядан ўтган.
Тадқиқот натижаларини эълон қилинганлиги. Диссертация мавзуси бўйича 16 та илмий иш эълон қилинган, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссиясининг фалсафа доктори (PhD) диссертациялари асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган илмий нашрларда 4 та мақола, 5 та республика, 3 та халқаро, 2 та хориж конференцияларида тезис ҳамда 2 та импакт факторли журналда мақола нашр қилинган.
Диссертациянинг тузилиши ва ҳажми. Диссертация кириш, учта боб, хулоса ҳамда фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан иборат. Диссертациянинг тадқиқот қисми 134 бетдан иборат.

ДИССЕРТАЦИЯНИНГ АСОСИЙ МАЗМУНИ
Диссертациянинг “1920-1950 йилларда Ўзбекистон хотин-қизларининг ижтимоий-сиёсий аҳволи” деб номланган биринчи бобида совет ҳукуматининг хукмронлиги даврида Ўзбекистон хотин-қизлари масаласидаги сиёсати, унинг мустамлакачилик моҳияти ва амалга оширилган тадбирлар натижаси ёритилган.
Мустабид совет тузуми йилларида ҳокимият хотин-қизларга бўлган муносабатида ўзининг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда сиёсат олиб борди, шунинг учун ҳам мазкур масалани тазйиқ остида ҳал этишга ҳаракат қилиниши оғир оқибатларга олиб келди. Яъни, совет ҳокимияти ўз олдига “аёлларнинг бутунлай янги авлодини, уларни фақат оилани ўйлайдиган шахслар эмас, балки кўпроқ жамият ижтимоий, сиёсий ҳаётида эркаклар билан тенг асосда фаол иштирок этишни истайдиган шахслар қилиб тарбиялашни асосий вазифа қилиб қўйган эди”1.
Мустабид тузум ўзининг сиёсий ва иқтисодий мақсадига эришиш учун “шариатда белгиланган қонун-қоидалар хотин-қизларнинг оиладаги ҳуқуқсизлигини таъминлаши” ни рўкач қилиб, “кўпхотинлик ва қалин олиш бу диннинг айби”, деб кўрсатиб, диний эътиқодни инкор этиш, совет оила-никоҳ қонунчилигини тарғиб қилиш мақсадида хотин-қизлар бўлимининг махсус вакиласи - ҳуқуқни ҳимоя қилувчи “халқ маслаҳатчилари” нинг фаолиятидан кенг фойдаланди. 1923 йил декабрда ТАССР Адлия халқ ко- миссарлиги “Адвокатура таркибига туб миллат хотин-қизларини жалб қилишни кенгайтириш ҳақида” махсус қарор қабул қилди2. Хотин-қизлар бўлимининг махсус вакиласи аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи сифатида судда иштирок эта бошлади. Халқ судининг ўзига хос мақсади, вазифалари, иш шакллари ва усуллари тизими мавжуд бўлиб, ҳуқуқ бўйича маслаҳатчи аёллар тайёрлаш, ҳуқуқни тарғиб қилиш, очиқ судлар, махсус ҳуқуқ кунлари ва соатларини ташкил этиш, мажлислар ўтказиш шулар жумласига кирган. 1924 йил охирида Тошкент ва Самарқанд вилоят халқ судларида 250 нафарга яқин аёл-халқ маслаҳатчиси сифатида фаолият юритган. Шунинг учун ВКП(б) МК Ўрта Осиё бюроси Ўрта Осиё ҳуқуқшунослик курсларида таълим олиш учун маҳаллий миллат вакилларига 20% ўрин ажратиш ҳақида кўрсатма ишлаб чиқди. Унга кўра, тайёрланган ҳуқуқшунос-маслаҳатчи аёлларга уларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқдарини англатишдан ҳам кўра, кўпроқ социалистик тузум қонунларини тарғиб этишдан таълим берилган3.
Бундан мақсад, совет ҳокимиятига хотин-қизлардан иборат ўзларини тарафдорлари ва барча соҳаларда аёлларни меҳнатидан фойдаланиш, яъни арзон ишчи кучи керак эди. Бу мақсад гўёки маҳаллий хотин-қизларни “маҳкумликдан” “озодликка”, ҳар соҳада эркаклар билан “тенг ҳуқуқлилигини” таъминлаш ниқоби асосида амалга оширилди. Шу мақсадда турли қарор ҳамда кўрсатмалар қабул қилди.
Масалан, 1920 йил 28 декабрда советларнинг VIII бутун Россия съезди: Хотин-қизларни “Хўжалик қурилишига жалб қилиш ҳақида” қарор қабул қилди. 1921 йил 27 майда Туркистон Халқ Комиссариати “Бола тушгандан сўнг ишдан озод қилиш ҳақида”, Туркистон АССР Совети Марказий Ижроия Комитетининг 1921 йил 14 июлдаги 67-сонли Декрети билан хотин-қизларнинг қадр-қимматини оёқ ости қиладиган “қалин” тўлаш одати бекор қилинди, 1924 йил 3 мартда эса Туркистон ХКС “Ишчи аёлларнинг иш шароитларини яхшилаш ҳақида” қарор қабул қилди4. Советларнинг Марказий Ижроия Комитети ва Ўзбекистон Халқ комиссарлари совети 1927 йил 23 майда “Хотин – қизлар озодлиги учун курашда жабрланган ва ҳалок бўлганлар оиласини таъминлаш ҳақида” махсус қарор қабул қилдилар1.
1928 йилдаги “Никоҳ, оила ва васийлик” тўғрисидаги кодекси лойиҳасига кўра никоҳ ёши 18 ёш деб белгиланди2. Ундан олдин 1923 йил 8 сентябрда никоҳ ёши аёллар учун 16 ва эркаклар учун 18 ёш деб белгиланган эди.3
Бирданига Ўзбекистон хотин-қизларнинг очилиши маҳаллий эркакларни норозилигига сабаб бўлди. Бунинг натижасида кўпгина қотилликлар содир бўлди. Хусусан, 1928 йилда 60 та иш кўриб чиқилди, 107 киши отиб ташлашга ҳукм қилинган ва 52 киши отиб ташланган. Қотилликларнинг аксарияти Бухоро туманларида содир этилган. Самарқанд, Зарафшонда 1929 йилнинг биринчи ярмида 63 киши ҳалок бўлди4. Советлар барча қолоқликларнинг сабабини дин билан боғлашга ҳаракат қилишди. Ислом дини хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётда ва ишлаб чиқаришда қатнашишини ман этмаса-да, ислом динини тан олмаслик сиёсати олиб борилди. Бу эса, ўз навбатида маҳаллий аҳоли орасида совет ҳокимиятига қарши душманлик кайфиятини кучайтирди.
1927 йил 8 март куни Ўзбекистонда бўлган юзлаб митингларда қатнашган хотин-қизлар ўз паранжиларини ташладилар5. Лекин бу ижтимоий-сиёсий тадбирни ўтказишда ўша давр нуқтаи назардан ёндашилмаганлиги, ўша даврдаги анъаналар, урф-одатлар, ислом қадриятлари, эркак ва аёл ўртасидаги мавжуд анъаналар эътиборга олинмади6. Ўзбек хотин-қизлари тақдирида ўтказилган бу ҳаракат советларнинг тажовузкор сиёсати маҳсули бўлиб, бу том маънода фақат хотин-қизларига эмас, балки ўзбек халқининг анъаналарига, удумларига, тарихига, динига, тилига, маданиятига ва маънавий қадриятларига қилинган ҳужум эди. Миллий мустақиллик давригача “Ҳужум” ҳақида фақат ижобий фикр билдириб келинган. Лекин, ижтимоий ҳаётдаги маънавий ва руҳий инқирознинг моҳиятини чуқурроқ ўрганишга киришилган сари мустамлакачилик сиёсатининг барча кирдикорлари фош бўлиб, бу кирдикорлар барча кўргуликларнинг сабаби сифатида ўзини намоён эта бошлади. Шунинг учун ҳам бугун халқ миллий тикланиш, маънавий покланиш учун оммавий сафарбарликни давом эттираётган бир даврда қарамлик даврининг барча иллатларини таҳлил этиш мақсадга мувофиқдир.
Ўзбекистон Миллий Архивида ижтимоий келиб чиқиши туфайли ишдан олинган ўзбек аёлларини сабабсиз ишдан бўшатилгани ҳақидаги ҳужжатлар мавжуд. Жумладан, Исломова Зебихон ижтимоий келиб чиқишини атайлаб яширгани учун ишдан олинган7. Исломованинг аризасидан сўнг, СССР Прокурори ёрдамчиси В. Томский топшириғига кўра, 27 март 1936 йилда лавозимига қайта тикланди. Лекин 1936 йил 19 июлда яна ишдан бўшатилган1.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, совет ҳукуматининг жамоалаштириш сиёсати ҳам жуда қийинчилик билан амалга оширилган. Маълумотларга кўра бу тадбирга қарши бош кўтарганлар орасида аёллар ҳам бўлган.
Манбаларга кўра, Самарқанд округи Ғаллаорол районининг Янгиқўрғон, Қорақишлоқ, Мўтал, Бахмал, Галдраут, Калтасой, Губдум, Қоратош қишлоқ советлари бўйича 105 та хўжалик қулоқ хўжалиги сифатида рўйхатга олинган. Рўйхатда меҳнатга лаёқатли 170 эркак, 189 аёл, меҳнатга яроқсиз 43 эркак, 21 аёл бўлган. Бу хўжаликлар қулоққа тортилган. Уларнинг ҳаммаси қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етказиш билан, деҳқончилик билан машғул бўлишган2.
Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейида қулоқлаштириш бўйича сургун бўлган аёллар ҳақидаги маълумотларни кўриш мумкин. Украинага сургун қилинган аёллардан бири Хосият Сулаймонова фарзандлари билан 1930 йилда оиласи билан сургун қилинган. Турмуш ўртоғи Мавлон Сулаймонов 1938 йил 10 июнда қайта қатағон қилиниб, отиб ташланган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин ўғиллари Султонмурод ва Мирзамурод билан Ўзбекистонга қайтиб келган. Шимолий Кавказга сургун қилинган аёллар: Саловат Асадова-Самарқанд вилояти, Танишка қишлоғидан, Хосиятхон Ёрмуҳаммедова Самарқанд вилояти, Каттақўрғон туманидан 1931 йили оила аъзолари билан сургун қилиниб, 1946 йилда Ўзбекистонга қайтиб келган.Тожи Шукуровнинг қизлари Қўйсун (1920-1983) ва Хосиятлар отаси (1924) Тожи Шукуров билан 1929 йил қулоққа тортилиб, 10 йилга сургун қилинган. Муаллима ва Муҳаббат Худойбердиевалар 1931 йилда Николо-Александровск қишлоғига сургун қилинган. 1946 йили Ўзбекистонга қайтиб келган3.
Шу билан меҳнат посёлкалари ҳам ташкил этилиб, у ерларда меҳнат қилиш учун аёллар ҳам мажбуран жалб қилинган. Ўрта Осиёдаги меҳнат посёлкаларига сургун қилинганлар ҳам кўпчиликни ташкил этган. Жумладан, Ўғилжон Дониёрова 1930 йили Бухоро вилояти, Ромитон тумани, Арабхона қишлоғида туғилган. 1932 йил май ойида отаси Қурбонов Дониёр ва оила аъзолари билан “Савай” совхозига сургун қилинган. 1952 йил 17 июлда озод этилган. Адолат Шукурова 1887 йил Бухоро вилояти, Ромитан туманида туғилган. 1932 йил ўғли Алим Шукуров билан бирга Андижон вилояти “Савай” совхозига сургун қилинган. 1952 йилда озод қилинган. Азаматхон Содиқова 1932 йили Жиззах вилояти, Фориш туманидаги “Савай” меҳнат посёлкасига оиласи билан сургун қилинган. Ойша Холиқова (1901) 1932 йили Самарқанд вилояти, Пастдорғом туманидаги “Савай” совхозига сургун қилинган. 1952 йил март ойида озод қилинган. Азиза Луқмонова (1899 йилда туғилган) 1932 йили Самарқанд вилояти, Пойариқ туманидан “Савай” совхозининг 9-бўлимига сургун қилинган. 1952 йил март ойида озод этилган. Мукаррам Кўчимова (1899 йилда туғилган) 1932 Самарқанд вилояти, Каттақўрғон туманидаги Избоскандаги меҳнат посёлкасига ўғли билан сургун қилинган.1952 йил июлида меҳнат сургунидан озод этилган. Ҳаитхон Шахобиддин қизи 1932 йил Янгийўл меҳнат посёлкасига отаси Шаҳобиддин Охунжонов билан бирга Жалолободдан сургун қилинган. 1948 йил Жалолободга қайтиб келган1.
Уруш йилларида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг халқ хўжалигидаги ролининг ўсиши давр талабига айланганлиги муносабати билан хотин-қизлар бўлимлари 1943 йил май ойида ВКП (б) МҚ ниниг қарори билан қисқа муддатга қайта ташкил этилиб, улар фаолиятида ишнинг йўналиш, шакл ва усуллари анча ривожлантирилиб, мураккаблаштириб борилди2. Маълумки, Ўзбекистонда 4555 нафар хотин-қизлар уруш йилларида фронтда эркаклар билан бир сафда туриб, ўз матонат ва жасоратининг мисли кўрилмаган намуналарини намойиш этдилар3.
Хотин-қизлар бўлимлари ташаббуси билан колхозларда аёлларнинг уруш шароитидаги вазифаларига бағишланган хотин-қизлар кенгашлари, туманларда эса, конференциялар ўтказилган. Жумладан, 1943 йил июль-август ойларида Фарғона вилоятининг шаҳар ва районларида хотин-қизларнинг уруш кунларида жамият ҳаётидаги ролига бағишланган слёти бўлиб ўтган. Шу йили октябрь ойида Фарғонада хотин-қизлар бўлими ходимларининг вилоятлараро йиғилиши бўлган. Вилоят бўйича 1943 йилнинг август-сентябрь ойларида бўлиб ўтган кенгаш ва конференцияларда жами 20538 нафар хотин-қизлар иштирок этган4. Уларда уруш шароитида хотин-қизлар бўлимлари олдида турган долзарб вазифалар, асосан аёлларни ишлаб чиқаришга жалб этиш масалалари муҳокама этилган.
Совет мустамлакачилиги сиёсати моҳиятида Ўзбекистон иқтисодиётини тубдан қайта қуриш ва уни аҳоли эҳтиёжлари учун маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қайта йўналтириш учун энг аввало саноат ишлаб чиқаришини ривожлантириш, бунда асосан республиканинг давлатнинг асосий пахта базаси сифатидаги анъанавий ўрнини сақлаб қолишдан иборат ғаразли мақсад яширинган эди. Унга кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти тугалланмаган технологияга асосланганлиги учун иқтисодиётни фақат бир томонлама ривожлантириб, республикадаги бой хомашё ресурсларидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқармасдан хомашё етказиб берувчи ёрдамчи вазифани бажариши лозим эди. Бундай шароитда аҳолининг бандлиги муаммосини амалда ҳал қилиш, иш билан таъминлаш, улар учун муносиб турмуш тарзи ва меҳнат шароитларини яратиб бериш мумкин эмасди1.
Маълумки, урушдан кейинги халқ хўжалигини тиклаш ва ри- вожлантириш йилларидаги энг оғир юмушлар ҳам асосан, аёллар зиммасида бўлди. Урушдан кейинги дастлабки 1945-1949 йилларда республикада хотин-қиз- лардан саноат корхоналарида ўзбек ишчи аёллар сони биргина Андижондаги Володарский номли фабрикада 3,5 баравар, “Строймашина” заводида 3 бараварга кўпайди. Самарқанд вилоятида саноат тармоқларида маҳаллий миллат вакилларининг салмоғи 1940 йил 7,1 %дан 1948 йилда 19,7 %гача ўсган, жумладан, саноат ишлаб чиқаришда банд аёллар сони 21,2 %дан 40,6 % гача ўсган. 1947 йилда ишлаётган 3792 раҳбардан 253 таси (6,7%) аёллар эди. Умуман, бешинчи беш йиллик давомида 18 мингга яқин янги ишчи-аёл кадрлар тайёрланди2.
Меҳнатда фидойилик, мардлик, шижоат ва жасорат намуналарини кўрсатган 13 нафар аёллардан Тошкент вилояти Ўрта-Чирчиқ туманидаги колхоз звено бошлиғи Замира Муталова, Қашқадарё вилоятидан Мамахалил Милиейева, Зайнаб Хушимовалар 1 гектар ердан 91-92 центнердан, Меҳриниса Тўйчиева ва бошқалар 1 гектар ердан 90,3 цетнердан пахта ҳосили етиштирганлиги, Тошкент вилояти Тошкент туманидаги колхозда звено бошлиғи Мехринисо Убайдуллаева 1 гектар ердан 810 цетнердан қанд лавлагисини етиштириб юқори ҳосил олганлиги учун социалистик меҳнат қаҳрамони унвонига сазовор бўлганлар3.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, аёлларнинг “озодлиги” нинг ижобий томонидан кўра, салбий томонлари кўп эканлигини юқоридаги маълумотлардан ҳам кўриш мумкин. Мустабид тузум аёлларни паранжисини ечтириб, уларни ўқитди ва иш билан таъминлади. Лекин шу билан бирга уларни қурбон бўлишига, хўрланишига сабабчи бўлди.
Диссертация ишининг “Ўзбекистон хотин-қизларининг қатағон этилиши: муҳит, жараён, оқибат” деб номланган иккинчи бобида 1937-1938-йилларда қатағонга учраган уй бекалари ва зиёли бўлган аёллар ҳақида сўз юритилади.
Совет давлати 1937-1938 йилларда авж олган “Катта қирғин” даврида минглаб бегуноҳ кишиларни – давлат ва жамоат, фан ва маданият арбобларини, саноат, қишлоқ хўжалиги ва транспорт раҳбарларини қамоққа олди. Айни пайтда уларнинг кўпчилиги уй бекаси бўлган хотинларини ҳам ҳеч қандай далил-исботсиз қамоққа олганлар. Совет давлатининг қатағон қилувчи органларидаги ходимлари бу аёллардан эрларига қарши маълумотлар беришга, ҳаттоки туҳмат қилишга мажбур этдилар, уларни қийнадилар, зўрладилар.
Уй бекалари бўлган аёллар 1937 йил 15 августдаги СССР НКВДнинг 00486-сонли “Ватан хоинларининг аёллари ва фарзандларини қатағон қилиш тадбири тўғрисида” ги буйруғига асосан амалга оширилди1. Демакки, қатағонлар аёл ва ёш болаларни ҳам четлаб ўтмади. Ушбу қарорга асосан 1938-1939 йилларда собиқ СССРдан 18000 га яқин аёллар “ватан хоинини оила аъзоси сифатида лагерларга жўнатилди2. Уларнинг аянчли тақдири эса жамиятда оғир оқибатларга олиб келди.
Таъкидлаш лозимки, жазо органлари томонидан ишлаб чиқилган мазкур дастурда инсоний ҳуқуқлар умуман эътиборга олинмади. Аввало, 00486-сонли буйруқда нималар акс этганлигига эътибор қаратиш лозим. Жумладан, унда қуйидаги бандлар мавжуд эди: ҳибсга олинган шахсга тегишли бўлган барча мол-мулк мусодара қилинади; судланганларнинг хотинлари ижтимоий хавфлилик даражасига қараб, 5-8 йилдан кам бўлмаган муддатга лагерларга озодликдан маҳрум қилинади. Маҳкумларнинг ижтимоий хавфли болалари, уларнинг ёшига, хавфлилик даражасига ва тузатиш имкониятларига қараб НКВД лагерларида ёки ахлоқ тузатиш колонияларида қамоққа олиниши ёки Халқ Таълими Комиссарлигининг махсус режимдаги болалар уйларига жойлаштирилиши мумкин. Албатта, совет ҳукумати ўз режимини мустаҳкамлаш жараёнида жамиятнинг нозик қатламларини шундай жазолаш усулларини ишлаб чиқишган.
Архив ҳужжатлар билан танишиш чоғида шу нарса маълум бўлдики, қамоққа олинган аёллар кўпинча биринчи марта (кўпинча ягона) сўроқга чақирилган ва ҳамма аёлларга бир хил саволлар берилган. Улар қуйидаги саволларга жавоб беришга мажбур қилинган:Турмуш ўртоғингиз билан қанча яшагансиз? Ўзингизни ва эрингизни танишлари ҳақида маълумот беринг. Уйингизга кимлар ташриф буюрган? Улар нима мақсадда йиғилганлар? Сиёсий мавзуларда суҳбат бўлганми? Совет ҳукумати сиёсати муҳокама қилинганми? Ва бошқалар.
Бу саволларга барча аёллар сиёсий мавзуда суҳбат бўлмаганини айтишган. Шундан кейин аёлларни саросимага солувчи саволларга ўтишган: Турмуш ўртоғингиз аксилинқилобий фаолияти учун қамоққа олинган. Сиз бу ҳақида нима дея оласиз? Сиз эрингизни аксилинқилобий фаолиятини билиб туриб, тегишли жойларга мурожаат қилмаганликда айбланасиз, буни тан оласизми? Саволлардан кўриниб турибдики, аёллари орқали гўёки, эрларининг “айби” исботланиб олинган. Табиийки, аёллар буни тан олишмаган. Улар бундай фаолият ҳақида ҳеч нарсани билмасликларини айтишган. Бунинг исботи сифатида архив ҳужжатлари маълумотларини таҳлил этиш мақсадга мувофиқдир.
НКВД нинг 00486 – сонли буйруғи бўйича 1938-1946 йилларда Қарағандадаги (Шимолий Қозоғистон) “А.Л.Ж.И.Р” (Акмолинский лагерь жён изменников родины) лагерида “Ватан хоинларининг оила аъзолари” дан ташкил топган 6500 аёл жазони ўтаган.
А.Л.Ж.И.Р қамоқхонасида ўзбек аёллари ҳам бўлганлар. Улар Ахмедова Тожихон, Йўлдошбоева Халима (Қозоғистонда туғилган, ўзбек), Ибрагимова Амина (Қозоғистонда туғилган, ўзбек), Шермуҳаммедова Раҳбарлардир1. Шу ўринда А.Л.Ж.И.Р махсус аёлларни лагерини ташкил топиши хусусида тўхталиш жоиздир. 1931 йилда Акмолинск шаҳри яқинида бир нечта аҳоли пунктлари ташкил этилди, улар Саратов вилоятидаги махсус кўчманчиларни-28,5 минг деҳқон оилаларни олиб келишди. 26-сонли асосий аҳоли пункти Малиновка қишлоғида жойлашган эди. 1937 йил август ойида 26-аҳоли пунктининг кўчманчилари бошқа махсус аҳоли пунктларига депортация қилинди ва 26 та аҳоли пункти ўрнида Р-17 мажбурий меҳнат лагери – СССР НКВД Карлаг бўлими ташкил этилди. Тез орада бу меҳнат лагери норасмий “А.Л.Ж.И.Р” номини олди. А.Л.Ж.И.Р маҳбусаларидан бири Галина Колдомосова ўзининг хотираларида шундай ёзган: “Бу қишлоқда бурчаклари тўртта минорали тиканли сим ортида, фақат “Ватан хоинларининг” хотинлари яшаган2.
ГУЛАГ тарихида Р-17 ИТЛ типидаги тўртта лагер маълум бўлиб, уларда 58-модда бўйича судланган аёллар сақланган, булар Қозоғистондаги А.Л.Ж.И.Р, Темляков-РСФСРнинг Нижный Новгород шаҳридан 40 км узоқликда жойлашган. Шунингдек, Джанги-Джир (фикримизча Янги ер)-Қирғизистоннинг Бишкек шаҳридан 100 км узоқликда, Темников эса Мордовия шаҳрининг Потьма посёлкасида жойлашган эди3. Архив материалларига кўра, “А.Л.Ж.И.Р” маҳбусларнинг сони биринчи йилда 6,5 минг кишига етган4.
“А.Л.Ж.И.Р” маҳбусаларидан бири Юзипенко М.Т ўз хотираларида қуйидагиларни келтириб ўтади: “Аввал боғ ташкил қилинди, кейин беш минг гектарга буғдой экишди, 250 та сигирга мўлжалланган ферма, тикувчилик фабрикаси ташкил қилинди. Фабрикада 3,5 минг маҳкумалар хизмат қилишган. Лагер ҳовлиси 18 гектарни ташкил қилган. У ерда кунгабоқар, маккажўхори, жавдар, буғдой экар эдилар”. Яна бир АЛЖИР маҳбусаси ҳозирги Остона шаҳридан бўлган И.К.Мальцева шундай хотирлайди: “Ҳовлида маҳбусалар 14-15 соат ишлашар эди, эрталаб соат 4.00 да уйғонар, жуда кеч қайтиб келар эдилар. Чарчаганларидан оёқ кўтаришга ҳам мажоллари бўлмас, дам олиш кунисиз ишлар эдилар5.” Тикув фабрикасида ишлаган маҳбусалар Ленинград, Москва, Киев савдо шахарларини буюртмаларини бажаришган. Бунинг учун уларга жудаям кўп куч ва жасорат керак эди. Оғир меҳнат ва лагер шароитидан ташқари аёлларнинг руҳий аҳволи табиийки яхши бўлмаган. “Фарзандлари, эрлари, қариндошлари ва дўстларининг тақдирининг ноаниқлиги уларни умидсизликка туширар, уларнинг баъзилари эса қочишга ҳаракат қилар эдилар”1.
Халқ душмани тамғаси билан қатағон бўлганларнинг фарзандлари махсус болалар муассасаларида сақланган. 1937 йил 15 августдан 1939 йил январигача Иттифоқ бўйича 25342 нафар бола оиласидан ажратиб олинган, улардан 22427 нафари Халқ маорифи комиссарлиги ҳудудидаги болалар уйларига ва маҳаллий боғчаларга тарқатиб юборилган, шундан 1909 нафари Москвада бўлган, 2915 нафари бошқаларга боқиш учун оилаларга қайтариб берилган. Бу болаларнинг ёши 15 гача бўлган. Ёши 15 дан юқори бўлган болалар “ижтимоий хавфли” ҳисобланиб, қамоққа олинган ва ҳукм қилинган2.
Қарағанда лагеридаги маҳбус аёллар жазо муддатини ўтаётганларида 1507 нафар фарзанд кўрганлар, бу болалар кўпинча севги асосида эмас, зўрлик асосида дунёга келганлар. Ана шундай фожеалар Ўзбекистонда яшаётган аҳоли катта қисмини бошига ҳам тушган эди3 Ўзбекистонда ҳам бошқа собиқ иттифоқ давлатлари қаторида НКВДнинг 00486 – сонли буйруғи бўйича қатағонга учраган эркаклар қаторида уларнинг кўпчилиги уй бекаси бўлган аёллари ҳам қатағон гирдобига тортилди.Улар орасида зиёли, жамоат арбоблари оила вакиллари ва рафиқалари ҳам бўлган.
Хусусан, Саидова Фозила–Саидов Зиёнинг хотини бўлган. Саидов Зиё – 1901 йилда туғилган, ёзувчи – драматург, Ҳамза номидаги Давлат Академик театрининг директори вазифасида ишлаган. 1937 йил 6 августда қамоққа олинган. Аёли Саидова Фозила эса 29 ёшда, ўзбек, ҳунарманднинг қизи, мактабгача таълим муассасида ишлаган. Уларнинг икки қизи бўлиб,1.Роза Саидова – 10 ёш, 3-синф ўқувчиси. 2.Клара Саидова-8 ёш 1-синф ўқувчиси эди. Ички ишлар халқ комиссарлигининг 1937 йил 15 августдаги №00486 сонли буйруғига асосан, Саидова Фозилани қамоққа олиш, Роза ва Кларани эса давлат таълим муассасасига юбориш ҳақида буйруқ берилган4. Саидов Зиёни шахсий ҳужжатида унинг “айби”-Берегин Қурбон, Сулаймонов Абдулхамид, Худайбахтов Анқабойларининг кўрсатмасига асосан миллий аксилинқилобий ташкилотининг аъзоси бўлганлиги кўрсатилади. Маълумотларга кўра, оила бошлиғи Саидов Зиё (айбланувчи) 1938 йил 5 октябрда отувга хукм қилинган. Ҳукм 5 ноябрда амалга оширилган5.
1937 йил 3 ноябрдаги айблов хулосасига кўра, ДХБ кичик лейтенанти Маврин №6924 дело, яъни “халқ душмани” ни яширганликда ва шерикликда айбланаётган Саидова Фозилани ишини кўриб чиқди ва қуйидаги хулосага келди:
Саидова Фозила 1923 йилдан Саидов Зиё билан бирга яшаб келмоқда. Саидов Зиё халқ душмани миллий аксилинқилобий ҳаракат аъзоси, аксилинқилобий ҳаракатлар ташкилотчиси. У билан биргаликда яшаган даврида Саидова Фозила унинг аксилинқилобий фаолиятида шерик бўлган ва давлат органларидан айбини яширган. Шулардан келиб чиқиб, айбланувчи Саидова Фозила НКВДнинг махсус мажлисида кўриб чиқиш учун юборилсин. Бу пайтда Саидова Фозила Тоштурмада сақланар эди.
1939 йил 4 февралда НКВД нинг Жиноят бўлими ходими Гуреев қарори бўйича, Саидова Фозилани айби исботланмаганлиги сабабли озод этилади. Яна Мақсуда Исҳоқова, Зуҳра Турсунхўжаева, Тожихон Аҳмедова, Карима Солиҳова, Хасанова Роҳилалар юқоридаги тадбир бўйича ҳибсга олинган.
Совет давлати олиб борган сиёсати давомида ўз сиёсий режимини мустаҳкамлаш, илғор зиёли қатламни йўқ қилиш ҳамда иттифоқ халқларини қўрқувда ушлаб туриш мақсадида турли жазолаш усулларини ўйлаб топишган. Албатта, бу бир неча босқичларда давом эттирилиб, кўплаб зиёли ва тараққийпарварлар йўқ қилинган. Мазкур жараён 1937-1938 йиллар авжига чиққанлигини таъкидлаш лозим. Чунки бу даврга келиб, совет бошқарув аппарати анча мустаҳкамланиб олганлигини кўриш мумкин.Тадқиқотнинг олдинги қисмларида таҳлил этилганидек, қатағонлик шамоли фақатгина уй бекаларини эмас, балки зиёли бўлган аёлларни ҳам ўз домига тортди. Зиёли аёллар беайб терговга тортилиб, жазоланган ҳолатлари ҳам кўп учрайди. Мустақиллик йилларида архив ҳужжатлари тўпламидаги “махфий” ишларни таҳлил этишга йўл очилиши билан қатағон қилинган зиёлилар қатламини ўрганишга имконият яратди.
Уларга аксилшўровий миллатчилик фаолияти, аксилинқилобий миллатчилар билан яқин муносабатда бўлиш ва аксилинқилобий шеърлар битиб, уларни яширин йўллар билан тарқатиш айғоқчилик, хорижий жосусларга маълумотлар етказиб туриш каби сохта айбловлар қўйилиб, қамоқка олинган. Кейинчалик уларнинг аксарияти ушбу сохта айбловлар билан давлат ишларидан четлаштирилиб, турли жазо чоралари кўрилган.
Зиёли аёллар беайб терговга тортилиб, жазоланган ҳолатлари ҳам кўп учрайди. Мустақиллик йилларида архив ҳужжатлари тўпламидаги “махфий” ишларни таҳлил этишга йўл очилиши билан қатағон қилинган зиёлилар қатламини ўрганишга имконият яратди. Қамоққа олинган зиёли аёллар қуйидагилардир: Матлуба Муҳаммедова, Сожида Носирова, Раҳима Исломова, Собира Холдорова, Саодат Шамсиева ва бошқалардир.
“Саодат” журналининг илк ташкилотчилари ва муҳаррирларидан ҳисобланган Шамсиева Саодат қатағонга учраган журналист аёллардан бири бўлган. Саодат Полвоновна Шамсиева 1908 йилда Тўрткўл шаҳрида, новвой Полвон Аллақулов оиласида туғилган. Отаси Палвон Аллақулов саводли бўлмаса ҳам, саводли одамларни жуда ҳурмат қилган ва шу сабабдан ҳам фарзандларини (қизларини ҳам) татар мактабига берган. Саодат ўсган уй руслар турар – жойлари ўртасида эди, шу сабабдан унинг бошқа миллат вакиллари қуршовида яшаган1. Саодат вояга етганидан сўнг, тақдир тақозоси билан қўқонлик Зокиржон Шамсиев билан турмуш қуриб, матбуотчилар оиласига келин бўлади. Умр йўлдоши Зокиржон инқилобга қадар полиграфия мактабини тугатган эди. Шунинг учун 1924 йилда уни Тошкентнинг Эски Жўва маҳалласида қурилган биринчи босмахонага директор этиб тайинлашди. Шу боис унинг уйига Боту, Чўлпон, Машриқ Юнусов (Элбек), Ғайратий, Зиё Саид, Юнус Ғози каби қаламкашлар йиғилишиб турганлар2.
Ўқишни тугатганидан сўнг Саодат Наркомпросснинг топшириғи билан Хива хотин-қизлар билим юртига директор этиб жўнатилган. 1928 йилда эса Самарқанд педагогика институтининг ташкилотчи факультети (органфак)да ўқийди3. Бу орада уни Самарқанд эски шаҳар комсомол комитетининг секретари қилиб сайлашади. 1930 йилда Саодат Шамсиева Москвада СССР Марказий Ижроия комитети (ЦИК) қошида ташкил этилган “Правда” номидаги Бутуниттифоқ журналистика институти (ВКИЖ)га ўқишга кирган.
1933 йилда ўқишни тугатгандан сўнг, институт битирувчиларининг ҳаммасини Марказий Комитетнинг сиёсий бўлими ихтиёрига жўнатишди. У ерда Саодатга Андижон область Андижон район МТСи қошидаги “Мўл ҳосил учун” газетаси редакторлигига йўлланма беришди.
1936 йилнинг баҳорида Саодатни Тошкентда ишлашига рухсат берилиши муносабати билан “Қизил Ўзбекистон” газетасининг маданият бўлимида ишлай бошлади. Ўзекистон Компартиясининг биринчи секретари Акмал Икромов уни Марказий Комитетнинг босмахона ишлари бўлимига ишга таклиф қилди. Ўшанда “Саодат” журнали “Янги йўл” номи билан нашр этилган. Саодат бир вақтнинг ўзида ҳам бўлимда ишлаб, ҳам журналга муҳаррирлик қилган. Саодат Шамсиева ўз фаолияти давомида Файзулла Хўжаев ва Акмал Икрамовлар билан бир неча бор кўришиб, гаплашган эди4.
Ўзбекистон КП (б) Марказий Комитетининг 1937 йил охирги Пленумида ёшлар масаласи кўриб чиқилди. Кўплар қатори уни ҳам айғоқчиликда айблашиб, акаси Мадамин чет эл айғоқчиси бўлиб, Саодат унга маълумотлар етказиб туради”, каби сохта айбловлар қўйилади. Шундан кейин Саодат дўстларининг тавсияси билан яширинча кун кечиришга мажбур бўлади. Саодат соғлиги бир оз яхшилангач “Ташкентпром”да шиша идишларга сиёҳ қуювчи, нон заводида юк ташувчи бўлиб ишлайди. У топган даромади билан икки боласи, синглиси ва ўзини тўйдиролмасди. Шунинг учун узоқ вақт иш қидиришга мажбур бўлади. ЎзТАГ га иш сўраб боради, у ерда унга бир хат бериб мақола тайёрлаб келишини айтишади. Мақола маъқул келиб, унга раҳматнома эълон қилиниб, ишга олишади. Яна Ўзбекистон радиосида, Паркент район газетасида, Ангрен кўмир кони газеталарида ҳам ишлайди.
Саодатга бир жойда узоқ ишлашига амнистия чиққан бўлса-да, ҳалигача ўзини оқлаб олмагани ҳалақит берарди. Шунинг учун ҳам 1955 йилда у Москвага боради. Репрессия қилинганлар рўйхатини кўришса, ҳақиқатдан ҳам унинг фамилияси бор экан. Ўшанда кўзойнакли секретарь унга узоқ тикилиб қолган эди. “Ҳа, нима бўлди?” деса: “Сиз партиядан ўчирилиб, ишдан олинган, 1937 йилда отишга ҳукм қилинган экансиз. Қандай тирик қолдингиз?”1- деган. 1956 йилга келиб кўплар қатори С.Шамсиева ҳам тўлиқ оқланди ва шу йили Ўзбекистон ҳотин-қизлари журнали “Саодат” таҳририятида мухаррир ўринбосари лавозимида ишлай бошлайди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, қатағонлик эркаклар қаторида уларнинг оддий уй бекаси бўлган аёлларни ҳам четлаб ўтмаган. Кўпчилиги айби исботланмаганлиги туфайли озод этилган. Лекин қамоқхонадаги оғир шароит, очарчилик, оғир меҳнат уларнинг соғлиғини йўқотишга, қилинган зўравонликлар руҳий ва маънан азоб чекишига олиб келган. 1937-1938 йилларда зиёли аёлларни жазолаш ва йўқ қилиш борасида тизимли режалар ишлаб чиқилди ва амалиётда қўлланилган. Уларга аксилшўровий миллатчилик фаолияти, аксилинқилобий миллатчилик фаолияти, каби сохта айбловлар қўйилиб, қамоққа олинган.
Тадқиқотнинг учинчи боби “Хорижда таҳсил олган ўзбек хотин-қизларининг ижтимоий – сиёсий аҳволи ва уларнинг саводхонлик даражаси” деб номланиб, унда маҳаллий хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий аҳволи ва уларнинг саводхонлик даражаси, Германияда ўқигани учун қатағонга учраган аёллар ҳақида ёритилган.
Совет тузуми даврида олиб борилган кадрлар сиёсати совет давлатининг фақат мақсадлари билан боғланган бўлганлиги учун, собиқ Иттифоқ даврида республика халқ хўжалигининг етакчи тармоқларида меҳнат қилган маҳаллий аҳолининг кўрсаткичи жуда паст бўлиб келди. Бу эса, мустабид совет тузумининг миллий республикалар маҳаллий хусусиятларини, ўзбек халқининг миллий манфаатларини инкор этувчи шовинистик сиёсатининг натижаси эди.
Ўзбекистонда олиб борилган ташкилий ишлар натижасида халқ маорифи соҳасида жиддий ўзгаришлар рўй бера бошлади. Булар асосан мактаблар сонининг ошишига олиб келди. 1920 йилинг ўрталарига келиб, Туркистон АССР да 18800 ўқувчини бирлаштирган 31 та мактаб-коммуна, 130 та интернат ва яна кўплаб I ва II босқич умумтаълим мактаблари фаолият кўрсатди. 1919-1920 ўқув йилида 801 та I босқич, 4 та II босқич мактаблари очилди2.(I босқич мактаблари дастлабки уч синфни ўз ичига оларди ва II босқич мактаблари қолган тўрт синфдан иборат бўлган. Ўрта мактаб ҳам мавжуд бўлиб, кейинги уч синфни ўз ичига оларди. Бироқ бундай мактаблар жуда оз бўлиб, 1-босқич билим юртлари, яъни энг оддий таълим берадиган мактаблар кўплаб ташкил этилган эди.)
Хотин-қизлар таълимини жорий этишдаги қийинчиликлар кўп жиҳатдан мазкур масалани ҳал этиш жараёнида миллийлик ва рус тили сиёсатидаги номутаносиблик туфайли ҳам юзага келди. Айниқса, мактаблар, клублардаги саводсизликни тугатиш, курс, нуқталаридаги ўқитувчилар таркибидаги рус забон кишиларнинг кўплиги ҳам бунга таъсир қилди. Ўзбек аёлларининг бундай масканларга кам ташриф буюришлари услубий қўлланмаларнинг маҳаллий тилда камлиги, деворий газеталарнинг асосан рус тилида чоп этилиши билан боғлиқ эди1. Шунинг учун ҳам, 1928 йилдаги маълумотга кўра Ўзбекистон бўйича 11471 қиз мактабларга тортилди ва бу 5 фоизни ташкил этарди, холос. 1928/1929 йилда 1-босқич мактаблари 1928 та бўлиб, 105722 нафар, шундан 19819 нафари қизлар; 1929/1930 йилларда 2265 мактаб, 152205 ўқувчи, шундан 38271 нафари қизларни ташкил қилган2. Бироқ кам бўлса-да уларнинг ўз хоҳишлари билан мактабларга келиши ўша вақт учун катта ютуқ бўлганлигини таъкидлаш лозим.
II жаҳон уруши йилларининг мураккаб шароитида кўплаб ўқитувчиларнинг фронтга жўнаб кетиши янги педагогик кадрларни тайёрлашни талаб этар эди. Бу соҳада ҳам катта таянч хотин-қизлар бўлди. Ўзбекистон халқ комиссарлари кенгашининг 1941 йилдаги 9 ноябрь қарорига кўра 1941—1942 ўқув йили давомида кўпгина ҳарбий хизматга кетган ўқитувчилар ўрнини тўлдириш мақсадида қисқа муддатли курсларни кўпайтириш ва IX— Х-синфни тугатаётган ўзбек қизларини ўқитиб тайёрлаш муҳим вазифалар қаторидан ўрин олди. 1942—1943 ўқув йилида биргина Хоразм вилоятида ана шундай синфларни 255 нафар педагог битирди ва вилоятдаги мактабларга юборилди.
Шундай қилиб, ўрганилаётган йилларда хотин-қизларни олий ва ўрта махсус таълимга жалб этиш, улардан раҳбар ва мутахассис ходимлар тайёрлашда айрим ижобий ўзгаришлар рўй берди. Билим юртларида хотин-қизлар сони ортиб борди, ишлаб чиқаришга уларнинг кенг тортилиши эса аёллар ижтимоий фаоллигини оширишда аҳамият касб этди.
XX асрнинг 20-йилларида Ватан тарихида янги маданий жараён бошлангани билан эсда қолган. Албатта, мазкур жараённинг тақдири аянчли бўлса-да, бу ҳолат изсиз кетмади. Дарҳақиқат, Туркистон республикасининг Турор Рисқулов, кейинчалик Файзулла Хўжаев каби раҳбарлари, шунингдек, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Убайдулла Хўжаев, Фитрат сингари маориф ва маданият фидойилари бу “қизил” мустамлакачиликдан қутулиш йўлларини излай бошладилар. Бунинг учун улар, биринчи навбатда, ўлкани феодал-хонлик ва амирлик, шунингдек, чор мустамлакачилиги даврида чуқурлашган иқтисодий ва маданий қолоқликдан қутқазиш, тараққий этган мамлакатларнинг бу соҳалардаги тажрибаларини ўрганиш ва шу орқали ватанларини секин-аста мустақилликка олиб чиқиш режасини туздилар3.
Улар, биринчи навбатда, ўша даврда Ғарбий Европада энг тараққий этган мамлакат – Германия эришган ютуқ ва тажрибаларни ўрганишни зарур, деб ҳисобладилар. Бунинг учун аввало, маҳаллий ёшларни Германияга, шунингдек, Шарқ ва Ғарбдаги бошқа илғор мамлакатларда эришилган илмий-техник ютуқ ва тажрибалар билан танишиш, шу асосда ўлкани иқтисодий ва маданий қолоқликдан қутқазиш мумкин эди. 1922/1923 ўқув йили бошланиши билан юзлаб туркистонлик иқтидорли талабалар Германиянинг Берлин, Россиянинг Москва, Петербург, Озарбайжоннинг Боку, Ганжа шаҳарларига йўл олдилар. Улар асосан Фитрат ва Файзулла Хўжаев ажратган Бухоро Халқ Республикаси сармояси, “Кўмак” ташкилоти томонидан йиғилган пуллар, айримлари ота-оналарининг ҳисобидан йўлга чиқдилар1.
Шундай қилиб,Туркистон ва Бухородан 1922 йил охирларида 70 га яқин турли ёшдаги маҳаллий ёш йигит ва қизлар Германиянинг турли шаҳарларидаги олий ва ўрта махсус ўқув юртларига қишлоқ хўжалиги, текстил саноати, кимё, электротехника, кончилик, фалсафа, педагогика, тиббиёт ва бошқа муҳим соҳалар бўйича ўқишга юборилади. Булар ичида шу даврда Сайдали Хўжаев, Саттор Жаббор, Аҳмад Шукрий, Аҳмаджон Иброҳимов, Хайриниса Мажидхонова, Марям Султонмуродова ва бошқалар бор эдилар2. Мутахассис бўлиб қайтган бу ёшлар ватанларига қайтганларидан кейин 1937 – 1938 йилларда “герман жосуси” тамғаси остида отувга ҳукм қилинган.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, маҳаллий миллат аёллари гўёки совет ҳукумати назарида “саводсиз” бўлган, улар уйда ўтириб “маҳкумликка” дучор бўлган. Аслини оладиган бўлсак, кўпчилик ўзбек аёллари юқорида таъкидлаганимиздек, араб алифбосини билганлар, маҳаллий адабиётларни ўқий олганлар. Совет ҳукумати ўз режимини мустаҳкамлаш йўлида ҳурфикрли аёлларни қатағон қилар экан, асосий айб сифатида уларни хориж давлатларини жосуслари бўлганлигини рўкач қилдилар ва кўплаб хотин-қизлар терговга тортилди. Улар орасида Германияда ўқигани учун қатағонга учраган аёллар кўпчиликни ташкил қилган. Хусусан, Хайриниса Мажидхонова, Марям Султонмуродова, Бася Матқул, Гулсум ва Руқия Раҳимовалар Германияда таълим олгани учун “немис жосуси” тамғаси остида беайб қатағонга учраганлар.

ХУЛОСА
XX асрнинг 20-50 йилларда мустабид тузумнинг хотин-қизларга бўлган муносабати ўз моҳиятига кўра қарама-қарши характерга эга бўлган зиддиятли сиёсати жамиятнинг барча соҳаларида амалга ошириб келинди. Бу жараёнда мустабид тузумнинг асл мақсад ва ҳаракатлари ниқобланган бўлиб, бу қуйидаги жараёнларда ўз аксини топган:
1.Совет ҳокимияти ўзининг мавқеини мустаҳкам бўлиши учун хотин-қизлар кучидан фойдаланишга ҳаракат қилди. Бунда маъмурий-буйруқбозлик усулидан фойдаланилди. Совет ҳокимияти келгунга қадар Ўзбекистон аёлларининг турмуш тарзи шариат йўл-йўриқларига асосланган эди. Аёллар турмуш тарзини баъзи томонларига диний қарашларни сабаб қилиб, уларни “озодликка чиқариш”, “саводли қилиш” ғоялари асосида ўзларини “аёлларнинг халоскори” деб ҳисоблаб, бу жараённи шошма-шошарлик билан ўзбек халқини ўзига хос бўлган муносабатларини инобатга олинмаган ҳолда амалга оширилди ва шарқда муқаддас ҳисобланган оила муносабатларига раҳна солинди. Ундан ташқари мингдан зиёд аёллар турмуш ўртоқлари, қариндошлари томонидан ўлдирилди.
2.Аёлларни “озодликка чиқариш” ва “эркаклар билан тенг ҳуқуқли қилиш” шиори остида жуда кўплаб ўзгартиришлар киритилди, ундан ташқари қонунлар қабул қилинди. Лекин, амалда уларнинг тенгсизлиги барибир сақланиб қолди. Советлар маҳаллий миллат аёлларини ижтимоий-сиёсий ҳаётга тортиб, партия сафларига бириктириб, ўз тарафдорларини тарбиялаб, уларнинг сиёсий ва ҳуқуқий онгини шакллантирмасликка қаратилган сиёсати оқибатида маҳаллий миллат аёллари миллий ўзликни англаш ва мустақиллик учун курашишга зарур бўлган туғма эҳтиёжларини уйғонишга йўл қўйилмади. Маҳаллий миллат аёлларини иш билан таъминлаш асносида уларнинг ижтимоий келиб чиқиши сабабидан, “ишини яхши уддалай олмагани учун”, “ижтимоий келиб чиқишини атайлаб бекитган”и учун ишдан бўшатдилар. Уларнинг арз-додларига қулоқ солинмади.
3.1937-1938 йиллардаги “катта қирғин” даврида давлатнинг барча структураларида хизмат қилган давлат ва партия, фан ва маданият арбоблари, саноат, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш ходимлари ўз соҳаларининг яхши ва пухта билган, тажрибали, юқори малакали, ташаббускор, ғайратли, халол ва виждонли кишилар бўлишган. Уларнинг қатағон этилиши давлат ва партия, иқтисод, маориф ва маданият, саноат ва қишлоқ хўжалиги, транспорт ва соғлиқни сақлаш муассалари фаолиятининг тамомила издан чиқиши ёки ўта заифлашига сабаб бўлган.
4.Совет давлати ҳар бир жамиятнинг соғломлиги ундаги оиланинг мустаҳкамлигига боғлиқ эканини яхши билгани ҳолда шу йилларда фақат оила бошлиқларини қамоққа олиш, жазолаш ва отиб ташлаш билангина қаноатланиб қолмай, гўё эрларининг аксилинқилобий хатти-ҳаракатларини била туриб, шу ҳақда тегишли идораларга маълумот бермаганликда айблаб, Ватанга хоинликда айбланган кишиларнинг бегуноҳ хотинларини ҳам қамоққа олди; уларнинг инсоний ва аёллик хуқуқларини, ор-номусларини таҳқирлади, қамоқхона ва лагерларда азоб-уқубатларга дучор этиб, қолган умрларини заҳарлади.
5.Совет давлати Ватанга хоинликда, аксилинқилобчиликда, миллатчиликда ва ҳ.к.да айбланган кишиларнинг турмуш ўртоқларини қамаш билан кифояланиб қолмай, уларнинг фарзандлари ҳаётини заҳарлади. Уч ёшгача бўлган болалар оилалардан ажратиб олиниб, махсус ташкил этилган болалар яслилари ва болалар уйларига, уч ёшдан ошганлари эса бошқа республика ва шаҳарлардаги болалар уйларига зўравонлик билан юборилди. Бу болалар келажакда бир-бирларини тополмасликлари ва ота-оналарини тамомила унутиб, манқурт бўлиб ўсишлари учун уларни турли шаҳарлардаги болалар уйларига тарқатиб юборди. Совет давлати шу болаларни Ватанга хоинликда, аксилинқилобчиликда, миллатчиликда ва ҳ.к.ларда айбланган ота-оналарига нафрат руҳида тарбиялашга бутан кучини сарфлади.
6. Совет давлати шу йилларда НКВД органларига мислсиз даражада катта ҳуқуқлар берибгина қолмай, истаган киши ва аёлларнинг бирор айбсиз қамоққа олишига кенг йўл очиб берди. Уларнинг уй-жойларини, мол-мулкларини тортиб олиб, хусусийлаштирдилар ва амалда жамиятни ўз қонунлари асосида идора қила бошладилар. Бу ҳол жамиятнинг таназзул ёқасига янада яқинлаштириб қўйди.
7. Республика раҳбарларидан тортиб оддий босмахонада имло хатосини ўтказиб юборган мусаҳҳиҳгача бўлган кишиларнинг қамалиши, уларнинг аросатда қолган оила аъзоларига хайрихоҳлик, меҳр-оқибат кўрсатган қўни-қўшнилар ва қариндош-уруғлар бошига ҳам бало тошларининг ёғилиши, Ватанга хоинликда, аксилинқилобчиликда, миллатчиликда ва ҳ.к.ларда айбланган кишилар оила аъзоларининг мактаблардан, иш жойларидан ҳайдалиши, қамалмай қолган кишиларнинг эса жонларини ҳовучлаб яшаши жамиятда қўрқув ва ҳадик муҳитини юзага келтирди.
8.“Катта қирғин” даврида зиёли бўлган аёллар ҳам “аксилинқилобий” фаолиятда айбланиб, қамоққа олиндилар. Умрлари шароити оғир ҳудудлардаги лагерларда ўтди. Тазйиқлар туфайли оғир касаликка чалиндилар. Бу аёллар легерлардан 50 йиллардан сўнг қайтиб келдилар, лекин уй-жойдан, рўзғор буюмларидан, аянчлиси фарзандларидан, оиласидан мосуво бўлдилар. Манбалар билан танишиш жараёнида шунга хулоса қилиндики, Ўзбекистонда қатағон қилинган аёлларни 4 гуруҳга бўлиш мумкин: Совет ҳукуматини аёллар “озодлиги”га эришиш масаласидаги нотўғри сиёсати натижасида ҳалок бўлган аёллар; Совет ҳукуматини 00486-сонли буйруғи бўйича, беайб қатағонга учраган эркакларнинг беайб, оддий уй бекаси бўлган аёлларини ҳибсга олиниши. Зиёли бўлган аёлларни қатағонга учраши. Хорижда ўқигани учун қамоққа олиниб, олий жазога ҳукм қилинган аёллар. Юқорида баён қилинган масалалар, совет давлатининг дунёга келган дастлаби кунданоқ, ўзи эълон қилганидек халқ ҳокимиятига асосланган инсонпарвар демократик давлат эмас, балки жамият аъзоларининг инсоний ҳақ-ҳуқуқларини оёқости қилувчи, юз минглаб бегуноҳ кишиларни, шу жумладан судсиз-текширишсиз қамоққа олиб, уларни қул сифатида ишлатувчи ва хоҳлаган пайтида қириб ташловчи XX асрдаги энг мустабид давлат тизимига айланганини тўла асослайди.
Тадқиқот натижалари асосида қуйидаги таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди:
Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейидаги “Хотин –қизларнинг қатағон қилиниши” экспозициясини бойитиш;
совет давридаги сиёсат натижасида қатағонга учраган аёллар ҳақида китоб-альбомлар яратиш;
қатағонга учраган зиёли аёллар ва уларнинг тақдир йўлига бағишланган ҳужжатли фильмлар тасвирга олиш;
қатағонлик сиёсати қурбонига айланган ўзбекистонлик аёллар ҳамда ушбу жараёнларнинг жамият ижтимоий-маданий ҳаётига таъсирига бағишланган илмий-амалий анжуманлар ташкил қилиш мақсадга мувофиқдир.


Download 127.24 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   ...   18




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling