ҲАЛҚА Қисса биринчи боб


Download 0.5 Mb.
bet34/35
Sana22.02.2023
Hajmi0.5 Mb.
#1222559
1   ...   27   28   29   30   31   32   33   34   35
Bog'liq
(shayximiz kitoblari) Halqa Akrom Malik (1)

ЎТТИЗ ИККИНЧИ БОБ


...Эрталаб чодирга Муҳаммад Толҳа кириб келди.


Ҳумайро буни кутмаган эди. Муҳаммад Толҳа аёлига бу сафар кўп тушунтириш бермади.

    • Кетамиз, тайёрлан, – деди. Ҳумайро ортиқча саволга тутмай, “Хўп!” – деб тезда нарсаларини йиғиштиришга киришди. У, албатта, Муҳаммад Толҳа ва Сайфуллоҳ ўртасида бир неча соат давом этган суҳбатдан бехабар. У фақат эрига итоат этиши лозимлигини яхши билади.

Кеча оқшом Муҳаммад Толҳа қамоқдан озод қилинди. Сайфуллоҳга Муҳаммад Толҳа Ҳумайронинг эри эканлиги маълум бўлди.

    • Сиз Маядиндан экансиз, биродар, – деди Сайфуллоҳ у билан ўз қароргоҳида суҳбат бошлаб. – У ерда ҳукумат бизнинг қўлимизга ўтган паллада, нима учундир, ҳижратни маъқул кўрибсиз. Агар америкаликлар Сизни қамоққа тиқмаганларида, аёлингизни мазлума бир ҳолда қутқармаганимизда улардансиз, деб ўйлаган бўлардим. Нега жиҳод майдонини тарк этмоқдасиз?

Муҳаммад Толҳа сукут қилди. Кейин бошини кўтариб, Сайфуллоҳга тикилди.

    • Биродарим, – деди бениҳоя дардли сас билан. – Сиз жиҳод майдони деб ҳисоблаётган масканлар ҳақида зинҳор бундай ўйлай олмайман. Бу жойлар бегуноҳ мусулмонларнинг қони дарё бўлиб оқаётган бир ўлка, холос.

Бу гап Сайфуллоҳга ёқмади.

    • Тушунмадим... – деди ранги ўзгариб.

    • Бир мусулмон ўлароқ сўзларимни сўнгига қадар тингланг! – деди Муҳаммад Толҳа овозини кўтариб. Унинг товушида бир шиддат уйғонди. – Бу улкан фитнадир. Мен ҳақиқатларни Аллоҳим англатгани учун юртни тарк этмоқдаман. Сизлар Ислом давлати, деб номлаганингиз даҳшатли қирғин ўчоғидир. Сизлар Ислом давлати дея, қўйилган бир тузоққа илиндингиз. Бу тузоқ Ер юзидаги минглаб мусулмон ёшларини ўз домига тортаётир. Сиз қилаётган ишларнинг ҳеч бири шариат амрига мувофиқ эмас. Абубакр Бағдодийнинг хутбалари, мусулмонларининг туйғуларига, ҳиссиётларига қилаётган ҳужумлари бир алдовдир.

    • Сен бизнинг амиримиз ҳақида бу сўзларни айтишга қандай журъат этяпсан! – Сайфуллоҳ сапчиб ўрнидан турди ва автоматини Муҳаммад Толҳага ўқталди.

    • Ўзингни бос, биродар! Эҳтимол, сен унга байъат қилгандирсан, лекин мен эмас! Биргина сўзим учун, ҳолбуки, куфр ё ширк келтирмадим, мени – Исломда бўлган бир мусулмонни ўлдиришга шайсан! Бу иймон амрими?! – ўтирган жойида ҳайқирди Муҳаммад Толҳа. – Мен ўлимдан заррача қўрқмайман. Келишим Аллоҳдан, боришим Аллоҳга! Унинг раҳмати ва мағфиратидан зинҳор умид узмасман! Лекин сенга, сен каби биродарларимга ҳақни етказмоғим шарт! Мени тингла. Ўлдиришни истасанг, албатта, ўлдиришга вақтинг бор!

Сайфуллоҳнинг юзлари ғазабдан пир-пир учди, соқоллари титради, юзи қизариб, қўрқинчли тус олди, кўзининг оқига қон тепди. Бироқ Муҳаммад Толҳанинг шиддати уни босди. Жойига ўтирди.

    • Астағфируллоҳ, де, биродар! Астағфируллоҳ! – деди Муҳаммад Толҳа.

  • Зотан, бир мўминни отиб ўлдиришингга бир баҳя қолди. Сизлар кофирларга ҳужум қиляпмиз, деб қадим Шом юртларида ўчмайдиган олов ёқдингиз. Миллионлаб оилаларни ўз маконидан айирдингиз. Қурбон бўлаётганларнинг сони ҳам, саноғи ҳам йўқ. Харобага айланаётган шаҳарларга боқинг. Сиз Ассадни айблайсиз, Американи айблайсиз, Россияни айблайсиз, Туркияни айблайсиз, сизларда айбу нуқсон йўқми?! Сиз томонда бўлмаган ҳаммани куфр ва ширкда санайсиз. Сиз Аллоҳ Ерга нозил қилган Буюк Исломни эмас, ўз нафсингизга мақбул бўлган шахсий Исломни Ер юзига ёймоқчисиз. Амин бўлингки, агар дунёда Сизга қарши чиқадиган бирор куч бўлмаганда ҳам, нусрат ва зафар қозонмас эдингиз. Чунки ишнинг аввали фитна бўлса, кейини дини суст ва эҳтиросли ёшлардан ва илмдан бехабар жоҳиллар гуруҳидир. Сизлар Шомда, Ироқда бу қирғинларни қилиш билан мамлакат ҳимояларини бузиб чил-парчин этасиз, ҳаяжонингиз оловида, туйғуларингиз чақмоғида ўзингизни ҳам, халқингизни ҳам куйдириб ҳалок этасиз!

    • Асоссиз сўзлар! – деди Сайфуллоҳ. – Мен ўз амирларимга итоат қиламан ва уларнинг ҳаммаси содиқ инсонлар. Сафимизга келаётганлар эса ихлосли йигитлар.

    • Амирларингизга итоат қиласиз, бироқ уларни танимайсиз! Аминманки, сен бу ердан эмассан. Сен Шом тупроғида Шом сувини ичиб, унинг ҳавосидан нафас олиб улғайган эмассан. Ўзинг эргашиб келган, даъватларига жавоб берганинг одамларни ҳозир ҳам танимайсан. Сени майдонга келтирдилар, диннинг бир қисмидан дарс бердилар: туйғуларинг ёнди; машқ қилдиринг: мушакларинг кучга тўлди; аёлларга эришдинг Энди эса Ислом учун жиҳод қил, деб айтдилар. Лекин сен ўз амирларингга руҳан бегонасан. Уларнинг тепасида ким турибди, ҳатто, Абубакр Бағдодий қаердан чиқиб келгани ҳақида ҳам билмассан. Инсон шу қадар содда бўлурми? Мусулмон шу қадар гўл бўлурми?! Бир-бирига табассум билан “Биродарим!” – деб юрган бу йигитлар ҳаётда нимани кўрдилар? Ёшлари ўн саккизда. Ўттизга ҳам тўлмабдилар. Ўзларини шаҳид этмоқни, жаннат ҳурларидан баҳра олмоқни истайдилар. Ё Аллоҳ! Мусулмоннинг қонини тўкмоқ билан, мусулмоннинг ўқидан ўлмоқ билан шаҳодат қўлга кирурми?! Бугун бу шаҳарни америка қўшинидан озод қилдик, деяпсиз. Ҳолбуки, қўллаётганингиз қуроллар ўта содда, учираётган учоқларингиз беҳад эски! Уларни қачонгача қўллай билурсиз? Дунёнинг қудратли давлатлари тўлқинланиб, кўпиришингиз учун қўйиб беради. Ҳатто, сиз билмайсиз – ўзлари сизни қурол билан таъмин этадилар. Сукут билан боқадилар. Сиз эса буни нусрат фаҳм қиласиз. Ёнасиз, куясиз. Масжидларни ширк аралашди, деб бузасиз. Мусулмонларни, эътиқоди тўғри эмас, деб сўясиз. Асирларни қасос дея ёқиб юборасиз. Қул бозори тиклайсиз. Динорлар ишлаб чиқарасиз. Вазирликлар ташкил этасиз. Наздингизда, Ислом давлати шу билан барпо бўлур. Сизга бу ишларни қилишингиз учун шароит берадилар. Бутун бошли ўлка ерларини сиз учун театр саҳнаси ўлароқ тортиқ этадилар. Бу саҳнада бир рол ўйнаётганингизни билмай қон тўкиш ва вайронкорликда давом этасиз. Турли тасвирлар тайёрлайсиз, Ер юзига Исломни жорий қилиш ҳақида лоф урасиз. Қалбингизда муҳаббат, шижоат жўшади, гўё. Лекин буларнинг ҳаммаси алдамчи бўлса-чи?! Буларнинг ҳаммаси шайтон кўрсатиб турган бир ўйин бўлса-чи?! Ислом қўлни кўксига қўйиш ва биродарига бир марта ёрдам бериш билан барпо бўлмайди. Мусулмонларга Ер юзида зулмлар бўлаётгани ҳақида бонг урасиз. Жиҳоднинг йўқлигидан, жиҳод тўхтагани учун шундай бўлди, деб ҳаммага тушунтирасиз. Бу йўлда ўлиш бизнинг шарафимиз, дейсиз. Биродарим! Лекин орангизда неча кишида қандай илм бор?! Қуръон тафсирини биласизми? Ҳадис шарҳларидан хабардормисиз? Сиз Шомда ўтириб, Осиё диёрлари учун фатво топасиз. Сизлар одамларнинг қалбини ҳурматламассиз. Сизлар инсонлар нафсининг нақадар мураккаб яратилгани ҳақида ўйламассиз. Оддий гапни оддий тушунтирамиз, тушунмаса, отамиз, ўлдирамиз, Ер юзини кофирдан тозаласак, дин олий бўлади, деб айтасиз! Валлоҳи, нақадар илмсизлик!

Нақадар хомлик! Нақадар ҳикматсизлик! Аллоҳ бир лаҳзада Ер юзини мусулмонлар ихтиёрига топширмоғи мумкин, қачонки мусулмонлар тайёр бўлсалар! Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам Исломни олий қиламан дея умрларини бахшида этдилар. Ул зот саҳобаларнинг қалбларини тарбият қилдилар, уларнинг нафсларини покладилар. Илк жиҳодга қадар нақадар олис бир машаққатни босиб ўтдилар. Бир инсоннинг жонини олиш шу қадар осонми?! Бу майдонга ҳовлиқиб келган йигитларнинг нечаси йиғлайди, кетишни истайди, лекин сизлар уларга раҳм қилмайсиз. Улар йўлсиз бир ҳолга тушадилар. Қўрққанлари учун, ортларига йўл қолмагани учун қўлларига қурол оладилар. Тўғри, ҳаммаси шундай эмас. Ҳақиқатан кўксларида олов ёнганлари бисёр, лекин улар адашганларини идрок қилурми эканлар?! Мен сизларни маломат қилмайман, сизларга ҳукм бермайман, лекин сизларнинг ишларингизни қўлламайман, бу ишларни бас қилинг, деган бўлур эдим. Ўзим сизлар томонга ўтмайман ва ниятимда собит туриб, юртни тарк этаман.

    • Муҳаммад Толҳа! – деди Сайфуллоҳ бироз сукут сақлаб. – Сенинг иддаоларинг асоссиз. Сен жиҳод ҳаловатини билмайсан!

    • Валлоҳи! – деди Муҳаммад Толҳа ҳайқириб. – Осиёдан икки йигит келмиш. Бири сизларга, бири бошқа жамоага қўшилган. Сўнг икки жамоа бир-бирини такфирда айблаб, бир-бирига ўқ узди! Жиҳодий жамоа дейсиз, бироқ бирингиз Аллоҳ осмонда, деб ашъарийларга раддия берасиз, бирингиз эса яна бошқа диндошингиз нуқсонларини излайсиз, минг афсуски, унинг ҳаққига дуо қилмайсиз. Ҳатто, ўз ҳаққингизга дуо қилмайсиз!

    • Сен қаердан биласан бизнинг дуо қилмаслигимизни?! Туҳмат қилма! – деди Сайфуллоҳ томирлари бўртиб, автоматини маҳкам ушлаган кўйи.

    • Дуо қилганингизда бутун оламга шу қадар нафрат ила боққан бўлармидингиз? Ҳар бир воқеага ҳикматсизлик билан боқасиз. Эшитганингизни, ўқиганингизни моҳиятан англамайсиз, билъакс, шаклини оласиз ва жорий қилмоқ истайсиз! Бу нақадар хато! – деди Муҳаммад Толҳа.

  • Мен тўғри йўлдаман, бошқалар залолатдадир, дея таассуб қилишдан кўра катта хатар борми?!

– Тўғри йўл – битта! Аҳли Сунна вал жамоа! – деди Сайфуллоҳ. – Бошқа ҳар қандай йўл ботилдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар.

    • Соллаллоҳу алайҳи ва саллам! – деб саловат айтди Муҳаммад Толҳа ва давом этди. – МашааАллоҳ! Бу, шубҳасиз, тўғри гап. Лекин аҳли сунна вал жамоада бўлишнинг шартлари шундайми? Нафсимиз ва қалбимиз тарбияси қаерда қолди? Шариатнинг одоби ва адолати қани?!

    • Биз шариат таъқиқлаган ишларни қилмаймиз! – деди Сайфуллоҳ. – Ароқ йўқ, фаҳш йўқ, лағв йўқ, қимор йўқ! Ўғрининг қўли кесилади, фоҳиша тошбўрон қилинади. Биз шариатни шундай барпо қиламиз.

    • СубҳанаАллоҳ! – деди Муҳаммад Толҳа. – Қанийди, Аллоҳнинг дини шундай осон барпо бўлса! Бундан осон иш бўлмас эди. Гап бунда эмас,

биродар! Исломни фақат куч билан ўрнатаман, дейишдан кўра нуқсонликроқ бир фикр йўқ. Шариатга мажбур қилиш фақат шариатсизликни келтириб чиқаради. Исломга одамларни қўрқитиб киритиш билан одамларни исломдан чиқарасизлар. Сизларнинг бу шовқинингиз узоғи беш – етти йилда тўхтайди. Ортингиздан минглаб мурдалар, хароба шаҳарлар ва ададсиз қочқинлар қолади. Бутун дунё сизларга қарши оёқланади. Чунки сизлар меҳр ва муҳаббат қозонадиган бирор иш бажармадангиз, балки қаҳру ғазаб, нафрат ва қўрқув уйғотадиган чексиз амалларни қилдингиз, афсус. Сенга айтажак гапларим шу! Вассалом! Бир мусулмон сифатида сўрайманки, оилам билан бу ердан дарҳол кетишимга изн бер.
Сайфуллоҳ ўйга чўмган эди. Муҳаммад Толҳанинг сўзи тугагаса ҳам, индамади. Фақат:

    • Юсуфга айт, оиланг ёнига элтсин. Шу соатдаёқ бу ердан қорангни ўчир! – деди. Муҳаммад Толҳа ўрнидан туриб, ташқарига йўл оларкан, Сайфуллоҳ уни тўхтатди. – Эй! Ҳақсизлик қаршисида мусулмонлар сукут сақласинларми? Бошларида зулм қиличи ўйнаркан, бола-чақалари хорланар экан, ўзлари қул каби эзиларкан, қўлларига қурол олиб, душманларга ўт очмасинларми? Зулмга рози бўлиб, бош эгсинларми?

Муҳаммад Толҳа тўхтади. Ортга қайтиб, Сайфуллоҳнинг олдига келиб, унинг кўзларига тик қаради:

    • Зулм ва ҳақсизликка бир он ҳам рози бўлмасмиз! Лекин Аллоҳнинг қадарига сўзсиз розимиз! Зулм қиличига бош эгмасмиз, Аллоҳнинг қадарига бош эгажакмиз! Халифа Умар розияллоҳу анҳу ўзидан мадад сўраган лашкарбошига: “Сен душман қўшини кўплигидан қўрқма, гуноҳларинг кўплигидан қўрқ! Гуноҳлардан сақлансанг, Аллоҳ сени сақлайди ва кофирлар устидан нусрат беради!” – дея мактуб йўлламиш. Мусулмон уммати ўзини гуноҳлардан қўриқласа, гуноҳдан ўзини сақласа, илм ва амални уйғун қилса, Аллоҳ зулмни синдиради, мусулмонларни иззатлайди, уларни балолардан асрайди. Зотан, бу уммат қудратга фақат қурол билан эмас, тақво билан эришган эди. У пайтда иймону тақводан бўлак бойликлари йўқ эди, бойликлари Ер юзига сиғмаган вақтда эса уларнинг фақат шу тилло ва зарлари бор эди, холос. Бироқ бойликнинг кўплиги Ислом салтанатини сақлаб қола олмади. Аллоҳдан қўрқ, мусулмонларни сев, нафсингдан ғолиб бўл, вассалом! Ва Аллоҳнинг нусратини кўриб лол қолажаксан!

...Ҳумайро бошидан ўтказганларини ҳикоя қилиб, шу нуқтага етиб келган вақтда “Урватул вусқо” кемаси сузиб бораётган денгизда бир тўлғаниш бошланди. Бу денгизнинг остидан тепага қараб келаётган улкан тўлқин эди.


Масъуд Ҳасан ва Жозефлар даврасида эса Умар Сайфуллин афғонлар қўлига қандай асир тушганлиги ҳақида сўзлар эди. У қириб юборилган совет бўлинмаси ичида ғайритабиий бир мўъжиза сабаб омон қолганлигини айтди. Ўликларни ташлаб, боши оққан тарафга қараб юргани, ўша атрофдаги тоққа
яқинлаб, ҳушдан кетгани, ҳушига келганида уни кекса деҳқон топиб олгани ва парваришлагани тўғрисида сўзлади. Шу тариқа афғон юртида беш йил қолди у. Шу вақт унинг иймон калимасини айтиши учун етарли бўлди. Бироқ воқеаларнинг давомини батафсил эшитиш ҳеч кимга насиб этмади, чунки денгизда кўтарилаётган тўфон кемани писта пўчоғи каби силкитар эди.
Бирор ахборотда денгиз тўфони ҳақида огоҳлантириш бўлмаган эди.
Кемада ваҳима бошланди.
Масъуд Ҳасан палубага чиқди. Ғарбдан келаётган шамол сонияма сония кучга кираётган эди. Шамолнинг шиддати баробар тўлқинлар улкан деворлардек ҳавога отилади, аждаҳодек оғзини очиб, кўкка сапчийди. Тўлқинлар кемани кафтида ўйнайди. Кема ичида тик туришнинг имкони қолмади.
Чироқ ўчди. Барча алоқа воситалари ишдан чиқди.
Тўфон шиддати уйғонаётган кезда Анна Жозефнинг хонасига катта машаққатлар билан ўтиб олди. Улар суратга олишни бошлаганларидан кейин кўришмагандилар...
Кема пўртанага тушгандек эди: ғарбдан келган тўлқин унинг бўйи баробар кўтарилса, шарқдан келган бошқа долға уни ағдарилиб, чўкиб кетишдан ҳимояларди, гўё. Кема ичидагилар ўлим таҳликасини яққол ҳис этдилар. Қанот йўқ эдики, учиб кетмоқ учун! Кема денгизнинг қўлида ўйинчоққа айланди. Денгиз ёш бола каби ўйинчоғини у ёқдан бу ёққа отар эди.
Бўлмалар ичи сувга тўла бошлади.
Аксар одамлар бирор тутқични маҳкам ушлаб, калимаи шаҳодатни айтар эди, баъзилар истиғфор, баъзилар такбир ила сасланар эди.
Осмонда қуёш кўринмайди. Кема тўлқин қўлида ҳавога кўтарилиб, булутларга тегар эди, гўё. Ўн дақиқаларда бу силкиниш кема аҳлини ҳушдан айирди. Ҳеч кимда кўз очишга, ҳатто, бирор дастакни тутиш учун қувват қолмади...

    • Жозеф! – деб бақирда шовқин ичида Анна. Жозеф бўлманинг бир четида ўзини тута олмас, кўз ўнги хиралашиб, қулоқлари батанг битди. Лекин Аннанинг ҳайқириғини англади. Қўрқувдан қуруқшаган лаблар орасидан “Анна! Анна!” – деган сўз сирғалиб чиқди.

    • Жозеф! Мен мусулмон бўлдим! Гувоҳ бўл! Аллоҳдан бўлак илоҳ йўқ! Муҳаммад унинг элчиси ва бандасидир! – тўфон сурони ҳар қандай товушни ямламай ютаётган бўлса-да, Жозеф хотинининг нидосини англади.

    • Мен... – деди у бор кучини тўплаб. – Мен кема ажал комидан қутулса, шу ондаёқ иймон келтираман!

Тўфон қутургандан қутурар, кемада минг нафар инсон ҳушдан кетгани учун на қўрқув, на даҳшатни сезмасдилар. Улар учун дуёнинг муҳаббати ҳам, ажалнинг даҳшати ҳам энди аҳамиятли эмас. Улар тириклик ваҳмидан озод эдилар. Кема ичида жон сақлайдиган жонзотлар ҳам ўлик мисоли қотдилар.
Бу қанча вақт давом этгани бирор шоҳидга маълум эмас, лекин кўзини илк очган Жозеф бўлди. У ҳуши ўзига қайтгани онда ҳис қилгани суякларидаги аччиқ оғриқ, бўғзини тахир қилган денгиз сувининг таъми эди. Суръатли лаҳзаларда: “У дунёдаманми?!” – деган ўй онгини кесиб ўтди.
Кўрдики, у кема айвонида – палубада.
Ажабо! Денгиз ҳеч бир иш бўлмагандек ястаниб, беозор ётибди. Сув тонг қуёшининг олтин нурлари билан қоришиб жимирлайди. Кема эса... қумга тиқилган кўйи тек қотган. Рўпарада соҳил!.. Қандайдир орол, балки; дарахтлар билан қопланган.
“Демак, тирик қолдик! Демак, тирик қолдим! – деди ўзига ўзи Жозеф овоз чиқариб. – Аллоҳ буюкдир! Аллоҳдан бўлак илоҳ йўқ! Ва Муҳаммад Унинг элчиси ва бандасидир!”
Бу калима Жозефнинг тилидан эмас, қалбидан ситилиб чиқди. Оловдек ёнди, ловуллади. У ўлимдан омон чиқиш ҳиссиётига сиғмас эди. Туғилганидан буён у излаган Сўз шу эди унинг учун. Беихтиёр бор овози билан ҳайқирди, ҳайқириғи, ҳатто, қуёшга етиб борди, денгизнинг эти жимирлаб кетди, кемада беҳуш ётганлар кўзларини очдилар.
Жозеф сувга сакради. Шўнғиди ва соҳилга сузди. Бироздан сўнг оёқлари қумга тегди. У юра бошлади. Юраркан, бутун кучини товушига жамлаб, такрорларди, такрорлагани сайин қуввати ошиб, руҳи тетиклашар эди:

    • Лаа илаҳа илаллоҳ! Лаа илаҳа илаллоҳ! Лаа илаҳа илаллоҳ! Лаа илаҳа илаллоҳ! Муҳаммадун Расулуллоҳ!




Download 0.5 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   27   28   29   30   31   32   33   34   35




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling