Alimoff Team Ёшлар ёшлар учун!
Download 4.03 Mb. Pdf ko'rish
|
Самуель Хантингтон Цивилизациялар тўқнашуви
ОСИЁ, ХИТОЙ ВА АМЕРИКА
Цивилизациялар ўчоғи Осиё, айниқса Шарқий Осиёдаги иқтисодий ўзгаришлар ХХ аср иккинчи ярмида юз берган энг муҳим воқеалардан ҳисобланади. 1990-йилларда бу иқтисодий ўсиш кўплаб кузатувчилар орасида шундай эйфорияни келтириб чиқардики, улар Шарқий Осиё ва бутун Тинч океани ҳудудини давлатлар тинчлиги ва уйғунлигини кафолатлайдиган, узлуксиз кенгайиб борадиган тижорат тармоғидек кўра бошладилар. Бу оптимизм «ўзаро савдо алоқалари тинчликни кафолатлайди» деган ўта шубҳали фаразга асосланган эди. Аммо, ҳар сафар ҳам бундай бўлавермайди. Иқтисодий ўсиш давлатлар ва минтақалар орасидаги мавжуд кучлар мувозанатини бузиб, уларнинг ички ва ташқи ишларида сиёсий беқарорликни келтириб чиқаради. Иқтисодий алмашинувлар халқларни яқинлаштиради, аммо ҳар доим ҳам келишувга асос бўлавермайди. Тарихдан маълумки, у кўпинча халқлар орасидаги фарқларни янаям аниқроқ кўрсатади ва ўзаро қўрқувни вужудга келтиради. Савдо – нафақат фойда, балки низолар манбаи ҳамдир. Эски ҳаёт тарзи ўзгармайдиган бўлса, Осиёнинг иқтисодий ўсиш даври у ерда сиёсий соялар, бақарорлик ва низолар келиб чиқишига туртки бўлади. Осиёнинг иқтисодий ўсиши ва мамлакатларнинг ўз кучига ишончи ошиб бориши халқаро сиёсатда камида уч жиҳатдан муаммолар келтириб чиқаради. Биринчиси, иқтисодий ривожланиш Осиё мамлакатларига ўз ҳарбий салоҳиятини ошириш имконини беради, бу эса мамлакатлар ўзаро муносабатлари келажагига шубҳа уйғотиб, «совуқ уруш» даврида авжига чиққан рақобатчилик муаммоларини такроран долзарб масалага айлантиради. Иккинчидан, иқтисодий ривожланиш Осиё мамлакатлари ва Ғарб, асосан АҚШ билан бўлган можароларни янада қизғинлаштиради ва Осиё мамлакатларининг бундай курашларда устунлик қилиш қобилиятини кучайтиради. Учинчидан, Осиёнинг энг йирик давлатидаги ўсиш минтақадаги Хитой таъсирини кучайтиради ва у ўзининг шарқий Осиёдаги анъанавий ҳукмронлигига даъвогарлик қилиб, бошқа давлатларни «ғолиб» ортидан эргашишга мажбур қилиши ёки Хитой таъсирини сингдириш орқали мувозанатга келтириши мумкин. Ғарб ҳукмронлиги остида ўтган бир неча аср давомида, асосий халқаро муносабатлар йирик Ғарбий кучлар, маълум даражада илк бор XVIII асрда Россия томонидан, ХХ асрда Япония томонидан ўйналган ўйинни ташкил этган. Европа – йирик кучлар низолари ва ҳамкорлигининг асосий майдони бўлган, ҳатто «совуқ уруш» даврида ҳам энг йирик кучлар тўқнашуви чизиғи айнан Европанинг марказидан ўтган. «Совуқ уруш»дан кейинги дунёда эса, Осиё, айниқса, Шарқий Осиё воқеалар майдонига айланди. Осиё – цивилизациялар ўчоғи. Биргина Шарқий Осиёнинг ўзида олти цивилизацияга тегишли давлатлар жойлашган: япон, хитой, провослав, буддавийлик, мусулмон ва ғарбий цивилизациялар. Жанубий Осиё ҳам ҳисобга олинса, бунга ҳинд цивилизацияси ҳам қўшилади. Тўрт цивилизациянинг асосий ўйинчилари – Япония, Хитой, Россия ва АҚШ Шарқий Осиёдаги «асосий ўйинчилар» ҳисобланади. Жанубий Осиёдан Ҳиндистон ҳам қўшилади, Индонезия эса оёққа тураётган мусулмон давлати. Бундан ташқари, Шарқий Осиёда Жабуний Корея, Малайзия ва потенциал куч эга Таиланд каби таъсири ортиб бораётган ўрта даражадаги кучлар мавжуд. Натижада, кўп жиҳатдан XVIII–ХIХ асрларда Европада мавжуд бўлган, кўп қутбли вазиятга хос ва ноаниқликларга бой бўлган халқаро муносабатларнинг жуда мураккаб кўриниши юзага келади. Осиё мамлакатларининг сон жиҳатдан кўплиги, турли кучларга бойлиги ва кўп цивилизацияли табиати уни Ғарбий Европадан ажратиб туради, иқтисодий ва сиёсий хилма-хиллик эса бу тафовутга янада кўпроқ урғу беради. Ғарбий Европанинг барча мамлакатлари – бозор иқтисодиётидаги барқарор демократик давлатлар бўлиб, барчаси юқори иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига эга. Шарқий Осиёда эса 1990-йиллар ўртасида: битта барқарор демократия, бир нечта янги ва беқарор демократиялар, дунёда қолган беш коммустик диктаторликнинг тўрттаси, бир нечта ҳарбий ҳукуматлар, шахсий диктатура ҳамда бир партияли авторитар тузум мавжуд эди. Минтақанинг иқтисодий ривожланиш бўйича давлат кўрсаткичлари ҳам Япония ва Сингапурдан тортиб, Ветнам ва Шимолий Кореягача бўлган улкан фарқланишларга эга. Умуман олганда, бозор ривожланиши ва очиқ иқтисодиётга мойиллик мавжудлигини кузатиш мумкин, аммо иқтисодий тизимлар ҳали ҳамон Шимолий Кореянинг буйруқли иқтисодиётидан Гонгконгнинг чексиз савдо иқтисодиётигача барча кўринишларни ўз ичига олади. Улар орасида давлат бошқаруви секторларининг хусусий тадбиркорлик билан турли қоришмалари бор. Минтақада Хитой етакчилигининг вақти-вақти билан тартибга солиш ишларини ҳисобга олмаганда, шу пайтгача Шарқий Осиёда Ғарбий Европадаги каби (британча қилиб айтганда) халқаро ҳамжамият мавжуд бўлмаган. ХХ аср охирларида Европа мураккаб халқаро ташкилотлар орқали уюшган бирлик бўлган: Европа Иттифоқи, НАТО, Ғарбий Европа Иттифоқи, Европа Кенгаши, Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ва ҳоказо. Шарқий Осиёда эса бирорта етакчи кучга эга мамлакат қўшилмаган АСЕАНни ҳисобга олмаса, бунга ўхшаш ҳеч нарса бўлмаган ва умуман олганда хавфсизлик масалаларига кўз юмиб келган Шарқий Осиё эндигина иқтисодий интеграциянинг бошланғич кўринишларига қадам қўйган. 1990-йилларда кенгроқ миқёсли, аксарият Тинч океани мамлакатларини бирлаштирган АПЕК (Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги) ташкилоти тузилди, бироқ, бу ташкилот АСЕАНдан ҳам заифроқ, қуруқ гап «чойхона»си бўлиб чиқди. Булардан бошқа ҳеч бир аҳамиятли ташкилот Осиёнинг муҳим кучларини бирлаштирмайди. Ғарбий Европадан фарқли жиҳати яна шуки, Шарқий Осиё мамлакатлари орасида можароларга сабаблар етарлича. Кескинликнинг икки машҳур манбаси – икки Корея ва икки Хитой «совуқ уруш»дан мерос ҳисобланади. Мафкуравий тафовут ўз аҳамиятини йўқотиб бормоқда ва 1995 йилдан бери икки Хитой орасида муносабатлар анча кенгайди, икки Корея муносабатлари эса аксинча. Корейслар корейсларга қарши уруш очиш эҳтимоли бор, лекин кўп эмас. Ундан, хитойлар орасидаги бу эҳтимол кўпроқ, аммо, у ҳам то тайванликлар Хитойни буткул рад этиб, Тайван мустақил давлатини тузгунига қадар чекланиб туради. Хитойлик генералнинг ҳарбий ҳужжатлар билан тасдиқланган сўзларига кўра, «Бир оила аъзолари орасидаги урушда маълум чегара бўлиши керак». Икки Корея ва икки Хитой орасига зўравонлик соя солганча қолади, лекин уларнинг ўзаро маданий умумийлиги бу эҳтимолликни камайтириб бориши ҳам мумкин. Шарқий Осиёга «совуқ уруш»дан мерос қолган низоларни азалий рақобат ва янги иқтисодий муносабатларни ўзига жамлаган бошқа можаролар янаям тўлдириб боради. 1990-йиллар хавфсизлик таҳлилларида Шарқий Осиё доимий равишда уруш ва беқарорликлар ҳукм сурадиган «хавфли чегарадошлик», «рақобатга етарли лаёқатлилик», «бир неча совуқ урушлар», «келажакка қайтиш» ҳолатлари билан таърифланади. Ғарбий Европадан фарқли ўлароқ, 1990-йилларда Шарқий Осиёда чегаралар бўлиниши билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Улардан энг кўзга ташланарлилари – Россия ва Япониянинг Курилл ороллари устида ҳал қилинмаган масалалари ҳамда Жанубий Хитой денгизи борасида Хитойнинг Ветман, Филлипин, ва Жабуни-шарқий Осиёнинг бошқа мамлакатлар билан тортишувларидир. Бир томондан Хитой, иккинчи томондан Россия ва Ҳиндистон ўртасидаги чегаравий низолар 1990-йиллар ўрталарида анча камайди, аммо Хитойнинг Монголия ҳудудига даъвогарлик қилиши бу низоларни яна юзага чиқариши мумкин. Минданао, Шарқий Тимор, Тибет, Жанубий Таиланд ва Шарқий Мянмада асосан чет давлатлар томонидан қўллаб-қувватланадиган тартибсизликлар ва сепаратист ҳаракатлар мавжуд. Бундан ташқари, гарчи 1990-йилларда Шарқий Осиё мамлакатлари орасида тинчлик ҳукм сурган бўлса ҳам, ўтган эллик йил мобайнида Корея ва Ветнамда катта урушлар олиб борилди, Осиёнинг энг йирик мамлакати – Хитой эса америкаликлар, қолаверса, барча қўшнилари: корейс, ветнам, ҳинд, тибетва руслар билан ҳам урушди; бу рўйхатга миллатчи хитойликларни ҳам қўшиш мумкин. 1993-йилги Хитой ҳарбий таҳлилларига кўра, Хитой тинчлигига минтақавий таҳдид солувчи саккиз қайноқ нуқта аниқланган. Хитой Марказий Ҳарбий Кенгаши Шарқий Осиёдаги хавфсизлик истиқболларини «аянчли аҳволда» деган хулосага келди. Ғарбий Европада кўп асрлик рақобатдан сўнг тинчлик ҳукм сурмоқда ва уруш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмайди. Шарқий Осиёда эса вазият бошқача, ва Аарон Фридберг тахмини бўйича, Европа тарихи – Осиё келажаги бўлиши мумкин. Иқтисодий жадаллик, чегаравий низолар, янгиланган рақобат ва сиёсий беқарорлик 1980– 1990 йилларда Шарқий Осиё давлатлари ҳарбий ҳаражатларининг ошиши ва ҳарбий салоҳиятининг юксалишига кучли туртки бўлди. Улар ўз миллий бойликлари ва кўп ҳолларда, яхши таълим олган аҳолидан фойдаланиб, кўпсонли ва етарлича таъминланмаган деҳқонлар армиясини камсонли ва мукаммал тайёргарликдан ўтган, қуролли кучларнинг замонавий технологиялари билан таъминланган армия билан алмаштириш йўлига ўтишди. АҚШнинг Шарқий Осиёдаги сиёсатига борган сари кўпроқ шубҳа билан қарашлари туфайли, Шарқий Осиё мамлакатлари ўз ҳарбий қувватига суяна бошлади. Гарчи, Шарқий Осиё давлатлари Европа, АҚШ ва Собиқ Совет Иттифоқи давлатларидан кўп миқдорда қурол-яроқ ҳарид қилган бўлса ҳам, асосий эътиборни ўз давлатларида самолёт ва ракеталар, электрон қурилмаларни ишлаб чиқариш имконини берадиган технологиялар импортига қаратишди. Япония, Сино мамлакатлар – Хитой, Тайван, Сингапур – Жанубий Корея ривожланишда давом этаётган ўз замонавий ҳарбий саноатига эга. Улар асосий кучни ҳарбий режалаштириш ҳамда ҳаво ва денгиз кучларига сафарбар қилди. Бунинг негизида Шарқий Осиёнинг географик жиҳатдан денгиз бўйида жойлашгани ётади. Натижада, олдин ўзаро урушиш учун ҳарбий салоҳиятга эга бўлмаган давлатлар, энди бунга улкан имкониятларни қўлга киритмоқдалар. Бу ҳарбий тайёргарликларда шаффофлик жуда камлиги ўзаро шубҳа ва ишончсизлик келтириб чиқарди. Давлатлар орасидаги муносабатлар шубҳасиз, ўзгариб туради ва ҳар бир ҳукумат учун бир савол муқаррар ва табиий: «Ўн йилдан кейин ким менинг душманим бўлади, ва ким, агар шундайи топилса, дўстим бўлади?» Download 4.03 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling