Alimoff Team Ёшлар ёшлар учун!
Цивилизациялар ва асосий давлатлар: иттифоқларнинг пайдо бўлиши
Download 4.03 Mb. Pdf ko'rish
|
Самуель Хантингтон Цивилизациялар тўқнашуви
Цивилизациялар ва асосий давлатлар: иттифоқларнинг пайдо бўлиши
Совуқ урушдан кейинги кўп қутбли ва кўп цивилизацияли дунёда, совуқ уруш давридагидек ҳар жабҳада устунликка эришган етакчи давлат йўқ эди. Мусулмон аҳоли кўпаётгани ва Осиёнинг иқтисодий салоҳияти кучайиб бораётганига қарамасдан, Ғарб ва бошқа кучлироқ цивилизациялар ўртасидаги келишмовчиликлар глобал сиёсатда бошқаларидан кўра асосийроқ бўлиб тураверди. Мусулмон давлатлари Ғарбга нисбатан қарши бўлиб қолаверди, бу икки гуруҳлар орасида кўпинча кичик ва баъзида катта ҳажмдаги зўравонликлар бўлиб турди. Бир томонда, АҚШ, иккинчи томонда, Хитой, Япония ва бошқа Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатлар келишмовчиликларга бой бўлди, АҚШ Хитойнинг ривожланишини Осиёдаги гегемонлик кучи деб баҳоласа, улар орасида катта уруш ҳам келиб чиқиши мумкин. Ушбу ҳолатда, конфуцийчилик ва ислом олами алоқалари кенгайишда ва чуқурлашишда давом этади. Бу муносабатлар марказида эса Хитой ва мусулмон жамиятларини қуролларнинг тарқалиши, инсон ҳуқуқлари ва бошқа мавзулардаги Ғарбга қарши бўлган позициялари бирлаштиради. Бунинг асоси сифатида, 1990-йилларнинг бошларида Хитой президенти Шан Яннинг Эрон ва Покистонга ташрифи, Эрон президенти Рафсанжанининг Покистон ва Хитойга ташрифларидан сўнг, Покистон, Эрон ва Хитой ўртасида шаффофлашган, яқин муносабатларни кўришимиз мумкин. Хитойга йўл олаётганда, Рафсанжани Исломободда «Стратегик иттифоқ» хақида маълум қилди ва Покистонга бўлган ҳужум Эронга бўлган ҳужумдек баҳоланишини айтди. Ушбу иттифоқни кучайтириш учун эса Беназир Бҳутто бош вазир бўлган заҳотиёқ 1993 йил октябрда Эрон ва Хитойга ташриф буюрди. Бу уч давлат ўртасидаги иттифоқ сиёсий, ҳарбий ва бюрократик соҳаларда давомий алмашинувлар, турли фуқаролик ва ҳарбий соҳаларда, ҳаттоки мудофаа ва қуролларни Хитойдан бошқа давлатларга жўнатиш борасида ҳам биргаликда давомли ҳаракатларни назарда тутади. Ушбу муносабатларнинг ривожланиши ташқи сиёсат нуқтаи назаридан «мустақиллик» ва «мусулмонлик» ғояларини илгари сураётган Покистоннинг асосий кучлари томонидан тўлиқ қўллаб- қувватланди, улар «Теҳрон–Исломобод–Пекин» ўқининг пайдо бўлишини хоҳлашди ва кутишди, Теҳроннинг фикри бўйича эса «замонавий дунёнинг ўзгача ҳолати», Эрон, Хитой, Покистон ва Қозоғистоннинг «яқин ва давомли ҳамкорлиги»ни талаб этади. 1990-йиллар ўрталарида уч давлат ўртасидаги ҳамкорлик «де-факто» Ғарбга қарши туриш, Ҳиндистонга нисбатан хавфсизлик масалалари, Россия ва Туркиянинг Ўрта Осиё давлатларидаги таъсирини камайтириш учун иттифоқга айланди. Бу уч давлатнинг иттифоқи бошқа мусулмон ва Осиё давлатларининг бирлашиб, катта кучга айланишига асос бўлиши мумкинми? «Норасмий конфуцийчилик-мусулмончилик иттифоқи, Граҳам Фуллернинг айтишича, мавжуд бўлиши мумкин, бунинг сабаби, Муҳаммад ва Конфуцийнинг Ғарбга қарши бўлгани эмас, балки ушбу маданиятлар Ғарбнинг турли соҳалардаги мислсиз устунлигига қарши эътирозларга йўл очиб бериши ва Ғарб давлатлари бундан кўпини олиши керак эмас, деган фикр туфайлидир». Бу борадаги энг қизғин чақириқ 1994 йил март ойида Муаммар Қаддафи томонидан айтилган: «Янги дунё қоидалари христиан ва яҳудийларнинг мусулмонлар устидан назорат қилишини кўзда тутади, агар улар бунга эришса, кейинчалик конфуцийчилик ва Хитой, Япония, Ҳиндистоннинг бошқа динлари устидан ҳукмронликка ўтишади… Қаранг христианлар ва яҳудийлар нима демоқда: «Биз коммунизмни енгдик, энди эса ислом билан конфуцийчиликни йўқ қилишимиз керак». Бундан кейин конфуцийчилар лагерини бошқараётган Хитой, христианлар лагерини бошқараётган Америка ўртасидаги қарама- қаршиликни кўришга умид қиламиз. Бизда ҳеч қандай далил йўққ, лекин хочлиларга қарши ички ишонч бор. Биз конфуцийчилар томонда турамиз, улар билан биргаликда иттифоқ бўлиб, бир халқаро чизиқда курашиб, ўзаро бир бўлган душманимизни енгамиз. Шундай қилиб, биз мусулмонлар, Хитойни умумий душманимизга қарши туришда қўллаб-қувватлаймиз… Хитойга ғалаба тилаймиз…». Конфуций ва ислом давлатларининг Ғарбга қарши иттифоқ тузиш хоҳиши юқори бўлишига қарамай, бу Хитой тарафидан жавобсиз қолдирилди, 1995 йилда президент Цзян Цземин Хитой бирорта бошқа давлат билан иттифоқ тузмаслигини маълум қилди. Бу қараш Хитойнинг қадимдан мавжуд бўлган «Ўртадаги давлат» принципини кўрсатарди, яъни, Хитойга бирорта расмий иттифоқдош керак эмас, бошқа давлатларнинг Хитой билан иттифоқи фақат ўша давлатларнинг ўзига фойда келтиради, деган фикр бор эди. Хитойнинг Ғарб билан ўзаро муаммолари туфайли бошқа Ғарбга қарши давлатлар билан хамкорликни қўллаб-қувватлайди, буларнинг ичида ислом олами катта ўрин тутади. Қолаверса, Хитойнинг нефтга нисбатан ўсиб бораётган эҳтиёжи, уни Эрон, Ироқ, Саудия Арабистони, шунингдек Қозоғистон ва Озарбайжон билан алоқаларини янада кенгайтиришга мажбур ҳам қилади. Бу каби «нефт учун қурол» чизиғини, бир эксперт 1994 йилда Хитойни «Энди Лондон, Париж ва Вашингтондан буйруқлар олмайди» деб тарифлаганди. Бошқа цивилизациялар ва улардаги асосий давлатларнинг Ғарб ва унга рақобатчи цивилизацияларга нисбатан қарашлари турлича бўлади. Лотин Америкаси ва Африка каби бошқарувчи давлатларга эга бўлмаган цивилизациялар Ғарбга қарам эди, шунингдек ҳарбий ва иқтисодий жиҳатдан кучсиз эди (Лотин Америкасида ҳозир бу вазият ўзгармоқда). Лотин Америкаси маданий жиҳатдан Ғарбга яқин ҳисобланади. 1980–1990 йилларда унинг сиёсий ва иқтисодий тизими Ғарбга тобора ўхшаб кетди. Бир вақтлар ядро бомбасига эга бўлишга ҳаракат қилган икки Лотин Америкаси давлатлари бу уринишларини тўхтатишди. Барча цивилизациялар ичида энг кам ҳарбий ҳаражатларга эга Лотин Америкаси давлатлари АҚШнинг ҳарбий устунлигига норози бўлишса-да, унга нисбатан очиқ норозилигини билдирмаган. Лотин Америкасида протестантизмнинг жадал суръатда ўсиши уларни Ғарбнинг протестант-католик янги алоқаларини ҳосил қилмоқда ва маркази Римдан ўтмаган Лотин Америкаси Ғарб бўйича янги диний ипларни кенгайтирмоқда. Бунга қарама-қарши томонда эса, Мексика, Марказий Америка ва карибликларнинг Америкага ёпирилиб келиши ва американча жамиятга испанча маданиятни қўшиши ҳам маданий аралашма ҳосил бўлишига туртки бўлмоқда. Лотин Америкаси ва Америка бошчилигидаги Ғарб ўртасидаги асосий келишмовчиликлар сабаби иммиграция, наркотика, наркотикага тааллуқли терроризм ва иқтисодий интеграциядир (яъни, Меркосур ва Анд пакти каби Лотин Америкаси ташкилотларига қарши ҳаракат сифатида Лотин Америкаси давлатларининг НАФТАга қабул қилиниши). Мексиканинг НАФТАга қўшилиши туфайли юзага келган муаммолар шуни кўрсатадики, Лотин Америкаси ва Ғарб цивилизацияларининг қўшилиши жуда мураккаб бўлиб, XXI асрнинг бутун даврига тўғри келиши, ҳаттоки бу жараён якунланмай қолиши ҳам мумкин. Шунга қарамасдан, Лотин Америкаси ва Ғарб цивилизациялари орасидаги тафовут бошқа цивилизацияларнинг Ғарб билан фарқидан анча кичикдир. Ғарбнинг Африка билан муносабатларида катта муаммолар юзага келиши эҳтимоли кам, чунки Африка жуда кучсиз. Аммо баҳсли масалалар ҳам йўқ эмас. Жанубий Африка Бразилия ва Аргентина каби ядро қуролига эришиш йўлидан воз кечмади, шунчаки ўзида бор қуролни йўқ қилди. Бу қуролни оқ танлилар ҳукумати апартеиддан ташқаридаги ҳукуматларнинг ҳужумидан ҳимоя сифатида яратишганди, кейин қора танлилар ҳукуматига ташлаб кетилса, бошқа мақсадларда фойдаланишлари хавфи туфайли йўқ қилишди. Ядро қуроли яратишни тўхтатишнинг имкони йўқ, апартеиддан кейинги ҳукумат ўзини Африканинг асосий давлати ролига эга чиқиши ва Ғарбнинг Африкага қайта киришини олдини олиши учун ҳам бу қуролни яратиши эҳтимоли мавжуд. Инсон ҳуқуқлари, иммиграция, иқтисодий муаммолар ва терроризм ҳам Африка ва Ғарб муносабатларининг кун тартибида туради. Франция ўзининг собиқ мустамлакалари билан яқин алоқаларини тиклаш учун узоқ муддатли қайта ғарблаштириш дастурини олиб бораётганига қарамасдан, Ғарб кучига нисбатан қизиқиш ва таъсир камайиб бормоқда. Биринчи ўринда маҳаллий маданият қайта бўй кўрсатмоқда, Жанубий Африка эса маданиятнинг афроамерикача элементларини ўз маданиятига сингдириш ҳаракатини узоқ вақтдан буён давом эттирмоқда. Лотин Америкаси ғарблашгани сари Африка Ғарбдан узоқлашмоқда. Лотин Америкаси ва Африканинг Ғарбга нисбатан қарамлиги борлигига қарамасдан, (БМТда овоз беришдан ташқари) Ғарб ва унга рақобатчи цивилизациялар муносабатларига таъсир кўрсатиш имконига эга эмас. Шуниси аниқки, учта «тебранувчи» цивилизациялар билан ҳолат бошқачароқ. Уларнинг асосий давлатлари халқаро муносабатларда асосий ўйинчилардан ҳисобланади ва Ғарб билан унинг рақобатчиларига нисбатан икки томонлама, ўзгарувчан ва чалкаш муносабатларда бўлиш эҳтимоли кучли. Уларнинг ҳатто ўзаро муносабатларида ҳам доимий ўзгарувчанлик кузатилади. Биз исбот қилганимиздек, Япония оғриқли ва танқидий равишда ўзининг қадриятларини қайта баҳолаб, Америка томонидан Хитой томонига босқичма-босқич ўтиши мумкин. Совуқ урушдаги цивилизациялараро иттифоқлардаги каби мудофаа борасидаги муносабатлар заифлашиши мумкин, лекин ҳеч қачон узилмайди. Япония ва Россиянинг муносабатлари оғирлигича қолади, бунга 1945 йилда Россия босиб олган Курил ороллари билан боғлиқ келишмовчиликлар сабабдир. Совуқ урушнинг охирларида бу муаммо ечилиши мумкин эди, лекин рус миллатчилиги бошланиши туфайли бу ортга сурилиб кетди, шунингдек АҚШ учун ҳам олдин бўлганидек, Япониянинг келажакдаги талабларини қўллаб-қувватлашга бирорта сабаб йўқ эди. Совуқ урушнинг сўнгги ўн йиллигида, Хитой Россия ва Америка ўртасида ва уларга қарши «Хитой картасини» омадли ўйнатди. Совуқ урушдан кейинги дунёда эса, Россияда ўйнатиш учун «Рус картаси» мавжуд эди. Россия Хитой билан биргаликда Евроосиёда кучлар мувозанатини Ғарб зарарига ўзгартириши мумкин ва 1950-йилларда бўлган Сино-Совет муносабатига бўлган эҳтиёткорликни қайта туғдириш эҳтимоли мавжуд. Ғарб билан яқин ҳамкорликда бўлган Россия Конфуций-Ислом иттифоқига қарши бир иттифоқ ташкил қилиши ва совуқ уруш давридаги Хитой қўрқувларини қайта тиклаши мумкин. Россиянинг ушбу икки қўшни цивилизациялар билан ҳам ўзаро муаммолари мавжуд. Россия билан Ғарб ўртасидаги муаммолар вақтинчалик бўлиб, совуқ уруш тугашидан сўнг, Ғарб ва Россия ўртасида куч бўлинишини қайта кўриб чиқиш заруриятини талаб қилади, қолаверса икки томон ҳам таъсир кўрсатиш доираси ва тенглик қоидалари борасида келишишлари керак. Амалиётда бу қуйидагиларни англатади: 1. Россиянинг Европа иттифоқи ва НАТОнинг Марказий ва Шарқий Европа христиан давлатлари тарафига кенгайишига розилик билдириши, шунингдек, Ғарб ҳам ўзаро таъсир доирасини бошқа кенгайтирмаслик мажбуриятини олиши (Украинанинг иккига ажралишидан ташқари ҳолатларда). 2. Россия ва НАТО ўртасида уруш очмаслик, хавфсизлик масалаларидаги фикр алмашишлар, қуролланиш пойгасининг олдини олиш учун ўзаро ҳаракатлар ва совуқ урушдан кейинги келишувларга кўра, қуроллар тарқалишини биргаликда назорат қилиш масалаларида ўзаро шартнома тузишади. 3. Ғарбнинг Россияни православ давлатлари хавфсизлиги масалаларида асосий жавобгар ва бошқарувчи давлат ролида тан олиши. 4. Россия жанубдан – мусулмон жамияти томонидан пайдо бўлиши мумкин бўлган хавфни Ғарб томонининг тан олиши ва Европадаги одатий қуролланиш келишувини қайта кўриб чиқиши, келажакда шундай хавфлар туғилганда, Россия ҳаракатларига нисбатан ижобий ёндашишлари керак бўлади. 5. Босния каби Ғарб ва православ манфаатлари тўқнашган масалаларда Россия билан ўзаро келишувга эришиш. Агар шу ва шунга яқин соҳаларда келишувлар амалга ошса, Россия ва Ғарб ўртасидаги хавфсизлик борасида келишмовчилик ва рақобатлар барҳам топади. Россия ва Европа демографик жиҳатдан қариётган давлатлар ҳисобланиб, кам туғилиш ва аҳоли ёши катталашиши муаммолари мавжуд, бу каби жамиятларда босиб олиш сиёсатига ундайдиган ёш энергия мавжуд бўлмайди. Совуқ уруш тугаши билан Россия–Хитой муносабатлари анча ривожланди. Чегара борасидаги муаммолар ечилди, чегаралардаги қуролли кучлар сони қисқартирилди, савдо алоқалари кенгайди, иккиси хам бир- бирини ядровий қуролга нишон сифатида кўришни тўхтатишди, уларнинг ташқи алоқа вазирликлари мусулмон фундаменталистларига қарши курашиш бўйича умумий фикрларни билдиришди. Энг муҳими, Россия Хитой қиёфасида ҳарбий қурол-аслаҳа ва технологиялар, танклар, жанговар учувчи қурилмалар, узоқ масофага бомбардимон қилувчи воситалар ва ер-ҳаво ракетларига доимий харидорни кўрди. Россия нуқтаи-назари билан қараганда, алоқаларнинг бундай мўътадиллашиши Россия учун Хитойни Осиёдаги ҳамкори сифатида кўришига етарлича сабаблар ҳозирлади. Бунга Япония билан совуқ алоқалар, НАТОни кенгайтириш, иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш, қуролланишни назорат қилиш, иқтисодий ёрдам ва Ғарбнинг халқаро ташкилотларга аъзолик масалалари бўйича Ғарб билан қарама-қарши фикрлар мавжудлиги мисол бўла олади. Бошқа тарафдан, Хитой ҳам Ғарб дунёсига ўзининг ёлғиз эмаслигини, ҳудудий стратегиялари учун етарлича ҳарбий кучга эгалиги ва имкониятини кўрсатади. Икки давлат учун ҳам Россия–Хитой алоқалари худди Конфуций–Ислом олами алоқалари каби Ғарбнинг қудрати ва универсализмига қарши туриш учун восита эди. Бу алоқалар узоқ давом этиш-этмаслиги иккита факторга боғлиқ. Биринчи ва энг асосийси, Россиянинг Ғарб билан алоқалари ўзаро фойдали келишувлар асосида ривожланишига, иккинчи томондан эса, Хитойнинг Шарқий Осиёдаги таъсир доираси кенгайиши Россиянинг ққтисодий, демографик, ҳарбий манфаатларига зид келмаслигига боғлиқ. Хитойнинг иқтисодий ривожланиш манфаати жиҳатдан эътибори Сибирга қаратилган, Хитой билан бирга корейс ва япон тадбиркорлари у ердаги имкониятларни ўрганишмоқда ва фойдаланишмоқда. Сибирдаги руслар ўзларининг иқтисодий келажагини Ғарбдаги Россиядан кўра Шарқдаги Осиё мамлакатларида кўрмоқда. Россия учун асосий хавф сифатида хитойликларнинг Сибирга иммигрицияни кўрсатиш мумкин. 1995 йилда Сибирдаги хитойликлар сони 3-5 миллион атрофида, Россия фуқаролари эса 7 миллионни ташкил этган. «Хитойликлар – деб огоҳлантиради мудофаа вазири Павел Грачев, – Россиянинг узоқ шарқини тинч йўл билан босиб олишмоқда». Россиянинг иммиграция масалаларида юқори лавозимда турувчи амалдори ушбу сўзларни «Хитой экспансиясига қарши чора кўришимиз керак» дея такрорлади. Бундан ташқари собиқ совет республикалари таркибида бўлган Ўрта Осиё давлатлари билан Хитойнинг муносабатлари ривожланиши ва кенгайиши ҳам Россия–Хитой муносабатларига совуқчилик солиши мумкин. Хитой экспансияси ҳарбий кўриниш олиши эҳтимоли мавжуд, агар Хитой Россия томонидан биринчи жаҳон урушидан кейин ажратилган ва СССРнинг йиллар давомида йўлдоши бўлиб келган Монголияни қайтаришга уринса, қачондир мўғуллар босқинидан омон қолган русларни хаёлан қўрқитадиган «сариқ ўрда» яна хақиқатга айланиши мумкин. Россиянинг Ислом олами билан муносабатлари русларнинг турклар, кавказликлар ва Осиё амирликларига қарши экспансиялари каби тарихий мерослар туфайли шаклланган. Ҳозирда Россия Туркиянинг Болқондаги таъсирини камайтириш учун Сербия ва Грециядаги православ ҳамкорлари билан, Кавказ ҳудудидаги ушбу таъсирни камайтириш учун эса Арманистон билан ҳамкорлик қилмоқда. Россия доимий равишда Ўрта Осиё давлатларидаги ҳарбий, сиёсий ва иқтисодий таъсирини сақлаб туришга ҳаракат қилади, уларни Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ташкилотига киришга ундади ва ҳар бирининг ҳудудига ҳарбийларини киритди. Россиянинг эътибор марказида Каспий денгизидаги нефт ва газ бойликлари захиралари, қолаверса ушбу бойликларни Ғарбий ва Шарқий Осиёга етказиш йўли ётади. Россия Шимолий Кавказда мусулмонларга қарши уруш очган ва Тожикистонда ҳам ҳукуматни Ислом фундаменталистларига қарши туриб қўллаб-қувватламоқда. Хавфсизлик борасидаги ушбу муаммолар Марказий Осиёдаги «Ислом таҳдиди»га нисбатан Хитой билан ҳамкорлик қилишга кенг имконият беради, худди шу сабабни Россиянинг Эрон билан яқинлашишига нисбатан ҳам кўрсатса бўлади. Россия Эронга сув ости кемалари, янги қирувчи самолётлар, бомбардимончи самолётлар, ер-ҳаво ракеталари, разведка ва ҳарбий электроника воситаларини сотди. Бунга қўшимча сифатида, Россия Эронда енгил ядро реакторлари қуришга ва уранни бойитиш технологиялари билан таъминлашга рози бўлди. Бунга жавоб сифатида Россия Эрондан Марказий Осиёдаги Ислом фундаментализмини тийиб туришга, Туркиянинг Кавказдаги таъсирини йўқ қилишга ёрдам кутади. Келгуси ўн йилликда Россиянинг Ислом оламига муносабати Россиянинг жанубида мусулмон аҳолиси кўпайиб кетиши хавфига қандай қарашига нисбатан шаклланади. Совуқ уруш даврида Ҳиндистон учинчи «тебранувчан» асосий давлат, Совет иттифоқининг иттифоқдоши эди ва Хитойга қарши битта, Покистонга қарши бир неча марта уруш қилган. Унинг Ғарбга, айниқса АҚШга нисбатан муносабати совуқлигича қолган. Совуқ урушдан кейинги даврда Ҳиндистоннинг Покистон билан муносабатларида Кашмир муаммоси, ядро қуроли ва Ҳиндистон субконтинентидаги умумий ҳарбий тенглик туфайли низолар авж олди. Бунга қўшимча равишда, Покистон ислом давлатларининг ёрдамига эга чиқиши мумкин, Ҳиндистоннинг эса ислом билан муносабатлари қийинроқ бўлади. Бунга қарши туриш учун эса, олдин амалга оширилганидек, баъзи мусулмон мамлакатларни Покистондан узоқ туришга кўндиришга ҳаракат қилиши лозим. Совуқ уруш тугагач, Хитойнинг бу икки давлат ўртасида дўстона алоқаларни ўрнатиш бўйича ҳаракатидан сўнг, ўзаро зиддият камайди. Бу вазиятнинг узоқ вақт давом этиши шубҳа остида. Хитой Жанубий Осиё сиёсатига кўп эътибор қаратди ва қаратишда давом этади: Покистон билан яқин алоқаларни сақлаб қолади, унинг ядровий ва ҳарбий қудратини кучайтиришга ёрдам беради, Мянмага ҳарбий, иқтисодий ёрдам беради, инвестициялар киритади, шу билан бирга ҳарбий-денгиз базасини ҳам қуради. Хитой қудрати ўсиб бормоқда, Ҳиндистонники эса XXI аср бошларидан кўтарилиши мумкин. Ўзаро келишмовчилик эҳтимоли жуда юқори. «Икки цивилизациянинг яширин рақобати ва ўзларини катта куч, цивилизациялар ва маданиятлар маркази деб билиши – деб таъкидлаганди бир таҳлилчи, – давом этади ва турли хил давлатлар ва қарашларни маъқуллашга олиб боради. Ҳиндистон кўп қутбли дунёдаги бир куч маркази сифатида эмас, Хитойнинг кучи ва таъсирига қарши куч сифатида ўзини кўрсатишга ҳаракат қилади». Ҳеч бўлмаганда, Хитой–Покистон иттифоқига қарши туриш ёки бутунлай Конфуций–Ислом оламига нисбатан рақобати фонида, Ҳиндистоннинг Россия билан яқин муносабатга интилиши ва қурол- аслаҳаларини сотиб олиши айни Ҳиндистон манфаатларига мувофиқдир. 1990 йил ўрталарида Ҳиндистон Россиядан қуролларининг деярли ҳамма турларидан сотиб олди, самолёт ташувчи кемалардан тортиб Криоген самолётларгача ва АҚШнинг иқтисодий санкцияларига учради. Қуролланиш муаммоларидан ташқари, Ҳиндистон ва АҚШ ўртасида инсон ҳуқуқлари, Кашмир ва иқтисодий либераллашиш борасида ҳам турли муаммолар мавжуд. Вақт ўтиши билан Покистон–АҚШ муносабатларининг совуқлашиши ва Хитойни якка лидерликдан тўхтатиб туриш масаласи туфайли Ҳиндистон– АҚШ муносабатларида яқинлик кутилмоқда. Ҳиндистон кучларининг Жанубий Осиё бўйлаб кенгайиши АҚШга зарар келтирмайди, аксинча унга хизмат қилади. Цивилизациялар ва уларнинг асосий давлатлари орасидаги муносабатлар жуда чалкаш, кўпинча икки томонлама ва тез ўзгарувчан. Битта цивилизациядаги кўплаб давлатлар ўша цивилизация асосий давлатларининг йўриқлари бўйича бошқа цивилизациялар давлатлари билан муносабатларини қуради. Бу доимо шундай дегани эмас, бир цивилизациянинг барча давлатлари бошқа цивилизациянинг барча бошқа давлатлари билан бир хил муносабат қурмайди, албатта. Умумий манфаатлар, асосан, учинчи цивилизациядаги умумий душман туфайли икки цивилизация давлатлари ўзаро иттифоқ тузиши мумкин. Келишмовчиликлар битта цивилизация ичида ҳам бўлиши мумкин, бунга мисол қилиб Ислом цивилизациясини кўрсатиш мумкин. Қолаверса, битта цивилизация бўлиниш чизиғидаги гуруҳларнинг ўзаро муносабатлари асосий давлатларнинг ўзаро муносабатларидан фарқ қилиши ҳам мумкин. Умуман олганда, цивилизациялар ва уларнинг асосий давлатлари орасидаги муносабатлар, иттифоқлар ва антагонизмлар қандай шаклланиши ва ривожланиши борасида ҳақиқатга тўлиқ мос келувчи тахминлар намоён бўлди. Нисбатан осон бўлган икки қутбли совуқ уруш давридаги ҳолат анча мураккаб бўлган кўп қутбли, кўп цивилизацияли дунёга ўрин берди, бу 9.1- расмда хулоса қилиб кўрсатилган. |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling