ОЗОД ЮРТНИНГ ЭРКАСИ, ЭРТАСИ СИЗЛАР
“Қиз болани коллежни битирмасдан, ҳунар эгалламасдан кимки турмушга бермоқчи бўлса, билиб қўйинглар, мен бунга мутлақо қаршиман. Қиз бола, аввало касб эгалласин, ўз фикрларига эга бўлсин, ҳаётни англасин. Шундан кейин у ҳаётда ўз ўрнини топади, йўлини йўқотмайди.
Юртимиздаги ҳар бир қиз бола – бу менинг қизим, менинг набирам ва уларни хафа қилишларига мен ҳеч қачон йўл қўймайман. ...Улар албатта, бахтли бўлиши керак.”
Ҳақиқатан ҳам, қизлар – миллатимиз наслини давом эттирувчилар. Улар қанчалик, соғлом, баркамол, маънавиятли ва маърифатли, юксак тафаккурли бўлса, келажагимиз шунча буюк бўлади. Жуда кўп ривожланган мамлакатларда турмуш қуриш ёши расман 23-25 ёш қилиб белгиланган. Ахир, ўз олдига қўйган мақсадларга эришмасдан, етарли ҳаёт тажрибасига эга бўлмасдан, турмуш қуриш шошма-шошарлик эмасми? Ҳали қўлида ҳунари бўлмасдан, 18 ёшга тўлмасдан, ота-онанинг ҳою ҳавасига берилиб ҳаёт қурганлар оилавий, фарзанд тарбиясида қоқилиб, бахтсиз бўлиб қолаётганига кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
“Яқин қўшниларимиз бўлган айрим давлатларда ёшларнинг 50-60 фоизи саводсиз”. Ер юзида 130 миллиондан ортиқ ўсмир йигит-қизлар бошланғич таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум.
Ўзбекистонда эса фарзандларимиз жаҳоннинг камдан-кам мамлакатида учрайдиган 12 йиллик бепул таълимни 7 тилда олишмоқда. Халқаро спорт чемпионатлари, фан олимпиадаларида Ўзбекистон байроғини баланд кўтараётган ёшларимизнинг аксарияти қизларимиз экани фахрланарлидир.
Бугунги кунда 2 миллионга яқин ёшлар, шу жумладан, 840 мингдан ортиқ қиз болалар спортнинг 30 дан зиёд тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Сўнгги ўн йилда 14 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида ўртача вазн кўрсаткичи 43 килограммдан 47 килограммга, қизлар ўртасида эса 44 килограммдан 48 килограммга ортгани кузатилмоқда. Болаларнинг бўйи эса ўғил болалар ўртасида ўртача 3 сантиметрга, қиз болалар ўртасида эса 2,9 сантиметрга ўсгани аниқланган. Таъкидлаш жоизки, ҳозирги вақтда 92 фоиз ўғил-қизларимизнинг вазни ва бўйига доир кўрсаткичлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади.
Мазкур китобнинг 76-бетида: “Юртимизда туғилган, энди 5 ёшга тўлган болалар ҳам “Мен – Ўзбекистон фуқаросиман!” деб, фахрланиб, ғурурланиб гапиради. Кимки мамлакатимизга келса, бу ҳақиқатнинг тасдиғини ҳар қадамда кўриши мумкин,” – дейди Президентимиз.
Дарҳақиқат, биз кўпинча чемпионларимиз, иқтидорли ўғил-қизларимиз ҳақида кўп гапирамиз. Мактабгача тарбия ёшидаги, бошланғич синф ўқувчиларимизнинг чақнаган кўзлари, мардона сўзларига кўпам эътибор беравермаймиз. “Ҳали бола-ку”, деймиз. Ваҳоланки, уларнинг мурғак маънавиятида порлаган дурдона фикр, орзулар бебаҳо. Бу орзулар – уларнинг эртага олға ташланадиган қадамларига айланади. Келинг, бу ҳақда сўзни ўз умрини болаларимизга бағишлаган сурхондарёлик оддий ўқитувчи, Зулхумор Хидировага берайлик:
Мен ўқитувчиман. Шунинг учун ўқувчиларимнинг маънавиятига, айтаётган фикрларига алоҳида эътибор қиламан. Қара-а-аб туриб, ўзимга ўзим, “Мустақиллик болаларимизга мустақил фикрлашни ўргатди. Улар айтаётган гапларга биз катталар лол қолаяпмиз. Яқинда 4-синфда “Мустақиллик соати”ни ўтдим. Ўқувчиларимга Ўзбекистон Герби ҳақида айтиб бердим. Кейин “Қани болалар, айтингларчи, гербимиз ниманинг тимсоли?”, деб сўрадим. Ўқувчим Ҳусниддин баланд овозда: “Устоз, бу – Ўзбекистоннинг қуёши”, деди. Рости, нима дейишни билмай қолдим.
Оила даврасида ўтирибмиз. 3 ёшли неварам Дилшоддан: “Катта бўлсанг ким бўласан, болам?”, деб сўрадим. У қўлларини чеккасига қўйиб, “Ўзбекистон Республикасига хизмат қиламан” деса бўладими! Буни эшитиб, бир уй тўла одам бир лаҳза қотиб қолдик. Кейин ўзимизга келиб, ... қарсак чалиб юбордик. Кўзларимизга ёш келди. Шу мурғак боланинг қалбига Аллоҳим Ватанига дахлдорлик туйғусини солганидан ҳайратга тушдик”.
Do'stlaringiz bilan baham: |