2.10. Ўт пуфаги
Ўт пуфаги (vesica fellea) жигар ўнг бўлагининг пастки юзасида, ўт
пуфаги чуқурчасида – fossaе vesicae felleaе да жойлашган нок шаклидаги аъзо
бўлиб, унинг туби – fundus vesicae felleaе, танаси – corpus vesicae felleaе ва
бўйни – collum vesicae felleaе бор. Ўт пуфагининг туби энг кенгайган жойдир.
Ўт пуфаги тўла бўлганда бир оз олдинга чиқиб, қорин деворига тегиб туради.
Ўт пуфагининг ўрта қисми танаси ҳисобланиб, кўпчилик қисмни
ташкил этади. Ўт пуфаги танасининг олдинги торайган қисми ўт пуфагининг
бўйни ҳисобланади, у ўт найига – ductus cysticus қўшилиб кетади. 3–4 см ли
ўт найи жигардан келаётган умумий жигар ўт йўли билан қўшилиб, умумий
ўт йўлини ҳосил қилади. Умумий ўт йўли – ductus choledochus ўн икки
бармоқ ичакнинг тушувчи қисми (pars descendens) катта сўрғичига меъда
ости бези йўли билан биргаликда очилади. Ўт пуфагининг девори сероз
парда, нозик тузилган мушак парда ва бурмалар ҳосил қилиб жойлашган
шиллиқ пардадан иборат. Мушак қаватдан, умумий ўт йўлининг ўн икки
бармоқ ичакка очиладиган жойида қисувчи мушак ҳалқаси (сфинктер) ҳосил
бўлади. Қорин парда ўт пуфагини фақат пастки томондан ўрайди. Ўт
пуфагининг ҳажми 50–60 см3 бўлиб, жигарда ишланиб чиққан ўтнинг
ортиқча қисмини сақлаб туради.
Ўт шираси жигар ҳужайраларида тинмасдан ажралиб туради ва ўт
йўллари тизими орқали ўн икки бармоқ ичакка қуйилади.
Ўт таркибида ўт кислоталар, пигментлар, холестерин моддалари
бўлади. Пигментлар ҳаётини тугатган эритроцитларнинг парчаланишидан
вужудга келади. Пигментларнинг бир қисми ичак девори орқали қонга
сўрилса, кўпроқ қисми нажастга ранг беради ва ташқарига чиқади. Ўт ичакка
қуйилмай қолганда (ўт йўли яллиғланиб бекилганда, тош бўлганда) нажаст
рангсиз бўлади. Одамда бир кеча-кундузда ўртача 800–1200 мл ўт ишланади.
Ўт овқат моддасини, айниқса ёғларни парчалаб, уларнинг шимилишида фаол
иштирок этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |