Ҳазм қилиш тизими. Ҳазм аъзоларининг тараққиёти. Ҳазм аъзоларининг тузилиши хусусиятлари. Нафас аъзоларининг функционал анатомияси соат
Download 1.48 Mb. Pdf ko'rish
|
2.-azm-ilish-tizimi.-azm-azolarining-tara-iyoti.-azm-azolarining-tuzilishi-hususiyatlari.-Nafas-azolarining-funktsional-anatomiyasi.-2-soat.
2.13.2. Ҳиқилдоқ (larynx) нафас йўлининг (бурун бўшлиғидан сўнг)
иккинчи қисми бўлиб, ўзидан ҳаво ўтказишидан ташқари тозалаш, илитиб бериш, муҳофаза қилиш, овоз пайдо қилиш каби функцияларни ҳам бажаради. Ҳиқилдоқ бўйиннинг ўрта қисмида IV–VI бўйин умуртқаларининг олд томонида жойлашган бўлиб, юқорида тил ости суягига осилиб туради, пастда эса бир оз торайиб, кекирдакка ўтади. Ҳиқилдоқ орқа томонда жойлашган ҳалқумнинг ҳиқилдоқ қисми билан қўшилиб жойлашган. Чунки нафас тизими бирламчи ичак найининг олд томонидан ривожланганлиги сабабли ҳазм аъзолари тизими билан нафас аъзолари ўзаро ютқин ва ҳиқилдоқлар орқали қўшилади. Шунинг учун ҳаво ютқин орқали ҳиқилдоққа ўтади. Ҳиқилдоқни олд томондан mm. sternohyoideus, sternothyroideus, thyrohyoideus, omohyoideus бўйин фасциясининг юза варағи ва трахея олди фасцияси қоплаган. Бундан ташқари, ҳиқилдоқнинг олд ва икки ён томонини қалқонсимон безнинг бўлаклари беркитиб туради. Ҳиқилдоқ жуфт ва тоқ тоғайлардан тузилган. Тоқ тоғайлар узуксимон тоғай (cartilago cricoidea), қалқонсимон тоғай (cartilago thyroidea), ҳиқилдоқ усти тоғайи (epiglottis с. cartilago epiglottica)дан иборат. Жуфт тоғайлар чўмичсимон тоғай (cartilago arytenoideae), шохсимон тоғай (cartilagines corniculatae) ва понасимон тоғай (cartilagines cuneiformes) лардан тузилган. Узуксимон тоғай (cartilago cricoidea) гиалин тоғайидан узукка ўхшаб тузилган. Унинг ингичкалашган олд қисмида ҳалқаси (arcus) ва орқа кенгайган қисмида пластинкаси (lamina) бор. Пластинканинг чекка ёнбош юзасида чўмичсимон ҳамда қалқонсимон тоғайларнинг бўғим юзалари кўринади. Қалқонсимон тоғай (cartilago thyroidea) ҳиқилдоқ тоғайлари ичида энг каттаси бўлиб, гиалин тоғайдан тузилган. Унинг иккита яхлит пластинкаси (lamina dextra et sinistra) бўйин олд томонида бурчак ҳосил қилиб қўшилади. Бу бурчак эркакларда яхши ривожланиб бўртиб чиққан бўлса, ёш болалар ва аёлларда ўтмас бурчак (яссироқ) шаклида бўлади. Бурчакнинг тепа томонидан кесимта (incisura thyroidea superior) кўринса, пластинкалар орқа томонининг қирраларида тепа ва пастки шохсимон ўсиқ (cornu superius et inferius)лар кўринади. Cornu inferius узунроқ бўлиб, учида узуксимон тоғай билан қўшиладиган бўғим юзаси бор. Пластинкаларнинг ташқи юзасида m. sternothyroideus ва m. thyroideus лар ёпишадиган қийшиқ чизиқ (linea obliqua) кўринади. Ҳиқилдоқ усти тоғайи (epiglottis с. cartilago epiglottica) эластик тоғайдан тузилган бўлиб, юқори қисми тил асосининг орқа томонига, унинг пастки ингичкалашган (барг банди – petiolis epiglottidis) қисми эса қалқонсимон тоғайнинг орқа юзасига (ҳиқилдоққа кириш қисмида) ёпишади. Ҳиқилдоқ усти тоғайи ютиш жараёнида ҳиқилдоққа кириш тешигини ёпиб, овқатнинг ҳалқумдан қизилўнгачга ўтишини таъминлайди. Бир жуфт чўмичсимон тоғай (cartilagines arytenoideae) пирамидага ўхшайди. Унинг кенгайган, пастки асосий қисми (basis cartilaginilis arytenoideae) учбурчак шаклли бўлиб, узуксимон тоғайнинг устки юзаси билан бирлашади. Чўмичсимон тоғайнинг учи (apex) юқорига қараб туради. Чўмичсимон тоғай асосининг олд томонида овоз бойлами бирлашадиган овоз ўсиғи (processus vocalis) бўлса, латерал томонида мушаклар ёпишадиган ўсиқ (processus muscularis) кўринади. Шохсимон тоғайлар (cartilagines corniculatae) унча катта бўлмаган жуфт тоғайдан иборат, улар шохга ўхшаб чўмичсимон тоғайлар устида жойлашган. Унчалик катта бўлмаган жуфт понасимон тоғайлар (cartilagenes cuneiformes) чўмичсимон тоғай билан ҳиқилдоқ усти тоғайи оралиғидаги бурма (plica arepglottica)да учрайди. Ҳиқилдоқ тоғайлари бойламлар ёрдамида ўзаро бўғим ҳосил қилиб бирлашади. Жумладан ҳиқилдоқ тил ости суягига lig. thyrohyoideum ва тил ости суягининг катта шохи билан қалқонсимон тоғайнинг шохсимон ўсиғи орасида тортилган ўнг ва чап бойлам (ligg. thyrohyoidea lateralia)лар орқали тортилиб туради. Lig. thyrohyoideum medianum билан lig. thyrohyoidea lateraliaлар биргаликда membrana thyrohyoidea деб аталади. Ҳиқилдоқ усти тоғайи тил ости суягига lig. hyoepiglotticum орқали ва lig. thyroepiglotticum ёрдамида қалқонсимон тоғай чети билан узуксимон тоғай ҳалқаси орасида эластик толадан тузилган lig. cricothyroideum жойлашган. Бу бойламнинг бир қисми чўмичсимон ўсиққа бориб ёпишади-да, lig. cricothyroideum билан бирга conuc elasticus ни ҳосил қилади. Конуснинг бўшашган қисми товуш бойлами (lig. vocale) деб аталади. Товуш бойлами орқада чўмичсимон тоғайнинг товуш ўсиғига бирлашса, олд томонда қалқонсимон тоғай бурчагининг ички юзасига ёпишади. Товуш бойламининг медиал ўткир қирраси бўш бўлса, унинг латерал қисми пастки томонда conuc elasticus га ўтиб кетади. Товуш бойламларининг тепасида, уларга параллел равишда бир жуфт даҳлиз бойлами (lig. vestibulare) ҳиқилдоқ даҳлизининг пастки чегарасида жойлашган. Ҳиқилдоқ тоғайлари юқорида келтирилган бойламлардан ташқари, бўғимлар орқали ҳам ўзаро бирлашади. Жумладан чўмичсимон тоғай узуксимон тоғай билан бир жуфт art. cricoarytenoideae орқали бирлашади. Бу бўғим орқали чўмичсимон тоғайда айланма, яқинлашиш ва узоқлашиш ҳаракатлари содир бўлади. Узуксимон тоғай қалқонсимон тоғай билан комбинациялашган бўғим – art. cricothyroidea ҳосил қилиб бирлашади. Бунда қалқонсимон тоғай олдинга ва орқага сурилиб, чўмичсимон тоғайга яқинлашади (товуш бойлами бўшашади) ёки узоқлашиб товуш бойлами таранглашади. Ҳиқилдоқ мускуллари кўндаланг-тарғил мушаклардан тузилган, улар одам ихтиёри билан қисқаради. Уларнинг қисқариб товуш бойлами ҳолатини ўзгартириши натижасида ўртадаги ёриқ кенгайиб тораяди. Шунинг учун ҳиқилдоқ мушаклари функцияларига қараб уч гуруҳга: сиқувчи, бўшаштирувчи, товуш бойлами ҳолатини ўзгартирувчиларга бўлинади. Баъзи мушаклар бир неча хил вазифани бажарганлиги учун уларга аралаш вазифали мушаклар дейилади. Узуксимон ва чўмичсимон тоғайлар ўртасида ёнбош жойлашган мушак (m. cricoarytenoideus lateralis) – узуксимон тоғайдан бошланади, юқорига йўналган ҳолда орқа томонда чўмичсимон тоғайнинг мушак ўсиғи (processus muscularis) га ёпишади. Қалқонсимон ва чўмичсимон тоғайлар ўртасидаги квадрат мушак (m. thyroarytenoideus) қалқонсимон тоғай пластинкасининг ички юзасидан бошланиб, чўмичсимон тоғайнинг мушак ўсиғига ёпишади. Ўнг ва чап чўмичсимон тоғайлар ўртасида кўндаланг жойлашган тоқ мушак (m. arytenoideus transversus) иккала чўмичсимон тоғайнинг букилган орқа юзалари ўртасида тортилиб жойлашган. Чўмичсимон тоғайнинг қийшиқ мушаги (m. arytenoidei obliqui) бир жуфт бўлиб, m. arytenoideus transversus нинг орқа томонида ўзаро кесишиб жойлашади. Узуксимон-чўмичсимон тоғайлар ўртасидаги орқа мушак (m. cricoarytenoides posterior) узуксимон тоғай ҳалқасидан бошланиб, чўмичсимон тоғайнинг processus muscularis ига ёпишади. Қалқонсимон тоғай билан ҳиқилдоқ усти ўртасидаги мушак (m. thyroepiglotticus) қалқонсимон тоғай пластинкасининг ички юзасидан бошланиб, ҳиқилдоқ усти тоғайининг ёнбошига ёпишади. Мушакнинг бир қисми plica arepiglottica га қўшилади. Узуксимон тоғай билан қалқонсимон тоғай ўртасидаги мушак (m. cricothyroideus) узуксимон тоғай ҳалқасидан бошланиб, қалқонсимон тоғай пластинкасига ёпишади. Товуш мушаги (m. vocalis) бир жуфт бўлиб, товуш бурмалари бағрида ётади. Қалқонсимон тоғай ички юзасидан бошланиб, чўмичсимон тоғайнинг овоз ўсиғига (processus vocalis) ёпишади. Ҳиқилдоқ бўшлиғи (cavitas laryngix) қумсоатга ўхшаган бўлиб, кириш тешиги нотўғри, овал шаклда. Ҳиқилдоққа кириш қисми (aditus laryngis) олд томондан ҳиқилдоқ усти тоғайи қирралари билан, орқадан чўмичсимон тоғай – plica interarytenoidea (чўмичсимон тоғай оралиқ бурма), икки ёнбошдан – plicaе aryepiglottica (чўмичсимон тоғай билан ҳиқилдоқ усти тоғайи оралиқ бурма) билан чегараланади. Plicaе aryepiglottica ташқарисида ноксимон чуқурча (recessus piriformes) кўриниб туради. Ҳиқилдоққа кириш тешиги пастга, ҳиқилдоқ даҳлизига қадар давом этади. Ҳиқилдоқ даҳлизи (vestibulum laryngis) тепадан ҳиқилдоққа кириш тешиги билан, пастдан сохта товуш бойламларининг бурмалари (plica vestibularis) билан чегараланган, унинг бағрида lig. vestibulare бўлади. Ҳиқилдоқ даҳлизи олдиндан ҳиқилдоқ усти тоғайининг орқа юзаси, орқадан чўмичсимон тоғай – plica interarytenoidea билан чегараланган. Икки ёнбошда plica vestibularis билан plica arepiglottica лар оралиғида эластик парда (membrana fibroelastica laryngis) тортилган. Даҳлиз бойламларининг бурмалари орасидаги ёриқ (rima vestibuli)да ўзидан пастроқда жойлашган товуш бойламлари (lig. vocale – товуш бойлами) бўлади. Даҳлиз бурмалари билан товуш бурмалари орасида ўнг ва чап чуқурчалар (ҳиқилдоқ қоринчаси – ventriculus laryngis) кўринади. Товуш бурмалари орасида жойлашган ёриқ (rima glottidis)нинг ҳиқилдоқ бўшлиғидаги энг тор қисмига пардалар оралиқ қисми (pars intermembranacае) дейилса, унинг processus vocalis (чўмичсимон тоғайда) оралиғидаги калта қисмига тоғайлар оралиқ қисми (pars intercartilaginea) дейилади. Ҳиқилдоқнинг пастки кенгайган қисми (cavitas infraglottica) аста-секин торайиб, кекирдакка қўшилади. Ҳиқилдоқнинг шиллиқ пардаси пушти рангли, кўп қаторли, киприкли қадаҳсимон ҳужайралар аралашган эпителийдан иборат. Сезувчи нерв охирлари ҳиқилдоқ даҳлизида айниқса кўп тарқалган. Шу сабабли ҳаво билан кирган заррачалар, чанглар йўталга сабаб бўлади. Ҳиқилдоқ фақат ҳаво ўтказиш аъзоси бўлиб қолмасдан, товуш чиқариш аъзоси ҳамдир. Нафас чиқаришда кекирдакдан келаётган ҳаво овоз ёриғидан ўта туриб товуш бойламларини титратади, натижада товуш пайдо бўлади. Турли товуш (овоз)ларнинг пайдо бўлиши ҳаво тўлқинининг кучига ва товуш бойламларининг тебраниш қобилиятига боғлиқ. Чақалоқларда ҳиқилдоқ калта ва кенг, қалқонсимон тоғай бурчаги унчалик ривожланмаган бўлади. Болаларда ҳиқилдоқ усти тоғайи юқорироқда жойлашганлигидан овқат луқмаси унинг икки ёнбошидан осонгина ўтади. Шунинг учун улар бир вақтнинг ўзида овқат ютиб, нафас олишлари ҳам мумкин. Товуш ёриғи катталарга нисбатан 3 марта калта бўлиб, мушаклари яхши ривожланмаган. Болаларнинг балоғатга етиш давридан бошлаб 23–25 ёшгача ҳиқилдоқ тез ривожланиб катталашади. Ҳиқилдоқ (шу жумладан товуш бойламлари ҳам) ўғил болаларда қизларга нисбатан тезроқ катталашади. Ёш улғайган сари ҳиқилдоқ тоғайи (ҳиқилдоқ усти тоғайидан ташқари) аста-секин суякланиб боради. Шунинг учун қариларда ҳиқилдоқ тоғайлари синувчан бўлади. Download 1.48 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling