Қулоқни пилик (турунда) билан қуритинг
БОЛАНИ ДАВОЛАНГ схемасига қаранг. Онага қулоқни пилик билан қуритишни ўргатишдан олдин, унга инфекция тушган қулоқни даволаш учун уни қуруқ ҳолда ушлаб туришнинг аҳамиятини тушунтиринг. Сўнгра боланинг қулоғини қандай қилиб қуритиш кераклигини кўрсатинг.
Боланинг қулоғини қуритаётганингизда, онага унинг нима қилиши кераклигини тушунтиринг:
· Пилик тайёрлаш учун бинт ёки тоза, намни шимиб оладиган, пахтадан тўқилган матодан фойдаланинг. Учига пахта ўралган таёқча ишлатманг.
· Пиликни боланинг қулоғига у нам бўлгунича қўйиб қўйинг.
Ҳўл бўлган пиликни қуруғига алмаштиринг.
· Бу муолажани пилик қуруқ бўлиб чиққунча давом эттиринг.
Она қандай қилиб бола қулоғини қуритишини кузатинг. Унинг ҳаракатларини кузатиб, назорат қилиб боринг. Она даволашни тугатганидан сўнг унга қуйидаги маълумотни беринг.
Қулоқни пилик билан кунда 3 марта қуритинг.
Бундай даволашни қулоқдан йиринг оқиши тўхтаб, пилик қуруқ бўлиб қолгунча давом эттиринг.
· Сурункали қулоқ инфекциясида қулокдан йиринг оқса қуритиш муолажалари орасида унга маҳаллий антибактериал восита - офлоксациннинг 0,3% ли эритмасини (ёки левофлоксацин каби хинолон қаторига кирувчи бошқа дори воситаси эритмасини) 2-4 томчидан томизинг. Уни 2 ҳафта давомида даволанг, ҳатто қулоқдан ажралма ажралиши тўхтаган бўлса ҳам. Болага чўмилишга рухсат берманг. Боланинг қулоғига сув кириши мумкин эмас.
Текширувчи саволлар беринг, масалан:
“Уйда пиликни қандай материаллардан тайёрлайсиз?”
“Боланинг қулоғини пилик билан кунда неча марта қуритасиз?”
“Болангизнинг қулоғига яна нима томизасиз?”
Она фарзандининг қулоғини пилик билан қуритиш жараёнида муаммолар юзага келади деб ўйласа, уларни ҳал қилишда онага ёрдам беринг.
Оғиздаги яраларни даволанг
Оғиздаги яраларни даволаш инфекцияни камайтириб, боланинг овқат ейишини енгиллаштиради. Онани хлоргексидин 0,05% сувли эритмаси ёки генцианвиолет 0,25% эритмаси билан оғиздаги яраларни даволашга ўргатинг. Онага қуйидаги маълумотни беринг:
· Агар, оғиздаги яраларни артиб чиқса, фарзанди тезроқ аввалгидек овқатлана олади. Бола овқат ейишни давом эттириши керак, бу жуда ҳам муҳим.
· Боланинг оғзини тузли эритма билан чайиб ташланг. Тузли эритма бир стакан қайнаган сувга 1 чой қошиқ ош тузи солиб тайёрланади. Тоза бинт ёки матони бармоғгингизга ўранг. Уни тузли сувда ҳўлланг. У билан оғизни чайинг.
· Оғизга хлоргексидин ёки генцианвиолет билан тозалаш учун тоза мато ёки учига пахта ўралган таёқчадан фойдаланинг. Хлоргексидин ёки генцианвиолет яра келтириб чиқарувчи микроорганизмларни ҳалок қилади. Мато ёки таёқчани хлоргексидин ёки генцианвиолет билан ҳўлланг. Болага хлоргексидин ёки генцианвиолетни ичишга рухсат берманг.
Яраларни кунда 2 марта: эрталаб ва кечқурун тозалаб туринг.
Do'stlaringiz bilan baham: |