СЎРАБ КЎРИНГ: Боланинг қулоқлари билан боғлиқ муаммолари борми?
Агар онаси “Йўқ”, деб жавоб берса, унинг шу жавобини ёзиб қўйинг. Боланинг аҳволини қулоққа алоқадор муаммолар бўйича баҳоламанг. Kейинги саволга ўтинг ва озиқланишнинг бузилиши ва камқонлик бор-йўқлигини текшириб кўринг.
Агар онаси: “Ҳа”, деб жавоб берса, унда қулоқ муаммоларини баҳолашни бошланг.
10.1. Қулоқ муаммоларини баҳолаш.
Схема 10. Қулоқ муаммосинини баҳолаш схемаси.
СЎРАБ КЎРИНГ: Боланинг қулоғида оғриқ борми?
Қулоқ оғриғи болада қулоқ инфекцияси борлигини билдириши мумкин. Онаси боланинг қулоғида оғриқ бор-йўқлигини ишонч билан айта олмайдиган бўлса, бола ортиқ даражада инжиқланадими ёки қулоғини ишқалайдими ёки бўлмаса, эмизилаётган маҳалда йиғлайдими, деб сўраб кўринг.
СЎРАБ КЎРИНГ: Боланинг қулоғидан йиринг оқадими? Агар оқса, қачондан буён?
Қулоқдан йиринг оқиши ҳам инфекция белгисидир. Қулоқдан йиринг оқиш-оқмаслигини суриштираётганингизда она тушунадиган сўзларни ишлатинг.
Агар боланинг қулоғидан йиринг оқаётган бўлса, қачондан бери келаётганини СЎРАНГ. Жавоб бериш учун онага вақт беринг. Қачондан бери йиринг кела бошлаганини эслаб олиш учун унга вақт керак бўлар, балки. Қулоққа алоқадор муаммоларни Сиз қанчадан бери қулоқдан йиринг оқаётганига қараб таснифлайсиз ва даволайсиз.
- Йиринг оқиши 2 ҳафта ва ундан ортиқ давом этаётган бўлса, буни қулоқнинг сурункали инфекцияси деб даволанг.
- Йиринг оқиши 2 ҳафтадан кам давом этаётган бўлса, буни қулоқнинг ўткир инфекцияси деб даволанг.
ҚАРАБ КЎРИНГ, қулоқдан йиринг оқиши борми?
Қулоқдан йиринг келиши, бола гарчи оғриқни энди сезмай қўйган бўлса ҳам, қулоқ инфекциясининг белгиси бўлиб ҳисобланади. Қулоқдан йиринг оқиш-оқмаслигини аниқлаш учун боланинг қулоғини кўриб чиқинг.
ПАЙПАСЛАБ КЎРИНГ, қулоқнинг орқасида оғриқли шиш борми?
Иккала қулоқни текшириб кўринг. Уларни бир-бирига солиштириб, сўрғичсимон ўсимтанинг шишиб, безиллаб туриши бор-йўқлигини аниқланг. Ёш гўдакларда шишган жой қулоғининг тепасида бўлиши мумкин.
Шишиб, безиллаб турган жойнинг борлиги дардни мастоидит, яъни сўрғичсимон ўсимтанинг чуқур инфекцияси деб таснифлаш учун асос бўлади. Бундай шишни катталашиб қолган лимфа тугунлари билан адаштирманг.
Do'stlaringiz bilan baham: |