Онанинг мустақил равишда доза ўлчашини кузатинг
Онадан, дорини ўзингиз ўлчаб олинг, деб илтимос қилинг. Доза таблетка шаклида бўлсаю, бола уни юта олмаса, онага таблеткани майдалашни маслаҳат беринг. Унинг ҳаракатларини кузатиб туринг. Тўғри бажарган ишларига эътиборини қаратинг. Мабодо, она дозани нотўғри ўлчаган бўлса, буни қандай қилиш кераклигини унга яна бир марта кўрсатинг.
Онадан фарзандига биринчи дозани беришни сўранг
Мабодо, бола қайт қилаётган ва препаратни қайт қилиб чиқариб ташлайдиган бўлса ҳам, уни барибир бериш зарурлигини тушунтиринг. Онадан фарзандини 30 минут давомида кузатиб туришини илтимос қилинг. Мабодо, 30 минутдан кейин қайт қилиш давом этса (қусиқда таблеткалар ёки сиропни кўриш мумкин), яна бир доза беринг. Бола сувсизланган ва қайт қилаётган бўлса, кейинги дозани регидратация тугагандан сўнг беринг.
Препаратни қандай бериш кераклигини батафсил тушунтириб беринг, сўнг препаратни ўраб, устига ёзиб қўйинг
Онага фарзандига қанча дори воситаси бериш кераклигини айтинг. Унга дозани кунда неча марта бериш кераклигини тушунтиринг. Дори воситасини қачон (масалан, эрта тонгда, тушликда, кечки овқатдан кейин, уйкудан олдин), ва неча кун бериш кераклигини айтинг.
Препаратга мўлжалланган ёрлиқни тўғри тўлдириш учун:
a) Даволашнинг бир курси учун зарур бўлган дори воситасининг тўлиқ номини ва таблеткалар, капсулалар ёки сиропнинг умумий миқдорини ёзинг.
b) Бемор учун зарур бўлган дозани ёзинг (таблеткалар, капсулалар, томчилар ёки чой қошиқлар, масалан, 1/2, 1, 11/2 ...). Дозани қачон бериш лозимлигини (эрта тонгда, тушликда, уйкудан олдин) ёзиб қўйинг.
c) Кундалик доза ва бериш графигини қуйидагича ёзинг: 5 кун давомида кунига 1/2 таблеткадан 2 марта.
Ҳар бир саводли одам ўқиб, тушуниб оладиган бўлиши учун, йўл-йўриқларни аниқ ва равшан ёзинг.
Ҳар бир препаратни алоҳида, устига ёзилган идишга (конверт, қоғоз ёки флаконга) солиб қўйинг. Препаратларни тоза жойда сақланг. Тоза идишлардан фойдаланинг.
Дори воситасини жойлаб, устига ёзиб бўлгандан сўнг, уни онага беринг. Она фарзандини қандай даволашни тушунганлигига ишонч ҳосил қилиш учун текширувчи саволлар беринг.
Do'stlaringiz bilan baham: |