Бухоро давлат университети ҳузуридaги илмий дaрaжa берувчи phD
III БОБ. БАҲСДА МУАЛЛИФ ПОЗИЦИЯСИ, БАҲСНИНГ ИЧКИ ХИЛЛАРИ ВА ПОЭТИК ХУСУСИЯТЛАРИ
Download 423.41 Kb.
|
16.02.22.Худойкулова М дисс
III БОБ. БАҲСДА МУАЛЛИФ ПОЗИЦИЯСИ, БАҲСНИНГ ИЧКИ ХИЛЛАРИ ВА ПОЭТИК ХУСУСИЯТЛАРИ
Баҳс жанри ривожида мунаққиднинг ўрни ва позицияси. Ўзбек адабиётшунослигида адабиётнинг тараққиёти учун хизмат қиладиган баҳсларни ўрганиш маълум бир давр адабий жараёни, унда кечган адабий тортишувлар ва бунда танқидчи, ижодкорларнинг роли ва ўрни масаласига ойдинлик киритиш имконини бериши яққол намоён бўлмоқда. Мунаққид қайси жанрда бўлмасин, асарни таҳлил қилар экан, унинг ичидагина қолиб кетолмайди, асардаги бадиий воқелик билан реал воқеликни қиёслайди, асардаги бадиий ҳақиқат ҳаёт ҳақиқатига қанчалик тўғри келишини аниқлашга, асарда қўйилган муаммоларнинг ҳаётий илдизларини очишга интилади. Шу билан бирга адабий жараёндаги баҳсларга муносабат билдириш орқали ўзининг позициясини ҳам аниқ кўрсатади. Ҳар бир мунаққиднинг адабий-тарихий жараёндаги мавқеи долзарб, илмий муаммоли масалаларни қўя олиш, уларга муносабат билдириши, ҳал қилишга киришиши билан белгиланади. Ҳақиқий олим далиллар моҳиятини ёритади, уларни қуруқдан-қуруқ санаб ўтиш билан чекланмайди. Танқидда объективлик, холислик тамойилларига амал қилишга ҳаракат қиладики, бунда билим даражаси, дунёқарашнинг кенглиги ҳам муҳим роль ўйнайди. Саййид Ҳасан Ардашер Султон Ҳусайн Бойқаро ҳузуридаги адабий кечаларда мунтазам иштирок этган ва ҳукмдорга унинг суҳбати маъқул бўлган. Нафақат йиғинларда иштирок этган, балки мажлисларга шеър ва ҳикматли сўзлар билан “тузу малоҳат” бахш этган Саййид Ҳасан Ардашер ўз даврининг ёшлигидан камолотга эришган билимдон, салоҳиятли ва гўзал аҳлоқли кишиси бўлгани, йиғинларда мажлис аҳлидан кўра кўпроқ илмга эга эга бўлган: “Аммо адаб ва ҳилм ва тавозуъ ва ҳаё зотлариға анингдек ғолиб эрмишким, бу мужмал мазкур бўлғон фазойилдинки, тафсили: сарф ва наҳв ва луғат ва арабият ва мантиқ ва калом ва фиқҳ ва тафсирдур ва сойир таснифот, мисли: шеър ва муаммо ва таърих ва нужум ва адвор ва мусиқий бўлғай агар баъзи мажолис(мажлисларда) сўз ўтса эркандур, бовужуди улки, мажлис аҳлининг кўпидин яхшироқ билур эркандурлар, ҳам ҳаё ва адаб жиҳатидин, ҳам бировга хижолат етмасун деб, кўп сўз айтмас эрмишлар, балки кўп мажолисда такаллум (сўзламас) ҳам қилмас эрмишлар”154. Аниқроқ қилиб айтганда, Саййид Ҳасан Ардашер қанчалик билимли ва ҳозиржавоб бўлмасин, ҳамиша мажлисдаги аҳлоқ-одоб қоидаларига риоя қилгани кўринади155. Замонавий адабий жараёнда ҳам бу хислатлар муҳим эканлигини кўриш мумкин. Шу билан бирга адабий танқид ёшлар ижодидагина эмас, балки номдор ёки кекса ёзувчилар асарларига ҳам талабчанлик билан ёндашиб, баҳсу мунозараларда кескинлик кучайиб борганлиги кўринади. Танқидчи Н. Худойбергановнинг “Япроқлар бор, илдизлар-чи?” баҳс-мақоласида Мирмуҳсиннинг “Илдизлар ва япроқлар” романидаги камчиликлар кескин танқид қилинади. Н. Худойберганов ижодига разм солсак, танқидчи каттаю кичик демасдан, барчанинг асарига ғоят талабчанлик билан ёндашади. Ҳатто бу мунаққид учун мукаммал асарнинг ўзи йўқдек туюлади. Лев Якименконинг “Тинч Дон” эпопеясининг айрим жойларида баёнчилик бор, деб йўл- йўлакай айтган гапини дастак қилиб олиб (ХХ аср жаҳон бадииятининг чўққиси деб бир оғиздан тан олинган асар бу), ҳамма асардан етишмовчилик ахтаради. Жумладан, “Диёнат”даги Нормурод Шомуродовни “жонли, реал шахс сифатида намоён бўлади, деб туриб давом этади, шунга қарамасдан Отақўзи образи ёрқинроқ, кўламлироқ, чуқурроқ, ҳаётийроқ бўлиб чиққанки, бу табиий ҳолдир”. Мунаққид бир оз ўтиб, Отақўзи образидан ҳам камчилик чиқаради: “Отақўзи образида кўзга ташланадиган қандайдир бир мавҳумлик, ноаниқлик бор, унинг “интим” дунёси, оилавий ташвишлари, шахсий ҳаёти кам ёритилади....... Ахир Отақўзидай кучли, йирик, зиддиятли, мураккаб шахснинг севгиси ҳам ғоятда кучли, мисли кўрилмаган даражада мураккаб, чигал, зиддиятли, бўлиши керакмасми?!” Кўриниб турибдики, мунаққид ёзувчининг ғоявий нияти таркибига кирмаган нарсаларни талаб қилмоқда. Н.Худойбергановнинг ниҳоятда фаоллиги “Муҳими бадиий ҳақиқат”, “Схематизм иллат” каби теран баҳсларида яққол кўринади. Драматик санъат тараққиётининг баъзи масалаларига бағишланган “Моҳиятни ёритиш лозим” деган баҳс-мақоласида бу мунаққидга хос кўп сўзлик, ноизчиллик, стилистик ғализлик ва ҳиссий майлларга берилиш иллати кўринади. Муаллиф драматургия танқидчиларини бирор асарни конкрет таҳлил қилмайди, деган тезисни шунча жойгача чўзади ва ўзи ҳам бирорта асарни аниқ таҳлил қилмайди. “Сени ўйлайман, замондош” деган тўпламида, “Шоир бўлиш шартми?” деган мақоласида ҳам фақат умумий фикр юритади. “Оригинал поэтик образлар кашф этган”, “оригинал поэтик восита” топган одамгина ҳақиқий шоир бўлиши мумкин, унингча. Н.Худойбергановнинг “Литературная газета”, “Литературное обозрение”, “Дружба народов”да ёшлар прозаси тўғрисида қатор мақолалари чоп этилганки, уларда масала ҳам бор, композицион яхлитлик ҳам бор, фикр изчил ва мантиқли. Олимнинг “Дилу тил сеҳри” деб номланган рисоласи ўзи таъкидлаганидек, “Ҳозирги, яқин ва бирмунча узоқ ўтмишдаги адабий-бадиий, илмий-ижодий жараённи истиқлол талабларига мувофиқ ёритишга қаратилган муайян кузатишлар, мулоҳазалар ва баҳслар”дан иборат. Ўзбек танқидчилигида энг кўп баҳсга чорловчи, кескин мақолалар шу танқидчи ижодида учрайди. “Н.Худойберганов барча мақола ва тадқиқотларида шоир, адиб ва ҳамкасбларини мунозарага чорлайди. Шу маънода “Кашфиётлар йўлида” китобига “Адабий мавзуларда муҳокама, мунозара ва мулоҳазалар” деган таглавҳа қўйилиши бежиз эмас. Ўзгаларни мунозарага чорлар экан, айни вақтда, унинг ўз фикрларида ҳам баҳсли нуқталар бўлиши табиийдир. Шу маънода А.Мухторнинг “Чинор” романи, Саид Аҳмаднинг “Келинлар қўзғолони” ҳамда Э.Воҳидовнинг ғазаллари муносабати билан мунаққид айтган танқидий фикрлар ўз вақтидаёқ кескин баҳслар уйғотди. Вақт, замон шоир ва ёзувчиларнинг нотўғри йўл тутмаганларини тасдиқлади”156. Н. Худойбергановнинг “Олтин девор” комедиясини баҳолашида ҳам шунга ўхшаш ҳол кузатилишини Л. Қаюмов кўрсатиб ўтади157. Л.Қаюмов давр танқидидаги ҳолат ҳақида тўхталиб, унда асарни холис баҳолашга интилувчи “одил танқидчилар”, мадҳиябозликни ўзига касб қилиб олган “ғайри танқидчилар” ҳамда асардан асосли-асоссиз камчилик қидирувчи “ўта танқидчилар” борлигини таъкидлайди. Аммо шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, бадиий адабиётдаги қасидабозлик, юзхотирчилик, офаринбозлик, истеъдодсизликка қарши курашиш танқидчи ижодининг етакчи хусусиятидир. Унинг адабий-танқидий мақолаларида талабчанлик ва муаллифлар билан баҳсга киришиш ҳукмронлик қиладики, бу унинг ижодий позициясидан чекинмаганлигини кўрсатади. Адабий танқиднинг бошқа жанрлари сингари баҳс ҳам бугун шаклий изланишларда. Шунинг ўзиёқ бу жанрнинг тараққиёт йўлида эканлигини кўрсатади. Шу жиҳатдан баҳслар ҳам адабиётнинг ривожланиши ва ўсишига алоҳида замин яратмоқда. Унда бутун масъулият муаллиф зиммасига юкланган. Шахс ва ижод мутаносиб бўлгандагина етук асар яратилади эмас, балки аксинча, етук асарларни етук шахслар яратадилар. Бу тарихда исботланган ҳодиса ва ҳеч қачон ундан кўз юмиб бўлмайди. У.Норматов “Жунбуш” деган муаммоли мақоласида ҳирсий ҳолатларга, натуралистик тасвирга йўл қўйилган кўпгина асарларни одилона танқид қилади. Тўғри, “Мангулик” ва “Кўз қорачиғи” романлардаги интим тасвирлар ёзувчининг ғоявий ниятига фаол хизмат этса-да, У.Норматов уларни ҳам танқид қилади. Унинг устига мунаққид аввал иккала асар тўғрисида ҳам ижобий мақолалар ёзган эди. Ёзувчи Ш.Холмирзаев бошлаб берган “Адабиёт ўладими”? баҳси юзасидан кўплаб мақолалар чоп этилди. Бу мақолаларнинг аксарияти “ЎзАС”да, шунингдек “Миллий тикланиш” ва “Қалб сўзи” ва бошқа нашрларда эълон қилинди. Баҳсда Н.Каримов, М.Намозов, А.Отабоев, О.Шарафиддинов ва бошқа адабиётшунос олимлар иштирок этдилар. Баҳс бўляптими, демак, шууримиздаги қайсидир депсиниб турган фикр янгиланиб, ривожланиб бормоқда. Баҳсда бирор нарса бир ёқлама эмас, ҳар томонлама мушоҳада этилади, бир қолипга тушиб, бўғриқиб, ҳатто қотиб қолган қарашлар ҳаракатга келади. Баҳслар жараёнида адабиётимизнинг қиёфаси: наср, назм ва танқидчилигимиз, уларнинг ютуқ ва камчиликлари ҳақида ҳам фикр билдирилган. “Санъат халқ учунми?” деган баҳсли саволга А.Отабоев жуда чиройли жавоб қайтара олган бўлса, Р.Раҳмат яқин орада шу мавзуда адабий баҳс бошланса керак ва шундай баҳснинг бошланишига туртки берадиган ҳодисалар пайдо бўлаётир, ўша баҳсда қатнашиш ниятим бор деб жавоб берган. А.Отабоев бу таъриф атрофида назариябозлик қилишни ўзига эп кўрмайди. “Санъат санъат учун” энг юксак мезонлигига шак келтирмайди ва “санъат санъат учун” дегани бу халқдан санъатни тортиб олиш эмас деб ўйлайди. Дарҳақиқат, ижодкорга шарт қўйиб бўлмайди. У нимани ёзишни ўзи белгилаб олиш ҳуқуқига эга. Истеъдод мустақил давлат, у ҳеч кимга бўйсунмайди ва ҳатто ижодкорга ҳам. Ҳар иккала адабиётшуноснинг услубида лиризмга мойиллик кучли, фикрлар бўёқдор сўзлар воситасида рўёбга чиқарилган. Эмоционаллик юқори даражада. Бу хусусият бирлашган ҳолда мақоланинг таъсир даражасини вужудга келтирган. Мақолалар қисқа, фикрлар ихчам ва лўнда шунинг баробарида нуқтаи назарлар жудаям кескин. Бирор бир қараш даъволигига қолиб кетмаган етарли асослар ёрдамида исботланган. Муҳими, бу баҳс фақатгина адабиётшуносларгина эмас, журналхонни ҳам ўзига тортади. Адабиёт дарди муаммолари аниқ математик усулда бадиий жиҳатдан керакли меъёрда етук даражада чизиб берилган. Баҳс учун танланган мавзу бир неча асрлардан буён мунозараларга сабаб бўлиб келаётган ва ҳозирги кунда ҳам ўз қудратини, ўз жозибасини йўқотмаган мавзу муаммолардан. А. Қаюмов “Адабий танқид ва ижодий жараён” сарлавҳали мақоласида танқидчиларнинг маҳорати сезиларли равишда ошаётганлиги ҳақида фикр юритиб, танқидчининг ижодий қиёфаси масаласига алоҳида урғу қилади. “Чиндан ҳам танқидчи санъаткор билан муҳит орасида бир робита, бадиий асарни холис ва ҳалол баҳоловчи ҳакам санъат асарининг ўқувчи ва томошабин орасидаги тарғиботчиси, нафосат қонунларини умумлаштирувчи олим, ижоднинг ғоявий-бадиий юксаклиги учун тинмай курашга даъват этилган адибдир. Халқнинг эстетик дидини тарбиялашда танқиднинг аҳамияти катта”,- деб ёзади158. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, баҳсни яратувчилар ҳам мана шу айтилган вазифаларни тўла-тўкис бажаришга ҳаракат қиладилар. Бир сўз билан айтганда, бугун адабий-танқидий жанрлар адабиётнинг шкаласи, унинг бир тури бўлган баҳслар ҳам адабиётнинг, умуман олганда, ижтимоий-сиёсий, маърифий-илмий асарларнинг сифат даражаларини белгилаб берувчи меъёр мезонларидан биридир. Бу мезон янгиланди ва кенгайиб бормоқда, унинг адабий танқиднинг асосий, етакчи қисмларидан бирига айланишига шак -шубҳа йўқ. “Мустақиллик даври танқиди, бир томондан, зўравонлик асосига қурилган шўровий мафкурани инкор этгани ҳолда, умумбашарий мезонларга уйқаш Миллий истиқлол мафкурасини шакллантириб, мустаҳкамлаб борди. Шу боис истиқлол даври танқидчилигида шўро адабиётини қайта баҳолаш етакчи масалалардан бирига айланди. Бу давр танқидида шўро даври адабиётига муносабат бир хилда бўлгани йўқ. Бу масала мунозараларга бой, эҳтиросли, кескин, қарама-қарши фикрлар майдонига айланди. Бир томондан, шўро даври ижодкорлари асарларини эҳтиёткорлик билан янгича мезонлар, янгича методологик тамойиллар асосида баҳолашга интилиш кўзга ташланса, бошқа тарафдан, уларни баъзан бирваракайига ва салкам ёппасига инкор этиш тенденцияси ҳам бўй кўрсатди. Дастлаб адабий танқиднинг шўро даври адабиётига муносабатида синергетик йўналиш устуворлик қилди. Тасдиқ билан инкор, мувозанат билан мувозанатсизлик, бутун билан тартибсизлик (хаос) бу давр танқидига хос хусусиятдир”159. Шўро даври ўзбек адабиёти, хусусан, адиблар Ғ.Ғулом, Ойбек, А.Қаҳҳор ва Ҳ.Олимжон ижодларига янгича ёндашув ва холис баҳо бериш бу давр танқидининг долзарб вазифасига айланди. Қизғин кечган баҳс-мунозараларда шўро даври ўзбек адабиётига, юқорида номлари зикр этилган адиблар ижодига икки хил қараш юзага чиқди: улар замонасозликда танқид қилинди; улар ижодига тарихийлик тамойили асосида янгича концепция билан ёндашилди; бу қизғин кечган баҳс-мунозара жараёнида тўғри самарали йўл танланди, яъни шўро даври адабиёти ва адиблари ижодига хос замонасозликни яшириб кўрсатиш ҳам, уларни кескин танқид қилиш ҳам самарасиз ҳаракат; бу давр адабиётига тушуниб ёндашиш, бадиият намунаси бўлган, илғор, тараққийпарвар асарларнинг бадиий жиҳатларини ўрганиш лозим, деган хулосага келинди. Айни мана шундай фаолияти, ошкора кечган мунозаралар жараёни танқид тафаккурида илмий констепстиялар, эстетик таҳлил ва талқин тамоийллари қарор топишига замин ҳозирлади160. Бу хусусият Ойбек, А.Қаҳҳор, Ҳ.Олимжон, Ғ.Ғулом каби ёзувчилар ижодига муносабатда, айниқса, ёрқин кўринади. Истиқлол даври танқидчилигида Абдулла Қаҳҳор ижодини қайта баҳолаш кун тартибига чиқиб, бу даврда адиб ҳақида кўплаб мақола ва рисолалар, тадқиқотлар чоп этилди. 80-йилларнинг охирларидан бошлаб Қаҳҳор ҳақида зиддиятли қарашлар вужудга кела бошлади. “Қутлуғ қон” романи сингари “Сароб”, “Синчалак”, “Ўғри”, “Даҳшат” каби асарларига муносабат, таҳлил ва талқин баҳсли кечди. А.Қаҳҳор ижодига муносабатда икки хил ёндошув кўзга ташланади. С.Мелиев, Ҳ.Каримов, А.Улуғов каби мунаққидларнинг айрим мақолаларида адибнинг “Сароб”, “Синчалак”, “Ўғри”, “Даҳшат” каби асарларида шўро даврига хизмат қилувчи ғоя етакчилик қилиши айтилди. С.Мелиев, Ҳ.Каримовларнинг “Ўғри”, “Даҳшат” ҳикоялари ҳақидаги танқидий характердаги баҳс-мақолалари ва уларга жавобан ёзилган Д.Қуронов, С.Содиқ баҳс-мақолалари мунозарада фикрлар “жанги”нинг кучайганлигини кўрсатади. С.Мелиев ва Ҳ.Каримовлар Абдулла Қаҳҳорнинг ўтмиш мавзусида ёзилган асарларида воқеа-ҳодисалар шўро даври сиёсати ғоялари нуқтаи назаридан ёритилган, шунинг учун сохта ғояга асосланганлиги учун бу асарлар юксак бадиийлик намуналари бўлолмайди, деган хулосага келадилар. Адабиётшунослар С.Содиқ ва Д.Қуронов кузатишларида ҳам асарлар ўша давр ғоялари билан боғликликда талқин этилади. Бу эса баҳс-мунозараларда кўпроқ эътибор ғояга қаратилгани, яъни Абдулла Қаҳҳор “ўтмиш мавзусидаги асарларида шўро ғояларини тарғиб қилганми ёки аксинча, фош этганми, деган масала етакчилик қилганлигини кўрсатади”. С.Мелиев, Ҳ.Каримовларнинг “Ўғри”, “Даҳшат” ҳикоялари ҳақидаги танқидий характердаги мақолалари ва уларга жавобан ёзилган Д.Қуронов, С.Содиқ мақолаларида турли хил қарашлар ўртага ташланади. Аксинча, иккинчи ёндошув вакиллари О.Шарафиддинов, У.Норматов, Б.Назаров, С.Содиқ, И.Ҳаққулов кузатишларида А. Қаҳҳор ижоди янгича мустақиллик мафкураси нуқтаи назаридан, янгича методологик тамойиллар асосида баҳолашга ҳаракат қилинганки, бу адабий-эстетик тафаккурдаги янгиланишларнинг қарор топаётганлигинидан дарак беради. Бизнингча, асарни “муайян давр ғоясига боғламасдан матннинг ўзидан келиб чиқиб талқин этилганда асл моҳият ойдинлашган бўлар эди. Ваҳоланки, мазкур танқидий қарашларга ва уларнинг оппонентлари томонидан берилган жавобларга ҳам давр ғояси деган тушунча халақит берганлигини кўрамиз. Бироқ, айни чоғда, шуни таъкидлаш лозимки, мазкур баҳслар Қаҳҳор ижодини англашга, унинг эстетик тамойилларини тушунишга хизмат қилди. Мазкур баҳслар шу жиҳати билан характерлидир”161. Ҳақиқий олим далиллар моҳиятини ёритади, уларни қуруқдан-қуруқ санайверишдан ўзини тияди. Масалан, О.Шарафиддиновнинг (“Шеър кўп, аммо шоир-чи?”) баҳс- мақоласининг ўз йўналиши, мақсади бор. Синчковлик, аниқ далиллар таҳлилидан кенг умумлашма чиқариш йўлидан бориш мақола учун муштарак белги ҳисобланади, шу билан мунаққиднинг тадқиқ этилаётган муаммо юзасидан қатъий позицияси ҳам аниқ кўриниб туради. Олимнинг шеърият таҳлилга бағишланган қатор тадқиқотларида ҳам бу позициясидан чекинмаганлигини кўрамиз. Ёш шоирлар ижодидаги янгиликларни батафсил шарҳлашга, унинг келажагини очишга интилган танқидчи ёшлар ижодидаги ижобий анъаналарни тасдиқлагани ҳолда уларнинг ижодий ўсишида тўсқинлик қилаётган нуқсонларни аниқ кўрсатиб беради. Шу билан бирга танқидчиларнинг етук асарлари ғоявий юксак, илмий чуқур, принципиал ва таҳлиллар мукаммал бўлиши лозимлигини кўрсатади. Истиқлол даври танқидчилиги шеърият масаласида ҳам баҳсу мунозарани давом эттирди. О.Шарафиддинов ХХ асрнинг 60-йилларида “ Шеър кўп, аммо шоир-чи?” деган ўз даврида ҳам воқеа бўлган баҳсли муаммоларни ўртага ташлаган бўлса, унинг таъсирида адабиётшунос Эргаш Очил “Шоир кўп, аммо шеър-чи” деб номланган баҳси билан чиқди162. Унда бугунги кунда шеъриятнинг савияси тушиб кетаётганлиги, ҳиссиз, савиясиз шеърларнинг кўпайиб бораётганлигидан олим ўзининг кузатишлари, хулосаларини ўртага ташлайдики, бу қарашлар, нафақат мутахассисларни, балки кенг китобхонлар оммасини ҳам бефарқ қолдирмаганлиги кўринади. Адабий-танқидий баҳсда илмий муаммо батафсил ва ишонарли ёритилади, шунинг учун танқидчининг субъектив мулоҳазалари ва ўзига хос услуби ёрқин намоён бўлади, унинг илмдаги янги қарашлардан хабардорлиги ўқувчи диққатини тортади. Ҳар бир баҳсда танқидчининг ўзига хос фазилати: ижодий дадиллик, пухта назарий билим, мустақил нуқтаи назари яққол сезилиб туради. У. Норматовнинг “Ҳаёт тақозоси” мақоласида ҳам айни масала қаламга олинади. “Танқид учун илҳом, эҳтирос, ижтимоий заруриятнинг ўзигина кифоя қилмайди, - деб ёзади танқидчи. – Айтадиган фикрни аниқ, равшан, жонли, самимий баён этиш, тил ва ифода маҳорати ҳам ниҳоятда муҳим. Баъзи танқидий мақолаларда шу нарса етишмайди. Пала-партиш, алғов-далғов жумлалар билан тўлиб-тошиб, ҳатто оддий саводхонликдан ҳам маҳрум “асар”лар танқидчиликка соя тушираётир” (Совет Ўзбекистони. 1973. 4 февраль). Баҳсда баҳс маданиятига риоя қилиш муҳим ҳисобланади.Бу танқидчининг юксак маданиятга эга ёки эга эмаслигини баҳоловчи мезон деб қараш мумкин. Баҳс-мақолаларда мунаққидларнинг бадиий асар ҳақидаги ўринли мулоҳазалари, ҳукм-хулосалари, кузатишлари қизиқиш уйғотади, баҳслашишга чорлайди. Аммо мақтов ҳам, танқид ҳам умумий мулоҳазаларга асосланса ёки ўринли бўлмаса, ҳеч кимга таъсир кўрсатмайди. Ҳақиқатан ҳам баъзида биров билдирган фикр ўзимиз ўйлагандай чиқмаса, тасаввуримизга мос тушмаса, дарров қандай қилиб бўлмасин, раддия беришга шошиламиз. Агар ҳаммага маълум гаплар билдирилса, тўғрими, нотўғрими, дарров қўллаб-қувватлаймиз. Аслида униси ҳам, буниси ҳам маънавий-руҳий тараққиётга, бадиий адабиёт ривожига зарар келтиради. Тафаккурда, фикр-мулоҳазаларда эркинлик бўлса, мустақилликка йўл очиб берилса, ҳар хиллик, плюрализм пайдо бўлиб, бу тафаккурнинг равнақига, ўсишига туртки беради, ёзувчи ижодининг юксалишига, ўқувчининг эстетик онги бойишига ҳам йўл очади. Шунинг учун баҳсларда ҳақиқат учун курашиш энг асосий мақсад бўлиб шаклланиши лозим.шу билан бирга баҳс маданиятига риоя қилиш мунаққиднинг эстетик олами бойлигидан дарак беради. Баъзи танқидчилар баҳс маданиятига риоя қилмаганликлари, бир-бирларини қоралашга, фикр-мулоҳазаларини рад этишга ҳаракат қиладиларки, бу фикрлар “жанги”нинг мувозанатдан чиқиб кетишига сабаб бўлиб, адабий жамоатчиликда ҳам нохуш из қолдиришга сабаб бўлмоқда. Адабиётшунос А.Рустамов профессор И.Абдуллаевнинг Н. Жумаев мақоласининг услуби умумий руҳи тўғрисида сўзлаб, у “бизни койиди”, “бошқаларни саводсизликда айблаш яхши эмас” деб нолишга ҳаққи борлиги, ёш олимнинг профессорни “асоссиз ҳаётий уйдирмаларга” йўл қўйган киши сифатида таърифлаши, унинг “баён этиши кераксизгина эмас, зарарли ҳамдир” деб баҳолаши, шубҳасиз мунозара маданияти доирасидан чиқиб кетиши деб ҳисоблайди 163. Адабиётшунос В.Раҳмоновнинг баҳс-мақоласини мунозара маданиятининг юксак намунаси деб ҳисоблаш мумкин. Чунки мақола рақибга мурожаат ва унинг меҳнатларини тан олиш руҳи билан бошланади: “Муҳтарам Нусратулла Жумахўжа! Сиз мен ҳақимда қанақа салбий фикрда бўлсангиз, мен Сиз ҳақингизда, аксинча, жуда ижобий ва юксак фикрдаман. Сиз олим сифатида ўзбек адабиёти тарихи фани бахтига туғилган устоз ва тенгдошларимнинг фахри сафидасиз. Сиздан илтимосим: баҳсга ўч бўлманг. Чунки Сиз баҳсда қизишиб кетиб, ўз даражангиздан қуйилашиб кетишга мойил бўлар экансиз. Агар шундай бўлмаса, мақолангизда республика жамоатчилигига очиқчасига: Дарслигимиз камчиликлардан холи, деган даъводан йироқман... нашрдан нашрга тозаланиб бормоқда”, деб эълон қиласизми?”164. Баҳс давомида олим вазминлик билан рақибнинг даъволари хато эканлигини бирма-бир кўрсатиб беради. Мисоллар асосида баҳснинг осон ҳал бўлиш йўлларини кўрсатиб беради. Ҳатто Н.Жумахўжа томонидан ўзининг хатолари тўғри кўрсатилганини ҳам мардлик билан тан олади. Танқидчилигимиз тарихида шундай ҳолатлар учрайдики, баъзи мунаққидлар мақолаларида рақибнинг фикрини рад этиш, ҳақ гапларни ҳам тан олмаслик қусурлари учрайди. Адабиётшунос О.Тоғаев мақолаларига назар ташлайдиган бўлсак, уларда рақиб томоннинг мулоҳазаларини кескин рад этиш руҳи устуворлиги кўринади. Танқидчи С.Содиқнинг баҳс-мақолаларида ҳам шундай хусусият яққол кўринади. Бу ҳақда А.Расулов шундай ёзади: “Улкан маҳорат самараси” мақоласида Санжар Содиқ “Даҳшат” ҳикоясини баҳс-мунозара асосида таҳлил қилади. У мунаққид Ҳ.Каримовнинг “Даҳшат” ҳикояси ҳақидаги барча қарашларини инкор этади...”165. Ҳақиқатан ҳам баъзи танқидчиларнинг бошқаларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олмаслик, фақат ўзининг қарашларини тан олиш каби қусурлар барча давр танқидчилигида учрайди. “Адабий танқидчилигимиз тарихида жангари, ўнгу чапга қарамасдан савалаб ташлайверадиган танқидчилар кўп бўлган. Қайси машҳур, халқ қалбидан жой олган бадиий асар бундай жангарилар ҳужумига дучор бўлмаган дейсиз? Замон – одил ҳакам: машҳур асарлар яшаяпти. Аммо “мевали дарахтга тош отганлар” ном-нишонсиз кетдилар...”166. Бу фикрларнинг тўғрилигини “жангари” танқидчилар ҳужумига учраган “Ўткан кунлар”, “Сароб”, “Навоий” сингари бадиий яратмалар бугун ҳам яшаётганлиги яққол намоён этади. Баҳсларда ҳам адабий танқиднинг барча жанрларида бўлгани каби мунаққиднинг позицияси аниқ бўлиши керак. Авар шоири Р.Ҳамзатов айтганидек, шамолга қараб эсадиган флюгер бўлмаслиги керак танқидчи. Шу билан бирга талабчанлик, мавжуд нуқсонларни йўқотишга интилиш, ҳали адабиётни юксалтириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар кўплиги ҳам аён бўлмоқда. Адабий-бадиий танқид савиясини кўтариш учун турли хил баҳслар уюштирилиши лозим ва бу баҳслар ҳақиқатни кашф этишга, китобхоннинг эстетик дидини тарбиялашга қаратилиши зарур. Шу билан бирга адабий-танқидий баҳсда ҳам бадиий асарда бўлгани сингари руҳ бўлиши шарт. Адабий жараёнда ўз ўрнига эга кўпчилик баҳслар шуниси билан эътиборга моликки, бунда танқидчи ўзининг асар ҳақидаги кескин ҳукмини чиқармайди, балки баҳсга қатнашганлар билан фикр алмашади, ижод сирлари билан қизиқиб, уларни китобхонга очиб беради, бевосита мулоқотда бўлади. Даврнинг адабий-танқидий тафаккури даражасида туриб, фикр юритиш ҳам танқидчилик талантининг муҳим белгисидир. Биз юқорида таҳлилга тортган адабий баҳсларда танқидчиларнинг ҳам қиёфаси, услуби, позицияси, илмий-бадиий тафаккурининг кучи у ёки бу даражада намоён бўлади. Самимиятни қўлдан бермаган, адабий танқиднинг юксак вазифасини юракдан ҳис этган танқидчи адабий танқиднинг қайси жанрида бўлмасин, энг яқин ёзувчи дўстига ҳам ҳақ гапни дангал айта олади. Шу жиҳатдан қараганда, адабий баҳслар адабиётнинг, адабий жараённинг, ёзувчи ижодининг ойнаси бўлиши мумкин экан. Баҳс бугун ҳам шаклий изланишлар жараёнини кечирмоқда. Шунинг ўзиёқ бу жанрнинг тараққиёт йўлида эканлигини кўрсатади. Айниқса, бугунги адабий жараёнда энг кўп баҳсга сабаб бўлаётган модернизм масаласида буни яққол кўриш мумкин. Р.Қўчқоров, У.Ҳамдам, М.Намозов, Р.Раҳмат, А.Отабоев, Б.Рўзимуҳаммад сингари ёш олимларнинг интилишлари ва жуда кўпчиликка манзур бўлаётган чиқишлари унинг шаклий жиҳатдан ҳам бутунлай “алоҳида”лашиб бораётганлигидан далолатдир. “Ўзбек адабий танқидчилигида баҳс бошқа жанрларга нисбатан камроқ ёзилишининг сабаби бу жанрда ижод қилиш мунаққиддан нафақат билим, балки катта жасорат, холисликни талаб этишидир. Чўлпон, А.Қодирий, Ғози Олим Юнусов, Ойбек, О.Шарафиддиновлар баҳс жанрида самарали ижод қилганлар”167. Шукур Холмирзаевнинг “Адабиёт ўладими?” мақоласи (кейинчалик 1998 йилда “Тафаккур” журналида босилиб чиққан) кўпчилик адабиётшунослар орасида кескин мунозараларга сабаб бўлди. Адиб жамият тараққиётининг инсон шахсига таъсири масаласини фалсафий категорияга айлантиради. У жамият ва шахс тақдири узвий алоқадорликда эканлигига урғу бериб, фан - техника ривожланган сари кишиларнинг адабиётга бўлган муносабати ўзгарадими деган саволни ўртага ташлайди ва бу адабиёт ўладими? дея ўз ўзига сўроқ беради. Мақола муаллифи ўз саволига ўзи жавоб қайтаради. Унинг фикрича, адабиёт боқий, у инсоннинг ҳам маънавий, ҳам руҳий, ҳам кундалик зарур эҳтиёжи. Дарҳақиқат, бу эҳтиёж, бу зарурат инсон инсонлигини таъминлаб турувчи энг муҳим омиллардан биридир. Фан-техника ривожланиши натижасида жамият қай даражада ўзгармасин, аммо адабиётга бўлган муносабат ўзгармасдир. Ш.Холмирзаев адабиётнинг инсон ҳаётидаги ўрни масалаларига тўхталар экан, ҳақли равишда ХХ асрда яшаб ижод этган ижодкорлар ижодига объектив ва холис ёндошиб, муаммони ёритади. Адиб шундай ёзади: “Мен “Қутлуғ қон”ни ҳали ҳам ҳузур қилиб ўқийман ва ҳар гал кўнглимда турли мулоҳазалар уйғонади. Мана, Мирзакаримбой ҳақидаги ўйларимдан бир шингил: Бой бўлишнинг ўзи бўлмас экан. Ахир, у одам нақодар тадбиркорлик билан бой бўлди! Хотинининг тақинчоқларигача чиқариб сотди, ер олди. Ўғли Ҳакимбойвачага зўр маслаҳат берди-я, Фарғонада пахта заводи очиш тўғрисида? (Ўзимизда заводлар бўлиши лозимлиги ҳақида бойларимиз ўшандаёқ ўйлаган экан-да?!) Унинг Йўлчибойга маслаҳатлари … Хўп ана, Мирзакаримбойнинг ўн олти ёшар Гулнорни хотинликка олишини ёмон дейлик. Лекин бу ҳолни ҳам тушуниш мумкин: нима қипти ёш хотин олган бўлса? Ва ҳоказо…”. Адабиётшунос-танқидчилар кашф этган (аввал бошда Абдулла Қаҳҳор тамал тоши қўйган) бир дастур борки,унинг барбод бўлиши талай адибларни ҳам тентиратиб, бояги маълум саволни дозарб қилиб қўяди. У дастур –“Халқнинг дилидагини ёз!” деган ақидадир. Ҳайҳот, аслида бу ақида соцреализмнинг “Ҳаётдаги ижобий воқеаларни ёз!”, яъни мазкур истибдод тузумини улуғла ва унинг ғояларига мос қаҳрамон топмасанг, яратгин деган ғайриадабий талабларга жавобан кашф этилган усул эдики, у адабий ҳодисаларни баҳолашда ҳам катта ўлчов бўлиб қолган эди! Шунинг учун ҳукуматбоп қилиб тўқилган одамлар ўрнида шарпалар ҳаракат қиладиган қўлёзмалар ҳам шу ўлчовга сиғиб кетаверардики, охир-оқибат ўшандай асарларнинг муаллифлари ҳам: “Мен халқнинг тили учида турган гапни ёздим!” деб даъво қиларди. Бунинг аксини айтган танқидчини эса у ёқасидан олар, ҳукуматга қарши қўяр эди. Эътироф этиш керакки, соцреализм йўлида ҳам яхши роман, қисса, ҳикоя ва шеърлар ёзилади. Мана, энди асл адабиётнинг “асл масаласи”га етиб келдик. У шундан иборат эдики, адабий ҳодисани, яъни асарни ичдан ёритиб ва тўппа тўғри кўнгилда акс садо бериб, кишини қаёққадир бошлайдиган бир нур бўлар экан! Илло, инсоннинг ўзи ҳам табиатан қандайдир бекатга- нурга интилади! Гап ўша нурнинг қандай қандай эканида ,холос! Зеро, у нурнинг шакли-шамойили кўп, шуниг учун уни ҳар хил тушунадилар. Чунончи, Хемингейнинг таърифича, у- “ашаддий истеъдод соҳиби”, Киплин ижодида эса, у- одамларнинг одами- оқ танлидир168. Адибнинг адабиёт ҳақидаги мулоҳазалари адабий жараённи жонлантиришга хизмат қилди, десак адашмаймиз. “Гапнинг қисқаси, санъатнинг, жумладан Адабиётнинг ҳам, шакл-шамойили ва тасвир воситалари бойиб келмоқдаки, бу-да кўнгил талабидир. Демак, Адабиётнинг асл-азалий мақсади – тарбия, яъни – инсонни эзгуликка тортиш, энг олий нурга етакаш экан, бу ҳам бевосита қалб эҳтиёжидирки, инсон барҳаёт экан, бу эҳтиёж ҳам яшайверади”169 деган хулоса билан тугаган маърузани ёзувчи Ёзувчилар уюшмасидаги йиғилишда ўқиган. Кейин газетада маъруза чоп этилади, шу мавзудаги адабий баҳс бошланди. Ҳар бир муаллиф бу муаммоли, бир қарашда “ғайритабиий” фикрга ўз муносабатини билдирди. Ш.Холмирзаев баҳс орқали ўртага ташлаган муаммо унинг қатъий позицияга эга эканлиги, адабиётнинг равнақига хизмат қила олиши жиҳатидан ҳам маълум аҳамиятга эга. Баҳсга киришган танқидчилар кўпинча, ўзларининг фикрлари, қарашларини ўзгартирмай охиригача ундан воз кечмайдилар. Баъзилари эса жуда кўп танқидий фикр айтса-да, мақола якунида ижобий хулосалар беришга ҳаракат қилгани кўринади. Масалан, Н.Худойберганов “Икки ҳаёт икки ўлим” баҳс-мақоласида роман ҳақида фикр билдирган мунаққидлар билан роса тортишади, ўзининг кескин қарашларини билдиришга ҳаракат қилади, романнинг бир қатор камчиликларини танқид қилса-да, хулосада шундай мулоҳазаларни ёзади: “Улуғбек хазинаси” яна қанча-қанча илмий мақолалар, тадқиқотларга “озуқа” бўлади, баҳслар, тортишувларга асос беради. Бу асар замонавий руҳ билан суғорилгани, характерларнинг чуқур очиб берилгани, ғоявий-бадиий жиҳатдан етук чиққани, тарихий ўтмишдан ўзига хос “дарча” очиб, диққатимизни ўша даврнинг фожиаларига қаратгани муҳим аҳамият касб этади”170. Нусрат Раҳматнинг “Бефарқ қаролмайман” деб номланган баҳс характеридаги мақоласи (ЎзАС, 2003, 23.05.21-сони) Ш.Холмирзаевнинг мустақилликнинг дастлабки йилларида чоп этилган “Адабиёт ўладими” деган баҳсига жавобан ёзилган ва унда ҳам бугунги кундаги адабиёт, адабий ҳаёт, ёзувчи ва китобхон, ўқувчиларнинг китобга муносабати ҳақида сўз боради. “Адабий ҳаётимиз ҳақида гапирадиган бўлсак, тўғри, китоблар чоп этиляпти, тақдимотлар ўтказиляпти. Аммо кўнглимиз нимадандир тўлмаётганини айтиш жоиз”. Бу мақолада ҳам муаллифнинг аниқ позицияси яққол намоён бўлган. “Ибтидоий жамоа даврида шеърият бўлганми ёхуд, Шукур Холмирзаевнинг “Адабиёт ўладими” мақоласига чизгилар”, Отажон Норовнинг “Адабиёт ўладими? ёхуд Шукур Холмирзаевнинг мангу саволи” (2012) баҳс-мақоласи чоп этилди. Истиқлолнинг бошларида бошланган баҳс кейинги ўн йилликларда ҳам давом этганлиги мунаққидларнинг фаоллигини кўрсатади. Адабий - танқидий жанрларнинг барчаси сингари баҳслар ҳам илмий муаммони кенг ва ишонарли ёритиши, олимнинг субъектив қараши ва услуби, адабиётшунослик илмидаги янги қарашлардан хабардорлиги жиҳатидан муҳим. Ҳар бир баҳсда танқидчининг ўзига хос фазилати: ижодий дадиллик, пухта назарий билим, мустақил нуқтаи назари яққол сезилиб туради. Ҳар бир мунаққид ўз адабий-танқидий асарида у муаммоли мақола бўладими, баҳс ёки тақриз бўладими, бундан қатъи назар янги фикр айта олиши, адабий жараёндаги ёхуд у ёки бу жанрда яратилган асардаги янгиликни тезда сеза биладиган, асарнинг номаълум томонларини кўра ва китобхонга кўрсата олиши, ёзувчининг ўзига хосликларини очиб бериши лозим. Хулоса қилиб айтганда, баҳсларда ҳам танқидчилик истеъдоди бошқалар кўрмаган нарсани кўришда кўринади, шу билан бирга танқидчининг диққати нимага қаратилиши, танқидчи талантининг йўналиши, мақсади масаласи ҳам ниҳоятда муҳим. Қўлига қалам олган танқидчи нима деяётганини аниқ билиши, китобхонни чалғитмаслиги лозим. Танқидий асар ҳам ёзувчига, ҳам китобхонга, ҳам адабиёт ҳақидаги фанга хизмат этиши лозим. Мунаққиднинг қатъий позицияси муаммонинг ечимини топишда, аниқ бир хулосага келишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу жиҳатдан қараганда, адабий баҳслар ҳам ана шундай уч томонлама таъсир кучига, катта аҳамиятга эга эканлиги намоён бўлади. Шу билан бирга бугунги ўзбек танқидчилигининг бир қанча камчиликлари ҳам борлигини кўрсатиб ўтиш лозим бўлади. Масалан, у кечагидек тезкор, ҳозиржавоб эмас. Чунки кечагина танқидчилик бадиий адабиётнинг санитари ҳисобланар ва умумий йўналишидан салгина четга чиққан бирор адабий ҳодисани кўрса, тезкорлик билан муносабат билдирар эди. Бугун эса ҳодисанинг сиртини эмас, моҳиятини идрок этиш талаб қилинмоқда. Бугунги ўзбек танқидчилигининг юксалишига тўсиқ бўлаётган муаммолар бор, айрим адабиётшуносларнинг ўзгача қарашларни мутлақо қабул қила олмаслик одати ҳам танқидчилик йўлидаги тўсиқдир. Адабий танқидчиликда миллатимизга хос бағрикенглик тўла намоён бўлмаса, адабиёт илмининг ривожланиши қийин кечиши ҳақидаги мулоҳазалар тўғрилигига қўшиламиз. Download 423.41 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling