Бухоро давлат университети ҳузуридaги илмий дaрaжa берувчи phD


Шўро даврида бадиий матнга муносабатда баҳснинг ўрни


Download 423.41 Kb.
bet11/21
Sana20.01.2023
Hajmi423.41 Kb.
#1104666
TuriДиссертация
1   ...   7   8   9   10   11   12   13   14   ...   21
Bog'liq
16.02.22.Худойкулова М дисс

2.2. Шўро даврида бадиий матнга муносабатда баҳснинг ўрни

ХХ асрнинг 20-йиллари охиридан бошланган адабиётга синфийлик нуқтаи назаридан баҳо бериш тамойили кейинги даврларда ҳам давом этди. Бадиий асарга санъат нуқтаи назаридан эмас, балки синфий нуқтаи назардан баҳо бериш адабий танқидчиликнинг, шу билан бирга тақриз, мақола, баҳснинг бош вазифасига айлана борди. Бундай ҳолатни ўтган асрнинг 30-йиллар танқидчилигида ҳам кузатиш мумкин. Ю. Султонов ва Ҳ. Мусаевларнинг “Сароб” романига бағишланган мақолаларида бу хусусият яққол сезилади.


Сароб” романи устидаги илк баҳслар хусусида. Баҳснинг ўзига хос хусусиятларидан бири шуки, унда кўтарилган муаммога бирдан ортиқ ёки бир неча ўнлаб адабиётшунос, олимлар фикр билдириши мумкин. Уларнинг баъзи бирлари, табиийки, бир позицияда туриб, бир фикрни, бошқалари ундан фарқли фикрни ҳимоя қилиши мумкин. Шу жиҳатдан ўзбек адабиётшунослигида А. Қаҳҳорнинг “Сароб” романи устида бўлиб ўтган баҳс, мунозаралар эътиборни тортади. Турлича қараш, нуқтаи назарларга бой бу баҳс бир қанча вақт давом этган. Китобхонда қандайдир даражада мулоҳаза уйғотишининг ўзи баҳс характеридаги мақоланинг маълум аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади. “Ҳатто турмушдаги реакцион кучлар тасвирланганда ҳам уларнинг маълум прогрессив кучлар қаршисида қақшаётгани билиниб турсин, енгилмайтурган кучлар кўриниб турсин. Ўшандагина турмушни тўғри ва тўла англай оламиз”, - дейди баҳсда адабиётшунос Ю.Султонов. Шуниси эътиборлики, ижобий қаҳрамонлар фаолияти асарда янада чуқурроқ тасвирланиши лозим эди, деган бу фикр мунозарада сўзга чиққан деярли барча баҳс иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланди. Лекин бу фикрни талқин этиш масаласида ёзувчига талаблар қўйилиши нуқтаи назаридан тўғри фикрлар билан бир қаторда янглиш қарашлар ҳам илгари сурилди. Масалан, Ҳ.Мусаев ёзувчидан “мамлакатимизнинг иқтисодий ва сиёсий тараққиётини кўрсатиш”ни талаб қилади. Унинг шу каби бир қанча хато фикрлари аслида романга бағишланган тақризида айтилган қарашларнинг давоми эди. А. Қаҳҳор ўз қарашларини Саидий тилидан айттиради, яъни Саидийнинг фикрлари бу, аслида, ёзувчининг фикрларидир, - деган эди у мақоласида. У адибни ижобий қаҳрамонлар тасвирига кам эътибор берганликда айблайди.
Бироқ, шуниси эътиборлики, бу хато фикрлар баҳс қатнашчилари томонидан кескин қаршиликка учради. Масалан, А.Қаҳҳор Саидийга ачинади деган қарашларни ҳам, ёзувчи билан қаҳрамон ўртасига тенглик аломати қўйилувчи фикрларни ҳам Ҳ.Ёқубов кескин қоралади. Саидий образини тўғри англаш учун,- дейди Ҳ.Ёқубов, асарнинг бош ғоясини аниқ белгилаб олиш ва бош қаҳрамон билан бу ғоянинг алоқадорлиги масаласини тўғри белгилаш лозим. Олимнинг фикрлари баҳс қатнашчиларига тўғри йўналиш беришда муҳим аҳамиятга эга бўлди, шу билан бирга бугунги кун нуқтаи назаридан қаралса, Ҳ.Ёқубов қарашларида ҳам ўша замон мафкурасининг таъсири сезилиб туради.
Баҳсда сўзга чиққан Н.Охундий ҳам роман моҳиятини баҳолашда тўғри позицияда бўлади, уни Р.Мажидий, Уйғун кабилар қўллаб-қувватлайди. Бироқ унинг мулоҳазаларида ҳам шўро сиёсатининг таъсири яққол кўриниб туради.
Баҳсда иштирок этган бошқа нотиқлар романнинг асосий ғояси билан бу ғояни ифодаловчи бош қаҳрамонлар ўртасидаги ҳеч қандай номувофиқлик йўқ, бунинг устига асарда ижобий образлар ҳам мавжуд, аммо улар салбий образларга нисбатан бирмунча бўш чиққан, деган фикрларни илгари сурадилар. Масалан, Р.Мажидий бунинг баъзи бир сабабларини изоҳлаб беришга ҳаракат қилган. Ёзувчи ўз олдига асосан салбий типларни фош этиш вазифасини қўйгани учун шулар муҳитига чуқур кира олган, ижобий қаҳрамонлар муҳтиини етарли даражада ўргана олмаган ва шунга кўра уни яхши билмаслиги табиий, бу нарса романда ҳам акс этган дейди. Кўринадики, Р.Мажидий ҳам асарга синфийлик нуқтаи назаридан баҳо беришга ҳаракат қилган. У роман жанри талабларини ҳисобга олмаслик натижасида хато фикрларга йўл қўяди103. Баҳсга муносабат билдирган шоир Уйғун ҳам замонасозликка йўл қўйиб, романга хато баҳо берган.
Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, мураккаб баҳсни тартибли олиб бориш қийин ва унинг иштирокчилари қанча кўп бўлса, шунчалик жараён қийинлашади. Кўп иштирокчилар билан тортишув ўз-ўзидан “ҳал қилиниши” мумкин, айниқса, оғзаки мунозараси - фақат агар барча иштирокчилар яхши руҳий интизомга эга бўлса, айтилганларнинг моҳиятини тушуниш қобилияти ва моҳиятини тушунса, баҳснинг вазифаси енгиллашади. Аммо кўпинча мураккаб баҳс шунчалик кўр-кўрона ёки саводсиз тарзда ўтказиладики, у масалаларни "биргаликда муҳокама қилиш" учун мураккабликларни келтириб чиқаради. Афсуски, бу илмий жамиятлардаги илмий баҳслар пайтида ҳам содир бўлади. “Сароб” ҳақидаги баҳс бунинг исботи.
Уч кун давом этган мунозаранинг учинчи куни “Сароб”нинг ўзига хослиги тан олиниб, одатдаги романлардан эмаслигига тўла ишонч ҳосил қилинади. Унга одатдаги романлар андозаси билан ёндашиш нотўғри йўл деб топилади. Баҳсга якун ясаган С. Азимов фикрлари ҳам адабиётшунослигимиз учун катта аҳамиятга эга бўлди. “Қандай типни марказий фигурага олиш ёзувчининг ихтиёрида, ундан қаҳрамонлар. Албатта, ижобий ёки салбий бўлишини талаб қилиб бўлмайди, чунки бундай қилиш “адабий асарни маълум бир рамкага солиш” билан баробар,- дейди у. Адабий асарларни маълум бир рамкага солиш, шунинг учун адабий асарларда берилган нарса , албатта ижобий ёки салбий тип жуда кўзга кўринган герой бўлиши лозим эмас..”- деб хулоса чиқаради. Ва ўз нутқини “Сароб” ҳеч қандай зарарли эмас, деган жуда тўғри хулоса билан якунлайди.
Кўринадики, баҳсларда иштирок этганларнинг кўпчилиги асарни, унинг муаллифини қанчалик айблашмасин, мунозара якунида асарга тўғри баҳо берилади. Бу эса ўзбек адабий танқидчилиги ХХ асрнинг ўттизинчи йиллари охирларида савия жиҳатидан яна бир поғонага кўтарила олганини кўрсатади. Бунда “Сароб” романи ўзига хос муҳим бир туртки вазифасини ўтайди. Кейинги йилларда ҳам бу роман ҳақидаги мунозаралар давом этдики104, бу кўрсаткич ҳам баҳснинг адабий жараёнда муҳим ўрин тутганлигини кўрсатади.
“Ўзбек танқидчилигида бундай мунозаралар 40-йилларнинг аввалида ҳам давом этди. Буни 1941 йил 19-20 февралъ кунлари “Қутлуғ қон” романи юзасидан ўтказиладиган баҳсда кўриш мумкин. Социалистик реализмнинг талаблари жиҳатидан унга айрим бирёқлама баҳо бериш ҳоллари, Петров образини чуқурлаштириш зарурлиги ҳақида айрим фикрлар айтилган бўлса-да, шу нуқтада Ойбек даҳосини намоён этгувчи бир адабий далилга дуч келамиз. Адиб асарга Петров образини киритишни деярли мақсад қилиб қўймаган, фақат айрим мунаққидлар қистови, давр сиёсатининг тазйиқи туфайлигина уни романга киритишга мажбур бўлган экан. Адабиётшунос Н.Каримовнинг бу аниқлови “Қутлуғ қон” романининг асл моҳиятини аниқлашда муҳим аҳамиятга эга, албатта”105.
Ҳақиқатан ҳам ўзбек адабиётшунослигида катта баҳсга сабаб бўлган асарлардан бири “Қутлуғ қон” романидир. Шуниси эътиборлики, роман юзасидан асосий маъруза қилган М.Шайхзода ўзининг профессионал даражадаги мунаққид эканини, танқидчиликнинг ўзига хос жанрларидан бири бўлмиш мунозара олдига, хусусан, аниқ асар юзасидан мунозарани бошлаб берувчи маърузачи олдига қўйиладиган асосий талабларни чуқур ўзлаштирганини намойиш этади. Шайхзода роман муҳокамаси баҳонасида ўзбек танқидчилари олдига бир қатор муҳим масалаларни кўндаланг қўйди. Кўринадики, Шайхзода “Қутлуғ қон” романининг муҳим фазилатларини чуқур ва атрофлича таҳлил қилиш билан бир қаторда, ўзбек танқидчилиги ўрганиши лозим бўлган муҳим масалаларни ҳам кўтариб чиққан.
Шайхзодадан сўнг Виленский, проф. Штерн, Ю.Султонов, Т.Жалолов, Ҳ.Ёқубов, Р.Мажидий, И.Султон ва бошқалар баҳсга иштирок этдилар ҳамда Шайхзоданинг асосий мулоҳазаларига муносабат билдириш баробарида роман устида қизғин баҳс олиб бордилар. Масалан, Виленский романдаги қаҳрамонларнинг барчаси ҳам динамикада тасвирланган эмас, аксинча, айрим қаҳрамонлар статик ҳолда берилади, улар романга қандай кирган бўлсалар, охирида шундайлигича чиқиб кетадилар, деган фикрни билдиради. Унинг хато фикрлари роман моҳияти ва қимматини баҳолашда жиддий янглишганини кўрсатади. Унинг қарашлари баҳс қатнашчилари томонидан кескин танқидга учради. Кўринадики, мазкур баҳсдаёқ “Қутлуғ қон” романи ҳақли равишда ўзбек адабиётининг етук намунаси сифатида баҳо олди.
Юқоридаги икки роман ҳақидаги баҳслардан кўриниб турибдики, иккинчи жаҳон урушигача бўлган давр ўзбек танқидчилиги турли шакл ва йўналишларда тараққий этиб келди. Газета, журнал мақолалари, дастлабки илмий тўпламдаги тадқиқотлар ва адабий портретлар билан бир қаторда бадиий асарлар юзасидан олиб борилган баҳслар ҳам ўзбек адабий-танқидий тафаккури ривожида муҳим ўрин тутади. Адабий-танқидий тафаккурни ривожлантиришда жорий жараёнда мунаққидлар билан бир қаторда шоир ва адибларимизнинг ўзлари ҳам фаол иштирок этдилар. Юқорида академик Б.Назаров таъкидлаганидек, баҳс, мунозара, музокара шакли эса ўзбек танқидчилигининг урушгача бўлган давридаёқ энг ўктам ва фаол жанрларидан бири сифатида фаол бўлган1.
“Адабий танқид адабиётнинг партиявийлиги ва халқчилиги учун курашади”,- деб ёзилган эди 1987 йилда чиққан дарсликда. Бу мафкуравийлаштирилган адабий танқидчилик олдига қўйилган вазифанинг ёрқин ифодасигина эмас, балки партиянинг талаби ҳам эди. Бинобарин, танқиднинг ҳамма жанрларидан ҳам худди шу талаб қилинарди. Шунга қарамай, аҳён-аҳёнда бўлса-да, матбуотда ҳақиқий санъат асари ҳисобланган адабиёт намуналарига бағишлаб яратилган адабий-танқидий асарлар ҳам босилиб турди. Юқорида таҳлил этганимиз, адабий баҳслар тўғрисида ҳам шу фикрни айтиш мумкин.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, матбуотнинг юзага келиши адабий танқид жанрлари ривожини тезлаштирди. Адабий-танқид жанрлари ва унинг турли ички хиллари тараққий этди, адабий жараёнда олиб борилган баҳслар эса шу сирадаги мақолаларнинг вужудга келишига, ривожланишига замин бўлиб хизмат қилди.
ХХ асрнинг 50-йиллари танқидчилигида мунаққидларнинг эстетик таҳлил принципларини чуқур ўзлаштириб бораётганликлари поэтик асарларга бағишланган баҳсларда ҳам кўринади.
Баъзи танқидчилар, айниқса, шеъриятга бағишланган ижодий мунозараларда гоҳ сюжетли шеърга, гоҳ арузга қарши чиқиб, схоластик фикрлашнинг таъсиридан қутулолмаганликларини кўрсатдилар.Фикрлар тўқнашуви жараёнида танқидчилик ўзининг илгариги нуқсонларидан қандай қутулиб борганлиги “Ўзбекистон маданияти” газетасининг саҳифаларида уюштирилган шеърият ҳақидаги мунозарада яққол кўзга ташланади.
Мунозара “Поэзиямизнинг жўшқинлиги ва лириклиги учун” деган мақола билан бошланган. Мақола муаллифи Т. Жалолов танқидчилар томонидан ҳали етарлича таҳлил қилиб берилмаган Уйғун лирикасини диққат марказига қўяди. Уйғуннинг энг яхши лирик шеърларида “Рассом кўзи билан қараб, шоир қалби билан ҳис этилган, ақл ва идрок билан суратга олинган дилбар табиат лавҳаларидан” мафтун бўлганини жўшиб ёзади. Лекин Т. Жалолов лирикада фақат шоирнинг ўз кечинмаларинигина тан олади, учинчи шахс, яъни бошқа қаҳрамон бўлишини қусур ҳисоблайди.
Баҳсда иштирок этган О.Шарафиддинов “Лирика ҳақида мулоҳазалар” номли мақоласида Т. Жалолов мулоҳазаларидаги камчиликларни тўғри кўрсатади. Унинг лирикани қаҳрамондан маҳрум қилиш – жанрнинг имкониятларини торайтиришга олиб келади...
Қаҳрамон шоирнинг ёрдамисиз ўзи бор бўйи билан ўқувчининг қаршисида намоён бўлади, чунки кичик бир ҳаётий воқеа орқали шоир қаҳрамоннинг яхлит характерини бера олган...106
Баҳс - мунозара давомида “Сюжет лириканинг фазилатими ёки нуқсоними?” деган масаланинг жиддий баҳс қилиниши ўша даврдаги шеърият ривожига таъсир қилган долзарб муаммолар билан боғлиқ бўлган. “Догматизм таъсирида поэзиямизда дабдабали риторика, мадҳиябозлик, ваъзхонлик авж олиб кетган эди. Кўпгина шоирларимиз риторикадан қочиб, муайян одамлар ҳақида воқеьабанд сюжетли шеърлар ёза бошладилар. Аммо сюжетли шеърларнинг катта бир қисми ҳис-ҳаяжонсиз, қуруқ иллюстрациядан иборат бўлиб қолди”107. Мазкур баҳслар айни шу камчиликларни йўқотишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Мунозаранинг давоми аруз муносабати билан айтилган барча учун умумий қоида ясашга интилиш мазмунидаги мақолаларда ҳам кўринади. Шеърият ҳақидаги баҳсда арузни ёқлаб чиққан адабиётшунос А. Ҳайитметов мумтоз ва ҳозирги адабиётимиздан келтирилган мисоллар орқали гап аруз вазнида эмас, балки шоирнинг таланти, индивидуал майли ва маҳоратида эканини кўрсатиб берди. А. Ҳайитметовнинг бу фикрини адабиётшунос М. Юнусов ўзининг “Лирик мақтовга сазовор лирика яратайлик” деган мақоласида қўллаб қувватлади. Баҳсда фаол иштирок этган шоир Ҳ. Ғулом танқидни тан олиш кераклиги, ўзи ва бир қанча шоирлар умумий шеърлар ёзишга берилиб кетганлигини ҳаққоний тан олади.
50-йилларнинг охирида давом этган ижодий мунозаралар замонавийлик, анъана ва новаторлик мавзуларига бағишланган. Замонавий руҳ ва бадиий маҳорат масалалари баҳсларнинг асосий қисмини ташкил этган.
Шеъриятда лирик қаҳрамон масаласи – мунозарали масала эди. Бу тўғрида шоирларнинг ўзлари ҳам, адабиётшунос ва танқидчилар ҳам жуда хилма-хил, ҳатто бир-бирига зид фикрларни айтиб келар эдилар. С. Мамажонов дастлаб “Шарқ юлдузи”да (1961, 9-сон) шу мунозарали масалани кўтариб чиқди. Муаллиф бу соҳада бир-бирига зид фикрларни муқояса қилади, уларнинг таҳлилидан келиб чиқиб, лирик қаҳрамон тушунчаси шоирнинг “мен”идан кўчирилган нусха эмас, балки объектив воқеликдан олинган кечинмаларни ҳам ўзида мужассамлантирувчи умумлашма образ эканлигини исботлайди. Ҳар бир типик образда бўлгани каби, бу ерда ҳам индивидуал характер мавжуд, бу шоирнинг “мен”и, унинг ўзига хос шеърий овози. Аммо типик образ индивидуаалаштириш жараёни билан чекланиб қолмайди, балки умумлаштирувчи кучга ҳам эга бўлади. Лирик қаҳрамон образида ана шу умумлаштирувчи типик хусусиятлар ўзига хос тарзда кўринишини Ғ. Ғулом, Зулфия ва бошқа шоирларимизнинг энг яхши шеърлари мисолида кўрсатади.
60-йиллар танқидида жанрнинг ўзига хослиги муҳим ижодий муаммо сифатида катта ўрин тутган. Чўзиқроқ ҳикоя ёзиб уни қисса деб эълон қилиш, лирик шеърни кенгайтириб лирик поэма деб босиб чиқаришлар муносабати билан матбуотда эътирозлар пайдо бўлди. Адабиётшунос
У. Норматовнинг “Жанр имкониятлари” деб номланган китоби ҳам шу муносабат билан ёзилди. Роман жанри ҳақида баҳс-мақолалар кўпайди; хабар, оддий йўл эсдаликларини очерк, балладани оддий лирик шеър деб аташ кўпайди. Бунинг сабабларидан бири ҳали адабиёт назарияси муаммоларининг жиддий ишланмагани эди. Бунинг устига жанрлар ўз чегараларига эга бўлса-да, аслида ўзгариб турувчи ҳодисалардир108 .
Публицистика соҳасида ҳам баҳслар кўпайди. “Шарқ юлдузи” журналининг 1960-1961 йиллардаги сонларида очерк ва очерк қаҳрамонлари масаласида баҳслар бўлиб ўтди. Баҳс-мақолаларда очерк ва характер муаммоси қўйилди. Масалан, О. Тоғаевнинг “Ҳозиржавоблик ва маҳорат номли” иккита мақоласида очеркда характер яратиш йўллари тўғри изоҳлаб берилди. Н. Худойберганов баҳсда очеркда характерлар тўқнашуви эмас, балки далил ва масала таҳлили муҳим деб ёзади. Бу муаммо ҳақидаги баҳслар 70-йилларда ҳам давом этди. О. Тоғаев, Н. Худойберганов, У. Норматов, Б. Имомов ва бошқалар баҳсларда қатнашиб ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Баҳс адабий жараёнда яратилган ҳикоя ва қиссалар, уларнинг жанрий хусусиятлари (У. Норматов), миллийлик, миллий характер (Н. Владимирова) каби муаммолар устига кўчди. “Шарқ юлдузи” журнали ёзувчи П. Қодировнинг “Эрк” қиссаси тўғрисида баҳс очди. Бир қиссанинг катта баҳсга материал бўлиши ҳам маълум даражада асарнинг юқори бадиий-ғоявий савиясидан дарак берар эди109.
Ш. Холмирзаевнинг “Ўн саккизга кирмаган ким бор” қиссасида асарнинг хулосасини китобхон ҳукмига топшириш, “очиб қолдириш” танқидда баҳснинг кучайишига олиб келди110.
Баҳсларда қиссаларнинг ютуқлари билан бирга баъзиларида китобийлик, жанр талабларини яхши билмаслик, қаҳрамон характерини ҳар тарафлама асослай олмаслик каби камчиликлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳам кўрсатилди111. Бу сабаблар ҳаёт ва материални тўлиқ ўрганмаслик, маҳоратнинг камлиги, асар устида етарли даражада меҳнат қилмасликдан иборатдир. Адабий жараёндаги бу ҳолат бадиий матнга эътибор қаратган баҳсларнинг кўпайиши, танқидчиларнинг бир қадар билимдон, талабчан бўлиб қолганлигини кўрсатади.
Романчилик ҳақида ҳам “Роман ва замон” рукнидаги баҳслар ўтказилди. Танқидчи У. Норматовнинг “Роман ва замон” мақоласи “Адабий-танқидий баҳс” рукни остида берилган бўлиб, унда романчиликдаги муаммолар ҳақида фикр юритилган. Адабиётшунос С. Мирвалиевнинг “Ғоявий-бадиий етук романлар яратиш йўлида”, “Роман тарихидан”, “Роман назариясига доир”, “Тарихий роман ҳақида”, “Роман ва замон баҳсига қўшилиб” каби ўнлаб бақувват баҳс-мақолалари исбот бўла олади.
О. Ёқубов, М. Исмоилий, Ҳ. Нўъмон, Ш. Шораҳмедов, Й. Шамшаров,
Ж. Шариповларнинг романлари баҳс объекти сифатида намоён бўлди. Масалан, О.Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” романи ҳақида У.Норматов, И.Ғафуров, П.Шермуҳаммедов, А.Қулжонов, В.Зоҳидов, Н.Худойберганов каби олимлар баҳсу мунозараларда қатнашганлар, асарни турли ракурслардан туриб таҳлил қилганлар.
Лирика образларига оид баҳсларда “лирик персонаж билан шоир образини фарқлаш лозим, шоир образи унинг бир неча шеъри ёки “бутун поэтик ижодида гавдаланади”, -дейилди, шу билан бирга шоир образини лирик қаҳрамондан тамоман ажратиб олиш тўғри эмаслиги тўғри уқтирилди. Бунга, О. Шарафиддинов аниқлик киритди112. Лирик персонаж ижобий, сатирик, юмористик бўлиши мумкин. Ҳ.Ёқубов лирикада конфликт ҳис ва фикрлардаги зиддиятлар негизига қурилишини, қаҳрамон фақат ташқи факторлар билан тўқнашув орқали юзага келмаслигини кўрсатиб берди113.
Ҳақиқатан ҳам бу даврдаги баҳслар адабиётшунослик учун лирикага оид янги-янги мулоҳазаларнинг юзага келишини намоён этувчи воситага айлангани кўринади.
60-йилларда драматургия илмий-назарий муаммолари, унинг ўзига хос «сирлари»нинг мураккаблиги ўзбек адабиётида яратилган баъзи драмалар таҳлилига бағишланган мақола ва тақриз, баҳсларда яққол кўринади. Буни А.Қаҳҳордек сўз устаси ижодига муносабатда кўриш мумкин. Драматургнинг «Тобутдан товуш» комедияси Ҳамза номидаги ўзбек давлат академик драма театри саҳнасида қўйилиши муносабати билан мазмуни бир-бирига қарама-қарши тақриз ва мақолалар босилиб чиқди.О.Шарафиддиновнинг «Ғазабли қаҳқаҳа» номли тақризи ҳамда Ғафур Ғулом, В.Зоҳидов ва Ҳ.Ғуломларнинг «Тобутдан товуш» ҳақида» сарлавҳали мақолалари ана шулар жумласидандир. Кейинроқ, «Ўзбек тили ва адабиёти» журнали саҳифаларида Ҳ.Ҳакимованинг «Комедияда замон талаби» деган мақоласи эълон қилинди.
Баҳсга чорловчи бу тақриз ва мақолаларда А.Қаҳҳор драмаси ҳақида турли қарашлар, шу билан бирга субъективлик ҳам яққол кўзга ташланади. Адабий жараёнда катта ўрин эгаллаган ижодкорлар ва танқидчиларга жавоб бериш осон эмас эди. Мана шунда бухоролик олим С.Алиевнинг «Виждонлилар кулгиси» мақоласи ана шу субъектив ишларга жавоб сифатида дунёга келди114.
Олим, энг аввало, А.Қаҳҳор драмасининг асосий ғояси ҳақида фикр юритиб, порахўрлик каби оғир касалликка йўлиққан шахслар ва уларнинг ҳамтовоқлари типини яратишда Абдулла Қаҳҳор уларга нисбатан муросасиз йўлни тутганини очиб беради. Таҳлиллар жараёнида адабиётшунос юқорида тилга олинган уч мақолага қарши чиқиб, асарнинг жанр хусусиятлари ҳисобга олинмай мулоҳаза юритилганлигини танқид қилади. Олимнинг қуйидаги хулосалари мақоланинг сарлавҳасида берилган моҳиятни ўзида ёрқин намоён этади:» Айрим камчиликларига қарамасдан, умуман олганда. «Сўнгги нусхалар» («Тобутдан товуш») комедияси кучли ғоявий-бадиий асардир. Бу комедия таъсирида киши беихтиёр кулади. Бу кулги юракнинг чуқур жойидан чиқади. Бу кулги адолат ва ҳаққоният, ҳалоллик ва самимият тарафдорлари бўлганларнинг, виждонлиларнинг кулгиси, ғолиблар кулгиси, одамга маънавий қониқиш ва эстетик завқ бағишлайдиган кулги». А.Қаҳҳор комедиясининг ғоявий-эстетик аҳамиятини очиб бериш ва уни ҳимоя қилиш мақсадида баҳсларга жавобан ёзилган ушбу мақолани ўша давр учун жасорат билан ёзилган деб ҳисоблаш мумкин.ХХ асрнинг 70-йиллари охирида адабиётшунос Ҳ.Умуров баҳсларни таҳлил қилар экан, С.Алиевнинг таҳлилда тўғри йўл тутганлигини кўрсатиб ўтган эди115
“Шундай шоирлар бўладики, уларнинг ютуғи ҳам, камчилиги ҳам китобхон ва мутахассислар томонидан бир маромда баҳоланиб боради. Шундай шоирлар ҳам бўладики, уларнинг асарлари жамоатчилик ўртасида ҳам, танқидчилар орасида ҳам кескин баҳсларга, мунозара ва тортишувларга сабаб бўлади. Ана шундай шоирлардан бири Рауф Парфидир”116. Ҳақиқатан ҳам ХХ асрнинг 60-70- йилларида адабий танқидчилик Рауф Парфи шеъриятини турлича талқин қилдики, бу борада баҳсу мунозаралар кучайиб кетганлигини кўриш мумкин. “Бу шеър эмас, шоирнинг алаҳсирашлари, бизки, олимлар уларни тушуниб етмасак, оддий китобхон қандоқ тушунсин!” каби фикрлар айтилган. Шоир ижодининг, шеърларининг йўналиши ва ўзига хослиги ҳақида, камчилигу ютуқлари ҳақида жиддий баҳслар бўлиб ўтган, уларда турли-туман, ҳатто , баъзан бир-бирига зид ва қарама-қарши фикрлар айтилган, шунга қарамай, шоир ижодини жиддий танқид қилувчилар ҳам унинг ўзига хос талант ва иқтидор эгаси эканлигини эътироф этганлар
Аммо шунча баҳсу мунозаралардан кейин ҳам шоир ўз услубига, дунёни ўзича кўриши ва кўрсатишига содиқ қолган. Бу баҳсларда шоир ва ёзувчи А.Мухторнинг шоирни ҳимоя қилиб чиққани, (“Муҳтарам Асқад Мухтор шоирнинг ижоди ҳақида гапириб, бу шоир ҳис-туйғуларнинг суратини чиза билади, деган эди. Бу орада Рауф бирмунча тўпламларини шеърхонларга тақдим этди. Айниқса, унинг улуғ Нозим Ҳикматнинг машҳур “Инсон манзаралари” асарини ўзбекчалаштиргани диққатга сазовор бир ҳолдир”.А.Орипов) йиллар давомида унинг мулоҳазалари ҳақ эканлигини адабий танқид ҳам тан олгани ва шоир ижоди ҳақидаги баҳсларга муносабат билдириб, адабиётшунос Б.Назаров шундай ёзади: “Рауф ижоди ҳақида фикр юритувчи айрим танқидчилар унинг шеърларида баъзан лаҳзалик тушкун кайфиятлар куйланишини, баъзан замондош қиёфасининг нотўғри талқин этилишини сўзлайдилар. Аслида шундайми? Мутлақ йўқ дейиш менимча, нотўғри бўлур эди. Чунки Рауфнинг ҳазин руҳли шеърлари йўқ эмас ва оз ҳам эмас. Лекин энг асосийси, уларнинг моҳиятини тўғри аниқлай олишда, улардан тўғри хулоса чиқара билишда.Чунки Рауфнинг аксар шеърларидаги ҳазин кайфиятлар ҳазинликни мадҳ этиш учун эмас, аксинча, ундан қутулиш учун, нурли ҳолат, туйғу, кечинмаларни излаш, уларга интилиш мақсадида ва уларни ботинан тараннум этиш ниятида қаламга олинади”117.
Рауф Парфи ижоди ҳақидаги баҳслар кейинги йилларда ҳам давом этдики, бу ҳақда қуйироқда тўхталамиз.
Хуллас, танқидчиларимиз танқидда маҳорат ҳақида кўпроқ ўйлайдиган, маҳорат сирларини кўпроқ излайдиган бўлиб қолишди. Бу жараён икки йўл билан борди, деса бўлади: 1) ўз-ўзини яхшироқ таниш, танқид моҳияти ва масъулиятини чуқурроқ идрок этиш ҳамда 2) танқидни изчил, ҳаққоний ва принципиал танқид қила бориш орқали. Шу билан бирга “етмишинчи йиллар ўзбек адабий танқидчилиги ўзининг асл моҳияти – “ҳаракатдаги эстетика”, “назариянинг амалияга татбиқи” бўлиши лозимлигини янада теранроқ тушуниб олди ва бу моҳиятни ўз талқинларида ёрқин ва жўшқин акс эттиришга интилди. Танқидда санъат ҳақиқатини ҳаёт ҳақиқати билан муқояса этиш ва бадиий асарга шу заминда туриб, баҳо бериш тенденцияси кучайди”118. Бу хусусиятни айни аруз вазни ҳақида баҳслар кўпайганида кўриш мумкин.

Download 423.41 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   7   8   9   10   11   12   13   14   ...   21




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling