Бухоро давлат университети ҳузуридaги илмий дaрaжa берувчи phD
Мустақиллик йилларида баҳсдаги адабий-назарий муаммолар талқини
Download 423.41 Kb.
|
16.02.22.Худойкулова М дисс
2.3 Мустақиллик йилларида баҳсдаги адабий-назарий муаммолар талқини
Мустақиллик йилларида сўз эркинлиги, ҳар хил тайзиқларнинг йўқотилиши баҳснинг кенгайиб, турли шакллари пайдо бўлиш жараёнига кира бошлади. “Истиқлол даври танқидидаги янгиланиш тамойиллари кенг қамровли бўлиб, унда янгиланаётган методологик асосларни чуқур англаш, адабий танқид тафаккуридаги янгиланиш жараёнлари ва омилларини ўрганиш, маданий меросни, хусусан, ХХ аср ўзбек адабиётини қайта баҳолаш юзасидан адабий жараёнда кечган ва кечаётган изланишларни турли ёндашув ва усуллар асосида янгича ўрганишни касб этиш, масалага миллий қадриятлар нуқтаи назаридан ёндашиш тамойилларини ўзлаштириш, айни чоғда, адабий жараёндаги хилма-хил шакл ва услуб изланишларини бадиийликнинг янгича мезонлари асосида тадқиқ этиш бош масалага айланди”143. Мустақиллик йилларида Шўро даврида яшаган ва ижод қилган шоир ва ёзувчилар ижодини янгича нуқтаи назардан тадқиқ этишда ҳам баҳсу мунозара кучайиб кетганини Ғ.Ғулом, А.Қаҳҳор, Ҳ.Олимжон ва бошқа ижодкорлар ҳақидаги баҳслар жараёнида кўриш мумкин. Маслан, баҳслар Ҳ.Олимжон ижодига муносабатда ҳам давом этди. Жумладан, Д.Қуронов “Ҳамид Олимжонни биламизми?” номли баҳсига жавобан адабиётшунос Н.Каримов “Ҳамид Олимжонни биласизми?” деб мақоласини чоп эттирди. Баҳсга адабиётшунос Ғ.Мўминов ҳам муносабат билдирди ва Н.Каримов фикрларини тўғри деб топди. Баҳсга профессор Ҳ.Умуров ҳам аралашиб, ўзининг муносабатини билдирди. “Шу боис ҳам мазкур ўринда Қаҳҳор ёки Ҳ.Олимжон ижодига оид зиддиятли қарашларнинг, мухолифатларнинг юқоридагидек тортишув, баҳсларга ҳакам сифатида эмас, балки янги босқич танқидчилик шаклланиши тадрижий такомилидаги, методологик тамойилларнинг изланиши сифатида қаралиши тўғри бўлади”-деб ёзадилар “Ўзбек адабий танқиди тарихи” дарслиги муаллифлари144. Бу даврда ҳам кўпинча баҳсларнинг яратилишига газета ва журналларнинг ташаббус билан чиқиши сабаб бўлади. Улар адабиётдаги, адабий жараёндаги баҳсли бир масалани ўртага ташлаб, ёзувчилар, шоирлар ва адабиётшунос олимларнинг диққатини жалб этадилар. Бу борада “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журналлари ва ЎзАС газетаси таҳририятининг фаоллигини кўриш мумкин. Масалан, газета ХХ асрнинг 90-йиллари охирида қуйидаги саволларни ўртага ташлаб, барчани баҳсга чорлади: 1. Бугунги кунда мумтоз адабиёт соҳасида олиб борилаётган тадқиқотлар қониқарлими? 2. Истиқлол даври адабиётшунослигининг вазифаси шўролар даврида йўл қўйилган хатоларни тузатишдангина иборатми? 3. Адабиётимиз тарихини ўрганишда истиқлол туфайли яратилган имкониятларга ҳам “шўролик инерцияси” билан ёндашилмаяптими? 4. Миллий адабиётнинг келажаги унинг ўз ўтмишини қандай идрок қилинишига боғлиқ эмасми? Миллий адабиётнинг ривожига маълум даражада ҳисса қўшадиган бу саволларга профессор Ҳ. Болтабоев “Эртани деган, кечани қўймас” мақоласи билан жавоб берди. Фикрини Чўлпоннинг “Адабиёт надур” мақоласига таяниб, жадид адабиётининг шарқ тарихида янги бир кўтарилиш бошлаганлиги, ўз миллий адабиёти анъаналарини чуқур ўзлаштириб, уни ўзига сингдиргандагина янги тараққиёт босқичига чиқиши мумкин эканлиги ҳақида фикр юритади. Мумтоз адабиётни ўрганишнинг ибтидоси саналган матншуносликда 90-йилларда илмий силжишлар кузатилгани, адабий матнни тўла мукаммал тарзда илмий шарҳлар билан бирга чоп қилиш имконияти туғилганлиги таъкидланади. Шу билан бирга “Бобурнома”нинг танқидий матни япон олимлари томонидан яратилиши ва унга муносабат билдирган адабиётшунос Қ. Эргашевнинг мулоҳазаларига танқидий муносабат билдиради. Истиқлол туфайли илмий ҳаётда ҳам хориж томон йўл очилганлиги, Навоий ва Ҳусайнийнинг АҚШ кутубхоналаридаги девонлари, “Фунун ул-балоға”нинг юртимизга келтириб нашр қилиниши, бу каби ўнлаб адабий ҳодисалар адабиётшунослигимизни бойитиши ҳақида фикр юритилади. Олим сўнгги йиллар адабиётшунослигининг жиддий ютуғи сифатида тасаввуфшуносликда Н. Комиловнинг “Тасаввуф” (1-китоб), Нажмиддин Кубро” китоблари, И. Ҳаққулнинг “Ўзбек тасаввуф шеъриятининг шаклланиши ва тараққиёти” тадқиқотларини кўрсатади. Шу билан бирга адабиётшуносликда ўрганилиши зарур бўлган муаммоли масалаларга ҳам ўрин берилади. Олим мумтоз адабиёт муаммолари, хусусан, бу соҳада мутахассислар тайёрлаш бўйича баҳс бошланганини айтиб, А. Отабой билан И. Ҳаққулнинг “Мерос, моҳият ва талқинлар” мунозара-суҳбатини тилга олиб ўтади. Мазкур мунозара суҳбатда ҳам баҳсга чорловчи ўринлар кўплиги кўринади. Мустақиллик йилларида ҳам Рауф Парфи ижоди ҳақидаги баҳслар давом этиб келди. Чунки ҳаёт ҳақиқатини бадиий ҳақиқатга айлантириш, ҳақ сўзни куйлаш ўзбек шеърияти тараққиётининг барча даврлари учун бош тамойил бўлиб келган. Лекин мақсадга эришиш йўллари, усуллари жуда турли-туман ва кўп. Масалан, мажозий образлилик ҳақиқатни айтишнинг, воқеликни, ҳаётни реалистик идрок этишнинг шаклларидан бири бўлиб, Р.Парфи ижодининг асосий йўналишини ташкил этади. Бу ҳақда адабиётшунос олим Н.Раҳимжонов шундай ёзади: “Ўтган асрнинг 80-йиллари ўзбек танқидчилигида бадиий тафаккурнинг ушбу кўриниши моҳиятини тушунмасликданми ёки тушунишни истамаганликданми, “Шеърингизни тушунтириб берсангиз”, “Шоир нима демоқчи, шеър нима деяпти” қабилидаги мақолалар юзага келди. Уларда Рауф Парфи шеърларидаги мажозий образларни, рамзларни Ғарбга тақлидчиликда, ўта мураккаблик ва мавҳумликда айблаш расм бўлди. Тимсолли образлар сарбастдаги изланишларида ёрқинроқ тажассум топгани боисиданми, уларни Ғарб шеъриятига тақлидда айблашди. Ваҳоланки, шеърнинг бу шакли аввалги минг йилликда муйсафид Шарқнинг қадимий битикларидаёқ мавжуд экан. Ушбу ҳодиса, айрим танқидчилар айтгандек, Ғарб ва Лотин Америкаси адабиётига тақлидан эмас, аксинча, эстетик таъсир самараси ўлароқ юзага келди. Шу боисдан ҳам шоир: ўзимизнинг қадимий ёзувларимизда ўзимизни қайтадан топдик, -дейди”145. Олимнинг “Бадиий дид ва эстетик савия” баҳс-мақоласи матбуотдаги баҳсларга, аниқроғи, ҳаваскор қаламкаш М.Йўлдошевнинг “Шоир нима демоқчи, шеър нима деяпти?” мақоласига жавобан ёзилган. “Куни кеча “Шеърингизни тушунтириб берсангиз” деган савол пайдо бўлган эди. “Шоир нима демоқчи, шеър нима деяпти” дея саволга тутилаяпти” деб ёзар экан, мунаққид М.Йўлдошевнинг фикри аниқ мақсадга йўналтирилмаганлиги, шеърнинг маъносини уқмаган ўқувчи уни ёзган шоирни ҳам англаши қийинлигини таъкидлайди. Ҳақли равишда мунаққид бугун Рауф Парфи шеърларига шу тариқа саволларни қўяётган ўқувчи Алишер Навоий асарларини қўлига олса нима дер экан деган муаммоли масалаларни ўртага ташлайди ва бундай саволлар бўлишининг туб сабабларини излашга киришади. “Ҳамма айб шеърият ҳақидаги тасаввур ва тушунчаларнинг, эстетик мезонларнинг жўнлашиб кетганида. Бадиият мезонларининг ниҳоятда сийқалаштириб юборилганида... Шўро мафкурасининг шеъриятни халққа яқинлаштириш, оммавийлаштириш учун олиб борган сиёсати салбий оқибатларга олиб келди. Унинг савияси тушириб юборилди”146. Классик адабиёт, Алишер Навоий асарларини таҳлил қилиб, олим энг муҳими, китобхоннинг дидини мумтоз шеъриятимиз савиясига кўтариш кераклигини уқтиради. Мунаққид шеърхон китобхоннинг шоир шеъриятига қўйган даъволарининг асоссиз эканлигини чуқур таҳлиллар орқали ёритади. Айниқса, “Она тилим” шеъри мисолида шоирнинг сўз танлаши ва “уларга заргарона сайқал бериши чинакам буюк бир меҳнат, бетимсол санъат намунаси” эканлигини очиб беради. Жавоб тарзида ёзилган баҳс-мақола, энг аввало, ўзбек шеъриятида ўзига хос воқеа саналган шоир ижодини турли, асоссиз хуружлардан ҳимоя қилиши, иккинчидан, ижодкор шеърларининг ўзига хос талқинларга бойлиги билан муҳим аҳамиятга эгадир. Мустақиллик йилларида, айниқса, янги асрга қадам қўйилгандан кейинги адабий жараёнга назар ташласак, адабиётшунос олимларнинг яратилаётган асарларга бефарқ эмаслиги кўзга яққол ташланади. Масалан, адабиётшунос Э.Очиловни “кейинги пайтларда шеъриятимизда сўзларни бутун маъно қирралари билан тушуниш, барча услубий буёқларини ҳис қилиш, ўрнини топиб, танлаб- чертиб ишлатиш анъанаси йўқолиб” бораётгани ташвишга солади. “Ҳар сўзнинг ўрни бор” баҳси ана шу муаммога муносабат билдириш юзасидан ёзилган. Адабиётшунос олим ҳозирги шоирларнинг кўпчилиги ўзлари қўллаётган сўзнинг нима маъно англатишини билмасдан, сўзнинг ташқи гўзаллигига, жарангдорлигига маҳлиё бўлиб, маъносига ишлари бўлмаётганлигини танқид қилади.Теран, дуркун, қийғоч, руҳ, фаришта, дун сўзларини нотўғри ишлатиш орқасида келиб чиққан чалкашликларни таҳлил қилади. Шу билан бирга шоирларнинг билиб-билмай янги сўз ясашлари ( вафоат, висолат, кунотар, қисматбоз, тунзор, ёнарзор, оҳзода, иймонса ва ҳ.к.) ҳам ўзини оқламаётганлиги кўрсатилади.» Кейинги пайтларда адабиётимизда ўзбек тили қонун-қоидаларига зид жумлалар тузиш, нотўғри қўллаш билан боғлиқ камчиликлар, услубий-грамматик хатолар шунчалик кўпайиб кетдики, мазкур мақола шу хилдаги иллатларга эътиборни қаратиш мақсадида ёзилди”147. 90-йиллар охири – ХХI асрнинг илк йилларида ўзбек адабий танқидчилигида модернизм адабиёти, унинг ғоявий-эстетик хусусиятлари, ўзбек адабиётидаги айрим намуналари атрофида фикр алмашувлар, қизғин баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди148. Мустақиллик йилларида ҳам А.Қодирий ижоди ҳақида янги қарашларга бой мақолалар яратилди. Адабиётшунос олим И.Ҳаққул ҳам ўзининг “Меҳробдан чаён” романида маънавий мағлубият тасвири” мақоласида юқорида таҳлил қилганимиз, Солиҳ Махдум образига ҳам тўхталади: “Солиҳ махдум романдаги энг пишиқ ишланган образ эканлиги маълум.Ўқувчини у ҳам жуда қизиқтиради, ҳам кўп мушоҳадаги чорлайди. Қоралай десангиз- уни тўла қоралолмайсиз. Айблай десангиз- қай бир жойда махдум “шу учун ҳам мени айблаб бўладими?” деб тургандай. Мақтамоқчи бўлсангиз- баъзи ишлари ва нокасликларини кўриб, “э, садқаи одам кет!” дегингиз келади....Муҳими, уни билиш ва тушуниш экан. Зеро, махдум инсон табиатидаги камчилик ва чиркиндан чирикн иллатларнигинамас, ички мураккаблик, ишониш қийин бўлган нафсоний эврилишларни ҳам очиб берадиган серқирра бир образдир”149. Олим биографик метод асосида бу образни чуқур таҳлил қиладики, бу 90-йиллардаги баҳснинг давоми сифатида таассурот қолдиради. А.Қодирий асарлари борасидаги баҳслар турли ракурсларда давом этиб келмоқда, келажакда яна янги ранг-баранг қарашлар пайдо бўлиши шубҳасиз. Истиқлол даври, айниқса, кейинги йилларда баҳс-мунозаранинг кучайиб борганлигини ”Истиқлол, Адабиёт, Танқид...” (“Турон замин зиё” нашриёти, 2015) номли тўпламнинг нашр этилиши яққол кўрсатади. Тўпламга тақриз ёзган адабиётшунос олима Г.Сатторованинг дастлабки мулоҳазалари айни фикримиз билан ҳамоҳанг: “Янги давр адабиёти ҳақидаги айтилаётган фикр-мулоҳазалар ижодий жараённинг қизғин, баҳс-мунозара руҳида кечаётганидан далолат бериб турибди. Кимдир ижодий изланишларнинг самараларини эътироф этса, кимдир танқид ва адабиётшунослик бу жараёндан орқада қолаётганини куюниб таъкидлайди. Муҳими, айтилаётган фикрларнинг барчасида ўзбек адабиётининг келажаги ҳақида қайғуриш бор”150. Тўплам ёзувчи У.Ҳамдамнинг “Истиқлол адабиёти – озод тафаккур адабиёти” ҳамда “Муаллиф ўлими”га сиз ҳам овоз берасизми?” сарлавҳали мақолалари ва уларда ўртага қўйилган саволлар бўйича уюштирилган баҳс-мунозараларга муносабат билдириб ёзилган баҳслардан таркиб топган.Мунаққидлар, адабиётшунос олимлар, ижодкорлар мавзу доирасида баҳсга аралашиб, ўзларининг мулоҳазаларини билдиришган. Тўпламнинг “Янги авлод овози” деб номланган биринчи қисмида бадиий-эстетик қарашлардаги фарқли томонлар, ижод эркинлиги ва ижодкор масъулияти, бадиий матнга баҳо беришда холислик, “бозор адабиёти”, “жиддий адабиёт” каби мавзулар тўғрисида баҳс юритилган мақолалар берилган. Масалан, адабиётшунос олим Ш.Ризаев бугунги кунда адабий танқиднинг сусткашлигини танқид қилар экан, шундай ёзади: ”Адабий танқидни тақдир деб қабул қилган ўнлаб мутахассислар бор эди. Уларнинг аксарияти ҳозир ҳам бор. Аммо нега адабий танқиднинг ижтимоий-адабий, бадиий-эстетик ҳаётимиздаги ўрни сезиларли эмас?”. Бунинг сабабларини профессионал тайёргарликнинг етишмаслиги, юзхотирлик, ортиқча мақтов, нохолисликда деб кўрсатади. Тўпламдаги Ҳ.Болтабоев, Д.Қуронов, У.Норматов, И.Ғафуров, Қ Йўлдошевларнинг жавоб баҳс-мақолаларида адабий авлод, адабиётнинг вазифаси, ижодкорнинг бурчи, турли ижодий оқим ва услубларга ҳозирги ижодий жараён нуқтаи назаридан туриб муносабат билдирилган.Мунозарада Б.Рўзимуҳаммад, А.Йўлдош, Н.Эшонқул, Исажон Султон каби ижодкорларнинг иштироки ҳам унинг қизғин ва баҳсларга бой ўтганидан далолат беради. Айниқса, “Муаллиф ўлими”га сиз ҳам овоз берасизми” баҳс-мақоласи асосида юзага келган фикр-мулоҳазалар кескинлиги, ҳақиқатга йўғрилган мулоҳазаларга бойлиги билан эътиборни тортади. “Икки йил давом этган баҳс-мунозаралар натижаси сифатида юзага келган бу китоб адабиёт ихлосмандлари томонидан илиқ кутиб олинди. Тўпдамдан жой олган ҳар бир мақолада ижодий жараённинг муаммоли масалаларига эътибор қаратилган. Китобга ёзган сўнгсўзида С.Мели таъкидлаганидек,”Нима бўлганда ҳам ушбу икки баҳс адабий ҳаётимизда сезиларли воқеа бўлди”151. Ҳақиқатан ҳам бу тўпламнинг чоп этилиши адабий жараёнда баҳснинг ўрни ниҳоятда муҳимлигини кўрсатувчи бир воситадир. Фикримизни Ш.Холмирзаевнинг қуйидаги сўзлари тасдиқлайди: “Бир замонлар – ёшликда – адабий баҳсларни яхши кўрардим. Ҳе, тонгларни оттириб талашардик тенгқур, адабиёт мухлислари: “Адабиёт андоқ бўлиши керак, ёзувчи мундоқ бўлиши шарт” ва ҳоказолар... Эндиги баҳсларимиз адабиёт майдонидаги фавқулодда янги ҳодисалар ҳақида бўлади, холос.Ундай ҳодисалар эса ҳар куни рўй беравермайди...”152. Мустақиллик йилларида баҳснинг кўпайиши мунаққидларнинг фаоллиги ошганлиги, илмий таҳлиллар кучайганлиги, фикрлар “жанги”нинг миқёси кенгайиб бораётганлиги, мунозаралар одат тусига кириб бораётганлигини адабий танқидчиликдаги устувор тамойиллардан бири деб ҳисоблаш мумкин. Аммо кейинги йилларда баҳслар бир оз сусайганини ҳам кўриш мумкин. Масалан, 2018-2021 йилларда чоп этилган “ЎзАС” газетаси саҳифаларини варақлаб кўрганда бунинг гувоҳи бўлиш мумкин. “ЎзАС”нинг “Акс-садо” рукни остида профессор Баҳодир Каримнинг “Танқид кимга ёқади” мақоласи чоп этилган. Бунга жавоб сифатида 2019 йил 22 мартдаги сонида Германиядаги Олмон-Ўзбек илмий жамияти раиси, профессор Хуррам Рахимов “Танқид менга ёқади” номли мақоласи сарлавҳасида шундай ёзади: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2019 йил 1-сонида профессор Баходир Каримнинг “Танқид кимга ёқади” савлавҳали фикрлашга ундовчи мақоласи чоп этилди. Хўш, танқид кимга ёқади? Жавоб оддий: танқид ўз соҳасининг устаси, меҳнат ва машаққатдан қочмайдиган ҳар бир инсонга ёқади. Кимга ёқмайди? Таниш-билишлик, қариндош-уруғчилик тарафкашлик асосида бирор мансаб ёки мукофотга “эришган”, лавозимини суистеъмол қилувчиларга, таъмагир ва порахўрларга, албатта ёқмайди. Бу айни пайтда жамиятимиз кун тартибида турган долзарб масала”. Шунингдек, газетанинг 2018 йил 14 декабрдаги сонида “Адабий жараён: муаммолар ва мулоҳазалар” рукни остида газета таҳририяти томонидан ўртага ташланган саволларга филология фанлари доктори, профессор Йўлдош Солижоновнинг “Айтинг-айтинг” номли мақоласи чоп этилганки, унда баҳсга чорловчи фикрлар мавжудлиги кўринади. Бундан ташқари газета саҳифаларида баҳсга мурожаат кўзга ташланмайди, ҳолбуки, бугун адабиётимизда ранг-баранг жанрлардаги асарлар шу даражада кўпаймоқдаки, адабий танқид уларни баҳс орқали ҳам таҳлил қилиб, баҳосини бериши мумкин , бу эса танқидчиликда баҳс жанрига муносабат бироз сусайганлигини кўрсатади. Шуни айтиб ўтиш лозимки, газета саҳифаларида “Баҳс” рукни остида баъзан жаҳон адабиёти, адабиётшунослигидан ҳам намуналар бериб борилгани кўринади153. Тадқиқ этилган даврда баҳснинг тараққиётини қуйидаги диаграмма ҳам яққол кўрсатади: Баҳслардаги кузатишлар, адабиёт ривожига туртки бера оладиган асосли фикр-мулоҳазалар ҳаққоний бўлиши талаб этила боргани ҳам кўзга ташланади. Мазкур боб бўйича хулосаларимиз қуйидагилардан иборат: ХХ асрнинг 20-йилларига келиб, баҳсларда жанр сифатидаги аниқ хусусиятлар кўзга ташланади. Баҳс адабий жараёнда ёзувчи ёки шоир ижодига, бадиий матнга муносабатда фаоллашиб, тараққий эта бошлади. Жадид адабиёти ва адабиётшунослигида кечган қизғин жараёнлар баҳсларнинг ривожланишига кенг йўл очдики, улар ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб тезлик билан шакллана бошлаган. ХХ асрнинг 20-йилларида ўзбек адабиётшунослигида футуризм, маълум бир ижодкорлар (А.Фитрат, Чўлпон) ижоди борасида кечган қизғин баҳсу мунозаралар фикримизни исботлай олади. 30-йиллар адабий танқидида “Сароб”га бағишланган баҳс, асосан, асардаги салбий ва ижобий қаҳрамонларнинг ўзаро муносабати, салбий қаҳрамонлар сингари ижобий қаҳрамонларнинг ҳам тўлақонли акс эттирилиши лозимлиги, асар ғояси, ва умуман, ўзи тузумга зарарлими, йўқми, деган масалалар атрофида олиб борилди. ХХ асрнинг йигирманчи йилларда бу жараён қизғин давом этганини Чўлпон, А.Қодирий, 30-йилларда А.Қаҳҳор, 40-йилларда Ойбек каби ёзувчилар ижодига муносабатда, 50-йилларда адабиётнинг назарий муаммолари (конфликт, типиклик, қаҳрамон ва бошқалар), 60-йилларда реализмнинг қарор топиши ва яратилаётган асарлар таҳлилида, 70-йилларда ижодий метод масалаларида ҳам кўриш мумкинки, бу мунозаралар ва адабий жараён чуқур илмий изланишлар олиб бориш ва тадқиқ этишни талаб қилади. Шўро даврига келиб, адабиётда бўлгани каби адабиётшуносликда ҳам синфийлик, ижтимоий таҳлилнинг кучайиб бориши адабий танқид жанрларига ҳам таъсир кўрсатган бўлса-да, баҳсларда кўпроқ бадиий ижод, танқидда маҳорат ҳақида фикр юритишга эътибор қаратилди. Турғунлик даврида, айниқса, 80-йилларнинг охирида адабий жараёнда баҳсу мунозаранинг кучайиб бориши сўз эркинлиги, бадиий адабиётни баҳолашда шўро даври асоратларидан қутулишга интилиш жараёнлари бораётганлигини кўрсатади. Адабий жараёнда, бадиий ижодда, адабий танқидда жонланиш рўй бераётганлиги, шу билан бирга турли жанрдаги асарлар ҳақида қарама-қарши фикрлар эълон қилинаётганлиги фикримизнинг исботидир. Мустақиллик йиллари адабий танқидчилигида эркин фикр алмашинуви, баҳслашиш авж олаётганлигини таҳлил қилган мақолаларимиз яққол намоён этади. Баҳслардаги кузатишлар, адабиёт ривожига туртки бера оладиган асосли фикр-мулоҳазалар ҳаққоний бўлиши талаб этила боргани кўринади.Шу билан кейинги йилларда баҳснинг сусайганлиги ҳам кўзга ташланади. Download 423.41 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling