Бухоро давлат университети ҳузуридaги илмий дaрaжa берувчи phD


II БОБ. БАҲС ЖАНРИНИНГ ТАРАҚҚИЁТИ


Download 423.41 Kb.
bet10/21
Sana20.01.2023
Hajmi423.41 Kb.
#1104666
TuriДиссертация
1   ...   6   7   8   9   10   11   12   13   ...   21
Bog'liq
16.02.22.Худойкулова М дисс

II БОБ. БАҲС ЖАНРИНИНГ ТАРАҚҚИЁТИ


2.1. ХХ асрнинг бошларида баҳс ривожи

ХХ асрнинг 20-йиллари иккинчи ярмидан бошлаб ўзбек адабиётшунослигида профессионал танқидчиликнинг дастлабки белгилари кўрина бошлади. Бу даврга келиб, адабий-танқидий мақолаларда жанр сифатидаги аниқ хусусиятлар кўзга ташланади. Бадиий ижод, аниқ асарлар, аниқ ижодкорлар текширилишга ўтилди. Мақолаларда аниқ масалалар қўйила бошланди. Драматургиядан ташқари бошқа жанрлар ҳам таҳлил марказига қўйила бошланди. Вақтли матбуот ўз саҳифаларида адабий танқид, унинг аҳамияти, ёзилажак асарларга ижобий таьсири, умуман, адабиётнинг тараққиётидаги роли ҳақида қимматли илмий мақолалар чоп эта борди. “Ўзбек танқидчилиги жанрларининг юзага келиши, шаклланиши ва тараққиётидаги муҳим омиллардан бири - вақтли матбуотнинг пайдо бўлишидир. ХХ аср бошларида янги адабиётнинг туғилиши билан боғлиқ ҳолда уни идрок этиш, англаш моҳиятини китобхонга тезроқ етказиш зарурияти турли шаклларда ифодалашни келтириб чиқарди. Масалан, тақриз ва мақолалар вақтли матбуотда эълон қилиниб, яратилган бадиий асарлар ҳақида маълумот бера бошлаган. Демак, вақтли матбуот ва миллий уйғониш даври адабиётининг ранг-баранглиги хилма-хил ифода шаклларини юзага келтиришга хизмат кўрсатган” 71.Худдий шундай баҳслар ҳам ХХ асрнинг 20-йилларидан бошлаб, адабий танқидда фаоллашди. Ёзувчи ва танқидчиларнинг кўпчилиги ўзбек адабиётининг долзарб масалалари билан шуғулландилар. Фитрат, А.Қодирий, Чўлпон, А.Саъдий, Элбек, ёшлардан эса Ҳ.Олимжон, Ғ.Ғулом, Миртемир, Боту, Ш. Сулаймон, Сотти Ҳусайн,


А. Қаҳҳор, Олтой, О. Ҳошим, Юнус Латифлар танқидий, илмий-маърифий ишлари билан ўзбек адабиётининг шаклланишига доир энг муҳим муаммолар устида баҳс юритганлар. “Адабий танқид ўзининг шу ташкилий-ғоявий жиҳатдан шаклланиш йилларидаёқ, янги давр ўзбек адабиётининг қандай қилиб туғилиши ва қайси йилда инкишоф этишини бош масала қилиб қўйди. Шу бош масала юзасидан танқидчи ва адабиётшунослар ўртасида қизғин муноқаша, кураш ва табақаланиш бошланди, янги ўзбек адабиётида тубдан ўзгариш кераклиги таъкидланди, бу ҳали янги адабиётни вужудга келтириш учун муборазанинг бошланиши эди”- деб ёзади кекса адабиётшунос Ҳ. Ёқубов72. Бу мақоланинг аҳамияти шундаки, олим муноқаша (луғавий маъноси: жанжал, тортишув73, мубораза - мубориз – яккама-якка курашувчи, урушувчи, жангчи)74 атамалари остида давр адабий жараёнида кечган баҳсларни назарда тутганлиги кўринади ва бизнинг аср бошлари танқидчилигида баҳснинг тараққиёти ҳақидаги фикрларимизни исботлашга ёрдам беради. Шу тариқа, адабий танқиднинг шаклланиш жараёнида дастлаб қоришиқлик устуворлиги кўринади: “ХХ аср бошларидаги ўзбек матбуотида “танқид” рукни остида, асосан, турли ижтимоий-сиёсий, адабий, ахлоқий ва диний мавзудаги илмий, публицистик мақолалар, фелъетон, очерк, мунозара шаклидаги чиқишлар кузатилди.
Йигирманчи йилларга келиб, матбуотда “Танқид ва адабий мубоҳасалар”, “Фанний текширишлар”, “Матбуот ва адабиёт”, “Санои нафиса оламида” каби янги рукнлар очилди”75. “Танқид ва адабий мубоҳасалар” деган рукннинг очилиши бу давр танқидчилигида баҳснинг кучайганлигини кўрсатувчи бир далилдир.
Ўзбек адабиётшунослигидаги дастлабки баҳслар ва уларнинг аҳамияти. Бу даврга келиб, адабий танқиднинг табиати ҳақида баҳс бошланиб кетди. Чунончи, “Садои Туркистон” танқид истилоҳи ва унинг адабиёт соҳасига илк бор кириб келаётганлиги хусусида Аҳлулло мақоласида берилган шарҳни эслатиш мумкин. Мақола муаллифи бу даврга келиб, “танқид” истилоҳининг бутунлай янги маъно касб этганлигини айтиш билан бирга адабиётнинг келгуси тараққиёти бевосита вақтли матбуот ва адабий танқидга боғлиқлигини таъкидлаган эди76.
“Танқид нима?” деган саволга биринчилардан бўлиб Аҳлулло, Элбек, Вадуд Маҳмуд, Беҳбудий, Неъмат Ҳаким, Абдураҳмон Саъдий, Ашурали Зоҳирий ўз мақолаларида жавоб излай бошладилар. Шоир, носир, ўз даврининг зиёли кишиларидан бири, педагог Элбек танқид деганда ҳар қандай соҳада ишловчи кишиларнинг ўз касби бўйича яратилган асарларининг ютуқ ва камчиликларини шахсий ғараз ёки мақтовларсиз, холисона айтиб, уларга тўғри йўл-йўриқ кўрсатишни назарда тутади. “Танқид демак, бир ишда ё бир нарсада бўлатурғон камчиликларни шул ишнинг ишловчиларига кўрсатиб, тузатдирув ва тўлдирув учун айтиладурғон сўз демакдур”77.
Мунаққид Неъмат Ҳаким “Ўзбек адабиётида танқид ва адабий муҳокамалар” мақоласида 20-йилларда ёзилган танқидий мақолаларнинг кўпчилиги театр ва музикага бағишланганини тўғри танқид қилади, танқиднинг фанний (илмий) танқид, сатирик танқид, адабий-бадиий танқид каби турлари ҳақида фикр юритади, илк бор унинг ички таснифини амалга оширади. “Танқид нима? Бу сўроққа ҳар ким жавоб бера олса ҳам, лекин унинг маъносини тил билан айтмак бошқа, амал билан кўрсатиш бошқадир”. Танқид ва адабий муҳокамаларнинг кўпи нафис асарларга тушадилар. Баъзи бир дарсликларга бўлиб турадир...”78. Танқидчи бир томондан, адабий танқид ҳақида фикр юритса, иккинчидан, унинг мулоҳазаларидан адабий муҳокамалар деганда ўша даврда қизғин жараён ҳосили бўлган баҳслар, мунозараларнинг бадиий асарларга бағишланганлигини назарда тутганлигини ҳам кўриш мумкин.
Неъмат Ҳаким адабий танқиднинг ростгўй ва холис бўлишини истайди, унинг фикрича, “танқидга аралашаётганлар шахсий нарсаларни ташласалар жуда яхши бўларди” деган баҳсли масалани ўратга ташлайди. Адабий ҳаёт тўғри йўлдан бориб ривожланиши учун танқиддан чекинмаслик керак, танқидга учраган одам ранжиса ҳам майли, кейин ўзи раҳмат дейишини таъкидлайдики, бу мулоҳазалар ХХ аср бошларида адабий танқиднинг ижтимоий бурчи ва вазифалари, танқидда объективлик, ўзига хослик каби тушунчаларни ойдинлаштиришга ёрдам бериши жиҳатидан ҳам аҳамиятлидир.
Неъмат Ҳаким бу соҳада танқидчилар орасида А.Саъдийнинг фаоллигини маьқуллайди. Ҳақиқатан ҳам А.Саъдий ҳақли равишда танқидни “фикр ишчанлигининг қийин бўлғонларидан биридир” деб ҳисоблайди. Бу ҳар кимнинг қўлидан келмаслигини, фалсафий танқид бўладими, “керак фанний, керак ижтимоий ва турли асарлар, ижодлар бўлсин, уларни чин маъноси билан танқид қилмоқ учун махсус бир танқидчилик истеъдоди лозим...” деган фикрлари бугунги кунда ҳам эскирмаган. Олим танқид ва унинг жамиятдаги бурчи ҳақида илмий мулоҳаза юритади. Танқид бадиий адабиёт сингари ижтимоий ҳаёт билан мустаҳкам алоқада эканини, ёзувчи асарини мамлакатдаги ўзгаришларга қиёс қилмай туриб таҳлил қилиш мумкин эмаслигини танқид яхши англаши лозим деб ҳисоблайди.
20-йилларнинг етук мунаққидларидан бири Вадуд Маҳмуд “Адабий танқидга бир назар”, Ашурали Зоҳирий “Танқид ҳам унга жавоблар ҳақида бир неча сўз” баҳс-мақоласида танқиднинг ўша даврдаги ўрни ва ижодкорлар ҳақида фикр юритдилар.
Кўринадики, баҳслар ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб тезлик билан ривожлана бошлаган. Танқидий тафаккурнинг салмоғи ХХ асрнинг 20-йиллари охири ва 30-йиллар бошларига келганда анча ортди. Бу даврда адабий танқидчиликда баҳснинг кучайганини Ҳамза ижодига муносабат орқали кўриш мумкин79.
Ўтган асрнинг 20-йиллари охиридан эътиборан адабиёт ва адабий танқиднинг кескин синфий кураш шароитида фаолият юритиши - уларнинг муҳим хусусиятидир. “1922 йиллардан кейинги жараён учун характерли бўлган хусусиятлардан бири танқидчиликда мунозара ва мубоҳасанинг майдонга келишидир. Бу йўналиш 20-йилларнинг ўрталарида ва 30-йилларнинг биринчи ярмида янада ривожландики, танқидчилигимизнинг кўп муҳим масалалари мана шу тортишувларда шаклланди ва мустаҳкамланди. Бу, шубҳасиз, ўзи ҳали кучли изланиш даврини бошдан кечираётган адабий жараённинг изланишда бўлган танқидчилиги учун табиий ва, айни вақтда, зарурий хусусият эди. Шу сабабдан турли тайёргарлик босқичида бўлган муаллифларнинг тортишувлари серқуроқлиги, уларда тўғри фикрлар билан ёнма-ён равишда жиддий янглиш фикрларнинг баён қилиниши кўзга ташланади”,- деб ёзади мазкур даврни ўрганган академик Б. Назаров80 .
Ҳақиқатан ҳам, бу давр танқидчилиги олдида турган энг муҳим вазифа шаклланиб келаётган адабий танқиднинг назарий муаммоларини ечиш, мавжуд чалкашликларни баратараф этиш, илмий-назарий фан асосларини ишлаб чиқишдан иборат эди. Шунинг учун танқидчилар асосий эътиборларини шу масалаларни ҳал этишга қаратдилар. Янгича адабий-эстетик қарашлар шаклланаётган бу даврда адабий жараённи текшириш, адабиётга кириб келган янги ижодкорларнинг фазилатлари, ютуқ ва камчиликларини умумлаштириб ўрганишга интилиш танқидчиликнинг кўзга ташланувчи ижобий ҳодисаларидан бири сифатида кўрсатилади. А. Саъдий, А. Зоҳирий каби олимларнинг обзор мақолаларида таниқли ва ёш шоирларнинг асарлари таҳлил этилди, шу билан бирга бир-бирига зид ва қарама – қарши фикрлар илгари сурилгани ҳақидаги мулоҳазаларни Б. Назаров, Б. Қосимов, О. Шарафиддинов, Б. Карим, Р. Тожибоев каби олимларнинг тадқиқотларида учратамиз.
Йигирманчи йиллар адабий танқидида жиддий баҳсу мунозарага сабаб бўлган масалалардан бири футуризм эди. Ўзбек адабиётида футуризм оқим сифатида шаклланганми ёки шаклланмаганми? деган савол атрофида мунозаралар олиб борилган. Гарчи бу ҳақдаги дастлабки мулоҳазалар А. Саъдий томонидан айтилган бўлса-да, 1925 йил нашр этилган Олтойнинг “Ер юлдузлари” тўплами сабабли футуризм кўпчиликнинг эътиборини тортишига сабаб бўлган”81. Мақолада баҳснинг адабий жараён ва ёзувчи ижодидаги ўрни, хусусан, футуризм оқими ҳақидаги мунозаралар (Саъдий, З. Башир, Олтой, К. Тригулов, Айни) таҳлил қилиниб, маълум хулосаларга келинган.
Маълумки, “футурум” лотинча – келажак сўзидан олинган бўлиб, футуризм оқими дастлаб ХХ аср бошида Италияда буржуа маданиятининг инқирозга учраши оқибатида юзага келган. Футуристлар ўтмишни рад этиб, ҳамма нарсани келажакдан кутишга чақирдилар. Барча анъанавий қоидалар ва урф-одатлар билан танаффус эълон қилган футуристлар, аввало, мазмунга эмас, шаклга эътибор қарата бошладилар, бунинг учун улар профессионал жаргон ва қўпол лексик ибораларни ишлатишди, ҳужжатлар ва плакатлар тилидан фойдаланишди, сунъий неологизмлар, ўзларининг “ақлли“ тилларини ихтиро қила бошладилар. Футуризмнинг тан олинган асосчиси итальян шоири Филиппо Томасо Маринетти бўлиб, у 1909 йилда “Фигаро” газетасида чоп этилган “Итальян футуризми манифести”да “музейларни, кутубхоналарни йўқ қилишга, ахлоқсизликка қарши курашишга” чақирган ва Б. Мусолиннининг шериги сифатида кейинчалик фашистларга қўшилиб кетган. Футуризм мумтоз анъаналарни рад этди, Маринеттининг сўзларига кўра, футуризмнинг дунё тарихидаги вазифаси “ҳар куни санъат қурбонгоҳига тупуриш эди.... “Бизни аёл кишининг кўз ёшлари ва табассумидан кўра бир парча ёғоч ёки темирдан чиққан ўт ҳаяжонга солади”, -деб ёзган Маринетти82. Кўринадики, футуристлар Инсонни унутиб, метални, механизмларни тасвирлашни тарғиб қиладилар.
ХХ асрнинг бошларида Россияда юзага келган ижтимоий-сиёсий вазият туфайли футуризм ёш авангард шоирларнинг эътиборини жалб қилишга олиб келди, улар 1910-1914 йилларда ушбу ҳаракатнинг турли гуруҳларини яратдилар. Улар икки тармоққа эмас83, балки 4 тармоққа бўлинган экан. 1917 йилда Россияда большевиклар партияси ҳокимиятга келгандан кейин, футуризм адабий йўналиш сифатида аста-секин йўқолиб бора бошлаган. Унинг кўплаб вакилларининг тақдири қайғули ва фожиали тугаган. Инқилобий ғояларни қабул қилган баъзи футуристлар ўз фаолиятларини давом эттиришга ҳаракат қилганлар ва ХХ асрнинг 20-йиллари охирида (ЛФИ) “Санъатнинг сўл жабҳаси (фронти)” ташкилотини яратганлар. Шунга қарамай, кумуш аср рус шеъриятидаги адабий йўналиш сифатида футуризм, символизм ва акмеизм билан бирга унинг кейинги ривожланиши учун жуда муҳим роль ўйнаган ва кейинги авлод шеъриятининг асоси бўлган кўплаб самарали ва инновацион ғояларнинг уйғонишига сабаб бўлганлиги кўринади84 .
Рус ва татар адабиёти, маданиятидан яхшигина хабардор А. Саъдий
1923 йил охирида тўгаракда футуризм тўғрисида маъруза ўқийди ва ўзбек адабиётида футуризм оқим сифатида йўқ деган фикрни баён этади. “Эшитувчи” имзоли муаллиф эса “Туркистон” газетасида Саъдий фикрларини нотўғри талқин қилиб, олим “ўзбекларда адабиёт йўқ, деб айтди”,- дейишгача боради. А. Саъдий баҳсга киришиб, “Эшитувчи”га жавобан ёзган “Юзим очиқ, ниқоблантирмангиз” эътирозида фақат футуризм тўғрисида гапиргани, унинг оқим сифатида ўзбек адабиётида бўлмаганини такрор айтади:. “Умуман Шарқда футуризм оқими ҳали туғилгани йўқ. Кейинги янги усмонли адабиётидан яхши хабарим бўлмаса-да, уларда ҳам бу оқим туғилғондир, деб билмайман... Ўзбек ва қозоқ адабиётига келсак, буларда унинг аломати ҳали кўринмайди, тезлик билан кўринар, деб ҳам айта олмайман...”. Кўринадики, футуризм учун Италия, Россиядаги каби муайян иқтисодий-ижтимоий, техникавий шароитлар талаб қилиниши, унинг ўзига хос тили, услуби борлигига асосланиб, олим масалага илмий нуқтаи назардан ёндашади.
Адабиётшуносликда орадан икки йил ўтгандан кейин футуризм баҳси Олтой туфайли қайта бошланади. Олтой бизнинг адабиётимизда футуризм оқими худди Ғарбдагидек бўлиб туғилмаслиги, “бизда ишчи йўқ бўлса, деҳқон бор. Мана шунинг турмушида, тирикчилигида футуризм учун манба йўқ деб ҳеч ким айта олмайдир” деган сўзларни айтиб, баҳсни оловлантиради. Унинг фикрича, ҳар бир миллатнинг футуризми бир-бирига ўхшамайди. Ҳар миллатнинг турмуш шароити, одати, интилиши айрим хусусиятлари билан фарқ қилади. Футуризмнинг асоси, замини турмуш бўлгани сабабли турмуш жараёнини тасвирлайди деб шундай хулоса қилади: “Биринчи бўлган бу йўлдаги тажрибамни оммага таниш учун тақдим этаман”85.
Шундан кейин ўзбек адабиётида футуризм оқим сифатида шаклланганми ёки шаклланмаганми? деган савол атрофида мунозаралар қизғин тус олади, кўпчилик Олтойни қўллаб-қувватламайди. Масалан, ёзувчи ва танқидчи З. Башир “Ер юлдузлари” ва футуризм” деб номланган мақоласида Олтойни танқид қилади. Китобнинг муқовасига “Футуризм ва замон адабиётлари” деб ёзилиши, футуризм шеърлар босилиб чиқди деган эълон уни таажжублантиради. Танқидчи футуризм қачон, қаерда ва қандай шароитда пайдо бўлганини изоҳлаб беради. Шоирнинг асарлари ғоявий жиҳатдан пухта, лекин сўзни кўпайтириб, шеърнинг адабий қимматини йўқотади...мазмун шеър охирига келиб, “думи хуржунда” бўлиб қолади деб баҳо беради.
20-йилларнинг фаол танқидчиси К.Треғулов ўзининг “Нафис адабиёт жабҳасини соғломлаштириш йўлида” деб номланган баҳс- мақоласида “гарчи муваффақиятсизлик билан бўлса ҳам, футуристликка қараб йўл солган” Олтойни танқид қилиб, футуристликни беҳуда уриниш тарзида баҳолайди. Олтойнинг даъволарини эса “музга ёзилган” кераксиз гаплар қаторига киритади. Адабий танқид тамойилларига риоя қилиб, шоирни бу йўлдан қайтаришга, халқ тушунадиган асарлар яратишга чақиради.
“Нафис адабиёт тўғрисидаги мунозарага” мақоласининг муаллифи Ботир ҳам футуризм ўзбек адабиётининг “сўл жабҳаси” , “озод тасвир қилиш оқими” сингари фикрларни қоралайди. Ўзбек шеърияти учун бегона бу оқимни танқид қилар экан, “Олтойнинг футуристча ёзилган шеърини ўқиб бир маъно чиқариш...сувсиз чўлдан балиқ излаш билан баробар”,-дейди. Ботирнинг образли баҳосидан ҳам кўриниб турибдики, Олтойнинг янгича усулда яратган шеърлари талабга жавоб бермайди.
Футуристлар ҳаётдаги сўзларни шеърият, умуман бадиий тил учун яроқсиз деб ҳисоблаганлар. Шунинг учун сўзларнинг бадиий асарда қандай ўрин тутишини таҳлил қилмай, уларни бадиий тил ва бадиий сўзга қарама-қарши қўядилар ҳамда бадиий асар учун қандайдир “ақлли” тил кашф этишга интиладилар. Айни шу жиҳатдан бу баҳсу мунозарага танқидчи Юнус Латиф ҳам қўшилади, адабиётдаги шаклий изланишлар ҳақида гапирар экан, “Олтой янги шакл қилиб (гарчи футуризмнинг ўзи бўлмаса ҳам ) футуризм шаклини қўллаши биз учун қулайсиз ва керак эмас”, -деб ёзади.
Бўлиб ўтган баҳсларнинг қизғинлиги ва тўғри айтилган танқидий фикрлар Олтойнинг фикрларини ўзгартиришига таъсир қилганини унинг “Нафис адабиётда соғлом мафкура ва соғлом танқид керак” деган мақоласидаги қуйидаги фикрларидан билиш мумкин: “...Бизнинг ўзбек адабиётимизда футуризм тўғрисида кўп шов-шув бўлиб ўтди...Китоб устига ёзилган – футуризм (“Футуризм ва замон адабиётлари”) деб аталгани Ўзнашрнинг айби. Китоб эгаси бундан бехабар”. Шундан кейин “биздаги футуризм янги даврга, унинг мазмунига мувофиқ шакл излашга интилишдир, аммо у ҳали маррасига бориб етгани йўқ. Демак, бизда футуризм оқими йўқ, унга интилиш ҳам йўқ”86.
Аммо шуни ҳам қайд этиб ўтиш керакки, Олтойнинг 1924 йилдан бошлаб, “Туркистон” газетасида эълон қилган “футуристча” шеърларига ёзувчилар пародиялар ёзганлар. Масалан, А.Қодирийнинг “Овсар” тахаллуси билан Москвадан “Муштум”га юборган пародиясида буни кўришимиз мумкин. “Футурист шоиримиз Олтой ўртоққа тақлидан баъзи шеърлар иншод қилған эрдик. Узоқ ўйлаб турмай журналингиз орқалиқ нашр этишқа қарор бердик. Аммо бу шеър биринчи тажрибамиз бўлғани журналға босмасдан илғари Масков атоқли футуристларидан бирортасининг кўзидан кечирмакчи бўлиб, уч кишилашиб ончинон (тоза, роса) қидиришиб кўришдик ва лекин бирорталаридан дарак бўлмади.
Баъзи кишилар уларнинг Масковдан Тошкандга кўчиб кетганларидан сўзладилар. Баҳарҳол эндиги ихтиёрни ўзларига топшириб, шеърни арз қиламиз. ПИЛДИР ПИС
Пилдир пис
Гувала, лўмбоз, замбил,
Аштак-паштак,
Темиртак-пистак!...
Пилдир-пис.
деб янги футуристингиз Овсар. Масков...87.
Абдулла Қодирий киноя ва пичингга тўла ушбу пародиясида ўзбек футуристларини, хусусан, уларнинг етакчиси бўлган шоир Олтойнинг ноқобил, бемаъни шеърларини танқид қилиб ўтади. Бундан ташқари С. Айний ҳам “Машраб” журналидаги ҳажвий шеърида футуристликни шеъриятдаги тутуриқсизлик сифатида масхара қилганлиги маълум88 .
Бу борада Россияда футуризмнинг ўрни ҳақида ёзувчи М. Горькийнинг 1915 йили “Рус футуризми тўғрисида”ги мақоласи чиққан ва унда унинг илк вакили Маринетти бўлган футуризм, шубҳасиз, Россияда йўқлиги ва ана шу футуристлар орасида талантли ёшлар борлиги, агар улар “кулгили ва бақироқ” бўлмасалар, ҳақиқий ижодий изланишлар йўлидан борсалар, ўсишларига имкон бериш лозимлиги ҳақида фикр билдирилган, ҳатто Маяковскийдай йирик шоир ҳам футуристлар таъсирида бўлгани ҳақида юқорида фикр билдирган эдик. Ўзбек ижодкорлари ҳам адабиётга манфаат келтирмайдиган мазкур оқим ҳақида ўз вақтида танқидий муносабатларини билдирганларки, шу йўлга кириш истагида бўлган Олтой сингари шоирларни тўғри йўлга бошлай олганлар.
Баҳснинг XX аср 20-йилларидан бошлаб, ривожланиш палласига кирганлигини ижодкорлар фаолиятига муносабатда ҳам кузатиш мумкин. Ёзувчи ва танқидчилар кўпчилиги ўзбек адабиётининг долзарб масалалари билан шуғулланиб, унинг шаклланишига доир энг муҳим муаммолар устида баҳс юритдилар. Ўтган асрнинг 20-йилларидан эътиборан адабиёт ва адабий танқиднинг кескин синфий кураш шароитида ривожланиши уларнинг муҳим хусусиятидир. Чўлпон ижодининг жиддий мунозараларга сабаб бўлиши ўша даврда баҳс-мунозараларнинг кучайиб кетганлигини кўрсатувчи бир далилдир.
“Уйғониш” тўплами нашр этилиши муносабати билан танқидчи Зариф Баширнинг тақризи эълон қилинди. Тақризда у Чўлпонни “халқ шоири эмас, бироқ халққа яқин бўлган зиёлилар шоири” деб атайди. В. Маҳмуд эса “Булоқлар” тўпламига бағишланган тақризида Чўлпон шеърларининг моҳиятини тўғри талқин этади. “Ўзбек шоирлари”, “Чўлпон” деган мақола муаллифи А.Саъдий Чўлпон ижодини анча батафсил текшириб, шоирни жуда “қисқа бир таъриф билан” “у ёнадир ҳам ёндирадур” деб таърифлайди. Худди шунингдек, жуда ихчам шаклда бўлса ҳам А. Қодирий “Чўлпоннинг “Тонг сирлари” китобига ёзган сўзбошисида “Чўлпон йиғлоқи шоирдир” деган таъна-дашномларини рад этади, шоир шеърларида кўз ёши кўп учраса-да, Чўлпон “улардан чечаклар ундирмоқчи эканини” айтади. Айн имзоси билан газетада “Ўзбек шоирлари. Чўлпон” деган мақола сўнгида илова тарзида босилган изоҳда таҳририят шу мақола билан Чўлпон ҳақида баҳс бошланганини маълум қилган ва “барча қизиққан ўртоқларнинг” баҳсда иштирок этишга даъват этган эди. Орадан кўп ўтмай, ёш Ойбек “Чўлпон. Шоирни қандай текшириш керак?” деган мақола билан чиқди. Ойбекнинг 20-йиллардаги Чўлпон шеъриятига бағишланган мақоласини дадиллик билан ёзилган ишлардан бири дейиш мумкин89. Ойбек ўзи шоир бўлгани туфайли Чўлпон шеъриятини чуқур таҳлил этиб, унинг халқ учун зарурлиги, аҳамиятини тўғри таъкидлайди. Шу тариқа Чўлпон шеърияти ва драмалари адабий танқидда жиддий мунозараларга сабаб бўлди.
Айн (О.Шарафиддинов) “Ўзбек шоирлари. Чўлпон” мақоласида кўпроқ ғоявий мазмунга эътибор беради. У шоир ижодини асоссиз равишда қоралаб чиқади; “Чўлпон миллатчи, ватанпараст, бадбин зиёлилар шоиридир”,- дея ундан-да ошиб тушувчи салбий баҳо берган эди. Албатта, Айн мақолада иложи борича ўзини холис қилиб кўрсатишга уринади. Шоирнинг ижобий сифатларига ҳам тўхталади. Чўлпоннинг “энг кўп ёзувчи”, “адабиётда айрим ўрин тутгувчи шоир” эканини эътироф этади. Бироқ мунаққид синфийлик кўзойнагини тақиб олиши билан шоир шеърларига хавфли айблар қўя бошлайди ва шоирга “Чўлпон йўқсул халқнинг шоири эмас, у миллатчи, ватанпараст, бадбин зиёлилар шоиридир”. Унинг мафкураси шуларнинг мафкурасидир. У шу мафкура йўлида уринадир, талпинадир. Уни қайнатган, илҳом берган нарсалар шулардир” деб айб қўйди, шу билан бу гап даҳшатли айбномага айланади. О.Шарафиддинов бу камчиликларни шоир шеърларида миллатчилик, ватанчилик ғоялари акс этаётганида кўради, уни миллатчи, ватанпараст, буржуа зиёлиларининг вакили деб чиқади.
Танқидчи фикрларини кескин, Ойбек ибораси билан айтганда, “шарт –шарт“ ифода этган. Шу боисдан унинг ёш ижодкорлар тасаввурида илоҳийлик, идеаллик даражасига кўтарилиб юрган “Ёш адабиётимизнинг кўримли чечаги” (Ойбек) Чўлпон ҳақида бунчалик кескин фикр билдириши ва “дабдурустдан” унинг ижодини йўққа чиқариши” ёш адибларда эътироз уйғотди, уларни баҳслашишга даъват этди. Шуни ҳам айтиш керакки, баҳсга сабаб бўлган яна бир нарса- бу танқидчининг “ Чўлпон- миллатчи“ деган фикрини исбот қилиб беролмагани ҳамдир. Шу мақолага жавобан юқорида кўрсатганимиз Ойбекнинг “Чўлпон. Шоирни қандай текшириш керак?” баҳс-мақоласи пайдо бўлдики, бу ҳақда қуйироқда тўхталамиз.
Мунозарага Усмонхон аралашгандан кейин, баҳс доираси анча кенгайди.Унда маданиятга, адабиётга, ижод эркинлигининг моҳияти, маданият, умуман, адабиётнинг ижтимоий ҳаётда, тутган ўрни, ижодкор ва ижтимоий муҳит, адабиёт ва санъат ижтимоий борлиқни қандай акс эттириши, мазмун ва шакл, бадиий асарнинг эстетик қиммати, ижодкор ва хаёл (фантазия) ҳамда хаёлпарастлик масалалари ҳақида фикр юритилганди.
Кўринадики, Чўлпоннинг шеърият ва драматургия соҳасидаги асарлари ХХ асрнинг 20-йилларида адабий танқидда жиддий баҳсу мунозараларга сабаб бўлди. З. Баширдан кейинроқ Айн (Олим Шарафиддинов) шоир ижодини асоссиз равишда қоралаб чиқади: “Чўлпон миллатчи, ватанпараст, бадбин зиёлилар шоиридир”,-дея ундан ҳам ошиб тушувчи салбий баҳо берган эди. Орадан икки ой ўтгач, шу муносабатларга жавобан Ойбекнингёзган мақоласи Айннинг “ижод эркинлигини чеклашини, адабиётни “ғоявийлик” ботқоғига ботириб, боши берк кўчага киритиб қўйишини ва бора-бора адабиётнинг санъатлигига путур етказишини"90 англаган ҳолда ёзилган баҳсга жавоб эди.
Ўзбек халқининг севимли ёзувчиси, адабиётшунос ва танқидчи Ойбек ўзи ижодкор, шоир бўлгани учун ҳам Чўлпон шеъриятини чуқур таҳлил этиб, унинг халқ учун зарурлигини, аҳамиятини тўғри кўрсатиб берганини кўрамиз.
Ойбек танқидчиларни адабиёт ҳақида ҳукмрон мафкура қолипларидан келиб чиқиб эмас, санъат қонуниятлари асосида мулоҳаза юритишга чақиради. Ойбек русларнинг Пушкинни қанчалик севишини мисол қилиб келтиради-да, шу асосда “биз ҳам Чўлпондан қўл торта олмаймиз”,- деб ёзади. Негаки, Чўлпоннинг адабиётдаги хизматлари катта: “Чўлпон янги адабиётда янги нарса яратди. Мувашшаҳ адабиёти ўрнига бу куннинг бадиий завқига яраша ёқимли (бадиий) гўзал шеърлар ўртага чиқарди. Бу кунги ёш насл унинг содда тилини, тотли услубини, техникасини кўп севади. Ундан кўп гўзалликлар олади"91. Ўша даврда Ойбекни бу мақоласи учун нотўғри айблаганлар ҳам бўлди92 . Айн ва Ойбек изидан бориб, “Мунаққиднинг мунаққиди” мақоласини ёзган Усмонхон (Эшонхўжаев) Ойбекни бирёқламаликда айблади, уни адабиётга буржуача қарайдиганлар сафига қўшди. Ойбек яна Усмонхонга жавоб ёзиб, баъзи хатоларини тан олди, баъзида ўз фикрида собит турди.
Шуни айтиш керакки, Ойбек “Мунаққиднинг мунаққиди” мақоласининг эгасига” деб номланган Усмонхонга жавобида аввал бадиий асарнинг мазмуни билан шаклини бир-биридан ажратиб иш кўриш “зўр хато” эканини бўйнига олгани ҳолда адабиётни “бадиий асар ичига кўмилган ҳис ва фикрларни санъат тилидан социология тилига” кўчириб таҳлил қилиш ҳақидаги эътиқодига содиқ қолади, ўз қарашларини ҳимоя қилади. (Аммо афсус билан айтиш мумкинки, Усмонхоннинг ўзи ҳам бошқа истеъдодли зиёлилар каби ўша мафкурани ҳимоя қилган бўлса-да, қатағоннинг қурбони бўлган).
Ойбекнинг бу баҳс - мақоласи чоп этилгандан сўнг газета ҳам унга тўхталиб, шундай муносабат билдиради. “Бошқармадан: Чўлпон тўғрисида Айннинг мақоласи билан бошланиб, бир мунча сабабларга биноан тўхтаб қолғон мубоҳасани янгидан бошладиқ. Ойбек ўртоқнинг мақоласи шунинг давомидир. Албатта, ўртоқ Ойбекнинг мақоласи Чўлпон масаласини ҳал қилолмайди, ул фақат танқид ёзишда қандай усул тутиш лозимлиғидан сўзлайди. Адабиятчиларимизда, “Қизил каламчилар”нинг раҳбарларидан тез кунларда бу масала тўғрисида фикр юритишларини сўраймиз. Бошланғон мубоҳасани қатъий натижага эришдирмагимиз керак”.
Бу баҳс-мунозаралардан муайян ижобий хулосалар чиқарса ҳам бўлар эди. “Жумладан, Ойбекнинг мақолаларида шундай ўринлар бор эдики, улар адабиётшуносликдаги ақидапарастлик ва вульгар социологизмга қарши курашда, ижодкорларни беҳуда калтаклардан, ўринсиз зуғумлардан асраб қолишда дурустгина замин бўлиши мумкин эди,-деб ёзади О.Шарафиддинов93. Аммо ўша давр мафкураси, қаттол тузум Айн билан Усмонхонни ҳимоя қилар эди, шу тариқа ўзбекнинг буюк шоири Чўлпон ноҳақ қатағонга учради. Шу мақола билан баҳс тўхтайди. Шу билан бирга бу Айн, Усмонхон, А.Саъдий кабилар ўртасидаги баҳс-мунозаралар Ойбек фаолиятида, унинг танқидчилик маҳоратининг ривожида маълум даражада таъсирини кўрсатди.
Ҳақиқатан ҳам адабий-танқидий баҳслар адабий жараённи жонлантиришга хизмат қилиши, янги фикр-хулосаларга туртки бериши жиҳатидан қимматлидир. Шу жиҳатдан қарайдиган бўлсак, Ойбек баҳсларда Чўлпон ҳақидаги оҳорли фикрларни ўртага ташлай олган, маданиятли, босиқ, мулоҳазаларини илмий асослай оладиган ўткир мунаққид сифатида кўрина олди. Аммо ўша давр мафкураси Айн билан Усмонхонни ҳимоя қилар эди, шу тариқа ўзбекнинг буюк шоири Чўлпон ноҳақ қатағонга учради. Албатта, Айн, Усмонхон, А.Саъдий кабилар ўртасидаги баҳс-мунозаралар Ойбек ижоди, унинг танқидчилик маҳорати ривожида маълум даражада таъсирини кўрсатди. Бу Ойбекнинг баҳс интеллекти ва санъатини чуқур эгаллаганининг ёрқин намуналаридир: у баҳсларда маданиятли, босиқ, мулоҳазаларини илмий асослай оладиган ўткир мунаққид сифатида кўрина олди. Ойбек ўз мақоласида Айн билан мунозарага киришар экан, Чўлпонни Пушкинга қиёслаб таҳлил қилса-да, Чўлпон ижодининг ғоявий нуқсонлари ҳақидаги фикрларга қўшилади, барибир Чўлпон ижодига соф санъат мезонлари нуқтаи назаридан баҳо беришга интилади. Тўғри, О.Шарафиддинов таъкидлаганидек, 20 яшар Ойбек ҳам, З. Башир ҳам ҳали танқид асосларини чуқур эгаллаб олмаган эдилар, шу сабабли профессионал қобилиятларини тўла намоён қилишга қодир эмас эдилар, бинобарин, ўз фикрларини аниқ асарлар таҳлили орқали исботламай қўйгандилар. Шунинг учун улар Чўлпон ижодининг чинакам ҳимоячисига айлана олмадилар. Бундай чигал ва мураккаб муҳитда ғалаба қозониш ҳам мушкул эди.
XX аср бошларидаги адабий танқиднинг Чўлпон ижодига муносабати икки йўналишда давом этганлигини эътироф этишга тўғри келади. Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатни қайд этиб ўтиш лозим. Жадидшунос Б.Дўстқораевнинг таъкидлашича, “аниқлаштирилиши матлуб бўлган муҳим нарса - 20-йилларнинг ярмидан бошлаб, Чўлпон ижодига бўлган муносабатнинг зоҳирий ва ботиний кўриниш ҳосил қилгани масаласидир”. Шу нуқтаи назардан Чўлпон ижодига бағишланган баҳс иштирокчиларини икки гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчи гуруҳга шоир ижодини ёқловчилар В. Маҳмуд, А. Саъдий (қисман), А.Қодирий, Ойбек кабиларни киритиш мумкин. “Мунаққид А.Саъдий ҳам дастлабки тақризларида анча холислик йўлини тутгандек кўринади.Аҳмад Шукрий Чўлпонни Шекспирдай улуғ даҳолар сафига қўшади. Ойбек уни “адабиётимизнинг кўримли чечаги” деб атайди”94. Чўлпонга замондош Лазиз Азиззоданинг “Чўлпон ким эди” мақоласида шоирнинг дунёқараши, шахсияти, ижоди ҳақида фикр юритилади. Сирожиддин Аҳмад томонидан нашрга тайёрланган Заки Валидий Тўғоннинг “Абдулҳамид Сулаймон (Чўлпон)” сарлавҳали мақоласида Чўлпонни шоир сифатида бирдан порлаган улкан истеъдод соҳиби эканлиги ёритилади. Чўлпон мафкуравий жиҳатдан танқидга учрагандан кейин, А. Икромов уни қанчалик ҳимоя қилмасин, сиёсат унга қаршилиги сабабли уни қутқариб олиб бўлмаслигини далилларга таянган ҳолда Б. Дўстқораев кўрсатиб берган.
Иккинчи гуруҳ яъни зоҳирий: Чўлпон ижодига субъектив баҳо берувчилар З. Башир, Айн, Усмонхон каби танқидчиларни киритиш мумкин. Ўша давр муҳити иккинчи гуруҳини ёқлар эди. Мустақиллик мафкураси эса бугунга келиб, биринчи гуруҳдаги мунаққидларнинг қанчалик ҳақ эканликларини намоён этади95. Чўлпон ижодини шу йўналишда ўрганишда баҳснинг адабий жараёндаги ўрни янада ёрқин намоён бўлади. Шуни ҳам қайд этиб ўтиш лозимки, “Истиқлол арафаларида Чўлпон ҳақида ижобий фикрлар билдириш бошланиб кетган эса-да, 80-йиллар охиригача у ҳақда эҳтиёткорлик билан мулоҳаза юритиш давом этди. Мустақиллик даврида эса Чўлпон ижодини тадқиқ этиш ўзининг том маънодаги янги босқичига кўтарилди. Юзлаб мақолалар, ўнлаб китоблар чоп этилди. Уларда улуғ шоир ижодий меросига, асосан, умуминсоний қадриятлар асосида ёндашув етакчилик қилганлигини кўриш мумкин.
Умуман олганда, бу давр танқидида Чўлпон дунёқараши, ижодининг ғоявий мотивини белгилашда, бир томондан, унинг ижодига тарихийлик тамойиллари асосида ёндашилганини кузатсак, иккинчи томондан, ижтимоий таҳлил билан эстетик таҳлилнинг уйғунлашган ҳолдаги талқини, ижтимоий-эстетик таҳлил адиб ижодини баҳолашдаги етакчи методга айланганлигини кўрамиз”96.
Ўша давр адабий танқидидаги баҳсларга шоир ва мунаққид Боту ҳам ўз муносабатини билдирган. Боту ўзбек шеърияти тарихидагина эмас, адабий-бадиий танқидчилиги тарихида ҳам алоҳида ўрин тутган олим сифатида биринчилардан бўлиб, ўзбек танқидчилиги ва адабиётшунослиги олдига муҳим талаблар қўйди, унинг келажакдаги вазифаларини белгилашга интилди. 1928 йилда “Нафис адабиёт соҳасида ўз-ўзини танқид” деб номланган баҳс-мақоласида айни шу масалаларни кўтариб чиқди. Адабиёт бадиий томондан ҳам баркамол бўлиши керак, деган фикрнинг айтилиши нафақат, ўзбек танқидчилиги, балки умумиттифоқ танқидчилигида бадиий асарлар асосан ғоявий-сиёсий жиҳатдан туриб баҳоланиши авж олган ва асарларга уларнинг бадиийлигини ҳам инобатга олган ҳолда қиммат бериш бир қадар суст бўлган бу даврда назарий жиҳатдангина эмас, балки амалий жиҳатдан ҳам катта аҳамиятга эга эди.
ХХ асрнинг 20-30-йиллар ўзбек танқидчилигида бадиий асарнинг ғоявийлиги устида кўп тортишувлар бўлиб ўтган97. Ана шу масалага бағишланган баҳслардан бири К.Триғуловнинг “Нафис адабиёт жабҳасини соғломлаштириш йўлида” мақоласи билан бошланган; баҳс Олтойнинг “Нафис адабиётда соғлом мафкура ва соғлом танқид керак” мақоласи билан давом эттирилган. Ботир эса “Нафис адабиёт тўғрисидаги мунозарага” номли мақоласида бу баҳсда кўтарилган масалаларга ўз муносабатини билдирди. Бироқ бу мақолалар учун муштарак бўлган камчилик шуки, уларда бадиий ижоднинг барча қисмларини мафкура масаласи билан боғланишда ўрганишга берилиб кетиб, асарнинг ғоясини ундаги образ, қаҳрамон билан, хусусан, бадиийлик ва шакл масалалари билан алоқадорликда текшириш бир четда қолган эди. Йўл қўйилаётган бу камчиликларга С. Ҳусайн эътибор берди. Санъаткор ижодини фақат мафкуравий жиҳатдангина эмас, уни шакл масаласи билан боғланишда таҳлил этмоқ керак, деб чиққан мунаққид фикрича, ғоявий мазмун билан уни намоён қилувчи шаклнинг ўзаро боғланишда ўрганилишида танқидчилигимиз усулининг асосий фазилати намоён бўлади.
Бадиий ижодда ғоявийлик билан бадиийлик бир-бирига шу даражада бирлашиб, қоришиб кетгандагина чинакам санъат асари пайдо бўлади. Уларнинг бирини иккинчисидан юқори қўйиш, бадиий ижод моҳиятини ижтимоий борлиқ тараққиёти қонуниятларидан келиб чиқиб тушунтириш, талқин этиш вульгар социологизмга олиб келади, адабий-бадиий, илмий- эстетик тафаккур равнақига путур етказади.
Мумтоз меросдан фойдаланиш керакми ёки керак эмас? деган масаладаги баҳсда вульгаризаторлик усулини танлаганлардан бири Ж.Бойбўлатов бўлиб, унинг меросга ўта нигилистик муносабати, ҳатто уни ҳақорат қилиш даражасига бориши “Ўзбек адабиёти намуналари” мажмуасини баҳолашида равшан кўринади. (Бу китоб атрофида баҳс ва шов-шув кўтарилгани ҳақида Ҳ.Ёқубов тўлиқ маълумот берган98). Бойбўлатов “Ннамуналар”ни тузган Фитратни ҳам, унга сўзбоши ёзган О. Ҳошимни ҳам ҳақорат қилишдан қайтмайди. Унинг “Ўзбек адабиёти ва чиғатойчилик” мақоласи бошдан охиригача мумтоз ижодкорлар ижодиётини қоралашдан иборат. Жумладан, у ёзади: “... Қисқаси, чиғатой нафис адабиёти мазмун жиҳатдан тасаввуфлик билан, шакл жиҳатдан араб ҳам форслик билан суғорилгандир. Чиғатой шоирларидан - бу мутасаввуфлардан, хаёлпарастлардан, символистлардан ва бошқалардан ўзбек пролетар адабиёти учун қандай бўлса ҳам бир нарса олишимиз шубҳалидир”99.
Ж. Бойбулатовнинг баҳсли мақолаларидаги бундай асосланмаган айбларга жавоб бермаслик мумкин эмас эди. О.Ҳошим “Адабий мерос ва чиғатой адабиёти” сарлавҳаси остида икки мақола ёзиб, у билан баҳсга киришса-да, ўша давр мафкураси тазйиқидан қутула олмайди. Ва ёзади: “Жадид адабиёти ўзбек буржуазияси адабиётидир. Жадид адабиёти ўзбек буржуазиясининг фикрини ва унинг бошдан кечирган ҳолатларини акс этадир, унинг учун ишлайдир, куладир, йиғлайдир”100. Сирасини айтганда, бу “сталинчилик” сиёсатининг қолиплари асосида берилган баҳо эди. Отажон Ҳошим кейинчалик мумтоз адабиётни баҳолашда аввал йўл қўйган шу хатоларини тузатишга ҳаракат қиладики, бу ҳақиқий танқидчиларга хос фазилат эди. У меросдан фойдаланишнинг бир неча босқичлари борлигини, уни диққат билан ўрганиш зарурлигини таъкидлайди. “Чиғатой адабиёти кўп бадиий намуналар бергандир, бу адабиётнинг бир қанча санъаткор шоирлари бор”лигини эътироф қилади. Лутфий, Навоий ва бошқа сўз усталари шеърларидан мисоллар келтириб, бадиий маҳорат масалаларига тўхталади. Унинг фикрига кўра, “ҳозирги пролетар шоирларининг камчилиги ҳам шу томонда”, яъни маҳоратнинг етишмаслигида. Ўз фикрини яхшироқ тушунтириш ва қандай қилиб бадиий етук асарлар яратиш санъатини эгаллаш мумкинлигини уқтириш ниятида В. Маяковскийнинг “Шеърни қандай ёзиш керак?” номли китобидан мисоллар келтиради.
Баҳсни ўша даврнинг фаол танқидчиларидан бири А. Саъдий ижодида ҳам кўриш мумкин. 1924 йили А. Саъдий “Ўзбек ёш шоирлари” мақоласида Фитрат ижодини ноўрин танқид қилади. Унга жавобан Вадуд Маҳмуднинг “Адабий танқидга бир назар” баҳс-мақоласи юзага келди. У Фитратни Саъдийга нисбатан ўткирроқ далиллари, асослироқ нуқтаи назари билан ҳимоя қилади. Фитрат ҳам Вадуд Маҳмуднинг адабий-назарий чиқишларини кузатиб борган. А.Саъдий Фитрат ижодини жиддий текширмай, ҳатто қайси асари қачон ёзилганини аниқламай, “Фитрат ижоди 1917 йил февраль инқилоби билан бошлангандир” деб фактик хатоликка йўл қўяди. Ҳар ҳолда Фитратни шоир ва адиб ўлароқ Туркистон 1910 йилдан бери танийларким, ўшал вақтларда унинг ёзган шеърлари ҳатто ёзма ҳолда қўлдан-қўлга юрар эди, - деб эътироз билдиради Вадуд Маҳмуд А.Саъдийга.
А.Саъдий мақоласининг умумий руҳида танқид қилишга мойиллик кучли. У Фитратни шоир эмас, файласуф сифатида билишни истаб, баъзи заиф далиллар келтиради. Вадуд Маҳмуд Фитрат ижодини ана шундай ноўрин танқидлардан ҳимоя қилади: “Биринчидан, бу бир адабий танқид эмасдур. Чунки бунда “адабий” маъно отидан ҳеч бир нарса йўқдир. Тилни, ҳаётни, руҳни ва асосан шеърни тушунмай юритилган фикрни адабий деб айтмоқ муносиб эмасдур. Шу эътибори билан бу илмий нарса ҳам эмасдур”,- деб ёзади “Адабий танқидга бир назар” баҳс-мақоласида. Албатта, ҳозирги замон адабиётшунослиги нуқтаи назаридан қараганда ҳар иккала мақолада баҳсталаб ўринлар йўқ эмас.
20-йилларда А. Исмоилзода ва А.Саъдий миллият юзасидан, Жулқунбой ва Назир Тўрақулов матбуот хусусида, Жулқунбой ва Ғози Юнус “Муштум” журнали ҳамда сатира ва юмор ҳақида, Абдурауф Фитрат ва Неъмат Ҳаким, Элбек ва Зеҳний ўзбек тилининг назарий асослари устида баҳс-мунозарага киришган эдилар. Ўша давр матбуоти саҳифаларида бунга ўхшаш баҳслар кўплаб учрайди. А. Саъдий билан Вадуд Маҳмуд ўртасидаги адабий-илмий тортишув эса 20-йиллар адабий танқидчилигида адабий баҳс жанрининг ёрқин ва типик намунасидир”101.
А. Саъдий билан Вадуд Маҳмуднинг “Адабий-тарихий саводсизликка қарши” ва “А.Саъдийнинг саводи” мақолалари шундай баҳс асосида қурилганлиги билан ажралиб туради. Худди шундай кескин фикр-мулоҳазаларга тўла баҳслар биринчи миллий роман “Ўткан кунлар” устида ҳам бўлиб ўтган102. ХХ асрнинг бошларида адабиётда баҳс, мунозара шу даражада кучли бўлганки, буни юқорида таҳлил қилганимиз мақолалар яққол кўрсатади.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ХХ асрнинг бошларидан баҳс ривожланиш палласига кирган, аммо шўро даврига келиб, адабий танқиддаги субъективизм унинг динамикасида, мазмунида ўзгаришлар пайдо бўлишига олиб келди.
Адабиётнинг, адабий жараённинг, бирор бир ёзувчи ёки шоирнинг четга оғишига қараб турмай, биргаликда ҳаракат қилишгани айниқса, футуризм масаласидаги танқидий қарашлар танқидчиларнинг илмий-назарий савиясини, янги адабиётни юксакликка кўтариш учун тўғри йўлдан боришганларини кўрсатади. Ўзбек адабиётига зўрама-зўраки футуризм сингари оқимларни тиқиштиришга уринаётган, шаклбозлик асосида шеърлар яратаётган ижодкорларни тўғри йўлга бошлашда бундай баҳсларнинг ўрни ниҳоятда муҳим эканлиги яққол кўринади.
Адабий танқид аста-секинлик билан алоҳида ёзувчи, шоирлар ижодини тадқиқ этишга кириша бошлади, бу соҳада ҳам баҳсу мунозаралар давом этдики, буни Чўлпон, Фитрат, Ҳамза ижодига муносабатда кўриш мумкин.



Download 423.41 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   6   7   8   9   10   11   12   13   ...   21




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling