Бухоро давлат университети ҳузуридaги илмий дaрaжa берувчи phD


Баҳс жанри табиатига хос хусусиятлар


Download 423.41 Kb.
bet8/21
Sana20.01.2023
Hajmi423.41 Kb.
#1104666
TuriДиссертация
1   ...   4   5   6   7   8   9   10   11   ...   21
Bog'liq
16.02.22.Худойкулова М дисс

1.2. Баҳс жанри табиатига хос хусусиятлар

Адабий танқиднинг адабий жараён ва омма орасида шуҳрат қозонишига жанрларнинг ривожи ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. “Адабий танқиддаги ҳар бир жанр ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб, бир-биридан фарқ қилади. Уларни тасниф этишда бу фарқлар эътиборга олиниши лозим. Биринчидан, танқид жанрларини объекти жиҳатидан тасниф қилиш мумкин: тақризда битта асар объект қилиб олинса, обзор мақолада маълум бир даврдаги бир неча асар, муаммоли мақолада мақсадидан келиб чиқиб, баъзан бир, баъзан бир неча асар таҳлилга тортилиши объект қилиб олиниши мумкин”51. Шу жиҳатдан қарайдиган бўлсак, баҳс жанрида кўпинча, бадиий асар ёки аниқ бир мавзу объект қилиб олинади ва бошқа мақолалардан фарқли равишда баҳс давомида қарашлар кенгайтирилади, фикрлар хилма-хиллиги ошиб боради, баъзан рад этилади, баъзан қўллаб-қувватланади.


Адабий танқид адабий жараёндаги янгиланишларни таҳлил қилар экан, янгича йўналишда яратилаётган бадиий адабиёт намуналари адабий ҳаётга ўзининг янгича концепция ва эстетик тамойилларини олиб кираётганлигини асослашга ҳаракат қилмоқда. Баҳснинг мақсади адабиёт майдонида пайдо бўлган бирор бир янги асар ёки ёзувчи, шоирнинг ҳаёти, ижоди билан боғлиқ баҳсли масалаларни ўртага ташлаб, ҳал этишдан иборат.
Адабиётшунос Ш.Ахмедова адабий танқид жанрларини ҳажми ва олдига қўйган мақсади ҳамда вазифасига кўра уч гуруҳга бўлади:
1. Ихчам ва ҳозиржавоб жанрлар. Буларга тақриз, обзор ва муаммоли адабий-танқидий мақолаларни киритиш мумкин.
2. Етакчи хусусиятларини тарихий-биографик ёндашув белгиловчи жанрлар. Уларга танқидий-биографик очерк, адабий портрет, бадиа (эссе), монография кабилар киради
3. Адабий мулоқотга асосланган жанрлар: адабий-танқидий мактуб ва адабий-танқидий суҳбатдир52.
Баҳс жанри ҳам баҳсга, тортишувга асосланган бўлса-да, унда ҳам икки ва ундан ортиқ мутахассисларнинг мулоқоти амалга ошишини назарда тутиб, уни адабий мулоқотга асосланган жанрлар таркибида ўрганишни мақсад қилиб олдик.
Адабий танқиддаги ҳар бир жанрнинг ўз хусусиятлари бўлишига қарамай, уларни бир майдонга бирлаштирувчи муштарак хусусиятлар ҳам мавжуд: танқиддаги барча жанрлар адабиётнинг ривожи, камолоти, юксак бадиийлиги учун курашади, китобхоннинг эстетик онгини юксалтиришга хизмат қилади, ижодкор ижодининг такомилида муҳим ўрин эгаллайди.
Адабий танқид жанрларининг ўзига хос жанрий хусусиятлари уларнинг мақсад, вазифалари, объекти, адабий ҳодисага муносабати, ҳажми нуқтаи назаридан фарқланади. Ҳозиржавоб, ихчам жанрлар кўпроқ бадиий асар ёзилиши ва нашр этилишига алоқадор ташвиқотчилик характерига эга бўлиб, тақриз, мақола, адабий мактуб каби жанрлар, асосан, ана шундай вазифани бажаради. Бошқа бир гуруҳ жанрлар ёзувчи ҳаёти ва ижодини унинг биографиясига асосланиб, ўрганади, адабий портрет, танқидий-биографик очерк ва эссе шундай мақсадни кўзлайди. Баҳсда ҳам маълум бир асар ёки адабий муаммо юзасидан тортишув, фикрий ранг-баранглик орқали масалани ечишга қаратилади.
Шу тариқа барча жанрлар бир бўлиб, яхлит илмий-адабий тафаккур воситаси сифатида адабиётнинг равнақи учун курашади, ижодкор ва унинг асари ҳақида муайян хулосалар чиқаришга интилади; муштарак илмий-адабий тизимни вужудга келтиради53. Шу тизимда баҳс жанрига қарайдиган бўлсак, унинг қуйидаги: бадиий асар ёки бирор бир адабий-назарий муаммо ҳақида баҳсга асосланиши, баҳс жараёнида баҳслашувчиларнинг бири-бирини рад этиши, фикрий ранг-баранглик, шу орқали китобхоннинг эстетик дидини шакллантиришга кўмаклашиш каби етакчи жанрий белгилари мавжуд. Баҳсда ҳар бир мунаққид ўз қарашларини илгари суриши етакчи унсур ҳисобланади. Тақриз ҳақида гапирганда танқидчи И. Ғафуров уни “танқиднинг тиканли гули” деб атайди, бу таърифни асосида рад этиш, тортишув, мунозара ётган баҳсга ҳам қўллаш мумкин. Тақризнинг вазифаси янги асарга баҳо бериш бўлса, баҳснинг вазифаси тортишув, мунозара орқали қўйилган масалани ҳар тарафлама ўрганишдир. Баҳснинг муаммоли мақоладан фарқи шундаки, муаммоли мақолада адабиётга оид бир муаммо бир мутахассис ёки танқидчи томонидан ўртага ташланиб, унинг ечими кўрсатилса, баҳсда айни муаммо юзасидан бир неча мутахассис баҳсга киришади.
Баҳсда бошқа жанрларга нисбатан икки ва ундан ортиқ танқидчи, ёзувчилар қатнашиши ва энг муҳими, баҳслашиш асосида маълум бир хулсаларга келиш мумкин. Баъзан эса баҳс йиллар давомида давом этиши мумкин. “Баҳс, мунозара, музокара шакли эса ўзбек танқидчилигининг урушгача бўлган давридаёқ энг ўктам ва фаол жанрларидан бири сифатида бўй кўрсатади1, - деб ёзади академик Б. Назаров54.
Рус олимлари адабий-танқидий баҳс жанрига муносабат билдирганлар, аммо улар ҳар хил турларини кўрсатадилар. Масалан, рус олими В.Н. Крылов танқидий мақолаларни 5 хил: монографик мақола, муаммоли мақола, юбилей мақола, назарий мақола, баҳсли мақола (полемик мақола) каби турларга бўлади55.
Яна бир рус олими Л.П.Гроссман ҳам Белинскийга бағишланган мақоласида Сумароков ижодидаги ранг-баранг жанрлар ҳақида гапирар экан, полемик мақолага ҳам тўхталади56. Сумароковнинг журналига қарши чиққан рақиблари танқидига қарши (антикритика) ёзганидан парча келтирар экан, Б. Егоров: “ Бу нима: сатира, танқидий ҳикоя, полемик мақола, масал, тақриз? Шубҳасиз, бу ерда бу айтилган жанрлардан ҳаммасининг (яна бошқаларни ҳам) қирраларини топиш мумкин, аммо улар бир-биридан ажралган эмас”,-деб ёзади.
Афсуски, жанрлар ва полемиканинг барча бойликлари ўша пайтда, 18- аср ўрталарида, мавжуд бўлган фақат ”кам кишилар учун” рақибга ёки ҳамфикр дўстлар доирасига қаратилган танқидий асарлар, одатда, рўйхатлар орқали тарқатилган, вақти-вақти билан камдан-кам ҳолларда журналларда ёки шеърий тўпламларга илова тарзида, алоҳида асарларда нашр этилган”57.
Кўринадики, 16-асрдан бошлаб, рус олимлари баҳс, мунозара масалаларига эътибор қаратганлар.
Баҳсда бирон асарни янгидан таҳлил қиламизми, тарихий-функционал жиҳатдан ёритамизми, шу пайтгача илмда айтилган фикрларга муносабатимизни холис ифода этишимиз керак.Шу нуқтаи назардан баҳс сўзининг луғавий маъносига диққат қаратамиз:
Баҳс (ар. بحث‎ — гуфтугӯ, муколама), мунозара — дар таърихи фалсафа исботи хабар бо далелу бурҳон, ки дар натиҷаи мунозара ба даст меояд.
Баҳс - ( арабча- суҳбат, тортишув - муколама) – мунозара – фалсафа тарихида хабарни далиллар билан исботлаш, мунозара воситасида натижага келиш.
“Баҳс танқидчининг илмий-назарий савияси, дунёқараш ва концепцияси муҳим аҳамият касб этадиган адабий танқид жанрларидан биридир”58,- деб ёзади тадқиқотчи Н. Қодирова. Ҳақиқатан ҳам ҳозирги адабий жараёнда баҳс ҳам долзарб муаммоларни кўтариб чиқмоқда. Ҳақиқий асар қандай бўлиши керак деган саволга жавоб қайтара олмоқда ва ўз йўналишларида қатор мувафақиятларга эришмоқда. Шуниси эътиборлики, мунозарали, баҳслар моҳиятига кўра нейтрал нуқтаи назарга эришиш учун анча эҳтиёткорликни талаб қилади.
Баҳс - бу ҳар бир томоннинг ўз фикрини ҳимоя қилиши, фикрларнинг тўқнашуви ва рақибни ишонтиришга уриниш. Агар мунозарада фикрлар қарама -қаршилиги бўлмаса ва томонлар бир -бирларига буни низо деб эълон қилмаган бўлсалар, буни баҳс деб аташ мумкин эмас ва бу мулоқот. Кўп тортишувлар муроса билан тугайди. Шунингдек, баҳс -мунозара рақобат шароитида ҳам муҳим бўлиши мумкин59.
Адабий танқидда бошқа жанрлар сингари баҳс, мунозаранинг вазифаси, аввало, аниқ илмий –концепцияга, поэтик системага эга бўлиш. Бунинг учун эса, генетик асосларга эврилиш, жаҳон эстетик тафаккури ютуқларини моҳиятан англаш, ўзлаштириш, адабий жараён билан мустаҳкам алоқа боғлаш зарур бўлади. Шундагина адабий танқид ва унинг жанрлари, ички хиллари давр адабий жараёни асосида оригинал назарий консепцияларни ярата оладиган, умуминсоний, умумфалсафий миқёсларга даъво қилишга лойиқ, адабиётшунослик келажагини белгилайдиган “ҳаракатдаги эстетика”га айлана олади.
Баҳс ва унинг хусусиятлари ҳақида гапиришдан олдин, ҳеч бўлмаганда умумий маънода далиллар билан танишиб чиқиш керак. Зеро, баҳс далиллардан иборат. Баҳслашувчи қайсидир фикрнинг тўғрилигини, иккинчиси нотўғри эканлигини исботлайди. Адабиёт тарихида бунга мисол кўп: Алишер Навоий “Лайли ва Мажнун”да дин илмини мукаммал билган Султон Ҳусайн Бойқаро бошчилигида ўтказилган мажлисини тасвирлаган: яъни, ҳар илмда аллома бўлган одам Ҳусайн Бойқаронинг мажлисига келгач сўзга оғиз очолмай қолади. Ҳусайн Бойқаронинг мажлисида ҳар моҳир фақиҳ бирор масалани ўртага қўйса, шоҳ унга нисбатан асосли юзлаб шубҳаларни тизиб ташлайдики, масала айтувчи уларнинг биттасидан ҳам воқиф эмасдир. Фақиҳ четлашиб қолгач, ҳар бир тизган шубҳаларни (мажлисда) ўзи бирма-бир ҳал қилиб беради. Аллома варақдан ўқиганларидан сўраса, шоҳ Ҳақ кўнглига солган жавобларини айтади60.
Адабиётшунос Ш. Ахмедова адабий танқид жанрларини вазифаси жиҳатидан ҳам фарқлайди. Тақризнинг вазифаси янги асар ҳақида маълумот ва унга баҳо бериш, обзор мақолада аниқ бир даврдаги асарларни умумлаштириб баҳолаш, муаммоли мақолада аниқ бир муаммони ҳал этиш, адабий портретда ёзувчининг тўлиқ қиёфасини яратиш, суҳбат ёзувчи ижодхонасига кириб, ижодини чуқур таҳлил этиш, мактубда мурожаат орқали аниқ бадиий асарга, унинг муаллифига симпатия ёки антипатия билдириш орқали асарни таҳлил қилиш кўзда тутилишини кўрсатиб ўтади. Адабий баҳснинг вазифаси эса адабиётдаги маълум бир муаммо ёки баҳсга сабаб бўлган бадиий асар бўйича икки ёки ундан ортиқ адабиётшунослар мунозара юритишидан иборат. Баъзан баҳсли бир адабий муаммо ўртага ташланади ва унга муносабатлар, фикрлар ранг-баранглиги турлича кечади. Масалан, Ш. Холмирзаевнинг “Адабиёт ўладими?” баҳс мақоласи юзасидан ўнлаб унга жавобан мақолалар юзага келган.
Кўринадики, баҳс жанри ҳам махсус вазифаларга эга, аниқ ижтимоий-эстетик моҳиятга йўналтирилади, унинг хос хусусияти муайян адабий ҳодисанинг адабий жараёндаги мавқеини баҳолашига қараб белгиланади Шу жиҳатдан қарайдиган бўлсак, ўзбек танқидчилигида кўплаб баҳслар ёзилганини кўриш мумкин. Агар яратилган материални ҳисобга оладиган бўлсак, бир асрдан зиёд вақт мобайнида 100 дан ортиқ намуналари яратилган ва улар махсус бир тизимни ташкил этади. Баҳс кўпинча адабиётда адабий жараёндаги ёки бирор бир ёзувчининг асаридаги маълум бир муаммони ҳал қилишга йўналтирилиб, шу аснода турли қарашлар, тортишувлар, мунозаралар асосида муайян адабий ҳодиса – бадиий матннинг адабий жараёндаги ўрнини баҳолаш жиҳатидан муҳимдир (масалан, “Сароб” романи атрофидаги баҳслар).
Ҳақиқатан ҳам адабий-танқидий баҳслар адабий жараённи жонлантиришга хизмат қилиши, янги фикр-хулосаларга туртки бериши жиҳатидан қимматли ва унда холислик билан айтилган фикр мунаққидлар учун ҳам, китобхон учун ҳам фойдалидир. Баҳсда кўтарилган муаммога бирдан ортиқ ёки бир неча ўнлаб адабиётшунос, танқидчи, олимлар фикр билдириши мумкин. Уларнинг баъзи бирлари, табиийки, бир позицияда туриб, бир фикрни, бошқалари ундан фарқли фикрни ҳимоя қилиши мумкин.
Жаҳон ва рус адабиётшунослигида кўпинча, полемика атамаси ишлатилади. Полемика – бу сиёсий, фалсафий, адабий ёки бадиий соҳаларда муҳокама қилинган ўз нуқтаи назарини тасдиқлаш учун ўзига хос тортишув. Мунозара ва баҳс – бу тортишувларнинг бошқа турлари. Мунозара билан бир қаторда, баҳс-мунозаралар энг тарқалган шакллардан биридир. (Википедиядан олинди).
Тортишув - баҳслашувчи томонларнинг асосий сайъ ҳаракатлари муҳокама қилинаётган масала бўйича ўз нуқтаи назарини тасдиқлашга қаратилганлиги билан тавсифланадиган ўзига хос низо. Полемика мунозара билан бир қаторда низоларнинг энг кенг тарқалган турларидан биридир. Бу мунозара билан келишмовчиликлар мавзуси бўлган кенг тарқалган турларидан биридир. Бу мунозара келишмовчиликлар мавзуси бўлган аниқ тезиснинг мавжудлиги билан бирлаштиради, бу қарама-қарши томоннинг далилларига, мунозарачиларнинг нутқлари кетма-кетлигига эътиборни назарда тутади. Қарама-қарши томонни рад этиш ва ўз нуқтаи назарини оқлаш усуллари устуворлик қилади. Шу билан бирга полемика мунозарадан сезиларли фарқ қилади. Агар мунозаранинг мақсади, биринчи навбатда, турли нуқтаи назарларни бирлаштирадиган умумий келишувчиликнини излаш бўлса, полемиканинг асосий вазифаси қарама-қараши позициялардан бирини тасдиқлашдир. Мунозарали томонлар, мунозарага қараганда воситаси, стратегияси ва тактикасини танлашда чекланган бўлади. Полемикада умуман баҳсда бўлгани каби нотўғри усуллар қабул қилиниши мумкин эмас (тезиснинг ўрнини алмаштириш, зўрлик ёки жаҳолат аргументи , ёлғон ва исботланмаган далилларни ишлатиш ва бошқалар). Полемикада мунозарага қараганда анча кенг тўғри спектрларни қўллаш мумкин.
Айниқса, ташаббускорлик, мавзуни муҳокама қилиш учун ўз муҳокамаларини қўйиш, далилларни ишлатишда тўсатдан, ҳал қилувчи далилларни тақдим этиш учун энг муваффақиятли вақтни танлаш ва бошқалар муҳим аҳамиятга эга. Полемика, биринчи навбатда ўз позициясини тасдиқлашга қаратилган бўлса-да, баҳсда асосий нарса ҳақиқатга эришиш эканлигини доимо ёдда тутиш керак бўлади. Нотўғри нуқтаи назарнинг ғалабаси, бошқа тарафнинг ҳийла-найранглари ва ожизлиги орқали қўлга киритилса, одатда унинг умри қисқа бўлади ва маънавий қониқиш келтира олмайди61.
Полемика- грекча - уруш сўзидан олинган бўлиб, адабий кураш.Сиёсий ёки илмий босма баҳслардан иборат. Яна бир манбада “Полемика (грекчадан ҳарбий, душманлик) Ниманидир муҳокама қилиш жараёнидаги баҳс. Илмий баҳс. Адабий баҳс. Плеханов баҳснинг кўзга кўринган санъаткори эди”-дейилади62. Нашрда, диспутда, йиғилишда ва ҳ.к. бирор бир масалани муҳокама қилишда (илмий, сиёсий, адабий) баҳсдан фойдаланиш, баҳс орқали ғалабага йўналганлик.
Илмий муомалада баҳснинг қуйидаги синонимлари ишлатилади: Баҳс, мунозара, тортишув, дискуссия, полемикатция, жанжал, тўқнашув, эристика, диалог, мубоҳаса.
Баҳс ва унинг хусусиятлари ҳақида гапиришдан олдин, ҳеч бўлмаганда умумий маънода далиллар билан танишиб чиқиш керак. Дунё далиллардан иборат. Бири маълум бир фикрнинг тўғрилигини, иккинчиси нотўғри эканлигини исботлайди.” Далил тузилган ҳақиқат ёки ёлғонни исботлаш учун бу фикр исбот тезиси деб аталади. У бизнинг ҳаракатларимизнинг асосий мақсади. Далилда келтирилган тезис шахмат ўйинидаги шоҳга ўхшайди. Яхши шахматчи, қандай ҳаракатни режалаштирмасин, шоҳни доимо ёдда тутиши керак. Шундай қилиб, мунозарали ёки баҳссиз яхши провер: у исботлашда гапирмайдиган нарса, ҳар доим, якуний таҳлилда, битта асосий мақсадга эга - тезис, уни асослаш ёки рад этиш ва бошқалар”63. Шунинг учун ташаббускордан жиддий далил ёки баҳсга биринчи талаб - баҳсли фикрни аниқлаштириш, тезисни аниқлаштириш, яъни. биз учун маъноси аниқ ва равшан бўладиган тарзда кириб бориш ва тушуниш. Бу кўп вақтни тежайди ва кўп хатоларнинг олдини олади. “Аммо қайси танқидчи, қайси олим ҳукм-хулосаларим, кузатишларим, фикр-мулоҳазаларимнинг барчаси ҳақиқат, менда бирорта нотўғри, бирёқлама гап йўқ, деб даъво қила олади ?! Ишончим комилки, ҳеч ким!
Ҳар ҳолда шахсан ўзим шундай деб ўйлайман, шунга риоя қилишга интиламан...Шунга кўра, ким билан мунозарага киришсам, даъволаримни ҳар томонлама далиллашга ҳаракат қиламан....Шунинг учун мақолаларим эътироз туғдирса, мен билан кимдир баҳслашса. Осмон узилиб, менинг бошимга тушибди, деган фикрга бормайман, оёғимга ўт тушгандай типирчиламайман. Албатта, алам қилади, бироқ асосли танқид ўз-ўзимга талабчанликни оширишга, ўз устимда янада зўр шиддат ва чидам билан ишлашга даъват этади”, - деб ёзади Н. Худойберганов64.
Тезис(баҳсга сабаб бўлган муаммо)ни билиш учун, одатда, бу тезисга оид учта саволни билиш кифоя. Биринчидан, тезиснинг барча сўзлари ва ифодалари биз учун тўлиқ ва тушунарли бўладими? Айтиш керакки, агар биз, масалан, “адабиётни модернизация қилиш керак” деган тезисни рад этиш ёки оқлаш керак бўлса, биз “адабиётни модернизация қилиш” нима эканлигини аниқ ва янада аниқ тушунишимиз керак. Бу ҳолда биз ҳақиқий далилни эмас, балки қандайдир “қалбакилаштириш”, “модернизация”ни оламиз. Айни пайтда, тезис сўзларининг маъносини тушунишда, умуман олганда далиллар ва айниқса, кўпинча аниқ далиллар ҳақида тортишувлар бўлади.
Агар тезисдаги сўзнинг маъноси тўлиқ аниқ ва аниқ бўлмаса, унда бу “сўз” ёки тушунчани “аниқлаш” керак. Масалан, “адабиётнинг модернизацияси” тушунчасининг таърифини излайлик. Бу “адабиётни янгилаш, унинг ривожида инновациялардан фойдаланиш” деган маъноларни билдиради. Агар биз ушбу таърифни ўз мақсадларимиз учун қониқтирсак, биз бундан ҳам кўпроқ давом этишимиз мумкин. Агар бирор нарса бизга бундай таъриф билан ноаниқ бўлиб туюлса, биз дарҳол бу ноаниқликни аниқлашга ҳаракат қилишимиз керак. Бир сўз билан айтганда, тезиснинг ҳар бир концепциясини кристалл равшанлиги ва аниқлигини тўлдириш учун иложи борича тушунтиришга ҳаракат қилиш керак.
Тушунчага қандай аниқлик киритиш мумкин? Бунинг учун амалда иккита восита мавжуд:
а) баҳсга асос бўлган муаммонинг назарий жиҳатларини мустақил равишда аниқлаш, лекин бунинг кўпинча имкони кам бўлади;
б) бошқаларнинг тайёр таърифларидан фойдаланиш.
Иккинчи усул одатда афзалроқдир, агар бу масала бизнинг мутахассислигимиз тушунчаларига тааллуқли бўлмаса, янада осонроқ бўлади. Одатда муаммони тўғри аниқлаш қийин, лекин баъзида, айниқса низоларда, бу жуда қийин, кўп билим, маҳорат, меҳнат, вақт талаб қилади. “Буларнинг барчасини уларга сарфлаши мумкин бўлган, таърифи танқид оловидан ўтган одамларнинг таърифларидан фойдаланиш яхшидир”65.
Энг муҳими, бу мақсадда баъзи жиддий ва обрўли илмий китоблар, фундаментал тадқиқотлардан фойдаланиш мумкин. Агар қўлда бундай бўлмаса, яхши энциклопедик луғат ва бошқа шунга ўхшаш манбалардан олинган таъриф мос келади. Шундай қилиб, турли китоблар ва турли луғатлар бир хил тушунчани турлича таърифлайдилар. Кейин, албатта, баҳслашувчи ўзининг фикрига энг тўғри келадиган таърифлардан бирини танлайди. Масалан, бу жиҳатни кўпроқ И.Ҳаққул баҳсларида кўриш мумкин.
Аммо бу ҳолда, баҳсга сабаб бўлган бу тушунча ёки муаммонинг бир нечта қирраси, таърифлари борлигини эсдан чиқармаслик керак ва буни, айниқса, баҳсларда, тушунмовчиликлар бўлмаслиги учун ёдда тутиш керак. Ҳаммасини эслаб, камчиликларини билсак яхши бўлади; лекин ҳар ҳолда, бу тушунчанинг бир неча таърифлари борлигини унутмаслигимиз керак, - деб уқтиради баҳс санъатини ўрганган рус олими Поварнин.
Албатта, ҳаққоний баҳо бериш учун, баҳсдан барча фойда олиш учун, муҳокама қилинаётган масалани билиш билан бирга, яхши, соғлом ва тиниқ ақл зарур. Аммо қийин тортишувсиз, ҳатто бундай ақл ҳам камдан -кам ҳолларда тезисни тўғри ва ишончли баҳолай олади. Ва ҳамма жойда: илмда ҳам, жамоат ҳаётида ҳам, шахсий ҳаётда ҳам. Одамлар мураккаб мунозарада қанчалик ақлли ва билимдон бўлишса, тортишув шунчалик давомли бўлса, баҳснинг тезиси қанчалик муҳим бўлса, шунча кўп натижаларга эришиш мумкин, қолган барча шартлар тенг. Адабий танқид ўқувчилар оммасига адабиёт номидан ва айни пайтда ёзувчиларга, адабиётга жамият номидан мурожаат қилади, унинг тараққиётида бошқа жанрлар ва шакллар сингари баҳс-мақоланинг қанчалик тортишув, мунозара кучли бўлса-да, ўрни ўзига хос: фикрлар ранг-баранглиги илғор тамойилларнинг вужудга келишига хизмат қилади.
Баҳсда айтиладиган, илгари суриладиган ғоя - ҳамма нарса учта мақсадга хизмат қилиши керак: 1) ўз фикрларини асослаш учун ёки 2) рақибнинг фикрларини рад этиш ёки 3) маълумот учун.
Хабардорлик - баҳснинг жуда муҳим қисми ва моҳир қўлларда - алмаштириб бўлмайдиган қурол. Афсуски, улар жуда кам ишлатилади ва ундан қандай фойдаланишни билишмайди. Низо ҳақида маълумот бериш, ҳарбий ҳаракатлардаги разведка билан бир хил. Бусиз, ишончли ҳужум ёки ҳимоя қила олмайди.
Шу билан бирга “Адабий танқиднинг тарих олдидаги хизмати –бош миссияси унинг жорий адабий жараёнга, ундаги умидбахш тамойилларга, соғлом адабий-танқидий тафаккурнинг шаклланишига кўрсатган таъсири билан белгиланади...
Танқидчилигимизнинг шўро даврида чиққан икки жилдли тарихи аллақачон эскирди.Миллий танқидчилигимизнинг чинакам илмий тарихини яратишга киришишидан олдин адабий журналларимиз, биринчи галда, адабиёт газетамиз тарихини, унинг адабий танқидга оид саҳифаларини сонма-сон синчиклаб ўрганиб чиқиш даркор”66. Шу нуқтаи назардан биз илмий тадқиқотлардан ташқари, баҳс-мақолалар “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси саҳифаларида чоп этилганлигини кўзда тутиб, кўпроқ шу манбалардан ҳам фойдаландик.
Ўзбек адабиётшунослигидаги мавжуд материаллар ўзбек танқидчилигида баҳс жанрининг олти хил йўл билан юзага келишини кўрсатади.
1) Бирор асар нашри муносабати билан баҳс ташкил этиш, бунда Ёзувчилар уюшмаси катта роль ўйнайди. “Сароб” ва “Қутлуғ қон” романларига бағишланган баҳслар бунга мисол бўлади.
2) Газета ва журналларда баъзи давра суҳбатлари муносабати билан ташкил этиладиган баҳслар. ХХ асрнинг 80- йиллари охирида “Замон- драматургия -театр” мавзуида бўлиб ўтган баҳс, “Бадиий наср тили ва давр” давра суҳбатидан келиб чиққан баҳс. Ёки “Ўзбек тили ва адабиёти” журналида ХХ асрнинг 70-йилларида “Мунозара” “Мунозара ва муҳокама” рукнларида баҳслар бериб борилган. “Мунозара “ рукнида “Гул ва Наврўз”нинг муаллифи масаласида баҳсларга кенг ўрин берилганини Ё.Исҳоқов, А.Рустамов, Э.Фозилов, С.Эркинов каби олимларнинг баҳс мақолаларида кўриш мумкин67.
3) Газета ёки журналнинг ўзи ташкил этган баҳслар: юқорида тилга олганимиз “Шарқ юлдузи” журнали ёзувчи П. Қодировнинг “Эрк” қиссаси тўғрисида баҳс очганини мисол тариқасида кўрсатиш мумкин68.
“ЎЗАС”нинг 2000 йил, 28 июль, 31-сонида “Баҳс” рукнини бошлаб, танқид ва адабиётшунослик бўлими шундай ёзади: “Албатта муайян бир асар бўладими, бирор давр адабиёти бўладими – улар ҳақида барчанинг фикри бир хил бўлмаслиги табиий. Аслида ҳам ижод борасида фикрлашганда қарашларнинг хилма-хиллиги кузатиладики, бу беихтиёр ҳақиқат баҳс, мунозараларда туғилади, деган ҳақ гапни ёдга солади”. Замонавий ёшлар прозасидаги ижодий изланишлар, адабиётимизнинг эртанги куни, ёш ёзувчиларнинг ютуқлари, камчиликлари ҳақида фикр юритиш долзарблиги таъкидланади ва баҳсни Ш.Холмирзаев бошлаб беради. Бу ҳақда қуйироқда тўхталамиз. Ёки “Ҳаёт ва адабий қаҳрамон”, “Ижодкор ва ҳаёт” мавзуларидаги баҳсларнинг ташкил этилиши.
4) Адабиётдаги баъзи муаммоларга бағишланган алоҳида- алоҳида тарзда ёзиладиган баҳс - мақолалар. У. Норматов, Н. Худойберганов,
Э. Очил, Б. Рўзимуҳаммад, Ш. Субҳон ва бошқа танқидчилар томонидан ёзилган баҳс - мақолалар.
О.Тоғаевнинг “Характерни англаш санъати” баҳс-мақоласи сарлавҳа тагматнида “Танқидчи У. Норматов билан баҳс” деб берилган. 5 қисмдан иборат китобнинг 2-қисми “Ҳақиқат баҳсда туғилади” деб номланган ва 3 та мақоладан иборат. 1-мақолада Ш.Холмирзаевнинг “Сўнгги бекат” асарига тақриз ёзган танқидчи У. Норматов билан баҳсга киришади, унинг мулоҳазаларини рад этиб, асардаги образларни ўзи таҳлил қилиб, ўзининг қарашларини илгари суради.
5) Бир асар ҳақида икки хил фикр” рукни хам баҳсларга йўл очади. Бу ҳақда У. Норматов шундай ёзади: “Танқид баҳс билан тирик, мен ҳам ҳақиқат баҳсларда аён бўлади деган қарашларга қўшиламан. Холислик, юксак билимдонлик, маданият билан айтилган эътирозларни ҳамиша мамнуният билан қабул қилганман. Биргина мисол. Бир асар ҳақида икки хил фикр рубрикаси остида берилган “Ёзнинг ёлғиз ёдгори” қиссаси хусусидаги танқидий мулоҳазаларимга ёш иқтидорли мунаққид Илҳом Ҳасан “Икки қисса - бир ҳисса” сарлавҳали мақоласида теран таҳлиллар орқали одоб билан жиддий эътирозлар билдирган. Бунинг учун мақола муаллифини чин дилдан қутлаганман”2.
6) Истиқлол даври танқидчилигига назар ташлайдиган бўлсак, баҳсу мунозараларга кенг ўрин берилган алоҳида тўпламлар нашр этилаётганини кўриш мумкин. Мисол сифатида “Истиқлол, Адабиёт, Танқид...” (“Турон замин зиё” нашриёти, 2015) номли тўпламни кшрсатиш мумкин.
Баҳслар oбъект, тортишув тури, шакли жиҳатидан ҳар хил бўлиши мумкин. Масалан, объекти нуқтаи назаридан қараганда:
1. Адабий-назарий муаммолар объект қилиб олинган баҳслар. Масалан, шеъриятдаги образлилик, конфликт масалалари.
2. Аниқ бир бадиий асар объект сифатида олиниб, унинг чоп этилиши ва унга муносабат шаклидаги баҳслар. Мисоллар “Сароб”, “Қутлуғ қон”, “Унутилган соҳиллар”, ва ҳ.к.
3. Газеталар томонидан ўртага ташланадиган баҳсли масалалар (улар ҳар хил мавзуда бўлиши мумкин) объект бўлиши мумкин.
4. Баҳслашувчига жавоб тарзида ёзиладиган баҳс-мақолалар яратилган. О.Тоғаевнинг “Ҳақиқат баҳсда туғилади” рукнидаги У.Норматовга жавобан ёзилган 3 мақоласини кўрсатиш мумкин.
Ёки В.Раҳмоновнинг “Баҳс манбаи - вазминлик” мақоласига эътибор қаратадиган бўлсак, “Энди баҳсга сабаб бўлган мисра масаласига келайлик... Киши қизишганда баҳсга киришмаслиги керак. Сиз мен билан газетанинг ярим саҳифасигача тортишасиз-у, баҳс манбаи бўлган мисрани тўғри ўқиёлмагансиз. Шошмасангиз, Сизнинг тўғри ўқишингизга имоним комил эди”, - деб ёзилади. Кўринадики, баҳсга сабаб бўлган муаммога жавоб қайтарилаяпти.
Танқидчиликда мунаққидлар қайси жанрда бўлмасин, бадиий ижод намуналари ҳақида фикр юритганда, ҳар бир асарнинг бадиияти ҳақида алоҳида сўзлашни ўзлари учун муҳим ҳисоблашади. Бунда давр адабий танқидида ўсиб бораётган муҳим бир тамойил – бадииятга эътибор қилиш, ғоявийликни бадиийлик билан бирликда кўриш тамойили кўзга ташланади. Ёзувчи маҳорати ҳаётга ёндашишдан, унинг муҳим томонларини кўра билишдан бошланади, уни маънодор ва ёрқин қилиб тасвирлаб бериш билан якунланади. Маъно чуқур ўйланмаган бўлса, шакл одатда тугал бўлмайди. Ёзувчи мазмун хусусида кўп ўйласа-ю, унинг шакли устида қунт билан ишламаса, аввало, мазмуннинг ўзига путур етади. Адабиёт ва санъат ҳамиша бу икки омилнинг мустаҳкам бирлигини тақозо этади. Баҳс жанрида ҳам худди шу жиҳат кўзга яққол ташланади.
Адабий танқид адабий асарда бадиийликнинг бир қатор шартларини тайинлаб чиқишга самарали уринади. Улар: а) шакл ва мазмун бирлиги; б) фикрий тиниқлик ва ифодавий жозибадорлик; в) мантиқийлик, мантиқий далиллаш; г) психологик таҳлил; д) ҳаёт материалини тартибга солиш, сюжет ва композицион усуллардан ўринли фойдаланиш, яъни бадиий ёрқинликка эришиш ва ҳоказо. Баҳсда ҳам танқидчи ана шу тамойилларни ҳамиша диққат марказида тутади, адабий асарлар қимматини ана шу талаблар нуқтаи назаридан белгилайди, уларнинг ютуқ ва камчиликларини ана шу жиҳатдан ёритади. Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, адабиёт ривожланар экан, бадиий асар яратилар экан, баҳсу мунозаралар тўхтамайди, ҳар бир даврда унинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб давом этаверади. “...баҳс-мунозаралар (“Ҳаёт ва адабий қаҳрамон”, “Ижодкор ва ҳаёт” мавзуларида) ташкил этилиши одат тусига кирди. Бу жанрлар танқидчилик асоси бойиганини кўрсатишдан ташқари, ўқувчига эстетик таъсир этишнинг бош воситаларидан бири бўлиб қолди”69. “Илм кишиси баҳс - мунозараларсиз камол топмаслиги маълум. Мен ижодга, илмга кириб келганимнинг дастлабки кунларидан ҳозиргача баҳс-мунозаралар ичида ўсиб-улғайдим. Баҳсга киришган ҳамкасабаларим ҳам мансаб, мавқе жиҳатидан анов-манов одамлардан эмас. Илм ғилдирагини мен айлантираяпман, деб билганлардан улар. Афсуски, улар битта-иккита ҳам эмас. Якдилликда уларнинг тенги йўқ. Курашишда, йўл-йўриқ танлашда ҳам улар бинойидек. Бинобарин бундайлардан ғолиб келиш учун тинимсиз ўқиш-изланиш, қаттиқ мутолаа қилиш, илмда янги йўллар ахтариш, теран фикрлар айта олиш қудратига эга бўлмоқ керак. Бу томондан ҳам менга омад кулиб боқди: улар билан баҳс- мунозараларда чиниқдим, ютуқларга эришдим”70, деб ёзади академик М. Қўшжонов.
Баҳсларнинг кўпайиши адабий-танқидий жанрлар сифатини янада орттиради. Бугунги баҳс жанри билан 30-40 ёки 60-70 йиллардаги баҳс жанри орасида улкан тафовут, жарлик бор. Собиқ шўролар иттифоқи даврида адабиётни партиявийлаштириш оқибатида, фан (асосан гуманитар фанлар) давлатнинг сиёсат қуролига айлантирилган эди. Ҳурфикрлилик, шахсий қараш тўғрисида мутлақо гапириш мумкин эмас эди. Ҳар бир адабий танқидий материал, кимларнингдир қаердадир сўзлаган нутқлари билан бошланиб, “социалистик” реализм деган шпаргалка-эталон асосида эҳтиёткорлик билан текшириларди. Ҳозирги адабий жараёнда эса бутунлай тескари ҳолат ҳукмрон. Адабий танқид долзарб муаммоларни кўтариб чиқмоқда. Ҳақиқий асар қандай бўлиши керак деган саволга жавоб қайтара олмоқда ва ўз йўналишларида қатор муваффақиятларга эришмоқда. Бугун том маънода адабий танқид фан сифатида шуҳрат қозонмоқда. Баҳслар ҳар томонлама етук гибридлашган жанрлардаги асарларнинг пайдо бўлишига замин яратаётир. Талаб ўзгариши билан адабиётнинг савияси ҳам ўзгармоқда.Шу жиҳатдан қарайдиган бўлсак, баҳснинг аҳамияти қуйидагиларда кўринади:

  1. Баҳсли масалаларни ўртага ташлаб, адабий жараённи жонлантиришда;

  2. Ёзувчи ёки шоир, танқидчининг ижодий такомилида;

  3. Ўқувчининг эстетик дидини ўстиришда;

  4. Фикрлар ранг-баранглигини кучайтиришда;

  5. Муҳими, адабиётни ривожлантиришга хизмат қилади.

Бундан ташқари баҳсни ким билан олиб боришига кўра ҳам тасниф қилиш мумкин:

  1. Ёзувчи ёки шоир ва танқидчи билан (У. Норматов ва Э. Воҳидов);

  2. Танқидчи ва адабиётшунос билан (О. Тоғаев ва У. Норматов баҳслари);

  3. Баъзан китобхонлар билан (Масалан, “Турғунлик йилларига тақриз” номи билан китобхон Р. Ҳожимуродовнинг муносабати босилган, бу ҳақда қуйида тўхталамиз. Аммо бу ҳолат кам учрайди).

Бундан ташқари баҳслар характерига қараб турлича бўлиши мумкин:

  1. Баҳсли муаммо ўртага ташланади, ҳар ким унга ўз муносабатини билдиради, бу мунозара тарзида ўтади.

  2. Адабиётдаги аниқ бир муаммо юзасидан турли қарашлар илгари сурилади, бунда бир-бирларининг фикрларини рад этиш хусусияти устувор бўлади. Бу ҳақда қуйида тўхталамиз.

Хулоса қилиб айтганда, ҳаётда, илмий жамиятда, адабиётшуносликдатурли номлар билан аталадиган баҳс (тортишув, мунозара, полемика, дисскуссия ва ҳ.к.) тараққиётнинг гаровидир. Баҳс бўлмаган жойда ривожланиш бўлмайди, шунинг учун адабиётдаги қайси бир муаммо, қайси бир асар, унинг яратилиши, ёзувчи ёки шоир ижоди билан боғлиқ баҳслар бошландими, фикрлар ранг-баранглиги, турли хил қарашлар унинг бойишига, тараққиётига хизмат қилади.

Download 423.41 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   4   5   6   7   8   9   10   11   ...   21




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling