Бухоро давлат университети ҳузуридaги илмий дaрaжa берувчи phD
Тадқиқот натижаларининг апробацияси
Download 423.41 Kb.
|
16.02.22.Худойкулова М дисс
- Bu sahifa navigatsiya:
- Диссертациянинг тузилиши ва ҳажми.
Тадқиқот натижаларининг апробацияси: тадқиқот натижалари 6 та халқаро, 6 та республика илмий-назарий анжуманларда муҳокамадан ўтказилган.
Тадқиқот натижаларининг эълон қилинганлиги: диссертация мавзуси бўйича жами 21 та илмий иш, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссиясининг докторлик диссертациялари асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган илмий нашрларда 4 та мақола, шундан, 3 таси республика ҳамда 1 таси хорижий журналларда эълон қилинган. Диссертациянинг тузилиши ва ҳажми. Диссертация 160 саҳифадан иборат бўлиб, кириш, уч асосий боб ва хулосадан ташкил топган. I БОБ. ЎЗБЕК АДАБИЙ ТАНҚИДЧИЛИГИ ЖАНРЛАР ТИЗИМИДА БАҲС ЖАНРИ ВА УНИНГ НАЗАРИЙ АСОСЛАРИ 1.1.Танқид жанрлари тизимида баҳс ва унинг генезиси Баҳс ҳаётда, илмда, давлат ва жамоат ишларида катта аҳамиятга эга. Муҳим, жиддий масалаларда баҳс, мунозара бўлмаган жойда турғунлик бўлади. Ҳаётнинг ўзи, айниқса, ижтимоий ва сиёсий характердаги қизғин мунозараларга бой. Мунозаралар назарияси - замонавий фанда умуман ривожланмаган мавзу, жумладан, ўзбек адабиётшунослигида ҳам. Ҳар бир давр адабиётшунослиги ўзига хос хусусиятлари ва тараққиёт йўллари билан ажралиб туради, бунда адабий - танқидий тафаккурнинг роли ниҳоятда муҳимдир, шу боис адабий танқидчиликда зарур ўрин тутадиган адабий-танқидий баҳснинг табиати, ривожланиши, шаклланиш йўллари, босқичларини ўрганиш долзарб вазифалардан биридир. Айниқса, ўзбек адабий танқидчилигида мунаққиднинг услубини, ўзига хос қиёфасини белгилайдиган баҳс жанри махсус тадқиқ этилмаган. “Бадиий адабиётда бўлгани сингари адабий танқид ҳам тузилиши, адабий-эстетик хусусиятларига кўра, ўзаро ўхшаш ва фарқли жиҳатларга эга бўлиб, муайян гуруҳларни ташкил этади. Адабий-танқидий фикр бадиий асарга баҳо бериш талаблари билан юзага келди ва такомиллаша борди. Адабий танқид жанрларининг кўпчилиги мумтоз адабиёт ва адабиётшунослик бағрида шаклланди, илдиз отди. Шу боис янги ўзбек адабиётининг пайдо бўлишида фольклор, мумтоз асарлар муҳим замин бўлгани сингари ўтмиш адабиётшунослиги ҳам адабий танқид жанрларининг пайдо бўлиши ва шаклланишида муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилган”12. Худди шундай адабий-танқидий баҳс жанрининг генетик илдизини халқ оғзаки ижодидан, мумтоз адабиёт тарихидан излаш тўғрироқ бўлади. Адабиётшунос олим А. Ҳайитметов адабиётшунослик, хусусан, адабий танқидга оид фикрларнинг ўтмишда олти хил шакли мавжуд бўлганлиги хусусида фикр юритади ва уларнинг илк шакли сифатида “адабий мажлислар, адабий мунозара ва суҳбатлар”ни эътироф этади: “Адабий мажлис ва мунозара, суҳбатлар ўрта асрларда олим ҳамда шоирлар, адабиёт мухлислари учун бадиий ижод устида фикр алмашишга энг қулай восита эди. Фикр алмашиш учун матбуот бўлмаган замонларда адабиёт тараққиётида бундай йиғилишларнинг аҳамияти жуда катта бўлган... Адабий танқидчиликнинг бу шакли, шубҳасиз, халқ оғзаки ижодчилари тўпланган жойларда ҳам мавжуд бўлиб, ижодий юксалишларга туртки берган13. Олимнинг хулосаларига таянадиган бўлсак, энг аввало, баҳс, мунозаранинг илдизи халқ оғзаки ижодида кўринади. Масалан, халқ оғзаки ижодидаги латифа жанрига эътибор қаратадиган бўлсак, унда баҳс, мунозара унсурлари яққол кўринади. “Афанди халқ вакили сифатида амалдорлар билан яккама-якка тўқнашади, баҳслашади. У хон, подшо, бек, вазир, қози, муфти, эшон, домла, имом, савдогар, бой, амалдор ва бошқа ҳоким синф вакиллари билан маълум масалаларда тўғридан-тўғри, юзма-юз туриб мунозара қилади”, - деб ёзади академик, фольклоршунос олим Т. Мирзаев ”14. Фольклордаги лоф жанрида ҳам баҳс, мунозарага хос унсурлар кўринади. “Лоф айтишаётган икки киши тарафкашлик қилиб, бир-бирини ҳозиржавоблик ва чечанликда синар экан, ҳар қандай қийин масалани фавқулодда осойишталик билан ҳеч қандай ваҳима, дабдабасиз, оддий гап тарзида, босиқ оҳангда айтади-қўяди. Иккинчи томон ҳам гўё ҳеч гап бўлмагандек, шундай боплаб жавоб берадики, бу томошабинларда ёқимли, хушчақчақ кулги кўтарилишига сабаб бўлади, рақиби эса доғда қолади”15. Лофдаги икки кишининг бўлиши, мунозара қилиши, бирининг иккинчисининг устидан ғолиб келиши каби хусусиятлар адабий танқиддаги баҳсда ҳам кўринади. “Лофда гап тагини гап очади, дейилганидек, баҳслашувчи томонларнинг ўта муболағали сўзига ҳайратомуз фикр тўқнаш келади. Мусобақада бир томон, албатта, ғолиб келади”16. Адабий танқидда эса муболағадан кўра аниқ, изчил фикр, мулоҳазани асослаш учун илмий далиллар келтирилади. “Лофларда диалог жуда қисқа бўлса, айримлари эпик мазмунда бўлиб, латифа янглиғ тортишув давом этади. Бунда лофнинг композициясида шингил воқеаларнинг ўзаро боғланишида мантиқ кучи етакчилик қилади”. Лофнинг мақсади, албатта, бошқа, адабий танқиддаги баҳснинг мақсади бошқа. Шунинг учун адабий танқиддаги баҳсда диалоглар жуда кам учрайди, аммо мантиқ кучи, ўзаро баҳслашув, тортишув мақолаларда, мактубларда давом этади. Композицион жиҳатдан ҳам фарқлар анчагина, бу ҳақда учинчи бобда тўхталамиз. Композицияси тугалланган икки фикрнинг бир-бирига қарши қўйилишидан ташкил топадиган аския жанрида ҳам баҳсга хос хусусиятлар учрайди. Чунки баҳсда ҳам бир-бирига қарама қарши фикрлар, мулоҳазалар, қарашлар, адабий муаммоларни турлича талқин қилиш хусусияти кучли. Аскияда ақл-идрок, ҳозиржавоблик, сўзни ўз ўрнида ишлатиш талаб этилади, адабий танқиддаги баҳсда эса, биринчи ўринда, билим ва бадиий матнни чуқур англаш талаб этилади. Сўзни ўз ўрнида ишлатиш, нафақат баҳсда, балки адабий танқиддаги барча жанрларда энг биринчи талаб ҳисобланади. Аскиянинг “пайров” турида “рақиб”га айтилган сўз ва жумла кўчма маъно касб этиши шарт. “Бундан ташқари у истиора, ўхшатиш, сифатлаш каби бадиий тасвир воситалари, таносиб, тажнис, муболаға сингари ифода воситаларидан кенг фойдалана билиши керак” 17. Адабий танқид ўзига хос ижод тури ҳисобланади, унинг жанрлари, жумладан, баҳсда ҳам илмий-эстетик, образли тафаккурга кенг ўрин бериш шартдир. Шундай экан, баҳсга киришадиган танқидчилар аския учун керак бўлган ифода воситаларидан унумли фойдаланишлари керак бўлади, бунинг устига адабий-танқидий фикр халққа, оммага қарата айтилиши, унинг эстетик дидини ўстиришини инобатга оладиган бўлсак, баҳсда ҳам бадиий тасвир воситаларига эътибор қаратиш муҳимдир. Аския ижтимоий ҳаёт ҳодисалари, одамларнинг дунёқараши, оилавий турмуши, ўзаро муносабати, яхши-ёмон одатлари, орзу-истаклари асосида юзага келган. “Бинобарин, у тингловчилар, шинавандаларга эстетик завқ бериш билан бирга уларда дид-фаросат, ақл-заковат, завқ-шавқ, чертиб сўзлаш, ҳозиржавоблик ва бадиҳагўйлик хусусиятларини таркиб топтиришда муҳим роль ўйнайди”18. Баҳс эса ҳаёт ҳодисалари акс этган бадиий адабиёт ва ундаги муаммоларни ҳал этиш истаги асосида юзага келади. Адабий танқиднинг бошқа жанрлари сингари баҳс ҳам китобхоннинг эстетик дидини тарбиялашда, сўздан сўзни фарқлашда, яратилаётган ҳар бир асарга масъулият билан қараш туйғусини тарбиялашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Кўринадики, адабий танқиддаги баҳсга хос баъзи хусусиятлар халқ оғзаки ижодида учрайди. Кейинчалик мумтоз адабиётда ҳам намоён бўлгани кўринади. Мумтоз адабиёт тарихига назар ташлайдиган бўлсак, мунозара дастлаб жанр сифатида М.Қошғарийнинг “Девонул-луғатит турк” асарида “Қиш билан ёз мунозараси” учрайди. “Мунозара - баҳс, фикрлар тортишуви; “Шарқ халқлари адабиётида, жумладан, ўзбек классик адабиётида, тортишув, баҳслашув тарзида яратилган асар. Мунозара, кўпинча шеърий йўл билан, баъзан насрий йўл билан ёзилган. Мунозарада икки (ёки ундан ортиқ) образ орасида тортишув, баҳслашув боради. Тортишувда томонлардан бири ғолиб, иккинчиси мағлуб бўлади ёки ҳар икки томон келишади”19. Мазкур таъриф бадиий адабиётдаги мунозара ҳақида, аммо муштарак белгиси шундаки, адабиётшуносликда ҳам мунозара, баҳс, тортишувга асосланади. Фарқи шундаки, кўпинча ғолиб ёки мағлуб аниқланмайди, баҳслашувчилар маълум бир мавзу ҳақида ўз қарашларини илгари сурадилар. Мумтоз адабиётда кенг тapқалган бу жанр фикрлар кураши шаклида ёзилади. Унда турли нарса, ҳодиса, тушунча, ҳолат ва бошқалар зиддиятга киришади. Образлар кўпинча рамзий моҳият касб этиб, мунозара қиладилар. Баъзан мунозарада мақтов (панегерик) қисми ҳам бўлади. Унда мазкур асарни ёзишга туртки берган одам мақталади. Аммо бу хусусият ҳамма асарларда ҳам бўлавермайди. Мунозаранинг қиссадан қисса чиқариш ёки муаллифнинг муайян масала ҳақидаги хулосаси билан тугалланган шакллари ҳам бўлади. Адабиёт тарихида баҳс, мунозаранинг илдизи қадимга бориб тақалади. Фахрий Ҳиравийнинг “Равзат ус-салотин” асарида шундай бир ҳикоятни келтирилган: “Биринчи бўлиб форсий тилда назм битган киши Эрон шоҳи Баҳром Гўр (ҳукмронлик йиллари 276-293) эди. Ва уни мана бундай келтирганларки, Баҳром Гўрнинг Дилором деган маҳбубаси бор эди ва у ўткир зеҳн, нуктадон, мавзун ҳаракот, рост таъб, хушовоз ва чанг чалувчи эди. Ва Баҳром билан ҳамма жойда бирга бўларди ва гоҳида у билан мунозара қиларди. Баҳром бирор латифани тилга олса, у ҳам ўшанинг баробарида муносиб ва мувофиқ бирор нарсани иншо қиларди.... Баҳромга бу сўзлар жуда ёқди ва бу мисрани ўқиб бериш учун мажлисга олимларни чақирди. Улар назм учун қоида ихтиро қилдилар”20. Аббосий халифалардан ал-Маъмун (813-833) ўз ҳукмронлик даврида кўзга кўринган, забардаст алломаларни саройига тўплаб, мажлисларда илмий мавзуларда ҳам баҳс-мунозаралар олиб борган. Унинг илмий мажлисларида ўша даврнинг салоҳиятли донишмандлари иштирок этган21. Хоразмшоҳлар давлати саройининг етакчи шоири Рашидиддин ал Ватвот Муҳаммад Отсиз, Эл –Арслон мажлисларида ўз шеърлари билан иштирок этган экан. Бу ҳақида Давлатшоҳ Самарқандий шундай деб ёзган: “Рашидиддин (Вотвот) хоксор, кичик жуссали, теззабон одам эди... Кунлардан бир куни Хоразм олимлари Хоразмшоҳ Отсиз мажлисида мунозара ва баҳс қилар эдилар. Рашидиддин Вотвот ҳам ўша мажлисда ҳозир бўлиб, мунозара, баҳс ва теззабонлик кўрсатар эди. Хоразмшоҳ кўрдики, шу қадар кичик жуссали бир одам беҳад ва беандоза баҳс юритаётибди... ”22. “Амир Темур ва темурийлар даврида турли хил мажлислар ташкил этилган. Амир Темурнинг илмий суҳбат ва мажлислари фақат Самарқанддаги уламолар билан биргаликда ўтказилиб қолмасдан, Соҳибқироннинг ҳарбий сафарлари асносида тўхтаб ўтган жойларида ёки янги қўлга киритилган шаҳарларда доимий равишда ўтказиб туриларди... Табриздан Соҳибқиронни зиёрат қилиш учун саййидлар, уламо ва шайхлар келиб, орада илмий ва шаръий билимлар ҳақида катта баҳс – мунозаралар бўлиб ўтгани ҳам мисоллардан бири”23. Ёки Ибн Халдуннинг “Таржимаи ҳоли”да ўзи ҳам Темур мажлисларида қатнашганлигини, унинг иштирокида баҳс-мунозаралар бошланганлиги ҳақида маълумот беради24. Саройда – Амир Темур ҳузурида (мажлисларда) эркин илмий баҳслар бўлиб, ғолиб чиққан олим ва шоирлар рағбатлантирилган, синовдан ўтган йирик олимлар янги қурилган мадрасаларга мударрисликка юборилган. Файласуф Тафтазоний ҳам Амир Темур саройидаги кўпсонли илмий баҳсларда фаол қатнашган. Манбаларда қайд этилишича, Самарқандда яшаган файласуф Мир Саййид Шариф Журжоний ва Тафтазоний ўртасидаги илмий баҳслар жуда кескин ва қизиқарли ўтган.45 “Тарихи Рашидий”да бу ҳақда шундай ёзилган: “Мавлоно Саъдуддин Амир Темурнинг мажлисларида неча маротаба баҳсу мунозара қилди. Гоҳи Мирға(Мир Саид Шариф) ғолиб келди”25. Юқоридаги мисоллардан маълум бўладики, Амир Темур ва темурий ҳукмдорлар ҳузурларида бундай баҳсу мунозараларга асосланган мажлислар ташкил қилиниб, дин арбоблари, саййидлар, уламолар иштирокида ўз даврининг долзарб масалалари муҳокама қилинган. Темурийлар даври шеърият кечаларининг асосий хусусияти шундаки, унда шеърлар ўқилган, куй ва қўшиқлар ижро этилган, адабий мавзуларда баҳс мунозаралар олиб борилган26. Суҳбатдошлар суҳбати ирфон мавзуида бўлса, агар уларнинг баҳс-мунозараси Ҳақнинг ҳақиқатига яқинлаштирса, демак бундай анжуман хилват ўрнини боса олади. Чунки хилватдан мурод маърифатдир, суҳбатдан мурод ҳам илоҳий маърифатдир. Нақшбанд ҳазратларининг суҳбат ҳақидаги фикрлари яна шуниси билан муҳимки, унда пиру мурид суҳбати, бошқача айтганда, бири насиҳат қилиб, иккинчиси(ёки кўпчилик муридлар) сўзсиз қулоқ соладиган суҳбат эмас, балки ҳақиқий орифона тортишув назарда тутилган. Яъни мунозара ва фикрий-шуурий далил-исбот билан ҳақиқатни аниқлаш, сўфиёна ботиний чарақлашларни бир-бирига туташтириш, бир-биридан баҳраманд бўлиш. Суҳбатда офат ва офатда шуҳрат деганларининг маъноси шу”27. Маълумки, жамоа-тоифа бўлиб яшаш, пир-муридлик одобини сақлаб, тонготар суҳбатлар қуриш, илоҳиёт асрори ҳақидаги баҳсу мунозара мусулмон Шарқининг бутун қадимий маданий марказларида қурилган кўп сонли хонақоҳ ва зовияларда тўпланган фақру фано аҳли ҳаётининг мазмунини белгиларди28 Ҳусайн Бойқаро ҳузуридаги “Олий мажлислар”даги баҳс, мунозараларда Алишер Навоийнинг фикри билан ҳисоблашишган. Бу ҳақда “Муҳокамату-л-луғатайн”да шундай ёзилган: “...Сўз аҳлларидан адиб ва шоирлар гуруҳининг йиғин жойи ва илмнинг манбаи бўлган подшоҳлар подшоҳи(Ҳусайн Бойқаро)нинг кўкка етар суҳбатлари(мажлислари)да ва жаннат зийнатли хизматларида ўттиз йилдан ортиқ бу фақир(Навоий)нинг сўзига юксаклик ва эркинлик, ўзига суҳбатидан улуғ эътибор ва сўзига ўзи жиҳатидан буюк мартаба ва даража берилар эди. ...Подшоҳлар подшоҳи(Ҳусайн Бойқаро) бу гуруҳ(шоирлар)нинг атама ва қоидалари тўғрисида сўз бўлганида кўпроқ бу фақир(Навоий)га хитоб қилар, адиб ва шоирлар ижоди тўғрисида бирор нарса айтилса, сўзни каминага қаратар эдилар29. 220 Кўриниб турибдики, адабий кечалардаги шеърий баҳсларда Алишер Навоийнинг фикр-мулоҳазаси ҳал қилувчи роль ўйнаган. Буюк Алишер Навоий асарларига шу жиҳатдан ёндошадиган бўлсак, унинг “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Мажолис ун-нафоис”, “Мезон ул-авзон”, “Хамсат ул-мутаҳаййирин” каби асарларининг яратилишида шоирнинг дўстлари, устоз ва шогирдлари билан олиб борган адабий суҳбат, мунозара ҳамда баҳслари катта аҳамиятга эга бўлганки, “Мажолис ун-нафоис”да буни яққол кўриш мумкин. Чунончи, улуғ шоир бу асарда баъзи адабий суҳбатдошлари тўғрисида миннатдорчилик билан ёзар экан, уларнинг “хушмуҳовара” эканлигига диққат қаратган30 . Ҳақиқатан ҳам, “Хамсат ул-мутаҳҳайирин”, “Мажолис ун-нафоис”, Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Латоиф ут тавоиф”, Хондамирнинг “Макорим ул-ахлоқ”, Восифийнинг “Бадое ул-вақоеъ” каби асарларида мазкур масалага доир қимматли далиллар келтирилади31. Демак, ижодкорнинг муайян асар, шеър, байт тўғрисида мушоара ва анжуман, суҳбат ва учрашувларда оғзаки баён этган мулоҳазалари, ўзаро мунозаралари тўғри, фойдали экани маълум бўлади. “Халқ орасида кенг тарқалган айрим ривоят ва латифаларда А. Навоий номи келтирилган бўлиб, уларда улуғ шоирнинг айрим ҳасадгўй, ичиқора рақиблари, ижодкор ёки мансабдорлар билан кечган кинояли баҳс-мунозаралари, кулгили суҳбатлари, сўз ўйинлари, киноялари баён этилганлиги ҳам табиатан ҳазил-мутойибага мойил, сўзга чечанлигини далиллай олади”32. Алишер Навоий ҳам адабий мунозара ва баҳсларнинг ижодий ишга аҳамиятини чуқур тушуниб, адабий мажлис, мунозара, баҳс, суҳбатларга эътибор билан қарагани маълум. “Мажолис ун-нафоис”да баъзи шоирларнинг бир-бирлари билан баҳс қилиб, ҳажв ёзганлиги ҳақида маълумот беради. Масалан, Жунуний деган шоирнинг машҳур асарининг ёзилиш сабабларини қуйидагича кўрсатади: “Хожа Ҳофиз Шарбатий билан анинг (Жунуний) орасида низо бўлди ва ул мунозиъни ҳажв қилди. Ва халойиқ ул ҳажвни ёд тутдилар...”33. Навоий шу тарзда шахсий низо сабаб шоирлар ўртасидаги шеърий тортишувлар, бир-бирларини ҳажв қилишларини қоралаганини кўриш мумкин34. Навоийнинг “Хамсатул-мутаҳаййирин” асарида фикримизни исботловчи далиллар кўплиги кўринади. “Навоий мақолатда алоҳида эътибор берган масала – бадиий ижод вазифаси ва ижодкор бурчи масласидир. Бир неча ҳикоятлар таркибидаги фикрлар, жумладан,.Аҳмад Ҳусайн марсияси борасида Соғарийнинг шоирлик рутбаси хусусидаги баҳс, мунозара, мутойиба ва мулоҳазалар ғоят қимматлидир”35. А. Навоий Ҳусайн Бойқаро ҳузуридаги яна бир шеърият кечасида Хусрав Деҳлавийнинг ҳиндча шеъри ҳақида сўзга очади. Алишер Навоий билан бўлган “ёғин-сочинли кунлардаги” бир суҳбатда Лутфий таърифлаган мазкур шеърда баҳорнинг ёғин-сочинли кунида маҳбуб балчиқда тойиб йиқилаётган чоғида ёмғирни тутиб туриб кетгани тасвирланган. Бу ғазал нафақат Алишер Навоийга маъқул келди, балки мазкур шеърий йиғиндаги барча шоирлар ҳам Хусрав Деҳлавийнинг заковатига таҳсин ўқишади. Бироқ шоирлардан фарқли ўлароқ, Ҳусайн Бойқаро бу ғазалга ўз эътирозини билдиради. Бу ҳақда “Мажолис ун-нафоис”да шундай ёзилган: “Олий мажлисда ер ўпуб, арз қилдимким, ул эътирозни гуҳарбор алфоздин эшитмак муроддур. Дедиларким, ул эътироз будурким, ул ёғин қатраси юқоридин қуйи иниб келадур, муқаррардурким, риштасиға дағи ҳамул ҳолдур. Риштаиким, майли қуйи бўлғай, анинг мадади била йиқиладурғон ўзин асрамоғи маҳолдур. Ул ҳазрат (Ҳусайн Бойқаро) бу эътирозни нақл қилғоч, фақир(Навоий) билдимким, мен ва ҳар киши ҳамким, бу маънини эшитиб, таҳсин қилибдурбиз – барча ғалат қилғон эрмишбиз. Қулоқ тутуб ўз нуқси табъимға муътариф бўлдим. Андин сўнг ул ҳазрат (Ҳусайн Бойқаро) дедиларки, бу байт андоқ воқеъ бўлубтурки, эътироз маҳалли йўқтурким: Download 423.41 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling