Тадқиқот мавзусининг диссертация бажарилган олий таълим муассасаси илмий-тадқиқот ишлари режалари билан боғлиқлиги. Диссертация Бухоро давлат университети Ўзбек адабиёти кафедраси илмий-тадқиқот ишларининг 2016-2021 йилларга мўлжалланган режасига мувофиқ “Ўзбек адабиётшунослигининг долзарб муаммолари” йўналишида олиб борилаётган тадқиқотлар доирасида бажарилган.
Тадқиқотнинг мақсади ўзбек адабиётшунослигида баҳс жанрининг табиати ва тараққиётини илмий жиҳатдан тадқиқ этишдан иборат.
Тадқиқотнинг вазифалари:
адабий танқид жанрлари тизимида адабий-танқидий баҳснинг келиб чиқиши, фольклор, мумтоз адабиёт билан боғлиқлигини ўрганиш;
баҳснинг жанрий хусусияти, табиатини белгилаб, унинг бошқа жанрлардан фарқ қилувчи хос хусусиятларини, унинг яратилишига сабаб бўлган омилларни аниқлаш;
баҳс жанрининг ҳар бир даврдаги тараққиётини кузатиш орқали адабиёт ривожидаги ўрнини белгилаш ҳамда адабий-танқидий баҳс яратишда мунаққидлар ўрнини белгилаш;
адабий-танқидий баҳс илмий ва эстетик тафаккур намунаси эканлигини асослаб, унинг ички хиллари, композициясига хос хусусиятларни тадқиқ этиш;
бадиий матн мукаммаллигида муҳим ўрин тутадиган адабий-танқидий баҳснинг ривожини тадқиқ этиш орқали маълум тавсия ва умумлашмалар хулосалар чиқаришдан иборат.
Тадқиқотнинг объекти сифатида ХХ аср бошларидан ХХI аср бошларигача бўлган даврда яратилган баҳслар танланди.
Тадқиқотнинг предметини адабий жараёнда муҳим из қолдирган ва адабиётнинг ривожига маълум даражада таъсир кўрсатган баҳснинг тараққиёти ва табиатини аниқлаш ташкил этади.
Тадқиқот усуллари: диссертацияда тарихий-қиёсий, аналитик, герменевтик, статистик, биографик таҳлил усулларидан фойдаланилди.
Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
адабий-танқидий баҳснинг жанрий хусусияти ва тараққиёти, ўзига хос хусусиятлари каби илмий масалалар биринчи бор яхлит ҳолда тадқиқ этилмоқда. Шу билан бирга:
- адабий-танқидий баҳснинг келиб чиқиши, фольклор, мумтоз адабиёт билан боғлиқлиги, ўзига хос хусусиятларини ёритилган;
баҳс жанри тараққиётини белгилаш, ҳар бир даврдаги муҳим жиҳатларини ёритишда; адабий-танқидий баҳс илмий ва эстетик тафаккур намунаси сифатида адабиёт ривожида муҳим ўринга эга эканлигини асослашда;
- бадиий матн мукаммаллигини таъминлашда муҳим ўрин тутадиган баҳснинг табиатини ўрганиб ва ички турларини таснифлаш ҳамда унинг яратилишига сабаб бўлган омилларни, композицион хусусиятларини аниқлашда;
мунаққидлар ижодида адабий-танқидий баҳснинг ўрнини белгилаш, мунозара жараёнида таҳлиллардаги ўзига хослик, объектив ва субъектив қарашларнинг муҳимлиги ва шу орқали танқидчининг позицияси ҳамда ролини кўрсатишда намоён бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |