Бухоро давлат университети ҳузуридaги илмий дaрaжa берувчи phD
Download 423.41 Kb.
|
16.02.22.Худойкулова М дисс
Аруз ҳақидаги баҳслар хусусида. Ижодкорларнинг адабий-назарий қарашлари бадиий асарларни талқин қилишда муҳим очқич вазифасини ўташи дунё адабиётшунослиги тажрибасидан маълум. Ўзбекистон қаҳрамони Эркин Воҳидовнинг “Шоиру шеъру шуур” номли китобига киритилган “Аруз ҳақида” (1972 йил) деб номланган мақоласи аруз вазни ҳақидаги баҳсларга жавоб тарзида ёзилган. Баҳслашувчилар икки гуруҳга бўлинган, биринчи гуруҳ арузнинг зарурлиги, бугун ҳам замонамизга хизмат қилиши мумкин деганлар мумтоз ва замонавий ғазалларнинг энг яхши намуналарига суянганлар, иккинчи гуруҳ эса яъни шоир айтмоқчи, “арузнинг рақиблари” арзон ва жўн ғазалларни, “аксари қўшиқ қилиб айтилаётган замонавий арузнинг турфаҳол намуналарини мисол қилиб кўрсатганлар”119. Ижодкор “бундай “ғазалларнинг” ўша вақтларда ҳаддан зиёд кўпайиб кетганлиги натижасида ҳатто адабиётимизнинг бир неча улкан вакиллари “аруз рақиблари қароргоҳидан” жой олганларини афсус билан қайд этади.” Улар ўша вақтда балки ҳақли ҳам эдилар. Чунки:
Яхшиликни одат эт, қилма ёмонлик ҳеч қачон, Яхшилик яхши эрур, лекин ёмонликдир ёмон сингари ўта жўн насиҳатлар, “айладинг-кетдинг” каби радифларда юксак ҳис-туйғудан йироқ ошиқоналар матбуот саҳифаларини селдек тўлдирган эди”. Ижодкор ўзи таъкидлаганидек, шеърият босиб ўтган улкан йўлга назар солиб, арузнинг ютуқ ва камчиликлари ҳақида маълум даражада объектив хулосалар чиқаради. “Аруз ҳақида” мақоласидаги мулоҳазалар бугун ҳам эскирмагани яққол кўринади: “Аруз, адабиётнинг, умуман, санъатнинг ҳамма турлари каби талант ва маҳорат, теран хаёл ва эҳтирос талаб қилади”. Аруз адабиётнинг, умуман, саньатнинг ҳамма турлари каби талант ва маҳорат, теран хаёл ва эҳтирос талаб қилади”,- деган эътиборли мулоҳазаларни ёзади шоир. Истиқлол йилларида қилинган бир суҳбатда Э.Воҳидовга аруз билан боғлиқ шундай савол беришади: “ Бугун бармоқ, сарбаст ва шу каби бошқа вазнларда ёзилаётган шеърларга кўпроқ дуч келаяпмиз. Арузда эса негадир оқсаш бор. Бу шу мумтоз шеърий вазнда ижод қилишнинг мураккаблигиданми ё шеър аҳлининг арузга кўниколмаётганиданми? Шунингдек арузнинг бугунги кундаги мавқеи ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз… Шоир шундай жавоб беради: Мен учун ҳеч қандай вазннинг аҳамияти йўқ. Шекспир сонет ёзгунича бирорта одам сонетнинг улуғлигини тасаввур қилмаган бўлса керак. Бизда Навоийдан кейин шундай шоирлар ўтганки, партия, совет ҳукуматини мақтаб, шеърга солиб арузнинг мавқеига путур етказишган. Ҳаттоки, Абдулла Қаҳҳор, арузниям дабдаласини чиқардиларинг, энди арузда ёзманглар, деб норози бўлган”. Шоир бир вақтлар аруз вазнида шеър ёзиш-ёзмаслик муаммоси кўтарилганда, арузда ёзмаслик тарафдорлари нўноқ шоирлардан мисол келтириб, арузда ёзиш тарафдорлари Навоийдан мисол келтиришгани ҳақида гапириб, ўша мўъжаз мақоласини эслайди. Э. Воҳидов арузни маънавий хазина, бойлик деб ҳисоблайди ва бу бойликни йўқотмасликка чақиради. Умуман олганда, Эркин Воҳидов англаган ва англатган бундай ҳақиқатлар, адабий-назарий қарашлар ўз қадр-қийматига эга. ХХ асрнинг 80-йиллари танқидчилигида баҳс-мунозаралар бир қадар оммавий тус олди. “Шарқ юлдузи” журналида “Ҳаёт ва адабий қаҳрамон”, “Ўзбекистон маданияти” газетасида “Ижодкор ва ҳаёт”, “Совет Ўзбекистони санъати”да “Ҳаёт, театр, драматург”, “Звезда Востока” саҳифаларида ҳозирги ҳикоячиликнинг асосий муаммоларига оид, “Ўзбек тили ва адабиёти”да драматик конфликт ҳақида, “Мухбир” журналиида публицистика масалаларига доир баҳс, мунозаралар бўлиб ўтди. Мунозараларда, шубҳасиз, фойдали фикрлар айтилди, адабий жараённинг бир қатор долзарб нуқталари устида муҳокама, мушоҳада юритилди. Чунончи, аруз вазнининг ҳозирги шеъриятимиздаги қонуний ҳақ-ҳуқуқи яна бир бор таъкидланди, давр кишиси тасвирида чуқур психологизмнинг ҳаётий аҳамияти қайд этилди ва ҳоказо. Аммо мунозараларнинг заиф томонлари ҳам назардан четда қолмади. Асосий мавзу қолиб, чекка мавзуларга уриб кетишлар, бош масалани қўйиб, иккинчи, учинчи даражали масалалар устида фикр талашишлар, қаламга олинган масалага кенг – яхлит қараш ўрнига тор, бирёқлама қараш ҳоллари ҳам кўзга ташланди. Бинобари, Л. Қаюмов “Бизнинг айрим мунозараларимизда тарафлар билимдонлик туфайли эмас, билимсизлик туфайлидан ўжарлик қиладилар”, - деб тўғри қайд қилди120. “Агар сиз тортишувингиз керак бўлган шахсларга келсак, унда, агар сиз, албатта, низодан қочиш имконияти бўлса, янада қаттиқроқ танлов қилишга тўғри келади. Ҳамма асрлар ва халқларнинг донолиги билимсизлар билан тортишувлардан огоҳлантиради. Бундай баҳс камдан - кам ҳолларда фойдали бўлади. - Сиз қўпол ва беадаб одам билан кераксиз баҳслашмаслигингиз керак. Ақлли мутафаккирлардан бири (Монтен) шундай ёзади: “Мен дўстларимнинг қўпол мулоҳазаларини қабул қиламан: сиз аҳмоқсиз, сиз хаёлпарастсиз ва ҳоказо.” “Мен ўз фикрларини жасорат билан ифода этадиган одамларни яхши кўраман, фикр қаерга кетса, сўзлар ўсади”. “Тантанали сўзларнинг таъсирчанлигига қарши қулоқни кучайтириш ва юмшатиш керак”. “Мен жасур ва кучли жамиятни яхши кўраман” ва бошқалар. Албатта, бу борада ҳақиқат бор”121. Ў. Ҳошимовнинг “Нур борки, соя бор” романи ҳозирги ҳаётимиздаги долзарб муаммолар ва уларга дуч келаётган курашчан қаҳрамонлар устида ўй-мушоҳада юритиш учун танқидчилигимизга янги озуқа берди. Танқидчиликда тўғри қайд этилганидек, бу роман қаҳрамонлари тақдири устида фикр юритган ўқувчи: “Ўзини ўйлаш, ўз касб-корини шахсий манфаатига буйсундириб, маънавий қашшоқликка учраш фақат савдо ходими Сайфи Соқиевичларгагина эмас, балки ҳаётнинг кўпгина соҳалари, ҳаётнинг муқаддас бурчакларида – олимлар, санъаткорлар муҳитида ҳам учраб турадиган иллатлардан. Соғлом позицияда туриб, жамиятимиз ҳаётида учраб турадиган шу хилдаги камчиликларнинг фош қилиниши романнинг тарбиявий қимматини белгилайди”122,-деб хулоса чиқарилади. Ушбу роман устида марказий матбуотда ҳам қизғин фикр олишувлар бўлди. Н. Худойберганов “Фақат нур, фақат соялар” мақоласида романни схематизмда айблади, яхши ёзилган айрим лавҳаларга қарамай, асарда ҳаёт материали теран ва кенг кўламда идрок этилмаган, деб қайд қилди. Танқидчи Ю. Бондаренко “Шунинг чун ҳам памфлет...” мақоласида ўзбек танқидчисининг фикрига кескин қарши чиқди, асарни “роман-памфлет” дейди: “Психологик романни эталон этиб, танқидчи бошқа типдаги асарни ана шу эталон остига олиб қарайди, натижада муаллифга ноўрин даъволар қилади”. “Литературная газета” Ю. Бондаренко фикрини қувватлади ва “Умуман олганда, Ў.Ҳошимов ўз ижодий ниятини рўёбга чиқара олган, актуаллиги ва ҳаётийлиги шак-шубҳасиз бўлган ўткир публицистик роман ярата олган”,- деб баҳсга якун ясади123. 80-йилларнинг охирига келиб, қайта қуриш даврида ҳақиқатни очиқ-ошкора айтиш, объектив танқид қилиш тамойили кучайди. Буни Н.Қобулнинг “Унутилган соҳиллар” романига бағишланган баҳсларда кўриш мумкин. “Роман-монолог имкониятлари” мақоласи муаллифлари (И.Самандаров, А.Бобониёзов) романнинг монолог асосида қурилишини ёқласалар-да, унинг камчиликларини (бадиий тасвирнинг заифлиги, қаҳрамонлар ҳаракатининг ишонарли чиқмаганлиги, даврнинг берилган тавсифнинг бирёқлама бўлиб қолганлиги ва ҳ.к.) кўрсатиб берадилар. Мазкур баҳсдан кейин айни шу романга бағишлаб “Турғунлик йилларига тақриз” номи билан китобхон Р.Ҳожимуродовнинг муносабати берилган бўлиб, у кўпроқ асарни ҳимоя қилиш руҳида ёзилгани билан ажралиб туради. “Турғунлик даври, унинг фожиалари ва ҳаётимизга, халқимизга, маданиятимизга келтирган зарарлари ҳақида тўлароқ, кенгроқ билиш учун ёзувчи Нурали Қобулнинг “Унутилган соҳиллар” романини ўқиш керак...Қани эди, бу асарни республикамизнинг етти яшаридан етмиш яшаригача, ишламай юрганлардан катта амалдагиларгача ўқиса, муҳокама қилса, баҳслашса, камчиликларини ва ютуқларини айтса, энг савоб иш шу бўлар эди”124. Шу тариқа муаллиф романнинг кўпроқ ютуқлари ҳақида фикр юритади. Кўринадики, газетанинг “Бир асар ҳақида икки фикр” рукнида турли қарашларга эга бўлган китобхонларнинг мақолалари, муносабатлари ўрин олган, бу йўл бадиий адабиёт ташвиқотига кенг йўл очиши билан бирга китобхонларнинг эстетик дидини оширишга ҳам хизмат қилади. Танқидчилик адабиётдан, ёзувчидан маҳоратни талаб қилади. Ҳақиқатдан ҳам, маҳоратсиз ғоявий-бадиий таъсирчанликка эришиб бўлмайди. Бадиий таъсирчанликка даъват этувчи танқиддан ҳам, танқидчидан ҳам маҳорат талаб этилади. Зеро, маҳорат устида баҳс юритувчининг ўзи ҳам маҳоратли бўлиши керак, акс ҳолда, унинг таҳлили хира, юзаки, талқини сийқа бўлиб қолади. Талант ва маҳорат ёзувчи учун қанчалик керак бўлса, танқидчи учун ҳам шунчалик зарур. 80-йиллар тарихий-адабий жараёнининг муҳим хусусиятларидан бири танқидда маҳорат масаласининг диққат марказига чиқиши бўлди. Танқидда маҳорат, танқидчининг маҳорати каби баҳсли масалалар ўртага ташланди. “Замон танқидчидан зўр савия талаб қилмоқда, - деб ёзади И. Ғафуров,- у шу савиянинг зўри билан юзларча номлар ичидан талантлисини ажратиб олади, талантнинг мағзини чақади, унинг моҳиятини уқади, келажагини кўришга интилади. Шеър инсон даҳосининг ғоятда интим маҳсули. Унинг таҳлили ҳам ўзига хос интимликни истайди. Шу интимлик ўртада туғилмаса, танқидчи чинакам шеърнинг жуда нозик бўладиган тебранишларни ва тўлқинларини англамайди, таҳлилда унинг сиртидан сирғалибгина ўтиб кетади. Бунақа сирғалувчи танқидчилар оз эмас125” . Қайта қуриш хусусида Олам узра жарангос, Давраларда баҳслар қизғин Баҳсларда зўр эҳтирос. деб ёзган эди Ўзбекистон халқ шоири Э.Воҳидов 1988 йилда. Турғунлик йиллари танқидчилигида офаринбозлик руҳи етакчилик қилгани, ўртача, ҳатто яроқсиз асарларга ҳам қасиданамо мақтов тақризлар босилгани сир эмас. Уларнинг аксариятида бирёқламалик устувор бўлиб, асар мазмунини саёзгина сўзлаб беришдан нарига ўтилмади. Бундай ҳол фақат ўзбек танқидчилигидагина эмас, балки умумиттифоқ адабиёти учун ҳам муштарак хусусият эди. Шунинг учун қирғиз, белорус, рус танқидчиларининг баъзилари тақризни “илмга алоқаси йўқ жанр” деган асоссиз фикрларни баён этишгача бориб етди126. Бундай қарашлар ўзбек танқидчилигида ҳам акс садо берди. Мунаққид М.Намозов “Танқиднинг алвон туғи” баҳс-мақоласида шунга яқин фикрни ўртага ташлайди. Баҳсни давом эттириб, тақриз ҳақидаги бундай асоссиз фикрларга қарши адабиётшунос А.Расулов “Тақризни ҳимоя қилиб” баҳс-мақоласи билан чиқди127. Унингча, “адабиётда янги асар яратилган экан, албатта, унга тақриз ёзилади. Асар босилишига ҳам тақриз йўл очади, шунда у кенг ўқувчилар оммасига эмас, алки аввал ўша ижодкорларнинг ўзларига қандайдир наф келтираётганини ким инкор этади?! Қолаверса, асар босилгач, уни оммага таништиришда хизмат қиладиган, завқ-шавқ билан ўқиладиган оригинал, гўзал тақризлар адабиёт учун зарур. Мадҳиябозликдан иборат саёз тақризлар кўпаяётган экан, бунга тақриз эмас, балки уни ёзаётган ношуд муаллифлар сабабчи”. Турғунлик даврида ҳам илмий ва бадиий тафаккур намунаси ҳисоблаган ярақлаган адабий - танқидий асарлар ёзилди ва худди шу асарлар танқид жанрларининг адабий танқид учун, адабиёт ривожи учун нақадар зарурлигини исботлашга асос бўлиб хизмат қила олади. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида ХХ асрнинг 80- йиллари охирида “Замон- драматургия -театр” мавзуида бўлиб ўтган принципиал баҳс заминида масалага юқоридаги мезонлар билан ёндашиш сезилади. Адабиётшунос Б.Имомов томонидан бошлаб берилган бу баҳсга Т.Йўлдошев, Н.Сафаров, Шукрулло, Т.Тўла, Ҳ.Абдусаматов, Б.Ғуломов, Э.Масофаев, Н.Худойберганов ва бошқалар иштирок этишган. Унда драматургия ҳақидаги мунозараларда ҳозирги талабга жавоб берувчи драматик асарлар ва спектакллар камлиги рўй-рост айтилган. Б.Имомов мавжуд пьесаларимизда драматургияга хос йирик масштабга молик характерларни ажратиб олиш қийинлигини таъкидлайди. Н.Сафаров театр билан драматург яқин ҳамкорликда ишлагандагина кутилган натижага эришиш мумкинлигини уқтиради. Ҳ.Абдусаматов “бизда ҳозирги вақтда маданий ҳаётимизда катта воқеа бўладиган, халқнинг оғзига тушадиган, мамлакат бўйлаб парвоз қила оладиган пьесалар яратилмади” деб сифат масаласига урғу берадики, бу масалада мунаққид ҳақ. Туроб Тўла драматургиядаги бош иллатлардан бирига тўхталиб, “бу такрордан иборат, яъни мазмун, мақсад маром ва, ниҳоят қаҳрамонлар такрори. Янги гап йўқ”, дейди. М.Ҳазратқуловнинг “Билетлар сотилган...” деган баҳс-мақоласида театр маданияти, эстетик дид хусусида кескин, адолатли мулоҳазаларни ўртага қўяди. Бу далиллар театр санъатимизнинг ҳозирги ҳолати адабий жамоатчилигимизни қонуний ташвишга солаётганлиги ва айни пайтда театр танқидчилигимиз ниҳоят шу йилларга келиб, бироз жонлана бошлаганлигидан далолат беради. Ҳаёдаги ижтимоий-сиёсий, адабиётдаги ва адабий танқиддаги ўзгаришлар “эритиш” даврида содир бўлди, бунда адабий ва ижтимоий полемика унсурлари қайта тикланди, адабий танқид мафкуравий курашнинг фаол шаклига айланади (бунга рус адабиётидаги “прогрессивлар” ва “консерваторлар” ўртасидаги баҳс ёрқин мисол бўла олади) Aдабий танқиднинг мафкурадан озод қилинишии қайта қуриш даврида содир бўлди. Цензуранинг бекор қилиниши муносабати билан адабий танқиднинг ўрни ўзгариб борди: у фуқаролик ва сиёсий ғояларни ифода этишнинг яширин шакли бўлишни тўхтатди. 80-йилларнинг охирида адабий жараёнда баҳсу мунозаранинг кучайиб бориши сўз эркинлиги, бадиий адабиётни баҳолашда шўро асоратларидан қутулишга интилиш жараёнлари бораётганлигини кўрсатади. Олим Ҳ. Узоқовнинг “Ҳаётимизда ошкоралик, демократиянинг кенг қулоч ёйгани, бугунги кунда ҳамма нарсани ўз номи билан аташ самарали натижалар” бераётганлиги ҳақидаги дастлабки мулоҳазалари фикримизни тасдиқлайди. Баҳс-мақола муаллифи бадиий ижодда, адабий танқидда жонланиш рўй бераётганлигидан, шу билан бирга “ЎЗАС” саҳифаларида турли жанрдаги асарлар ҳақида қарама-қарши фикрлар эълон қилинаётганлигидан хурсандлигини яширмайди. Танқидчилар Н.Худойбергановнинг “Ошкоралик – муҳим восита” ва Р.Муқимовнинг “Йиғи билан йўғрилган кулги” мақолаларига (“ЎзАС”, 19 июнь) ҳамда улар юзасидан газетанинг баҳсга чорлашига муносабат билдиради. Олимлар Ў.Ҳошимовнинг “Икки карра икки - беш” қиссаси ҳақида турлича муносабат билдирадиларки, мақола муаллифи ҳам тилшунос бўлса-да, ўз қарашларини илгари суришни ният қилиб, шундай ёзади: “Н.Худойберганов Э.Воҳидов, Ў.Умарбеков, А.Орипов, Ў.Ҳошимов, Ш.Холмирзаев каби қаламкашларнинг адабиётда тутган мавқеини тўғри баҳолайди. Лекин нега бу ижодкорлар ҳақида танқидий фикр айтмаслик керак, деб ҳайрон бўлади. Биз ҳам ҳайронмиз, ким бу қаламкашларнинг изланишлари танқид қилинмасин, деяпти? Бу шоир ва адибларнинг китоблари озмунча баҳс-мунозараларга сабаб бўлганми? Н.Худойбергановнинг ўзи шу ижодкорлар ҳақида озмунча танқидий мақолалар ёзганми? Ошкораликка, танқидга ҳеч ким қарши эмас. Бироқ ҳар қандай асардан нуқул камчилик излаш ҳам, бизнингча, тўғри эмас”128. Муаллиф ҳар иккала олимнинг асарга бир томонлама ёндошганларини танқид қилади. Аммо шу ўзи ҳам бу асарни яхши асар сифатида тан олмай, баъзи камчиликларини (энг жиддий камчилик шуки, асарнинг айрим ўринларида енгил кулги устунлик қилиб қолган) кўрсатса-да, Н. Худойбергановнинг қуйидаги даъволарини асоссиз деб ҳисоблайди: Асар сўзбошисидан камчилик қидиргани (муаллифни мақтанчоқликда айблагани). Сатирик асарнинг талаблари ҳисобга олмагани (Буни танқидчи тушунишни истамаса, ёзувчи айбдор эмас-ку!). Қиссага бошдан оёқ баёндан иборат деб баҳо берганлиги. Бу фикрларини исботлаш учун С.Шчедриннинг классик асаридан, Ғ.Ғулом ҳикоя ва қиссасидан мисоллар келтирар экан, шундай ёзади: “Сатира ва юморнинг ўз қонуниятлари бор. Ёзувчи бунда ғайри табиий воқеаларни табиий қилиб тасвирлайди ва китобхон бунга ишонади. Сатирик асар мантиғининг ўзи шу. “Икки карра икки-беш”да ҳам шу хусусиятни кўрамиз. Тўғри, олим бу асарни жаҳон классикаси билан тенглаштирмоқчи эмаслигини ҳам тан олади, фақат танқидчининг асарни “ҳадеб мантиқсиз” деган фикрларига эътироз билдиради. Р.Муқимов мақоласида эса асарнинг фақат яхши томонларини кўргани, камчиликларига етарли даражада эътибор қаратмаганини танқид қилади. Яратилаётган тақриз, мақолалардан мақсад ёзувчининг ҳам, китобхоннинг ҳам асар ҳақидаги фикрини кенгайтириш, чархлаш, бадиий дидини тўғри ва чуқур тарбиялашдан иборат эканлигини таъкидлайди. Баҳс-мақоланинг охирида мунаққиднинг “Енгил йўл билан ижодий муваффақиятга эришиб бўлмаслигини рўй-рост, очиқ-ойдин айтиш керак” деган сўзларида ҳақли ҳисоблаб, ўзи мақолани шудай хулосалайди: “Қаламкаш ҳеч қачон енгил йўл билан муваффақиятга эришолмайди. Танқидчи ҳам ижодкор.Бинобарин, у ҳам енгил-елпи танқид билан китобхон эътиборини қозонолмайди. Ўртада минглаб китобхон бор”129. Газетанинг шу сонида адабиётшунос Р.Отаевнинг ҳам баҳс-мақоласи берилган бўлиб, у кейинги йилларда яратилган Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Галатепага қайтиш” ва “Истеъфо”, Ғаффор Ҳотамовнинг “Қудуқ тепасидаги ой”, Тоғай Муроднинг “Қўшиқ”, Анвар Обиджоннинг “Ялтироқ тугма” қиссаларида “шоирлик даъвосида юрган назмбозларнинг ҳар хил тоифалари образлари” ҳақида мулоҳаза юритади:” Тўғри, дастлабки уч қиссада яратилган шоир образлари мазкур асарларнинг бош қаҳрамонлари эмас. Лекин аниқ тасвирланган хатти-ҳаракатларни кузатибоқ, уларнинг қандай шоирлигини яққол тасаввур этса бўлади”. Олим ҳар учала қиссадаги образларни таҳлил қилар экан, ўзи ҳам баёнчиликка йўл қўяди. Тоғай Муроднинг “Қўшиқ” қиссаси ҳақида юқорида кўрсатганимиз Н.Худойбергановнинг мақоласидаги “баёнчилик хатти –ҳаракатларни кўпинча нуқул қайд этиш хос” деган фикрини тўғри танқид деб ҳисоблайди. Шу билан бирга баҳсга киришиб, мунаққиднинг “Тоғай Мурод ҳам янги характер, оригинал образлар кашф этолмаганини ачиниб айтишга мажбурмиз” деган хулосаларига қўшилмайди: “Ахир, асарда Орзу Турсундек оригинал образ, ҳатто ўзига хос янги тип кашф этилгани, муҳими, унинг замирида салмоқли ижтимоий юк борлиги шубҳасиз”130. Шу билан бирга олимнинг ўзи ҳам қиссадаги камчиликларни қуйидагича кўрсатади: “”Қўшиқ” қиссаси тасвир тиниқлиги, руҳий таҳлил теранлиги, бадиий ифодага кўра ёзувчининг бу (яъни олдинги.М.Х.) қиссалари даражасига кўтарилмай қолганлигини афсус ила айтиб ўтмоқ лозим. Унда кўнгилдагидек композицион яхлитлик касб этмаган узуқ-юлуқ лавҳалар кўп, аксарият ўринларда қуруқдан қуруқ ахборот устунлик қилади”. Аммо олим ўзига қарши бориб, фикрини қиссани юқори баҳолайдиган “Лекин айни пайтда, мазкур қисса ғоявий ниятнинг аниқлиги, еру осмон ўртасида муаллақ қолиш фожиасининг ўзига хос бадиий талқини нуқтаи назаридан таҳсинга сазовордир” фикрлар билан тугатади. Баҳсда адабиётшунос олим А.Обиджоннинг юқорида тилга олинган қиссасини ҳам кенг таҳлил қилади, ютуқ ва камчиликларини кўрсатиб беришга ҳаракат қилади. Аммо мақола охирида олимнинг ёш ёзувчиларнинг ҳажвий-сатирик образлар яратишдаги фаолиятини танқид қилиб, уларни “Замондош шоирларимизнинг ижодий биографиясига асосланган қиссалар яратишга даъват қилишини” бизнингча, ёқлаб бўлмайди. Чунки, ижодкорга бу ёки у мавзуда ёз дейишнинг ўзи шўро даврининг асорати ҳисобланади. Адабиётшуносликда илмий-назарий муаммоларни ёритишда, ижодкорларнинг ижод лабораториясига кириб, бадиий ижод жараёни ва сирларидан воқиф бўлиш, уни китобхонга кўрсатишда баҳсга асосланган адабий суҳбатнинг имконияти катта. Бундай суҳбатлар адабиётнинг, адабий танқиднинг ўсишига, тараққиётига ижобий таъсир кўрсатади. Шу билан олиб борилган баҳслар муаммоларнинг қайсидир жиҳатини ёритишга ёрдам беради. Адабиётшунос олим У. Норматовнинг “Талант тарбияси” китобига кирган баҳс-суҳбат ҳақида фикр юритмоқчимиз. Умуман олганда, ҳозиргача адабиётшуносликда баҳс-суҳбат ҳақида фикр юритилмаган. Адабий суҳбатларнинг турлари ва адабиёт ривожидаги ўрни ҳақида адабиётшунос олима Ш.Ахмедова тўхталиб ўтган131, аммо монографияда баҳс-суҳбат ҳақида мулоҳазаларга ўрин ажратилмаган. Суҳбатларда кўпинча адабиётдаги муаммолар тўғрисида баҳс кетади. Масалан У.Норматов шоир Э.Воҳидов билан қилган суҳбатида буни кўришимиз мумкин. Танқидчи ҳозирги шеъриятимиз ҳақида кўплаб мақолалар чиқаётган бўлса-да, шеъриятнинг шаклий томонлари ҳақида махсус тадқиқот, мақола яратилмаганлигини танқид қилади. “Шеърнинг ички тўқимаси, тузилиши, ҳиссий оҳанги, ритми, қофияланиш тартиби, шеърда маъно ва мантиқ йўналиши, бир сўз билан айтганда, шеърий асар поэтикаси, ундаги мутаносиблик қонуниятлари” аниқ таҳлил этилмаяпти. Шоир Э.Воҳидов ҳам бу масалага ўз муносабатини билдиради. Суҳбатдош олдига баҳсли шундай савол қўяди: Нега энди шоирлик, ёзувчиликнинг мактаби йўқ? Москвадаги Горький номли адабиёт институти сингари ёзувчига профессионал билим берувчи мўътабар даргоҳлар республикамизда ҳам бўлиши кераклигини таъкидлайди1. Танқидчи баҳс мавзуини арузга муносабат масаласига буради. Шоирга бевосита мурожаат қилиб, унинг арузда ёзилган асарлари теварагидаги қизғин баҳсларга қарамай, ҳамон арузда ижод этишни тўхтатмаганлигининг, ундаги ғазалга шайдоликнинг сабаби нимада эканлигини сўрайди. Шоир аруз атрофидаги баҳсларга аралашмаганлигининг сабабларини кўрсатади. Бу масалада “энг зўр ва ҳақ гапни” айтган Жамол Камолнинг сўзларини мисол қилиб келтиради. Шу ўринда У.Норматов ғазал ҳақидаги фикрига ҳам танқидий муносабат билдиради: “яшириб нима қиламиз, шу ғазалдаги фикрлаш тарзингизда ҳам анъанавийлик устунроқ...”. Кейин у шоирнинг бармоқдаги шеърлари билан аруздаги шеърлари орасидаги баъзи фарқларни ҳам очиб беради: аруздаги китобийлик, традицион образлар арузнинг маълум даражада чекланганлигини кўрсатмайдими, дея баҳсга киришади. Шоир эса буни рад этади: “Чекланганлик аломати эмас, ўзига хослик белгиси дейилса тўғрироқ бўлади”.-дейди. Мисол тариқасида Ғ.Ғуломнинг бармоқда ёзилган шеъридан келтириб, фикрларини асослайди. Баҳс-суҳбатдаги шоирнинг илмий-назарий аҳамиятга эга қарашлари китобхон учун ҳам, ёш ижодкорлар учун ҳам керакли мулоҳазалардир. Мунаққиднинг Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон билан олиб борилган адабий суҳбатида шеъриятда ўзига хослик ва муштараклик муаммоси баҳс орқали ёритилади. “Бу суҳбатнинг ҳам бошқа суҳбатлардан фарқли жиҳатлари бор. Олдинги суҳбатларда икки суҳбатдош кўпинча бир-бирини қўллаб-қувватлаб фикр юритишади”132. Баҳс характеридаги бу суҳбатда шоир кўп ҳам танқидчининг фикрига қўшилавермайди, шарқона маданият даражасида туриб уни рад этади. Масалан, танқидчи шеъриятдаги тавсифийлик, мадҳиябозлик, риторика, дидактика, қуруқ патетика, шиорбозликдан чекиниш ҳозирги шеъриятга хос муштарак фазилатлардан бири деб қарайди. Шоир эса бу фикрга қўшилмайди. “Шундай эмас-ов, менимча! Шеърбозликнинг бу очофат ва мечкай кўриниши андак шаклини ўзгартириб, “маъни ирод” қила бошлайди-ёв!”133 . “ЎзАС” газетасининг жонланишига сабаб бўлаётган нарсалардан бири ҳам унинг саҳифаларида адабий жараёнимизнинг долзарб масалаларига бағишланган мана шундай баҳсларга кенг ўрин бераётганидир. Газета О.Тоғаевнинг “Севги ва садоқат” мақоласи муносабати билан боғлиқ У.Норматовнинг “Тушуниш, ҳис этиш санъати” деган мақоласини бериб, баҳсни бошлаган. Бир шеър доирасида бошланган бу баҳс адабиётнинг бош, муҳим масалалари талқини ижодкор асарини ҳаққоний баҳолаш, ғоявий-бадиий қимматини оча билиш ва қадрлаш масаласи даражасига кўтарилиб кетди. Шукрулло, Ў. Ҳошимов, Н.Шукуров, Н.Худойберганов, А.Расулов, Б.Акрамов, Н.Холлиев, И.Тўлаков, А.Шаропов, Р.Азимов, И.Ҳаққулов, Т.Халилов, Р.Отаев, М.Тенглишев ва бошқа ўртоқлар қатнашган бу қизиқарли мунозара қандай хулосага олиб келди? Энг аввало, у ёзувчининг ўзига хос бадиий фикрлаши, услуби, йўл-йўриғини чуқур ўрганиб, ўшандан келиб чиқиб, асарининг асосий пафоси лейтмотивини: ғоясини топиш ва уларни ифодалаш усулларини аниқлаб, сўнгра асарга ҳалол баҳо бериш зарурлиги яна бир бор таъкидланди. Бадиий асарга бир хил қолип, бир хил андоза билан ёндашмаслик зарурлиги яна бир бор исботланди. Сўнгра баҳс, танқид маданиятимиз ҳали у қадар юксак эмаслиги ҳам кўриниб қолди. Аслида О.Тоғаев “Севги ва садоқат” мақоласида “Муҳаббат фожиаси ҳаётга муҳаббат чироғини ўчиришга олиб келмаслиги лозим. Ҳаётга муҳаббат инсонни шахсий фожиадан халос қилувчи, ишонч ва истиқбол йўлини ёритувчи кучдир”,- деган тезисни олға сурмоқчи эди134. Бироқ бу тўғри позициядан бутунлай тойиб кетиб, “Аёл” шеърининг ғоявий-эстетик пафосини нотўғри тушунтирди ва адабиётга, ҳаётга схематик ёндашадики, мунаққиднинг бу иши У. Норматов ва мунозарага қўшилган барча мунаққидлар томонидан адолатли танқид қилинди135. “Бу даврда адабий танқиднинг тақриз, адабий обзор, муаммоли мақола, эссе, хотира, адабий портрет, мактуб, баҳс, монография, адабий суҳбат, адабий ўйлар каби жанрлари ривожланди, салмоқли изланишлар олиб борилди”136. Кўринадики, адабий танқиднинг бошқа жанрлари сингари баҳс ҳам ривожланган. Агар эътибор қаратадиган бўлсак, ХХ асрнинг 20-30 йилларидаги А.Қодирий ижоди ҳақидаги баҳслар 90-йилларнинг бошида яна давом этганини кўрамиз. Аслида “Ўткан кунлар” ёзилгани билан кескин танқидга учрагани (М.Шевердин, Сотти Ҳусайн), уни ҳимоя қилиб чиққан Ойбек (“Абдулла Қодирийнинг ижодий йўли”), 60- йилларда адабиётшунос олим И.Султоннинг А.Қодирий ҳақидаги мақола ва адабий портретлари, 70-йилларда ижодий метод муносабати билан асарга турли нуқтаи назардан баҳо берилгани асар ҳақидаги мунозаралар тўхтамагани кўринади137. Бу сафарги баҳс “Меҳробдан чаён” романи устида олиб борилган. Аниқроғи, романдаги, Солиҳ Махдум образи ҳақида. Адабиётшунос олим А. Раҳимовнинг “Солиҳ Махдумда нима гуноҳ?” баҳс-мақоласи138 босилиб чиққандан кейин, унга жавобан М. Қаршибоевнинг “Солиҳ Махдум фариштами?” жавоб мақоласи босилди139. А.Раҳимов Солиҳ Махдумни “реабилитация қилиш” масаласини илгари суради яъни Махдумнинг тежамкорлиги, етимпарварлиги ва бошқа жиҳатларига асосланиб, уни оқлашга ҳаракат қилади. Иккинчи муаллиф эса бу йўлни “романнинг бадиий - фалсафий концепцияси нуқтаи назаридан, муаллиф позициясидан” туриб таҳлил қилишга ҳаракат қилса-да, мақоланинг руҳидан кескин қоралаш йўлидан борганлиги кўринади. Олим таҳлил жараёнида Қуръони Карим, ҳадисларга таянган ҳолда, бунинг устига Солиҳ Махдумнинг онаси ва аёлига ҳадис ҳақидаги уқтиришларини мисол келтирган ҳолда Анвар ва Раъно фожиасига Махдумни сабабчи қилиб кўрсатади. Мазкур баҳсни қодирийшунос олим У.Норматов “Орттирмай ва камитмай” номли мақоласи билан якунлайди. (Мақола дастлаб газета саҳифаларида эълон қилиниб, кейинчалик танқидчининг “Қодирий мўъжизаси” китобига киритилган). “Узоқ давр Абдулла Қодирий ижоди устидаги баҳс-мунозаралар, асосан, “Ўткан кунлар” теварагида борди. Сўнгги йилларга келиб, адибнинг иккинчи буюк романи “Меҳробдан чаён” хусусида ҳам хилма –хил фикр-мулоҳазалар ҳам билдирила бошланди” деб ёзар экан, А.Расулов, И.Ғафуров, А.Раҳимов, М.Қаршибоев, Ю.Шоназаров, Х.Султонов каби олим ва адибларнинг мақолалари роман ҳақидаги кўп йиллардан буён шаклланган, “хрестоматия” (У.Норматов) тусига кирган қарашларни бир қадар ўзгартирганини, ёзувчининг бу романида “Ўткан кунлар”даги реалистик принциплардан муайя даражада чекинганлиги, холис, объектив тасвир ўрнига гоҳо тарафкашлик йўлини тутганлиги, илк романда адиб бадиий эстетик концепциясида эркинлик устун бўлганлиги, “Меҳробдан чаён”да эса шўро адабиётшунослиги ва танқидчилиги талабларига маълум даражада мослашиш учраши очиқ айтилаётганлигини таъкидлайди.Шу билан бирга романга оид баҳс-мунозараларда қатор чалкашлик, бир ёқламаликлар ҳам кўзга ташланаётганини юқоридаги баҳсларга муносабат билдиришида кўрамиз: “Солиҳ махдумда нима айб?” мақоласи муаллифи “Меҳробдан чаён” романидаги Солиҳ махдум образи талқинида шу кунги “қайта қуриш”, “демократия” талабларидан келиб чиқиб, ҳар боб билан уни “реабилитация қилиш”, “ижобий образ” тарзида кўрсатишга тиришади.”Солиҳ махдум фариштами?” мақоласи муаллифи эса ислом ақидалари, ахлоқи, шариат қоидаларига таяниб нуқул уни қоралаш, “салбий қаҳрамон” қилиб кўрсатиш пайида бўлади. Кўриниб турибдики, адабий танқид ҳали ҳам соф мафкуравий тарафкашлик майлларидан бутунлай халос бўлолгани йўқ”140. У.Норматов баҳсга киришар экан, энг аввало, адибнинг ўз сўзларига таяниб, реализм позициясида турганлигини, тарихий ҳақиқатни мумкин қадар ҳаққоний ифодалашга ҳаракат қилганига урғу беради, чунончи, махдум образи талқинида “унинг шахсига хиёнат ва бўҳтон қилишдан сақланиб, яъни орттирмай ва камитмай ўқувчига тақдим” этишга интилганини адибнинг қуйидаги сўзлари мисолда кўрсатади: “Шу ергача бир неча саҳифаларни махдумнинг таърифи билан тўлдирдик, эҳтимолки, домланинг ғийбатини ҳам қилдик ва қилармиз. Лекин шунисидан хотиржаммизки, йўқни йўндирмадик, махдумнинг шаънида бор гапларнигина ёздик”141. Танқидчи ҳам таҳлилда танқидчиликнинг асосий вазифаси: ёзувчи танлаган тасвир йўсини – тарихий ҳақиқатни “орттирмай ва камитмай”, “ўз ҳолича кўрсатиш” тамойилидан келиб чиқиб ёндошишга ҳаракат қилади. Буни Худоёрхон образи таҳлилида ҳам кўриш мумкин. Солиҳ махдум образи таҳлилга ўтганда, олим роман ҳақида кўп танқидий фикрлар айтган Ойбекнинг бу образ тасвирида адибнинг маҳоратига тан берганлигини, махдумни “тўла-тўкис характер, типиклик билан индивидуалликни энг муваффақиятли бириктирган одам образи”, “...реалистик образ”, “асардаги ҳамма персонажлар орасида энг жонли, энг ёрқин, энг типик фигура” деб баҳо берганлигига тўхталар экан, А.Раҳимовнинг бу образни кўкларга кўтариши (“Абдулла Қодирий прозасидаги ҳеч қайси қаҳрамон у билан тенглаша олмайди, ҳеч қайсиси Солиҳ махдум образи кўтарилган юксакликка чиқа олмаган”), ҳақиқий кашфиёт деган фикрларига қўшилмайди. “Эндиликда махдум образи ҳақидаги бор ҳақиқатни айтиш имкони туғилганда, юқорида эслатилганидек, уни фақат ижобий қилиб кўрсатишга, нуқсонларидан ҳам фазилат топишга уриниш бўлаётирки, бу ҳам адолатдан эмас. Бу образ талқинида ёзувчининг энг катта ютуғи, унинг салбий хусусиятларини ҳам, характери, фаолиятидаги мусбат томонларни ҳам “орттирмай ва камитмай” ўқувчига бор ҳолича тақдим эта билганида ... “Ўткан кунлар”даги Ўзбек ойим, Зайнаб, Хушрўй сингари махдум образи ҳам бизни гуноҳкор одамларни тушунишга ундайди.Зотан, адабиёт гуноҳкор одамни қоралаш, фош этиш нисбатан осон, айбдор шахсни тушуниш, китобхонга тушунтириш эса қийин, жуда қийин иш. Қодирий ижодда ана шундай қийин ижодий вазифани қоийл қилиб адо этолган мислсиз санъаткордир"142. Моҳир мунаққид У.Норматовнинг баҳсга муносабати, Солиҳ махдум образи таҳлили ва талқинидаги холис ёндошиш, объектив фикр юритиш ҳаётнинг барча соҳаларидаги каби илмий-эстетик тафаккурнинг янгиланишига имкон бераётган “қайта қуриш”, яқинлашиб келаётган мустақиллик шабадаларининг таъсири жуда катта бўлганлигини кўрсатади. Баҳс жараёнида “Меҳробдан чаён” романининг янги қирралари, адиб маҳорати яна бир бор очилиши кўринади, шу билан бирга баҳсга чорловчи мулоҳазалар ўқувчини ҳам мазкур образлар ҳақида ўйлашга, фикрлашга чорлайди. Адабий жараёнда баҳс жанрининг кучайиши адабий-танқидий жанрлар сифатини янада орттиришга хизмат қилади. Download 423.41 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling