Денгиз ва океанларда чўкиндиларнинг тўпланиши
Чўкинди материалнинг асосий қисми материкларда эмас, балки денгиз ва океан ҳавзаларида тўпланади. Дунё океани улкан резервуар бўлиб, унга чўкинди материал турли йўллар билан ташиб келтирилади. Дарёлар, соҳилдаги абразия жараёнлари, музликларнинг эриши, айсберглар, шамол, вулкан отилиши туфайли ҳамда органик қолдиқларнинг тўпланиши ва бевосита кимёвий чўкиш натижасида ётқизиқлар ҳосил бўлади.
Хуанхэ, Миссисипи, Амазонка, Янцзи ва б. йирик дарёлар жуда кўп миқдорда чўкинди материал ташиб келтиради.
Денгиз ва океан ҳавзаларига келтирилган чўкинди материал тўлқинлар ва ҳавза туби оқимлари таъсирида бутун акваторияга тарқалади ва чўкмага ўтади. Бу жараён седиментогенез дейилади.
Денгиз ётқизиқлари таркиби ва келиб чиқиши турлича бўлган чўкинди материалдан таркиб топган бўлади ва уларнинг шу белгиларига қараб қуйидаги турлари ажратилади.
- терриген;
- биоген ёки органоген;
- хемоген;
- вулканоген.
.Терриген чўкиндилар асосан соҳилбўйида ва шельфда тарқалган, аммо турли миқдорда бошқа жойларда ҳам учрайди.
Соҳил ётқизиқлари – бу прилив вақтида сув билан қопланадиган ва отлив вақтида қуриб қоладиган соҳилбўйи чўкиндиларидир. Соҳил ётқизиқлари турли – туман бўлади ва таркиби қисқа масофаларда ўзгаради.
Баланд қояли соҳилда фаол уринма тўлқинлар таъсирида дағал бўлакли материал ҳосил бўлади ва пляж зонасида ғўлактошлар, гравийлар ва қумлар тўпланади. Бўлакли материал думалоқланади.
Ясси соҳилларда турли донали қумлар тўпланиб, кенг пляжларни ва қум ғовларини ташкил қилади. Соҳил бўйлаб бир неча соҳил ғовлари чўзилган бўлиши мумкин. Улар соҳилдан узоқлашган максимал штормли тўлқинлар таъсирида ҳосил бўлади. Пляж орқасида ундан шамол фаолияти туфайли олиб кетилган қумлар эвазига дюналар қатори вужудга келади (170-расм). Қумли дюналар одатда шамолларнинг устувор йўналиши бўйича мўлжаланган бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |