Диншунослик” фанидан бакалавриат йўналиши учун ЎҚув-услубий материаллари


Download 312.83 Kb.
bet19/82
Sana28.12.2022
Hajmi312.83 Kb.
#1019474
1   ...   15   16   17   18   19   20   21   22   ...   82
Bog'liq
Диншунослик УМК 2021

Тангричилик. Тангричилик осмон худоси «Тангри»га эътиқод қилган қадимий туркийларнинг дини бўлиб, мил.авв. 2-минг йиллик охири ва 1-минг йилликда вужудга келган. Кўпчилик мутахассислар олий осмон худоси шумерларда – «Дингир», қадим хитойликларда - «Тянь» ва хуннларда - «Ченли» номи билан мавжуд бўлганидан келиб чиқиб, уларда айнан бир худо - Тангри назарда тутилган, деб эътироф этади. Олимлар мазкур қиёсга таянган ҳолда тангричилик энг қадимги динлардан бири эканини таъкидлайдилар.
Айрим тадқиқотчилар фикрича, 5-6 минг йиллар муқаддам қадимги Шумердан Олтойгача бўлган улкан ҳудудда протоолтой қабилалари яшаган. Қадимги шумерлар қадимги турк тилига яқин бўлган протоолтой тили лаҳжасида сўзлашганлар. Шу даврда Тангричилик протоолтой халқларининг энг қадимги дини, инсоният тарихидаги илк монотеистик динлардан бири сифатида шаклланган.
Тангричилик қадим замонда жаҳонда энг кенг тарқалган динлардан бири бўлган. Қадимги олтой халқидан келиб чиққан туркий, монгол, тунгус-манжур, корейс ва япон халқларида Тангричиликнинг излари ҳозиргача сакланиб қолган.
Мил. ав. 1-минг йилликдан бошлаб олтой халқларининг туркий халқлар гуруҳи Ғарбга қайтиш борасида ҳаракатини кучайтирган. Ҳуннлар, сак, массагет, юэйжи, кушон, эфталийлар ягона осмон руҳи – Тангрига сажда қилганлар. Диний қарашлар содда ва тушунарли бўлгани, диний маросимларнинг қатъий бажарилгани уларнинг минг йиллар давомида авлоддан авлодга ўтиб келишини таъминлаган. Баъзи олимлар тангричиликда «Олқиш» («Қўшиқлар тўплами») ёзма манбаси бўлгани ва унда тангричилик ақидаси, маросимлари ва ибодат қилиш тартиблари баён этилганини таъкидлайдилар.
Тангричилик таълимотига кўра, Тангри бу – Мовий Осмон, Буюк Осмон соҳиби руҳи бўлиб, унинг доимий макони осмон деб ҳисобланган. Тангри сўзи туркий халқларда Тенгри ёки Тенгери (олтой), Тенгри (қипчоқ), Танри (турк), Тэнгри (татар), Тангара (ёқут), Тэнгири (кумиқ), Тейри (болқор-қорачой), Тэнгер (мўғул), Тура (чуваш) шакли ҳам ишлатилган. Тангри бутун борлиқнинг яратувчиси, чексиз фазода фақат унинг ўзи ҳамма нарсадан воқиф, адолатли ва марҳамат эгаси бўлган эркак қиёфадаги ягона худо сифатида тасаввур қилинган. Бутун борлиқ бўйсунувчи Тангри инсонлар, халқ ва давлатларнинг тақдирини белгилайди деб эътиқод қилинган.
Милодий V-VIII асрларга оид Ўрхун-Энасой ёдгорликлари битикларида Тангри ягона, азалий, абадий, ҳаёт берувчи, яратувчи, ўлдирувчи, ҳукм қилувчи, ёрдам берувчи, жазоловчи, банданинг дуосини қабул қилувчи, ҳимоя қилувчи ва мағфиратига олувчи, ҳамма нарсани билувчи, инсонларга илм берувчи ва йўл кўрсатувчи сифатлар билан мақталган. Шунингдек, битикларда у ҳоқонларни ҳокимият берган ва мустақил давлат тузишларига кўмаклашгани ҳам қайд этилган.
Қадимги туркийлар эътиқодига кўра, бутун борлиқ устидан ягона ҳукмдор Тангри ўзига бир қатор кўмакчи маъбудларни ҳам яратган. Жумладан, ушбу пантеон Умай (Жумай, она маъбуда), Эрлик (ота маъбуд), Ер, Сув, Олов, Қуёш, Ой, Юлдузлар, Ҳаво, Булут, Шамол, Тўфон, Момоқалдироқ, Чақмоқ, Ёмғир, Камалак маъбудларидан иборат бўлган. Тангри Ер ва бошқа руҳлар (Юрт эгаси, Сув онаси) билан Ер олами ишларини ҳал қилиб, барча жонзотларнинг умрини белгилаган.
Ерда ҳаётнинг сабабчиси бўлган Умай (айнан «йўлдош») маъбуди аёл қиёфасида ва «ҳаёт онаси» деб эъзозланган. Ушбу маъбуда – хонадон ўчоғи, фарзандлар, ҳомиладорлар ҳомийси ҳисобланган. Қадимий ёзувларда қуйидагилар битилган: «Осмон илоҳи, Умай ва Ер сув бизга зафар олиб келди!». Туркий халқлар Умайни ҳосилдорлик маъбудаси сифатида ҳам эъзозлашган (она Ер, она Тупроқ, она Ватан). VII-VIII асрларга оид руний ёзувларда у ҳақда қайд этилган. Айрим тадқиқотчилар Умай образи генетик жиҳатдан эронийларнинг мифологик қуши Ҳумой билан боғлиқ бўлганини таъкидлайдилар. Эътиқодга кўра, Ҳумойнинг сояси тушган инсон бахтли бўлган. Бир қатор туркий халқлар мифологиясида Умайга эътиқод қилиш қолдиқлари сақланиб келган.
Эркак жинсидаги Эрлик ўлим сабабчиси бўлиб, унинг макони Ерости олами ҳисобланган.
Тангричиликка кўра, олам 3 қаватдан иборат. Юқори оламнинг ҳукмдори, бош илоҳи Тангри ҳисобланган. Ўрта оламни Ер-Сув, Қуйи оламни Эрлик (Эрклиг) бошқарган. Тангри самодан туриб дунёни ўз измига солган: инсонларнинг тақдири, табиат ҳодисалари, хоқонларга донолик ва ҳокимият ва б. У ўз хоҳиш истагини сўз билан ифодалаган, ҳиссиётларга эга (антроморфизм), аммо ҳукмини табиат орқали билдирган.
Кўринмайдиган Ерости олами барча ёвуз руҳларнинг макони бўлиб, уларга қудратли Эрлик бошчилик қилган. Тўққиз қатламлараро кўчиб юриш имконига эга Ер оламида ҳаёт ва ўлимнинг мавжудлиги туфайли у ерда одамлар орасида маълум вақт бўла олади холос. Ерости оламида Ер оламидан фарқли равишда барча чегаралар кўриниб туради ва бошқа ҳудудларга ўтиш ўзига хос эшиклар ёрдамида амалга ошади. Ерости ва сув олами тирик жонзотлари Эрлик тасарруфига киради. Инсон вафотидан кейин кўмилгач, унинг жисми энг қуйи қатламга тушиб боради.
Тангричиликда Тангри ва Ер икки қутб сифатида қаралса-да, улар орасида ўзаро ҳамкорлик мавжуд деб эътиқод қилинган. Инсон Ерда туғилиб, Ерда яшаган. У вафот этганда, Ер уни ўз бағрига олган. Ер инсонга фақат моддий бўлагини бера олган. Лекин инсон бошқа мавжудотлардан фарқланиб туриши учун Тангри унга, руҳий куч бўлган «қут» (қувват) ва «сур» (руҳ)ни ато этган деб эътиқод қилинган.
Мақдисий, туркий халқлар «бир Тангри» сўзи билан қасам ичганликларини қайд этади. Унинг шарафига июнь ойининг ўртасида оммавий байрамлар ўтказишган. Олов ёқиб, табиат қўйнида, отни қурбонлик келтиришган. Тангрига инсонлар қўлларини юқорига кўтарган ҳолда ерга қараб таъзим қилишган. Илоҳдан омад ва саломатлик сўрашган. Байрам аксарият ҳолда камондан ўқ отиш ва меҳмондорчилик қилиш, қимиз ичиш билан якунланган.
Тангричиликда табиат ва инсон ўртасида чегара дахлсизлигини сақлашга алоҳида эътибор билан қаралган. Агар инсон табиатга меъёрдан ортиқ зарар етказса, унда табиат руҳларининг розилигига эришиш учун қурбонлик келтириш зарур бўлган. Қурбонликлар йирик тоғлар ёки дарёлар олдида оммавий равишда ўтказилган. Дарахтлар орқали маъбудлар озиқланади, - деб эътиқод қилингани сабабли қурбонлик қонлари дарахтлар остига қуйилган. Лекин, одамлар табиат руҳларини ўзларига ҳамкор сифатида қарашган, уларни қариндош ёки аждодлар руҳлари деб билишган.
Умуман олганда, қадимий туркийларнинг дунёқарашида борлиқнинг чексизлиги, ҳаётнинг доимий ҳаракат ва мунтазам янгиланишда экани муҳим ўрин эгаллаган. Айни пайтда Руҳнинг кўчиб юришига ишонганлиги боис инсон тириклик чоғида борлиқнинг бир бўлаги сифатида барча диний маросимларни тўла адо этиши лозим, акс ҳолда ёвуз руҳлар қаторидан жой олади, деб эътиқод қилинган.

Download 312.83 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   15   16   17   18   19   20   21   22   ...   82




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling