ПОРСИЙЛАР – VII асрда Эронга исломнинг кириб келиши оқибатида Ҳиндистонга кўчиб ўтишга мажбур бўлган зардуштийларнинг бугунги кундаги авлодлари.
ПРЕСВИТЕР (лотинча, «оқсоқол, жамоа бошлиғи») – христиан руҳонийлик иерархиясида юқори ўринни эгалловчи диний лавозим. Қадимда епископлар ҳам пресвитер деб аталишган.
ПУШАН – ҳиндлар эътиқодидаги қуёш худоси. У мурувватли ҳисобланиб, қуёшнинг маҳсулдорлик фаолиятини ўзида намоён қилади.
ПЯТИДЕСЯТНИКЛАР – протестантликдаги энг йирик йўналишлардан бири. Ўзларини Исо вафотидан 50 кун ўтгач Муқаддас Руҳ инъомига эга бўлиб, турли нотаниш тилларда гапира бошлаган ҳаворийларнинг издошлари, деб ҳисоблаганлари учун шу номни қабул қилганлар.
РАТУ (авесто, намуна, раҳбар) – зардуштийликнинг ҳимоячиси, масъум мобад, зардушт руҳонийлари табақасининг энг юқори вакили.
РАШНУ – зардуштийликда инсон вафотидан сўнг унинг руҳини ҳимоя қилувчи эзгулик язатларидан бири.
РИГ ВЕДА – «Мадҳиялар ведаси», худоларга айтилган мадҳиялар тўплами бўлиб, тангриларни улуғлаш мақсадида ёзилган, 1017 та илоҳийдан ташкил топган. Ҳар бир илоҳий 10 га яқин «оят»дан иборат. Бу илоҳийлар ўнта китоб, яъни Мандалага бўлинади. Улар ичида энг узуни 191, энг қисқаси 43 та илоҳийдан иборат.
РИМ ПАПАСИНИНГ ҚАРОРЛАРИ – турли даврларда Папа томонидан чиқарилган дин соҳасидаги қарорлар. Рим католик черкови ақидасига биноан Папанинг қарорлари ҳам муқаддас аҳамиятга эга.
РИШИ – ғайритабиий кучлар билан алоқада бўла оладиган кишилар.
РОЖДЕСТВО – Христианликнинг асосий байрамларидан бири. Исо Масиҳнинг одам танасида мужассам бўлиб туғилиши куни муносабати билан ўтказилади. Ушбу байрам ҳақидаги илк маълумотлар IV асрга тегишли христиан манбаларида қайд қилинган.
РОҲИБ (юнонча, монах – «зоҳид») – христианликда дунёвий лаззатлардан таркидунёчилик қилиб, фақат ибодат билан шуғулланувчи шахс.
РУДНА – Ҳинд худоларидан бири, одамларнинг унга нисбатан чексиз қўрқувлари уларни доимий равишда Руднага бағишлаб мадҳия ва дуолар ўқишга ундаган. У Риг Ведада Шива – «ёқимли» номи билан зикр этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |