ТИН – Жон, тириклик. Тангричилик эътиқодига кўра, инсон тириклигининг сабабчиси.
ТРИПИТАКА (ТИПИТАКА) – уч сават донолик, дуолар шаклидаги буддавийликнинг муқаддас китоб.
ТИРТХАКАР – жайнийликда йўл тузувчи, руҳларни озод қилувчи.
ТРИДАНДИНАЛАР – уч таёқлилар, шиваликдаги оқим.
ТРИМУРТИ – яъни, учлик – Брахма, Вишну, Шива худолари асосий худолар ҳисобланиб, Брахма уларнинг энг каттаси, дунёни яратган худо ҳисобланади. Бироқ, ҳиндуийликда фақатгина Вишну ва Шивагагина сиғинадилар. Шунга биноан, ҳиндуийлик икки асосий оқимга бўлинади: Шивага сиғинувчилар ва Вишнуга сиғинувчилар.
ТУРК ҲОҚОНЛИГИ – 552–603 йиллар давомида замонавий Марказий Осиё, Шарқий Туркистон, Мўғулистон, Манжурия (шимолий–шарқий Хитой) ва Шимолий Кавказ ҳудудларини ўз ичига олган Бумин ҳоқон асос солган қадим туркийлар давлати.
ТУРКИЙЛАР – Евроосиё ҳудудида милоддан аввалги I минг йилликда асосан чорвачилик билан шуғулланган кўчманчи Олтой қабилаларидан ташкил топган замонавий туркий халқлар (ўзбек, турк, туркман, озарбайжон, уйғур, қозоқ, қирғиз ва бошқалар)нинг аждодлари.
ТЎЛИҚ ИНЖИЛ ХРИСТИАНЛАРИ – протестантликдаги энг йирик йўналишлардан бири бўлган пятидестяникликнинг иккинчи номи. «Инжил»га ҳақиқатан амал қилувчи соф эътиқод вакиллари деб билганлари учун ҳам ўзларига нисабатан шундай номни ишлатадилар.
УЛУМ АЛ–ҲАДИС – ҳадисларни ривоят қилиш, ишончли ва ишончсизини ўрганадиган илм.
УМАЙ (Жумай) – тангричилик эътиқодига кўра, аёл жинсидаги Ердаги ҳаётнинг сабабчиси ва макони Ер юзида бўлган маъбуда, «Ҳаёт онаси» деб эътиқод қилинган.
УПАНИШАДЛАР – ҳиндуийликда руҳий–маънавий йўл ҳисобланиб, диний такомиллик занжирининг энг юқори мартабаси ҳисобланади.
УПАНИШАДЛАР ДАВРИ – милоддан аввалги VI асрдан милоддан кейинги бир неча асргача чўзилади. У тасаввуфий оқимлар сир–асрорлари ва шахсий мушоҳадаларини ўз ичига олган бўлиб, ботиний ҳаётга берилиб, зоҳирдан йироқлашган руҳоний ва таркидунёчиларни тўғри йўлга бошлаш учун тартибга келтирилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |