Диссертация илмий раҳбар: Афоқова Нодира Махмудовна, филология фанлари доктори


Download 1.02 Mb.
Pdf ko'rish
bet22/34
Sana30.04.2023
Hajmi1.02 Mb.
#1404525
TuriДиссертация
1   ...   18   19   20   21   22   23   24   25   ...   34
Bog'liq
jek london

эҳтиёжи борлигини фаҳмламас эди (таъкид бизники – Н.Қ.). Буни ҳозир ҳам 
пайқамасди” (17). Саидий ҳам Мунисхон туфайли ёзувчиликда йўл-йўриқ 
кўрсатиб турган Кенжалар йўлидан кетмай, Салимхонлар муҳитини 
танлайди. Бутун кучини Мунисхонга муносиб бўлишга сарфлайди. 
Мунисхоннинг тўйидан кейин эса дастлаб севгилисини унутиш учун 
Сорахоннинг қусурларидан фазилат ясаш билан шуғулланади, кейин 
ичкиликка ружу қўяди. Мунисхоннинг сиймосида маънавий таназзулни 
кўргандан ва қизнинг ўлимидан кейин эса руҳий хасталикка дучор бўлиб, 
ҳалокатга юз тутади. Шу тариқа ҳар икки романда муҳаббат қаҳрамон 
тақдирини ҳал қилувчи, шахснинг ички энергиясини йўналтирувчи куч 
сифатида намоён бўлади. Фрейдизм ҳам инсонни ҳаракатлантирувчи кучни 
муҳаббат (сексуал интилишлар)да кўради.


107 
“Сароб” романида яна бир қизиқ психоаналитик ҳодисага дуч 
келинади. Бу – Карл Юнг “коллектив онг ости” деб атаган ҳодиса билан 
боғлиқ.
Исломий ривоятларга кўра, дастлабки одам, яъни Одам Ато лойдан
тупроқдан ясалиш орқали пайдо бўлган, кейинчалик эса одамзод насли
ўзидан кўпайган. Замонавий илм-фаннинг одамзот пайдо бўлишига оид энг 
шов-шувли таълимоти (Чарлз Дарвин таълимоти)га кўра эса инсон 
маймунларнинг маълум туридан эволюцион йўл билан – меҳнат таъсирида 
аста-секин такомиллашиш орқали пайдо бўлган.
Абдулла Қаҳҳор дин ижтимоий ҳаётдан буткул қувғин қилинган, 
дунёвий фан ва дин зиддияти кескин тус олган шўро даврида яшаб, ижод 
қилди. Шўро давлатининг барпо қилинишига мафкуравий асос бўлган 
марксизм таълимоти динни халқ учун афъюн деб эълон қилди. Бинобарин, 
адиб яшаб ижод қилган даврда одамнинг тупроқдан барпо бўлганлиги 
ҳақидаги қараш таги пуч афсона, ривоят деб қараларди. Абдулла Қаҳҳор ўз 
даврининг илғор кишиси сифатида, табиийки, Дарвин таълимотидан 
хабардор эди. Шунга кўра, у бир ўринда “гап” мажлисида йиғилганлардан 
бирини “маймунга ўхшаган одам” (62-б.) дейди.
Бизни қизиқтирган яна бир ўринда эса Мухторхоннинг портретини 
Саидий нигоҳи орқали чизар экан, шундай ёзади: “қиринди, ташланди 
лойдан ҳафсаласизлик билан “олам учун бир эрмак ҳам керак-ку, ахир” деб 
ясалган ҳайкалга – кўзлари қумлоқда дам олиб ётган калаткесакнинг кўзига 
ўхшаган бир киши” (137). Мазкур ўринда бизни қизиқтиргани “ташланди 
лойдан ясалган ҳайкал” деган жумладир.
Психоанализни Зигмунд Фрейддан кейин янгича йўналишда давом 
эттирган Карл Юнг “коллектив онг ости” деган тушунчани киритди. Бу 
тушунчага кўра, алоҳида олинган бир шахснинг хатти-ҳаракати ва нутқида 
фақатгина унинг ўз ҳаёти билан боғлиқ бўлган, онг ости қаватига тушиб 
кетган хоҳиш ва интилишларгина эмас, балки умуман, у мансуб бўлган халқ 
онг ва онг остида мавжуд бўлган ҳодисалар акс этиши мумкин.


108 
Абдулла Қаҳҳор ҳам, шубҳасиз, Шарқ кишиси. У исломий анъаналар, 
қарашлар кенг тарқалган бир муҳитда ўсиб-улғайган. Айни пайтда адиб янги 
давр кишиси сифатида замонавий илм-фанни, марксизм таълимотини 
ўрганган, шу қарашларни маъқуллаган, ижодга ва ҳаётнинг ҳар бир 
ҳодисасига шу нуқтаи назардан ёндашишга ҳаракат қилган – буларнинг ҳеч 
бирида истеъдодли ёзувчига таъна қилгудай салбий жиҳатлар йўқ. Чунки ҳар 
қандай киши – муайян ижтимоий даврнинг маҳсули. Буни Ўзбекистон 
Қаҳрамони Абдулла Орипов мусалламлик билан эътироф этиб: “Қайга ҳам 
борардим асримдан нари”, – дейди.
Айни пайтда юқорида иқтибосга олинган жумла Абдулла Қаҳҳорнинг 
ёзганларида Карл Юнг томонидан аниқланган “коллектив онг ости” 
мансубияти ихтиёрсиз равишда юз кўрсатганлигидан дарак беради. Ёзувчи 
коллектив онг остида ётган – инсоннинг лойдан яратилганлиги ҳақидаги 
қарашни беихтиёр ўхшатиш сифатида ишлатиб юборган. “Ҳайкал” деган сўз 
ҳам тасодифий бўлмай, Одам Ато дастлабки яратилишда жонсиз бўлиб, 
кейин унга жон бағишланганлигига оид тасаввурларнинг Абдулла Қаҳҳор
қалами воситасида юзага қалқиб чиқишидир. “Олам учун бир эрмак ҳам 
керак-ку, ахир” деган жумла психоаналитик жиҳатдан янада муҳим 
аҳамиятга эга. Бу Одамнинг яратилиши – Оламнинг яратилиши билан боғлиқ 
эканлиги ҳақидаги шарқона тасаввурдан ва шу тасаввурларнинг ихтиёрсиз 
равишда Абдулла Қаҳҳор асарида юз кўрсатганлигидан келиб чиқади. 
Хуллас, ўткир руҳшунос бўлган ҳар қандай санъаткор адибнинг 
асарларида, психоанализ ютуқларидан хабардор бўлган-бўлмаганидан қатъи 
назар психоаналитик ҳодисалар акс этади. 

Download 1.02 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   18   19   20   21   22   23   24   25   ...   34




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling