Шайхулаъзам бу исмни илк бор эшитиб тургани учун ҳам сўради:
– Шу яқин атрофда яшайдими?
– Худди шундай.
Касб-кори нима?
– У анча ўзига тўқ, деярли ҳар вақт китоб мутолааси билан машғул. Танимаслигингизга асос бор, афандим. Ном чиқарган хонадонларга асло қадамранжида этмас. Шуҳрат кетидан қувмайдиганлар тоифасидан ул...
– Боиси не?
– Билмадим. Балки, юксалиш муқаррар суратда қулаш билан интиҳо топишини англаб етганидандир...
– Ажаб...
– Лекин у жасур инсон. Ҳақ ишга жонини ҳам аямайди. Кўп бор ҳарб сафарларида қатнашган. Юзидаги чандиқлар шу сафарлардан ёдгор...
– Бундай ишга розилик беришига аминмисиз?
– Айтиш қийин.
– У билан кўришсак, алҳамдулиллаҳ, рози бўлғусидир...
– Чақиртирсангиз, ҳузурингизга келмасми, деган истиҳолам бор.
– Бу деганингиз не?
– Келмаслиги ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бу дунёдан этак силтаган у. Унинг учун шоҳу гадо баробар.
– Ҳеч қурса, ватанини севар?
– Шак-шубҳа йўқ...
– Ундоқ бўлса, бу ерга уни ўз номимиздан эмас, Ватан номи ила даъват этурмиз.
– Уриниб кўрмоққа ижозат бергайсиз, афандим.
Шу оқшом шайхулаъзам ишбошисининг қўлига мактуб тутқазиб, Муҳсин Чалабийнинг Истанбулнинг Осиё қисми — Ускудордаги уйига жўнатди. Но¬мада давлат миқёсидаги зарур маслаҳат юзасидан шайхулаъзам ҳузурига келиш илтимоси битилган эди.
Муҳсин Чалабий келганини билдирганларида шайхулаъзам бомдод намо- зидан сўнг қасрининг эрлар тарафидаги ҳинд матосидан тикилган оғир пардали, мўъжазгина нимқоронғи ҳужрасида котиби қолдирган арзномаларни ўқиш билан банд эди.
– Буюринг, кирсин, — деди у.
Атрофидагилар эҳтироми, хушомадию қуллуқларига ўрганиб кетган шай- хулаъзам бир муддат бу одамнинг тавозе ила оёқлари остига бош қўйишини кутиб турди. У четлари залворли зардўзлик билан безалган нафармон мато қопланган уриндиқда соф олтиндан қуйилган ҳайкалдек қотиб ўтирар, келгиндига таажжуб-ла бошдан-оёқ разм солиб сукут сақлар — қаршисида кўксини кериб, бошини тик тутиб турган одамни умрида илк бор кўриши эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |