Ноқулай жимликни Муҳсин Чалабий бузди:
– Чақирган экансиз, афандим.
– Биласанми...
– Қулоғим сизда, афандим.
– Яқинроқ ўтир, ўғлим.
Муҳсин Чалабий ҳайиқмай, қўрқмай шайхулаъзам ёнига келиб ўтирди. Шайхулаъзам эса ҳамон қулидаги қоғозларни кўздан кечираётгандек бўлиб, «Ким экан ўзи бу? Телбамикин ё?» деган ўйни хаёлидан ўтказарди.
Бироқ Муҳсин Чалабийнинг ақли расо, қолаверса, ҳеч кимга муте бўлмай яшаш учун етарли давлати ҳам бор эди. Унинг каттагина қўтони, Чамлижа ўрмони ортидаги ери манаман деган бойнинг мулкидан қолишмасди. У ҳалол яшар, ҳеч кимнинг олдида буйин эгмас, камбағалу бечорага, касалман-ду бошпанасизларга ёрдам бериб келар эди. Хонадонидан меҳмон аримасди. У художуй, аммо сира мутаассиб эмасди. Муҳсин Чалабий она юртини ҳаддан зиёд севар, ватанини Каъбадек муқаддас билар эди. Эътиқоди — Оллохдан узгасига сажда қилмаслик, қулнинг қулига итоат этмасликдан иборат эди. Унинг фазилату илмиға ҳайрон эдилар. Замондоши, таниқли олим Ибн Комол у ҳақда «Менинг устозим шу!» деган эди. Муҳсин Чалабий, биронта қасида ёзмаган ва ҳатто ўқимаган бўлса ҳам, қалбан шоир эди. У қирқлардан ошган, аммо қаршисида намоён бўлган шон-шуҳратга элтувчи ҳеч бир йўлни танламаган эди. У олтиндан жилоланган, ҳаворанг анвойи гуллар сочилган порлоқ бу йўлларнинг сўнгида инсонни аянчли ўлим кутажа- гини яхши биларди. Инсон — Оллоҳнинг ердаги элчиси, олий ва қудратли мавжудот, деб ҳисобларди у. Оллоҳ инсонни ўз фазилатлари билан сийла- ган. Инсон — ҳар нарсадан юксак. Лаганбардорлик, хушомад — думини ликиллатиб хўжайинининг оёғини ялайдиган итнинг иши, асло инсоннинг эмас! Муҳсин Чалабий барча ҳақоратларга чидаб, эгилиб-букилиб шуҳрат чўққисига эмаклаётган кибрли масхарабозлардан, ер юзида илондек судра- либ юрған ғурурсиз бандалардан нафратини яширмасди. У бундай разолат- ни кўрмаслик учун ҳам инсонлардан узоқлашган, фақат уруш бўлгандагина камбағаллардан ташкил топган қўшинга раҳбарлик қилиш учун узлатни тарк этмоғи мумкин эди.
Муҳсин Чалабийнинг ўзини эркин тутиши шайхулаъзамни анча таажжубга солди, бироқ ғазабини келтирмади.
– Биз Табризга элчи жўнатмоқ ниятидамиз. Боришга розимисан?
– Менми?
– Ҳа.
– Нима учун айнан мени танладингиз?
– Сендан ўзга муносиб одам тополмадик.
– Шу чоққа қадар давлат хизматига кирган эмасман.
– Сабаб?
Do'stlaringiz bilan baham: |