Шайхулаъзам сўзида давом этди: – Табризга элчи бўлиб борасан.
– Шунча ишончли котибу хўжаларингиз бўлатуриб нега мени юбормоқчи- сиз?
– Шоҳ Исмоилнинг қабиҳликларидан бохабардирсан?
– Ҳа.
– Ватанингни севасанми?
– Севаман.
Қудратли шайхулаъзам қомат ростлади.
– Жуда соз! Эрон шоҳи элчига озор йўқ, деган қоидага амал қилмайди. У бизнинг душманимиз. Жанг майдонида бизни мағлуб эта олмаслигини била- туриб, элчимиз билан ҳисоб-китоб қилиш пайида бўлади. Оллоҳ ғазабидан қўрқмаган бу нобакор элчини азоблаб ўлдиришдан ҳам тоймайди. Магар шундай бўладиган бўлса, элчимизга қилинган ҳақоратни давлатимизга нисбатан ҳақорат деб билгаймиз. Ҳар не бўлмасин, ўлимга тик борадиган инсон керак. У Эрон шоҳидай ярамас махлуққа яраша жавоб бера олмоғи даркор. Агар чиндан ҳам ватанингни суйсанг, ўзингни қурбон қилишга рози бўласан.
– Розиман, афандим. Фақат бир шартим бор.
– Шартинг не?
– Қурбонликка ҳақ тўланмайди, у кўнгилдан чиқади. Акс ҳолда у қурбонлик эмас, шахсий манфаатга эришиш илинжига айланади. Шу боис мен на ҳақ, на мансаб ва на нафақадан умидворман...
– Бу нима деганинг, ўғлим? Шоҳнинг элчиси зар либосларга бурканиб келди. Отларию хизматкорлари ҳам салобатли эди. Элчимизнинг отлари, хизматкорлари, кийим-кечаклари ундан-да салобатли, ундан-да шоҳона бўл- моғи даркор. Бу чиқимлар учун сенга хазинадан бир қанча минг олтин ажратурмиз.
Мурсии Чалабий унга ўгирилиб, иягини олдинга чиқарди.
– Йўқ, хазинадан ҳеч нарса олмайман. Отлару хизматкорлар ташвишини менга қўйиб берурсиз. Илтифотингизга қуллуқ.
Шайхулаъзамнинг кўзлари ҳайратдан чақнади.
– Ўзим эса шундай шоҳона либос кияйки, шоҳ Исмоилнинг тушига ҳам кирмаган бўлсин!
– Ундай кийимни қайдан оласан?
– Зардўз Тур ўғлидан ҳинд матосига гавҳар қадаб, венецианча уқалар билан безалган ҳирқа сотиб оламан.
– Шунча пулни қайдан топасан, ўғлим? — дея таажжубланиб сўради шайхулаъзам.
Унинг таажжубида жон бор. Бир ой муқаддам тикиб бўлинған бу ҳирқа Истанбул аҳли орасида достон эди. Ноёб пушти гавҳар билан безалган бу мўъжиза ҳирқани вазиру вузаро подшоҳга инъом этиш учун сотиб олишга ҳаракат қилгани сари Тур ўғли унинг нархини оширгани оширган эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |