Муҳсин Чалабий кеталтган чоқ шайхулаъзам сўраб қолди:
– Ҳирқанг қани? Мен уни сотиб олмоқчиман.
– Уни олиб келмадим.
– Эронда сотдингми?
– Йўқ.
– Ўғирлатдингми?
– Йўқ.
– Ундай бўлса, нима қилдинг?
– Ҳеч нарса.
Шайхулаъзам ҳар қанча қичаб, савол кетидан савол бермасин, ҳирқанинг қайга ғойиб бўлганини билолмади. Муҳсин Чалабий қилган ишлари билан мақтаниб юрадиган инсонлардан эмас эди.
Чалабий шу оқшом Ускудорга қайтиб кетди. У эртаси кун ҳирқани қайтиб олиш учун етти минг олтин кўтариб келган зардўз Тур ўғлига ҳам ҳирқа ҳақида лом-лим демади, Истанбул аҳли ҳар қанча уйдирма тўқиб чиқармасин, пушти гавҳарли ҳирқанинг асл тақдиридан бехабар қолди. Табриз қасридаги воқеа унутилиб, сирлигича қолиб кетди. Аммо, бир вақтлар давлати ошиб-тошган Муҳсин Чалабий қарзларидан бир амаллаб қутулди-ю, еру қўтонини қайтиб олишга қурби етмай, даромадидан ажради. Эронға бориб келган отию қимматбаҳо тошлар билан безалган айилини сотиб, Қўзғунжуқдан бир парча ер олди. Етиштирган ҳосилини бозорда сотиб рўзғор тебрата бошлади.
Одамлар кейинчалик: «Бечора, умрининг охиригача Ускудор бозорида сабзавот сотиб кун кўрди, қисмати аччиқ, ҳаёти оғир кечди, лекин ҳеч кимнинг олдида бўйин эгмади», деб гапириб юрдилар. Э, одамлар... У бор давлатини юрти учун бир дақиқада қурбон этганини улар қайдан ҳам билсин!..
ЖАХОНГИР таржимаси.
1995-ЙИЛ “ТАФАККУР” ЖУРНАЛИДАН
Do'stlaringiz bilan baham: |