12-модда. Ер кадастри ҳужжатлари
Ер кадастри ҳужжатлари ер участкаларига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар, туман (шаҳар) ер кадастри дафтари, ерларнинг миқдор, сифат ҳолати ва уларнинг баҳоси тўғрисидаги ҳисоботлар, кадастр хариталари, планлари ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳужжатлардан иборатдир.
13-модда. Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олиш
Ер участкаларига эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ҳуқуқини, ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқини, шунингдек ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқини, шу жумладан сервитутлар тўғрисидаги битимлар ва бу ҳуқуқларга доир бошқа чеклашларни давлат рўйхатига олиш туман (шаҳар) ер кадастри дафтарига тегишли маълумотларни киритиш орқали ер участкаси жойлашган ерда амалга оширилади.
Ер участкаларини эгалик қилиш, фойдаланиш ва ижара ҳуқуқида, шунингдек мулк қилиб олган юридик ва жисмоний шахслар ер участкаларига бўлган ўз ҳуқуқларини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказишлари шарт.
Ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг юзага келиши, ўзгага ўтиши, чекланиши ва бекор қилиниши давлат рўйхатига олиниши лозим. Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни рўйхатга олганлик учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда рўйхатга олиш йиғими ундирилади.
Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олиш белгиланган тартибда, юридик ёки жисмоний шахснинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олиш ишларини амалга оширувчи органга берган аризасига асосан амалга оширилади.
Юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатига олиш ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги зарур ҳужжатлар ҳам илова этилган ариза келиб тушган пайтдан эътиборан ўн кунлик муддатда тегишли ваколатли орган томонидан амалга оширилади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Ер участкасига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисида рўйхатга олинган сана ва рўйхатга олинганликнинг тартиб рақами кўрсатилган ҳолда давлат рўйхатига олинганлик тўғрисидаги гувоҳнома берилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |