Эрманов Лазизжон Анварович Ўзбекистон ёшлари онгига салбий таъсир этувчи омиллар


Download 0.56 Mb.
bet9/36
Sana26.02.2023
Hajmi0.56 Mb.
#1233458
TuriДиссертация
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   ...   36
Bog'liq
24.05.2022МД чоп этишга тайёр

Онг ва ахборот. Кейинги йилларда «Информацион портлаш» тушунчаси ҳам тез-тез ишлатилмоқда. XX асрнинг энг муҳим ютуқларидан бири бу компьютерларнинг яратилганлигидир. Уларнинг яратилиши бир томондан инсон онги, тафаккури, куч - қудратининг, иккинчи томондан, ана шу кучга тушадиган юкнинг енгиллашишига хизмат қиладиган воситани яратиш йўлидаги уринишларнинг натижаси бўлди.
Компьютерлар қанчалик мураккаб операцияларни бажармасинлар, инсон томонидан программалаштирилган жараёнларнигина амалга оширадилар, ундан ташқарига чиқа олмайдилар. Инсоннинг фикрлаш жараёни онгсизлик, онглилик, кечинмалар, ижод каби ҳодисаларни қамраб олади. Компьютер эса бундай хусусиятларга эга эмас. Шундай экан, компьютерлар инсоннинг муайян йўналишлардаги ақлий фаолиятини енгиллаштиришга хизмат қилади ва ўзининг яратувчиси устидан ҳукмрон бўла олмайди.
Умуман олганда, онгнинг моҳиятини, унинг коинот эволюциясининг табиий натижаси эканлигини тушуниш, у билан боғлиқ бўлган жараёнларни илмий талқин этиш олам ва одам бирлигини англаш имконини беради. Айни пайтда, онгнинг моҳиятини англаш инсоннинг ўзлигини, яшашдан мақсади, ҳаётининг маъно-мазмуни каби масалаларни чуқурроқ тушунишга йўл очади. Бу онг ва у билан боғлиқ масалалар амалий аҳамиятга эга эканлигидан далолат беради.
Ахлоқ – ижтимоий онг шакли бўлиб, ижтимоий ҳаётнинг ҳамма соҳаларида инсоннинг хулқ-атворини йўлга солиб турадиган принциплар, талаблар, нормалар ва қоидалар мажмуидан иборат. Ахлоқда жамиятда таркиб топган «яхшилик», «шараф», «виждон», «адолат» сингари тушунчаларда мустаҳкамланган одамлар хулқ атвори, нормалари акс этади. Бу ахлоқий тушунчаларнинг ҳаммаси ҳам баҳоланувчи характерга эга.1
Ёш авлоднинг ахлоқий тарбиясида ахлоқий онг ва ахлоқий туйғуларни шакллантиришгина эмас, балки энг муҳими – ўқувчиларни уларнинг маънавий муносабатлари намоён бўладиган фаолиятнинг ҳар хил турларига жалб этиш мумкин.
Ахлоқий муносабатлар – бу жамиятга, меҳнатга, одамларга ва қолаверса ҳар бир кишининг ўзига муносабатидир.
Жамият тараққиёти тарихи шуни кўрсатадики, фақат маънавият кенг қулоч ёйган, илм тараққий этган мамлакатлардагина адолатли жамият қуриш ва унда бир бирига меҳр – оқибатли комил инсонлар шаклланиши мумкин. Бундай жамиятда халқнинг эртанги кунга ишончи ва бунёдкорлик, яратувчилик ишига эзгуликка интилиши кучли бўлади .
Ахлоқ инсоният маънавий маданиятининг кўринишларидан бири бўлиб, у кишиларнинг тарихий таркиб топган хулқ атвори ва юриш туришини ифодалайдиган, уларнинг бир-бирига ва жамиятга муносабатини акс эттирадиган муайян қоидалар йиғиндисидир.
Инсон фарзанди онгли бўлиб туғилмайди. Унинг онги оила, жамият таъсирида шаклланади. Ҳар бир миллатнинг ўзига хос онги хам шундай шаклланади. Миллий онг миллатларнинг ижтимоий ишлаб чиқариш фаолияти, меҳнати, бошқа миллатлар билан мулоқоти ҳамда мулоҳазаси жараёнида пайдо бўлиб, тил билан узвий боғлиқдир. Тилда ифода этилган буюм, ҳодиса ва рақамлар миллат онгида ўз ифодасини топади ва субъектив образлар тариқасида унинг билимига айланади. Шунинг учун миллат шаклланиши жараёнидан бошладоқ, ўтмиш аждодлар ва катта авлодлар яратган буюмлар, тушунчалар оламини ота-она тили орқали ўзлаштириб бориб, ўз онгини қарор топтиради.
Миллий онг алоҳида миллий муҳитда содир бўлади. Унинг шаклланишига тарих тўплаган билимлар, сиёсий ва ҳуқуқий ғоялар, санъат эришган ютуқлар, ахлоқ, дин ва ижтимоий руҳият, умуман, жамият онги таъсир кўрсатади. Миллий онгнинг тарихдаги ижобий аҳамияти шундан иборатки, у жамият тараққиётида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Миллий онг – Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлашнинг самарали омилларидан биридир. Юртимиз келажаги бўлган ёшлар ўз вазифаларини умуммиллий ғоя ва мафкура сифатида қанчалик чуқур ва ҳар томонлама англаб олса, бу ғоя ва мафкуранинг моддий кучга, бунёдкорлик омили ва ғайратига айланиши шунчалик даражада самарали бўлади. Миллий онг – ота-боболардан келгуси авлодларга ўтиб келаётган неъмат бўлиб, уни авайлаб асраш, келгусида комил инсон бўлиб етишиш учун ҳозирги авлод ўз тарихини, маданияти ва маънавиятини, қадриятлар ҳамда анъаналарни ҳар томонлама ўрганмоғи лозим1.
Хулоса қилиб айтганда, онг ҳақида ҳам моддий ҳам диний қарашлар мавжуд бўлиб, онгнинг шаклланиши инсон руҳияти, иродаси, тили, ахлоқи билан боғлиқ ҳисобланади. Онгнинг моҳиятини, унинг коинот эволюциясининг табиий натижаси эканлигини тушуниш, у билан боғлиқ бўлган жараёнларни талқин этиш олам ва одам бирлигини англаш имконини беради. Онгнинг моҳиятини англаш инсоннинг ўзлигини, яшашдан мақсади, ҳаётининг маъно-мазмуни каби масалаларни чуқурроқ тушунишга йўл очади. Бу онг ва у билан боғлиқ масалалар амалий аҳамиятга эга эканлигидан далолат беради.


Download 0.56 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   ...   36




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling