Факултет декани А. Турғунов


Download 324.5 Kb.
bet12/14
Sana06.04.2023
Hajmi324.5 Kb.
#1330210
1   ...   6   7   8   9   10   11   12   13   14
Bog'liq
Жаннатхон БМИ

Қуввати бозу била беҳуда урма наъралар,
Марди майдон гар эсанг нафсингни ўлдур беяроғ.
„Қуввати бозу“ – ҳаётда ҳам, ижодда ҳам алоҳида бир куч сифатида мавқе қозонган нафс қувватидир. Нафс шоирни шайтонга таслим айлаши мумкин. Нафс ва шайтон шоирни ҳақ йўлидан оздириб, бемалол бузиб ҳам билади. Бунинг далили тасдиғидан, тасдиғи эса далилидан кўпдир. Аммо соф, гўзал, маънавий шеърга нафс манба бўлолмаганидек, нақадар уринмасин, шайтон ҳам шоир яратолмайди.
Шунинг учун Аллоҳ таоло талант ато қилган шоирлар моддиятчилик иштиёқи ва сурури нималигини унча билишмайди. Чунки уларнинг тақдирида Ватан ва миллатдан ўзга Руҳни яратадиган моддий бир мавжудлик йўқ ҳисоби. Ҳамза „Дариғо, бу замон аҳли бузулди, бўлди кўп расво“, ҳукм чиқарганда энг аввало, юрт қайғуси, эл ташвишларидан йироқ, ботинини зулмат қоплаган бандаларни назарда тутган. Ва шуларга ҳам бир кўрсатма, бир сабоқ бўлишини кўзлаб:
Ҳақ қуш бўлсанг ҳақиқат риштасин тутғил мудом,
Зоҳир-у ботин ҳақиқат наҳридин ободдур
деб ёзган. Бу жиҳатлардан бугун қайси шоирни биз Ҳамзага содиқ издош дея оламиз?
Ҳамзанинг шахсияти ҳам, ижодиёти ҳам барибир бошқача. Тил, тарих, дин, юрт, эл, келажак учун нима қилиниши зарур бўлса Ҳамза шуларнинг ҳаммасини қойиллатиб бажарган. Шеърни у бир ёки икки эмас, ўнлаб олий мақсадларга хизмат этган. Бизни ташвишлантираётган, кундан-кунга ҳаракатни кучайтиришга ундаётган муаммоларнинг ечимини донишманд Ҳамза алоҳида-алоҳида мисра ва байтларида ҳам баён этиб кетган экан. Ақл нима, завқ нима, илм нима, маърифат нима, мушоҳада нима – бизда буларни фарқлайдиганлар ниҳоятда оз.
Ҳамза маърифатга таяниб, Мансур бир шеърида “Худонинг маърифатидан бир зарра хабаринг йўқ, На фойда ибодатинг бирла йиртилиб кетса жойнамоз” деса, яна бир байтда риёзатсиз ибодат, саховатдан маҳрум ғанийликда файз ва хосият бўлмаслигига диққатни қаратади.
Улум аҳли риё айлар ибодатда риёзат йўқ,
Ғаниларда шароратдин бўлак ғайри саховат йўқ.
Профессор И.Ҳаққул фикрича, “дин арбоблари – мулла-ю эшонларни Ҳамзага қарши қайраган ғайридин коммунистлар бўлиб (чунки Ҳамзанинг вужудидан қайнаб-тошиб чиққан миллий руҳ ва шуур уларга умуман ёқмаган), унинг ижодиётини сохталаштириб, ғайриилмий тамойилда талқин ва тарғиб қилишда ҳам уларнинг ишончли олим-у шоирлари бош-қош бўлишган”43.
Ҳамза мартаба, мавқе, унвон, мукофот, бойлик, шон-шуҳрат, номини абадийлаштириш қайғусида қалам тебратмаган. Қаламни у қиличдан-да ўткирроқ эканига ишонгани боис, хавф-хатарларни назарга илмай, ўлим таҳликасини ҳам гўё қўшиққа айлантирган:
Ҳақ йўлида жон берсак, бўлсак миллат қурбони,
Дин хизматина кирсак, бўлсак миллат қурбони.
Ҳамза ўз ижодида миллатни ўзликни англашга, маърифатга даъват этди. “Пешонамиз тор экан”, “Соғиниб”, “Салом айтинг” сингари шеърларида 1916 йилги мардикорлик воқеалари миллат ҳаётида нақадар оғир асорат қолдирганини таъсирчан бадиий образларда акс эттирди. “Йиғла, Туркистон” шеъри миллатнинг бошига тушган фожиа нақадар чўнг эканидан дарак берди, унинг руҳсиз тани фақат илму маърифат орқалигина жонланмоғи мумкинлиги ҳақида бонг урди:
Дариғ тутманг илм учун кетса молу жон,
Ўқув фарзлиги минг йўл Қуръонда фармон,
Маърифатсиз топулмас аҳкоми иймон,
Илмсизга айтулмас комил мусулмон.
Йиғла, йиғла, Туркистон, йиғла, Туркистон,
Руҳсиз танлар тебрансун, йиғла, Туркистон.
“Яхши ҳолин йўқотган оқибатсиз Туркистон” сатри билан бошланувчи шеърида шоир таназзул гирдобига тушган она Ватани ҳолига ачинади. Ачинибгина қолмайди, унинг дардига чора излайди. Бир пайтлар оламга маърифат зиёсини улашган миллатнинг шу қадар забун ҳолга келганидан чуқур изтироб чекади:
Зулмат тоши ёғилса-да, кўзи очулмаз,
Руҳсиз тандур, ханжар урса, қони сочулмаз,–
мисраларини ҳар тўрт сатрдан кейин такрорлаш орқали аҳволнинг нақадар мураккаб ва аянчли эканини тасвирлайди.
Шоир миллатнинг дардига малҳам қўймоққа интилди. Тарихдаги шавкат, тараққий, шаъну даврон қайта келиши учун миллат ҳукми Қуръон истамоғи зарурлиги ҳақидаги хулосага келди. Ғафлат уйғусидан кўз очиши, замонга боқиб, олға қадам босмоғи, Луқмон тирилиб келса ҳам тузалмас даражага келган жаҳолат дардига малҳам қўймоғи шарт эканини уқтирди. Ҳар бир фарзанд бу йўлда боши кетса ҳам, талоши миллат тараққийси бўлмоғини орзу қилди.
Ҳамза оламда кечаётган ҳодисалар моҳиятини теран англаган назари тийрак зиёли эди. Шу боис 1904 йилги рус-япон урушига бағишланган шеърида мустабидларга бўлган муросасиз муносабатини қуйидагича талқин этди:
Билинг, дўстлар, бу кофирни тахту тожин олур ёпун,
Парвардигорим хоҳласа, ҳарна борин олур ёпун...
Ўрусдин кетди давлати, зоҳирда бордур савлати,
Насиб бўлмас бул давлати, бир кун бошин олур ёпун –
Шоир наздида чор Россиясининг мазкур урушдаги мағлубияти Туркистоннинг мустамлака зулмидан қутулмоғи учун тарихий имкон эди. Бироқ, таассуфки, бу имкон ҳам бой берилди.
Мухторият эълон қилинган тарихий тунда Ҳамза Туркистон шаҳрида эди. Миллат қисматида беқиёс аҳамиятга эга бўлган бу тарихий воқеа шоир қалбидаги орзуларга қанот бағишлади. Ана шу туйғу таъсирида ёзилган “Туркистон мухториятина” шеърида шоир ислом миллатини орадан нифоқларни кўтармоққа, истиқлол йўлида бирлашмоққа, бир санжоққа тўпланмоққа чақиради:
Келинг эмди бирлашинг, ислом миллати!
Кетсин сунний, шиалик нифоқ иллати!
Бир санжоққа тўплансун ислом давлати!
Қутлуғ бўлсун Туркистон мухторияти!
Яшасун энди бирлашуб, ислом миллати!



Download 324.5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   6   7   8   9   10   11   12   13   14




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling